17:00 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Хитойнинг шарқий қисми аҳолиси Шинжоннинг ривожланишига ҳавас билан қарайди

02.09.2006 17:13 msk

The Standard

© “Фарғона.Ру” АА таржимаси

* * *

Яқиндагина Қашқар Марко Поло ўн учинчи асрда кўргандек ифлос тусдаги бинолардан иборат мудроқ шаҳар эди.

Аммо эндиликда бу чегараолди шаҳри нефть, пахта, кўмир ва савдо-сотиқ туфайли жуда тез ривожланмоқда. Поездлар, янги йўллар ва халқаро аэропорт бу ёққа саёҳат қилиш ва Хитойнинг арзон молларини сотиб олиш иштиёқида бўлган кўплаб қўшни давлат фуқароларини етказиб турибди.

Бир неча ой аввал ётқизилган 965 километрлик янги қувур орқали Қозоғистондан нефть кела бошлади. Қўшни Қирғизистон ва Тожикистон билан савдо-сотиқ энг юқори кўрсаткичларга етмоқда.

Хитойнинг юксакларга парвоз қилган иқтисодиётини кўпинча соҳил бўйидаги осмонўпар бинолар суратлари билан безаб кўрсатадилар. Аммо, XIX асрда Америкада бўлган буюк кўчиш сингари, Пекин охирги ўн йил ичида олиб бораётган “Ғарбга!” деб номланган кампания кўп миллионли миллий озчиликлар яшайдиган Марказий Осиёнинг кенг майдонларини ўзгартириб юбораяпти. Юз минглаб этник хитойликлар янги корхоналар қурилишида ҳамда бошқа соҳаларда иш топиш илинжида бу ерга кўчиб келмоқдалар.

Таҳлилчиларга кўра, Хитойни ғарбга юришга мажбур қилаётган иккита юзада ётган сабаб бор: иқтисодий тараққиёт зарурати ҳамда Тибет ва тибетликлар устидан, шунингдек, Шинжонда яшовчи уйғурлар ва бошқа туркий халқлар устидан назоратнинг зарурлиги. Шинжонда тахминан тўққиз миллион уйғур яшайди ва охирги йилларда айирмачи гуруҳлар мустақиллик ва диний эркинлик талаби билан чиқиб, хитойлик расмийлар билан қаттиқ кураш олиб борганлар.

Мамлакатдаги барча воқеаларни кузатиб борувчи экспертларнинг маълумотларига кўра, Пекин ғарбий ҳудуддаги ўз иқтисодий ва сиёсий ҳокимиятини кучайтираётганга ўхшайди. Хитойнинг бошқа жойлари қайнаётган қозонни эслатиб турган бир пайтда (ўтган йили бутун мамлакат бўйлаб норозилик билдираётганлар сони 80 мингтага етган), Шинжонда икки йил мобайнида ҳеч қанақа кенг кўламли тартибсизлик рўй бермаган.

Айрим ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳлари хитойликларни халқаро аксилтеррорчилик кампаниядан ўз манфаатлари йўлида – уйғурларга қарши қатағонларни кучайтириш учун фойдаланганликда айблаганлар. Пекин кўп бор бу айбловларни рад қилган, айни пайтда улар уйғур фаолларини жазолашда давом этганлар. Шу билан бирга, хитойлик расмийлар Қўшма Штатларни Шинжондаги уйғурларнинг қаршилик гуруҳини террорчи гуруҳ ўлароқ тан олишга кўндирганлар. Гарчи олдин Пекин уйғурларни тинчитиш учун қурол ва куч ишлатган бўлса-да, охирги пайтларда у жанубий-шарқий Хитойнинг Шенженидан (Shenzhen) чиққан майда савдогар Вонг Сонокка (Wong Sonok) ўхшаган одамлардан фойдаланмоқда. Айтишларича, Марко Поло ўзининг Ипак йўли бўйлаб 1275 йилда амалга оширилган саёҳати чоғида Қаш¬қарни сокин гўша деб топган. Вонг бу ерга 1998 йилда келган пайтда тупроқ йўлли бу шаҳарда таксилардан кўра эшак аравалар кўпроқ бўлган. Қашқар ва Шинжоннинг бошқа жойлари ҳали ҳам тартибсизликлар, автобусларни ўққа тутиш ва қотилликлардан кейин буриқсиб ётганди.

Ўшандан бери кўчалар тинчиб қолган. Бугунги кунда эллик ёшли Вонг каттакон стол ортида ўтириб, Хитой шарқий вилояти Чжецзяннинг Йиву (Yiwu) шаҳридаги ҳар куни уч мингдан зиёд чет эллик савдогар йиғилувчи улкан бозорнинг нусхаси бўлган халқаро савдо марказининг қурилиши кузатаяпти.

Шинжон Пекин учун ғарбга чиқишда таянч нуқтасига айланиши мумкин. Майдони Аляскадай келадиган ушбу минтақа континетал Хитой майдонининг олтидан бирини ташкил қилади. Унинг иқлими ва ландшафти Калифорния каби хилма-хил. Шинжон кўмир, пахта ва мева-чевага бой. Гарчи эмиграция бўйича расмий маълумотларни олиб бўлмаса-да, ўтган ўн йил мобайнида камида 180 минг хитойлик Чжецзян вилоятидан Шинжонга кўчиб ўтганлар ва бу ерда ўз бизнесларини очганлар.

Чет эллик тижоратчиларнинг айримлари Йивуга Покистон, Тожикистон ва Қозоғистондан келадилар. Эндиликда Вонгнинг 50 миллион доллар турадиган Қашқардаги халқаро савдо маркази хориждан келадиган савдогарларга вақтдан ютишга имкон беради.

“Биз Марказий Осиёга кўприк қурмоқдамиз”, - дейди Вонг Сонок.

Пекин йўллар, тўғонлар ва электр тармоқлари қурилишига 15 миллиард доллар ётқизган. Давлатга қарашли энергетик ширкатлар Каспийбўйи соҳилидан келадиган қувур қурилишига янада кўпроқ пул сарф этганлар.

Пекин тарқатган охирги маълумотларга мувофиқ, хансулар, яъни этник хитойликлар, Хитой аҳолисининг 90 фоиздан зиёдини ҳамда Шинжонда истиқомат қиладиган 20 миллионлик аҳолининг тақрибан 40 фоизини ташкил қилади. Бошқа уйғур анклавларидан фарқли ўлароқ минтақа пойтахти бўлган Урумчи шаҳри Хитойнинг бошқа кўп шаҳарларини эслатиб туради.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, Пекиннинг давом этаётган иқтисодий кампанияси уйғурларнинг мустақил давлат қуриш умидларини пучга чиқараёзган. Айни пайтда полиция қатағонидан чўчиб қолган уйғурларнинг кўпчилиги интервью беришдан бош тортадилар. Бошқалар эса сиёсат билан шуғулланишга бекордан-бекорга вақт йўқотгандан кўра ўз бизнесини бошлаб, тинчгина пул топиш билан машғул бўлишни афзал кўрадилар.

“Шинжондаги уйғурлар ҳозирда тинч, прагматик даврни бошдан кечирмоқдалар”, - дейди Ньюкаслдаги Британия университетида ишловчи уйғурлар бўйича эксперт Жоанн Смит. Уйғур савдогарларнинг айримлари Хитойга келган сайёҳлар ҳисобидан бойимоқдалар ва Марказий Осиё билан савдо-сотиқни кенгайтирмоқдалар.

Аммо кўпчилик уйғурлар, айниқса чоллар Хитой тилининг асосий шеваси бўлган ва адабий тил ҳисобланган путунхуада гапирмайдилар. Улар турк тилида гапирадилар ва фақат араб имлосида ёзилган матнларнигина ўқий оладилар. Бу Хитой ширкатларига ишга жойлашишни қийинлаштиради. Хитойнинг кўп жойларида бўлганидек, Шинжондаги ишсизлик даражаси ҳам кўп йиллардан буён тўрт фоизни ташкил қилади. Аммо кўчалардаги манзара тамоман бошқача.

Кун тиккага келган пайтда Қашқарнинг Миллий Боғида бошларини қуйи солган уйғур ёшлари ва катта ёшдаги уйғурлар дарахтлар тагидаги ўриндиқларда хомуш ўтирадилар. Яқин атрофда эса хитойлик савдогарлар ичимликлар ва егуликлар сотадилар. Фақат битта уйғургина финжони 5 центдан бўлган олхўри шарбатини кўтариб сотиб юради.

Кўчанинг нариги бетида эса Маонинг Хитойда энг баланд бўлган 26 метрли ҳайкали қад ростлаган. Бу ҳайкал ҳар бир кишига бу ерда ким хўжайин эканини эслатиб туради.

"The Standard", Гонконг, Хитой



 

Реклама