20:45 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Машҳур “Дамашқ” пўлати Фарғона водийсининг қадим пойтахти - Ахсикентда эритилган

05.09.2006 20:17 msk

Андрей Кудряшов (Наманган)

Руины древнего Ахсикента. Фото ИА Фергана.Ру
Кўҳна Ахсикент харобалари. Фарғона.Ру АА фотосурати
Ўрта асрларда ўзининг ўта пишиқлиги билан машҳур бўлган, қурол тайёрлашда ишлатилган “Дамашқ” пўлати VIII - IX асрларда Фарғона водийси марказида, Сирдарё бўйидаги қадимги шаҳар-қалъада ишлаб чиқарилган. College London университетининг археология институти профессори Тило Рехерн ана шундай қарорга келди. Беш йиллик тадқиқотлар давомида у Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида жойлашган Ахсикент шаҳрини қазиш пайтида ривожланган металлургия саноати намуналарини топган. Олимларнинг фикрича, Ахсикент ёдгорликлари жаҳон тарихи учун Самарқанд, Бухоро ва Хивадан кам бўлмаган аҳамиятга эга.

ОСМОН ОДАМЛАРИ ВА “УЧАР ОТЛАР”

Наманган шаҳрининг жанубий-ғарбидан йигирма километр нарида жойлашган кўҳна Ахсикент харобалари Сирдарё қайирлари устида осилиб турувчи улкан пахса тепаликлар кўринишига эга. Археология маълумотларига кўра, аҳоли истиқомат қиладиган мустаҳкам қалъа бу ерда насроний эрасидан III аср аввал пайдо бўлган. У жанговар ҳукмдорларнинг тинч деҳқонлар ва ҳунармандлар қишлоқлари узра юксалган қароргоҳи кўринишига эга бўлган.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотосурати
Бу ерда бронза асридаёқ пайдо бўлган деҳқончилик маданияти муайян жўғрофий ва табиий шароитлар туфайли анча ўзига хос шаклда ривожланган. Ўртаси чўл, чор тарафи тоғлар билан қуршалган Фарғона водийси овчилар ва балиқчилар уруғларининг деҳқонлар ва чорвадорлар билан тинч қўшничилик қилишига имкон берувчи турфа манзарали уникал ҳудуд бўлган.

Антик даврда Фарғона водийси Бақтрия, Сўғдиёна ва Хоразм устидан ҳукмронлик ўрнатган Эрон асоратидан ва македониялик Александрнинг ғолиб қўшинлари босқинидан қутилиб қолган.

Тепаликлар устида жойлашган шаҳарнинг қадимги номи Ахси ёки Ахши бўлиб, у “осмон одамлари” маъносини англатади. Ҳосилдор қайир узра юксалган қўрғонни дарё водийсида жойлашган қишлоқлар ва экинзорлар иҳота қилиб турарди. Айни пайтда қўшни дашт тоғёнбағирлари соқларнинг жанговар от уюрлари учун яйлов вазифасини бажарган бўлиши мумкин.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотосурати
Насроний эрасидан аввалги II асрда бу “учар отлар”нинг довруғи шимолдаги кўчманчи хунларга қарши курашда суворийлар қўшинига эҳтиёж сезган Хитой императори У-ди салтанатигача бориб этган. “Ши цзи” китобида тарихчи Сима Цянь Довонни (Фарғона водийсини хитойликлар шундай деб атардилар) дипломатик воситалар ёрдамида бўйсундиришга муваффақ бўлолмагач, саркарда Ли Гуан Ли икки марта жазо экспедицияларига борганлиги, уларнинг биринчиси тўла мағлубият билан якунланганлигини ёзганди. Насроний эрасидан аввалги 103 йилда олтмиш кишидан иборат Хитой қўшинлари Гуйшанни (Ахсикентни) ичимлик сувидан маҳрум қилиб, шаҳарни қирқ кун қамал қилганлар. Аммо қалъа Сирдарёнинг ўрта оқимидан ёрдам келгунича ўз қудуқларидан сув ичиб турган. Сулҳ тузилгач эса, Довон аҳли хитойликларга уч юзта йўрға тортиқ қилганлар ва ҳар йили Осмоности юртига бир жуфт “учар от” юбориб туришни зиммаларига олганлар. Нима бўлганда ҳам, хитойлик саркардалар Фарғона водийсига бошқа қадам босмаганлар. Ўзбек тарихчиларининг фикрича, кейинги асрларда аввал Кушон империяси, кейин эса Турк ҳоқонлигига вассал бўлганлигига қарамасдан, Ахсикент ҳукмдорлари сулоласи насроний эрасининг VII асригача ҳокимият тепасида турган.

“ДАМАШҚ” ПЎЛАТИ ҚАНДАЙ ЭРИТИЛГАН

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотосурати Фото ИА Фергана.Ру
Амир Қутайба ибн Муслим бошчилигида 713 йилда бошланган Фарғона водийсининг араблар томонидан фатҳ этилиши юз йилдан ортиқроқ давом этган. Аммо бўйсундирилгандан кейин ҳам Ахсикент йирик савдо-ҳунармандчилик маркази бўлиб қолаверган, британиялик археологларнинг энг янги тадқиқотларига кўра, у ердан ўша пайтдаги энг қимматбаҳо буюмлар – қурол-аслаҳа тайёрлаш учун ишлатиладиган пўлат ва шамширлар Ўрта ва Яқин Шарққа ташиб кетилган.

Ўрта аср араб географлари Ибн Ҳавқал ва Мақдисийнинг гувоҳлик беришларича, Ахсикент ўша пайтда беш дарвозали катта шаҳар бўлган. Унинг қалъа қўрғони ичида ҳашаматли сарой, ҳаммомлар, зиндон ва жомеъ масжиди бўлган. Шаҳарнинг қуйи қисмида бозорлар ва ҳунармандларнинг устахоналари, Сирдарё бўйида эса ҳайит намозини адо қилиш учун майдон бўлган.

Профессор Рехерн Ахсикентдаги юқори сифатли пўлат оқ гилдан (каолиндан) қилинган ўтга чидамли сопол хумларда эритилган, деган қарорга келди. Коалин хумлари 1300 градусгача ҳароратга дош берган: таркибидаги углерод миқдори юқори бўлган пўлат эритиш учун ана шундай ҳарорат зарур бўлган. Эритувчи печлар учун ёқилғи сифатида арча кўмири ишлатилган бўлиши мумкин. Ёнганда жуда юқори даражадаги ҳароратни ҳосил қилувчи арча ўтинлари Марказий Осиё ҳаддодлари томонидан қадимдан ишлатилиб келинади.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотосурати
Британиялик археолог баҳосига кўра, ҳар йили савдо карвонлари Ахсикентдан ўн тоннагача пўлат ва беш минг шамшир олиб чиқиб кетганлар, кейин улар Ипак йўли орқали ўзининг пўлат қуювчи устахоналарига эга бўлмаса-да, ўрта асрларда қурол-аслаҳа бозори билан бутун Шарқ ва Европага машҳур бўлган Дамашқ шаҳрига келиб тушган. Рехерн “Дамашқ пўлати” атамаси у тайёрланган жойдан эмас, бу шаҳардаги қиличлар ва шамширлар бозорининг машҳурлигидан келиб чиққан, деб ҳисоблайди.

ФОЖЕАВИЙ ТАНАЗЗУЛ

Ахсикент археологияга қизиқмаган сайёҳда узоқдан инсон қўли билан бино қилинган шаҳар эмас, табиат ҳодисаси каби таассурот қолдириши мумкин. Фарғона водийсининг хом ғиштдан барпо қилинган кўҳна пойтахти бир неча тарихий ва табиий офатларни бошдан кечирган, гарчи уни бир неча маротаба қайта тиклаган бўлсалар-да.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотосурати
Антик шаҳар ўрнида қад ростлаган ўрта асрлар Ахсикенти XIII асрда Чингизхон қўшинлари томонидан батамом яксон қилинган, аммо Темурийлар ҳукмронлиги даврида уни бошқатдан бино қилганлар. Бу ерда Амир Темурнинг набираси, машҳур саркарда, шоир ва файласуф, Шимолий Ҳиндистонда Буюк Мўғуллар империясига асос солган Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилиб ўсган. 1494 йили Заҳириддин ўн икки ёшга етганда, каптар учириш учун каптархонага чиққан унинг отаси Умаршайх мирзо жардан қулаб ҳалок бўлган. Бу бахтсиз ҳодиса фитналарнинг бошланишига сабаб бўлган. Ўша пайтда Шайбонийхон бошчилигида Уралбўйи даштларидан кириб келган кўчманчи ўзбек қабилалари ҳайбатли Темурланг авлодларини Самарқанд ва Моворауннаҳрдан ҳайдаб чиқарганлар ҳамда Фарғона водийсига даф қила бошлаганлар. Шайбонийлар ҳамда ўз қариндошлари билан бўлган узоқ ва матонатли, аммо муваффақиятсиз курашдан кейин ёш Бобур туғилган ерларини ташлаб, ўз қароргоҳини Қобулга кўчирган, у ердан эса Ҳиндистонни забт этишга отланган.

XVII аср бошида бўлиб ўтган ўта кучли зилзила Ахсикентни ер баробар қилган. Омон қолган ахсикентликлар шимолий-шарққа, Намаккон туз кони ёнидаги кичкина қишлоққа кўчиб кетганлар, пировардида у ерда Наманган шаҳри барпо бўлган. Ахсикент харобаларидан унча узоқ бўлмаган Чуст, Поп ва Тўрақўрғон туман марказлари шу кунларда анъанавий услубда совға пичоқлари ясовчи ҳунармандларининг санъати билан машҳур.