12:37 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Сирдарё соллари Фарғона водийси деҳқонларининг оғирини енгил қилаяпти

02.09.2006 22:31 msk

Андрей Кудряшов (Наманган)

 Сирдарёдаги соллар. Фарғона.Ру АА фотосурати
Ўзбекистоннинг аҳоли энг кўп яшайдиган ҳудуди бўлган Фарғона водийсини қоқ иккига ажратувчи Сирдарё устига учта катта кўприк ётқизилган. Улар орқали Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари ўртасида кечаю кундуз машиналар қатнови тўхтамайди. Аммо дарё соҳили бўйлаб жойлашган кичкина қишлоқлар аҳолиси бензинларини, пулларини ва вақтларини тежаб, ҳар куни сол (паром) хизматидан фойдаланадилар. Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида жойлашган бу жойларда бошқа “кемачилик” воситаларидан ҳеч қачон фойдаланилмаган. Илло, Сирдарёда ўтган аср ўрталарида пайдо бўлган паромлар бугунги кунда муваффақият билан ишлаётган хусусий транспорт корхоналарига айланган.

Энг кичик сол Наманган вилояти Поп тумани Санг қишлоғи яқинида ҳаракатланади. Унинг ишлаш принципи ҳам бошқа барча соллар каби солкашларнинг диққат-эътибори ва чапдастлигидан бошқа харажат талаб қилмайди.

 Сирдарё – Фарғона водийсининг жон томири. Фарғона.Ру АА фотосурати
Сирдарё – Фарғона водийсининг жон томири. Фарғона.Ру АА фотосурати
Сирдарёнинг Қорадарё ва Норин дарёси қўшилган жойидан бошлаб Орол денгизигача бўлган жойининг бирор еридан ҳам кечиб ўтиб бўлмайди. Бу кўҳна дарё чуқур ўзан ва кучли оқимга эга. Ташқаридан қараганда у кўл юзаси каби сокиндай кўринади, аммо қирғоқдан икки-уч метр нарида ҳар қандай сузувчи ёки қайиқ ҳам дош беравермайдиган кучли оқим бошланади.

Айнан шу куч пўлат симга маҳкамланган солни қайиқ тезлигида ҳаракатлантиради. Икки кишидан иборат паром командасидан (уларга кўпинча йўловчилар ҳам ёрдам берадилар) фақат солни керакли йўналишда ҳаракатлантириш маҳорати талаб қилинади, холос.

Сангдаги паром маҳаллий фермерга тегишли бўлиб, у солни ширкат хўжалиги тарқатилганидан кейин хусусийлаштириб олган. Ёз ойларида кундузи паром юзлаб рейсни амалга оширади. Бу ерга энг яқин кўприк қирқ километр нарида жойлашган, демакки, қарама-қарши ёқдаги ўз далаларида ишлайдиган деҳқонлар сол ёрдамида иш вақтини, ақчаларини тежайдилар.

 Фарғона.Ру АА фотосурати
Фарғона.Ру АА фотосурати
Тўрақўрғон туманидаги кейинги паром катамаран каби ҳақиқий дарё кемасига ўхшайди. У йирик транспорт воситаларини ҳам таший олади. Агар Сангдаги солчилар йўловчилардан “кўнгилдан чиқарган”ини олсалар, хусусийлаштирилгунича автомобиль йўллари бошқармасига қарашли бўлган бу ердаги сол ўзига хос бир хил нархни сақлаб қолган: битта одам, велосипед, сигир, қўй ёки эчкини сувдан олиб ўтиб қўйиш 100 сўм ($0,08), отлиқ чавандоз ёки мотоциклдаги кишини олиб ўтиш 300 сўм туради, енгил автомобилдан 700 сўм, юк машинаси, трактор ёки трактор тиркамасидан 1000 сўм ($0,8) олинади.

Сирдарёда паромда юк олиб ўтиш Ёзёвон ва Қорақалпоқ даштларида пахта ва дон экинларини экиш учун ерларни ўзлаштириш бошлаган даврда - ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида пайдо бўлганди. Қадрдон уйдан узоқда, қўриқ ерларида наридан-бери қурилган даладаги капаларда бир неча ойлаб яшаш фаросатли ўзбек деҳқонларининг тезда жонига теккан. Бир маҳаллар дарёдан транспорт эҳтиёжлари учун фойдаланишни ўйлаб топган бу одамлар ҳали ҳам табиатнинг бу инъомидан унумли фойдаланмоқдалар.

 Паром йўловчиси. Фарғона.Ру АА фотосурати
Паром йўловчиси. Фарғона.Ру АА фотосурати
Энг машҳур сол Наманган яқинидаги Гулдиров қишлоғи яқинида ишлайди. Унинг эгаси, фермер хўжалиги раҳбари, нафақахўр Усмон Туманов ёшлигида Шимолий флотда мичман бўлиб ишлагани билан фахрланади ва айтишларича, кечикда денгизчиларга хос тартиб жорий қилган. Паромдан ташқари унинг тасарруфида пахта майдони, ерёнғоқ ва буғдой далалари, ўрдак фермаси бор. У дарё бўйига Қрим қарағайи ва тераклар эккан, гугурт фабрикаси очиш ниятида юрибди, кечик яқинидаги қумлоқ жойда эса дам олиш маскани барпо қилиш ва ҳатто кема шаклида меҳмонхона қуришни орзу қилади.

Аммо бу жойларни курорт деб аташ қийин. Ёз кунлари Фарғона водийси марказида ҳарорат +45-47 даражага кўтарилиб, ҳаво ўта дим бўлади. Тунлари сув яқинида чивин “булут”лари учиб юради. Қишда ва баҳорда Сирдарё тошиб, дарё четида жойлашган уйлар ва далаларни сув босади. Сув кам бўлган йилларда эса қишлоқларнинг кўпчилигида ичимлик суви танқислиги сезилади.

 Автотранспортни мана шундай қилиб ўтказадилар. Фарғона.Ру АА фотосурати
Автотранспортни мана шундай қилиб ўтказадилар. Фарғона.Ру АА фотосурати
Бир маҳаллар тизгинсиз бўлган Сирдарё оқими ўтган асрда сув омборлари тизими ва бошқа суғориш иншоотлари билан бошқарила бошлаган. СССР давридаги суғориш тизими йилнинг совуқ мавсумида Норин дарёсидаги тоғ сув омборлари ортиқча сувни ушлаб қолганлар, вегетацион даврда эса уларни Фарғона водийсининг пахта далаларига қўйиб юборганлар, бунда йўл-йўлакай электр энергияси ҳам ишлаб чиқарилган. Аммо Иттифоқ тарқалганидан кейин ўн йил ўтгач, янги муаммолар пайдо бўлган. Ўзбекистон ўзининг углеводород заҳираларига эга бўлмаган Қирғизистонга қарзи ошиб бораётгани туфайли газ етказиб беришни чеклаб қўйган. Қирғизистонлик энергетиклар совуқ пайтларда қандай қилиб бўлмасин шаҳарларни иссиқлик билан таъминлаш мақсадида Норин ГЭСи каскади турбиналарини ишлатиш учун сувни қўйиб юборишга мажбур бўлганлар. Сирдарё бўйлаб қишки тошқинлар бошланиб, ҳар йили Ўзбекистонда минглаб гектар экин майдонлари сув остида қола бошлаган, февраль ойи охирига бориб эса Қозоғистон жанубида катта сув тошқинлари юзага кела бошлаган. Ёзги қаттиқ қурғоқчилик ва суғориш суви танқислиги бошланган.

 Қурилаётган сув омбори. Фарғона.Ру АА фотосурати
Қурилаётган сув омбори. Фарғона.Ру АА фотосурати
2004 йилдаги анча катта талофотлардан кейин Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Наманган вилоятининг тоғолди ҳудудларида сунъий сув ҳавзалари қуриш ҳақида қарор қабул қилган. Сирдарёга қуйилувчи Резаксой тоғ ирмоғи этагида қурилаётган сув омборларидан биринчиси қарийб битказилган ва шу куздан бошлаб сув тўплашни бошлаб юбориши мумкин. Шундай қилиб, Сирдарёнинг юқори оқимидаги ирмоқлар яна бошқариладиган бўлди.

Қирғоқларида деҳқончилик маданияти минг йиллар аввал тараққий қила бошлаган Сирдарё ҳали ҳам Фарғона водийсидаги қарийб ўн миллион одамнинг турмушига ўз таъсирини ўтказиб келаётир. Ҳатто анъанавий ўзбек уйлари қурилишида ишлатиладиган тупроқни ҳам бу ерда яшовчи одамлар дарё жарлиги бўйидаги тепаликлардан ковлаб олишни давом эттирмоқдалар.

 Мунчоқтепа. Фарғона.Ру АА фотосурати
Мунчоқтепа. Фарғона.Ру АА фотосурати
Бир неча йил олдин Санг қишлоғидаги кечикдан унча олис бўлмаган жойда қурувчилар ғишт заводига хом ашё сифатида Мунчоқтепа тупроқ тепалагини қазиш учун мўлжаллаб қўйгандилар. Аммо археологик разведка бу ерда сопол хумларда кўмилган кўҳна жасадларнинг бутун бошли мажмуаси - III-V аср ёдгорликларини топиб, қурилишни тўхтатиб қўйган. Дарёнинг нариги соҳилида эса қўриқхонанинг инсон дахл қилмаган ўрмонзорлари сақланиб турибди.