19:49 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда “Ўзбекистон фотосолномаси – ўзбек фотографиясига 125 йил” кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

01.09.2006 18:25 msk

Ўз ахб.

Базарная площадь. Самарканд
Бозор майдони. Самарқанд
30 август куни Тошкент фотография уйида “Ўзбекистон фотосолномаси – ўзбек фотографиясига 125 йил” кўргазмаси очилди. Унинг экспозициясидан XIX асрнинг 70-йилларидан шу кунгача бўлган катта даврни ўз ичига олувчи юздан ортиқ уникал фотосуратлар ўрин олган. Кўргазмани “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясининг Тошкент фотография уйи ташкил қилганлар.

Бу ерда тақдим этилган ишлар панорамаси ўзбек фотографиясининг асосчиси Худойберган Девонов фотосуратлари билан очилади, унинг туғилган санаси (1879 йил) Туркистон ўлкаси ҳудудида олинган биринчи фотосуратлар билан деярли бир вақтга тўғри келган. Сўнгра Боршчевский, Кильдюшев, Федоров, Макс Пенсон каби таниқли усталар томонидан XIX аср охири – XX асрнинг биринчи ярмида олинган ажойиб суратлар, шунингдек, замонавий фоторассомлар В. Ан, Т. Али, В. Вяткин, В. Жирнов, Ш. Усмон, Р. Шагаев ва бошқаларнинг ишларига дуч келасиз. Экспозиция иккита зални эгаллаган, унда асосан, бутун дунёда қадрланувчи оқ-қора тасвирдаги фотосуратлар тақдим этилган.

В Мирзачуле. В Голодной степи
Мирзачўлда. Бийдек даштда
Кўргазманинг ўзи Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, профессор Турсунали Қўзиев бошчилигида “Ўзбек фотографиясига 125 йил” номли уч жилдли антология нашри юзасидан амалга оширилаётган лойиҳанинг таркибий қисми бўлиб ҳисобланади. Ўтган йили антологиянинг биринчи жилди нашр этилган, яқин орада унинг иккинчи жилди нашр этилиши кутилмоқда.

- Кўргазмамиз тақдири қизиқ бўлди, - дея ҳикоя қилади Тошкент фотография уйининг директор ўринбосари Юрий Подпоренко. – У Тошкентда биринчи марта намойиш этилмоқда, аммо бунгача кўргазма турли мамлакатлар бўйлаб жаҳон турнесини амалга оширишга улгурди. Бу лойиҳанинг асосий ҳомийси – “Ўзбекистон маданият ва санъат форуми” жамғармаси шарофати билан амалга ошди. Дастлаб “Ўзбек фотографиясига 125 йил” кўргазмаси ўтган йилнинг март ойида Москвада намойиш этилди. Кейин бир ярим йил мобайнида у дунё бўйлаб саёҳат қилди. Уни Пекинда, Ғарбий Европада, Европа парламентида томоша қилдилар, кейин эса у Германия шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилди, яқинда эса у Япониядан қайтди.

Кўргазмага қўйилган фотоишлар ҳақида гапирар экан, Юрий Подпоренко уларни танлашда пала-партишликка йўл қўйилгани ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини қайд этди:

Женщина. Фотограф Витяев
Аёл. Сураткаш – Витяев
- Ушбу кўргазма мундарижаси Ўзбекистон фотосурати тарихини ўзида акс эттиради. Шундай бўлганки, минтақамиз бутун дунё фотосуратчилари учун ўзига хос Клондайкка айланган, чунки бу ўлканинг тарихи жуда қизиқ. Осори атиқаларнинг кўплиги, халқ турмушининг ўта сермазмун экани, этнографик кузатувлар – буларнинг ҳаммаси жуда ёрқин намоён бўлар ва кўплаб фотосуратчилар, асосан европаликлар диққат-эътиборини мудом ўзига тортиб келар эди. Даставвал Европадан олиб келинган бу анъаналар кейинчалик жуда қизиқарли шаклда ривожлантирилган. Бугунги фотография усталари ижод жараёнида ўз салафлари тажрибаларига таянадилар, шунинг учун ҳам Ўзбекистон фотографияси шу қадар шиддат билан жаҳонда ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда.