06:35 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

ШҲТ саммити АҚШ ҳарбий ҳозирлиги Марказий Осиёда вақтинча эканини эсга солди

06.07.2005 15:41 msk

Аркадий Дубнов, Остона

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) энди инсониятнинг тенг ярмидан иборат бўлди. Бу кеча Остонада якунланган ШҲТ саммитининг асосий хулосасидир. Бу ҳақда саммит мезбони Нурсултон Назарбоев, Россия президенти ва Хитой раҳбари Ху Цзинтаолар ошкора фахр билан гапирдилар. Ташкилотга Эрон, Покистон ва Ҳиндистон кузатувчи сифатида қабул қилингач, мана шундай ҳолат юзага келди. Хитой раҳбари Ху учун бу алоҳида аҳамият касб этади, чунки ташкилот штаб–квартираси Шанхайда жойлашган. ШҲТ Осмоности мамлакатида жойлашган ягона энг йирик ташкилотдир.

Остона саммити якунларидан кўз юмиб бўлмайди. ШҲТ раҳбарлари яқин кунлар ичида геосиёсий ўзгаришларни амалга оширишга келишиб олдилар. Бу борадаги энг асосий силжиш “минтақадан ташқари бўлган” кучларнинг таъсир доирасини сусайтиришдир. “Минтақадан ташқари куч” деганда эса Афғонистондаги аксилтеррор амалиёти пайтида минтақада ҳарбий ҳозирликка эга бўлган АҚШ назарда тутилмоқда.

Якуний декларацияда кўпчилик учун кутилмаган бир тарафлама тарзда “Афғонистон ички сиёсатида барқарорлашиш ижобий динамикаси” кузатилаётгани таъкидланади. Иккинчидан, ШҲТ аъзолари “Афғонистондаги аксилтеррор амалиётининг фаол босқичи якунлангани муносабати билан, коалиция аъзолари ШҲТга аъзо давлатларнинг ҳарбий инфраструктураларидан фойдаланиш муддатларини белгилаб олишлари шарт”, деб ҳисоблайдилар. Агар соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, “шанхай”чилар Вашингтонни Ўзбекистон ва Қирғизистондаги базалари масаласини ҳал қилишга чақирмоқдалар.

- “Биз ҳеч кимни шошилтираётганимиз йўқ”, - деди “Время новостей” нашрига Россия делегацияси аъзоларидан бири. – “Россия ҳам аксилтеррор коалицияси иштирокчисидир. Минтақага Америка ҳарбий базалари биз билан маъқуллашилган тарзда жойлаштирилган. Афғонистондаги амалиёт ниҳоясига ётаётир ва унинг тўла якунланиши учун қанча вақт керак бўлишини аниқ айтишлари лозим”.

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров эса, “Афғонистондан минтақага суқилиб киришга ҳаракат қилаётган экстремистлар қолдиқларини топиш ва тугатишда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси (КХШ) ва ШҲТ тизимлари салоҳиятли” эканини маълум қилди.

Қизиғи шундаки, оммавий чиқишларда ҳеч ким бу масала ҳусусида бир оғиз ҳам сўз айтмади. ШҲТ давлатлари раҳбарларининг якуний матбуот анжуманида эса мухбирларга савол бериш таъқиқланди. Афғонистондаги вазият ҳақида фақат Ўзбекистон президенти Ислом Каримов гапирди.

- “У ерда наркотик савдоси мисли кўрилмаган даражага етди, коалиция эса бу масалани ижобий ҳал этолмади”, - деди Каримов.

Ўзбекистон президенти минтақадаги айни вазият “Марказий Осиё минтақасида мувозанатни бузиш ва ҳукмронлик ўрнатиш юзасидан узоқни кўзлаган геосиёсий режаларнинг айрим кўринишлари” натижаси эканини айтди. Шундан сўнг Вашингтонга минтақада “узоқ вақт меҳмон бўлиб қолганини” эслатиб қўйиш кимдан чиққан таклиф эканини тахмин қилиш мумкин.

Эртага Шотландияда бошланадиган “катта саккизлик” саммитида Марказий Осиё масаласи кун тартибига қўйилмаган бўлса ҳам, Владимир Путин у ерда Остонадан туриб Вашингтонгга йўлланган огоҳлантиришни шарҳлашга мажбур бўлади.

Саммитнинг бошқа якунлари ҳаётий эмасдир. Бу борада Владимир Путиннинг кечаги баёнотини эслаш кифоядир.

- “ШҲТ жиддий халқаро ташкилот сифатида шаклланмоқда ва бизнинг фаолиятимиз моҳияти ҳам шундадир”, - деган эди В. Путин.

Қозоғистон президенти эса бу сўзларни шарҳлаб: “БМТ Бош ассамблеясида ШҲТга кузатувчи мақоми берилгани, МДҲ ва АСЕАН ташкилотлари котибияти билан ҳамкорлик ўрнатилгани ташкилот обрўсидан дарак беради”, - деди.

Шундан сўнг жаноб Назарбоев 1996-йилда асосан ҳарбий ва чегара муаммолари юзасидан тузилган “Шанхай олтилиги” қайси мақсадларни кўзлаб қайта шакллантирилаётганини тушунтириб берди. Унга кўра, “шанхайчи”лар энди халқаро террорчилик, савдо–иқтисод ва инвестиция соҳаларида ҳамкорлик қилишлари зарур.

Бу мақсадларни амалга ошира бориб, ташкилот бирон ютуққа эришдими? 2002-йил июнида ШҲТ давлатлари ташкилотнинг аксилтеррор тузилмаси (РАТС) тўғрисидаги келишимни имзоладилар. Кеча давлат раҳбарларига бу тузилма фаолияти ҳақида берилган ҳисоботда, “2004-йилда РАТС механизмини ишга тушириш борасидаги фаолият давом этгани”дан қониқиш ҳосил қилингани ёзилади. РАТСнинг икки йиғилиши ўтказилиб, унда “бу тузилма фаолиятига доир масалалар” муҳокама этилган ва ҳатто “штат бирликлари тўлалигича таъминланган РАТС ижроя қўмитаси фаолият бошлаган”.

РАТС штаб–квартирасини Тошкентга кўчириш масаласи ҳал этилган ва “меъёрий–ҳуқуқий асосни яратувчи ҳужжатлар устида ишлаш давом этдирилди”. Мана РАТС ташкил этилганига тўрт йил бўлса ҳам, ҳалигача фақат лойиҳалар тайёрланмоқда...

ШҲТ давлатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳам ўлда–жўлдалигича қолиб келмоқда. Кузда Москвада ташкилотга аъзо давлатлар ҳукумат бошлиқлари йиғини ўтади. Унда “ўтган йилнинг сентябрь ойида қабул қилинган кўптарафлама иқтисодий алоқалар дастури асосида ишлаб чиқилган режаларни амалга тадбиқ этиш юзасидан аниқ импульсларни белгилаш” ва “вазирликлар ўртасидаги алоқани амалий тарзда қўллаш” масалалари муҳокама этилади. “Импульс”лар ҳамкорликнинг “амалий тарзда” бўлишига қачон омил яратади, деган саволга жавоб беришга ҳеч ким ошиқмаяпти.