12:50 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон заминида Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳарбий асирга тушган 817 японияликнинг ҳоки ётибди

29.08.2006 09:16 msk

Алексей Волосевич (Тошкент)

Фото ИА Фергана.Ру
© Фарғона.Ру АА фотосурати
Тошкентнинг овлоққина кўчасида ташқаридан ҳеч нимаси билан ўзига эътибор жалб этмайдиган бир хусусий уй бор. Шунга қарамай, унинг манзили – Яккасарой кўчаси, 20-уй – Японияда чоп этиладиган Марказий Осиёга дахлдор барча маълумотномалар ва йўлкўрсаткичларга киритилган. Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан сўнг Ўзбекистонга интернация қилинган япониялик ҳарбий асирларга бағишланган музей жойлашган.

Музей экспозициясига қўйилган ҳужжатлар, фотосуратлар, ўша давр уй-рўзғор буюмлари узоқ Осиё республикасига келиб қолган собиқ Квантун армияси йигирма уч минг аскар ва зобитларининг турмуши қандай кечгани ҳақида тасаввур беради. Улар 1945 йилда бу ерга олиб келинганларидан кейин Ўзбекистон ССРнинг турли ҳудудларига – Тошкент, Оҳангарон, Бекобод, Қўқон, Когонга жойлаштирилгандилар. Совет Иттифоқи шаҳар ва қишлоқларини вайрон қилишда японлар мутлақо иштирок этмаганларига қарамасдан, уларни бепул ишчи кучи сифатида қурилиш ва хўжалик объектларидаги ишларга жалб қилгандилар. Улар маъмурий бинолар, турар-жойлар, заводлар, йўллар қурганлар, тўғонлар барпо қилганлар, электр узатиш симларини тортганлар, корхоналарда меҳнат қилганлар. Немис армияси солдатлари каби уларнинг ҳам асирликдаги ҳаётлари узоқ йилларга чўзилган.

Памятная стела. Фото ИА Фергана.Ру
Ёдгорлик тоши. Фарғона.Ру АА фотосурати
Японлар ўзларининг хушмуомалалиги ва очиқ кўнгиллилиги ҳамда ишга масъулият билан ёндошганлари туфайли ўзбекистонликларда жуда яхши таассурот қолдирганлар. “Ахир улар ўз ишларини наридан бери қилиб қўйишлари ҳам мумкин эди, аммо улар чин кўнгилдан ишлардилар”, - дердилар улар билан яқин алоқада бўлганлар. Шунга мувофиқ равишда ўзбекистонликлар ҳам уларга яхши муомала қилганлар, улар асирларга ачинардилар ва улар билан борини баҳам кўрардилар.

Япон ҳарбийлари урушдан кейинги пайтда қурилган йирик қурилишларнинг кўпчилигида у ёки бу даражада иштирок этганлар. Улар ёрдамида Тошкентда Навоий номли театр, Муқимий номидаги театр, Текстиль комбинати, Марказий телеграф, Маданият вазирлиги биноси барпо қилинган. Чирчиқда эса Химмаш ва Сельмаш заводлари, Химикларнинг Маданият саройи қурилган. Улар Бекободдан Тошкентгача бўлган, ҳозирги кунда ҳам пойтахтнинг анча қисмини электр энергияси билан таъминлаб турган юқори вольтли электр узатиш симларини тортганлар. Бекободда жойлашган Фарҳод ГЭСи ўша пайтларда «Олег Кошевой номидаги зарбдор комсомол қурилиши» деб аталарди. Бу ерда зарбдор комсомоллар ўрнига япониялик уч минг асир ишлаганини кўпчилик билмайди.

Джалил Султанов и посетители музея. Фото ИА Фергана.Ру
Жалил Султонов музейга ташриф буюрган одамлар билан. Фарғона.Ру АА фотосурати
- Япон асирлари ҳақида архивда материал қидириб юрган пайтимда бир қизиқ жиҳат эътиборимни тортди, - дея ҳикоя қилади уй-музей асосчиси Жалил Султонов. - Фотосуратларнинг ҳаммасида улар объективга орқа ўгириб турадилар. Фақат орқа планда турган кимдир объективга қараб туради. Гап шундаки, бу қурилишлар – Сирдарёдаги тўғон ва бошқалар – расман ўз кучимиз билан қурилган, шунинг учун ҳам у ерда ҳарбий асирлар бўлишлари мумкин эмасди.

Музей очиш ғояси Султонов хаёлига бирданига келиб қолгани йўқ. мева-сабзавот базасида муҳандис бўлиб ишлаб юрган чоғида у бўш пайтларда тарихий китобларни ўқишни яхши кўрган. Кейинчалик у Ўрта Осиё билан Япония ўртасидаги алоқалар ҳақида ўйлай бошлайди. Уни тарихда биринчи марта Ўрта Осиёга бу қадар кўп миқдорда келиб қолган япониялик ҳарбий асирлар тарихи қизиқтириб қолади. Султонов ушбу мавзу юзасидан материаллар йиға бошлайди – улар билан бир замонлар ишлаган кишиларнинг хотираларини ёза бошлайди, кутубхоналар ва архивларга боради. Орадан бир қанча вақт ўтгандан сўнг шунчалик кўп маълумот йиғилиб қоладики, пировардида у ўз уйида музей очишга қарор қилади. 1998 йилда эса музейнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади.

Экспонаты музея. Фото ИА Фергана.Ру
Музей экспонатлари. Фарғона.Ру АА фотосурати
Музей экспозицияси ҳозирча унча катта эмас – у икки хонага жо бўлган. У ҳужжатлар, фотосуратлар, ҳарбийлар қўли билан ясаган буюмлардан ташкил топган бўлиб, мавзу жиҳатдан икки қисмга – япониялик ҳарбий асирлар иштирокида барпо этилган объектлар ва бинолар ҳамда улар дафн этилган жойларга бўлинади. Иккинчи мавзу ўзига хос мавзудир. Ўзбекистон ерларида ватанга қайтиш учун рухсатга эга бўлолмаган 817 та японияликнинг ҳоки ётибди. Уларни фуқаро қабристонларига эмас, алоҳида мозорларга кўмганлар. Эллигинчи йилларда улардан ном-нишон қолмаслиги учун мазкур қабристонларни билдирмай йўқ қилиб юбориш буюрилган. Фақат ҳукумат таркибидаги ўзгаришларгина бу ниятларнинг ҳаётга татбиқ этилишига ҳалақит бериб қолган. Японияликларнинг қабрлари тўқсонинчи йиллар бошигача жуда абгор кўринишда бўлган. Кейин уларни тиклаш ишлари бошланган ҳамда аввал ердан фақат арматура чиқиб турган ва чирик лавҳалар кўриниб турган жойларда қабртошлар пайдо бўлган. Ўзбекистондаги барча япон қабристонларини ободонлаштириш ишлари 2002 йилда ниҳоясига етган.

Аҳён-аҳёнда уй-музейга собиқ ҳарбий асирларнинг ўзлари ҳам келиб қоладилар. Бугунги кунда улар анча қариб қолганлар, аммо ёшликлари ўтган жой уларни барибир ўзига тортиб туради. Қирқинчи йиллар ўрталарида улар 20-30 ёшли йигит бўлганлар ва Ўзбекистонда ўтказилган йиллар мобайнида – 1945 йил баҳоридан 1949 йилгача, баъзилар эса ҳатто 1950 йилгача – уларнинг кўпчилиги рус тилини ўрганиб олишга улгурганлар. «Мана бу қошиқни мен ўз қўлларим билан метал парчасидан ясаганман», - деб ёзилган Султоновга япон фахрийларидан бири томонидан совға қилинган экспонат тагига.

Фикр-мулоҳазалар дафтари иероглифлар ва бошқа тиллардаги ёзувлар билан қарийб тўлиб кетган. Уларнинг айримлари таржима қилинган, баъзилари эса таржимага муҳтож эмас:

«Тошкентда шунақа музей борлигидан жуда хурсандмиз. 2001.8.31. Акико Кондо».

«Гарчи бу менинг Тошкентга бешинчи сафарим бўлса-да, ушбу музейга биринчи марта келишим. Бу каби катта иш билан танишгач, мени қаттиқ ҳаяжон ва хурсандлик туйғуси чулғаб олди. Мен музейдаги ҳужжатлар иложи борича узоқроқ сақланишини сўрар эдим. Котоки Тетсио, 76 ёшда. Тошкентда ҳарбий асир бўлиб турган. 24 октябрь 1998 йил».

«Мен ҳарбий асир бўла туриб Япония ва Ўзбекистон ўртасига дўстлик тошини ўрнатиб кетган кишиларга нисбатан қалбимда ҳурмат ва эҳтиром туяман. Шу билан бирга, мен шу заминда ҳоки қолган японларнинг бу ерда тинч ётишларини сўраб дуо қиламан. 11 июнь 1999 йил. Кодга Юмико».

Экспонаты музея. Фото ИА Фергана.Ру
Музей экспонатлари. Фарғона.Ру АА фотосурати
«Биз узоқ ўтмиш ҳақидаги хотиралар сақланиб қолганлигидан жуда ҳайратдамиз. Бу мўъжаз музейда шоён диққат билан ва тарихий ҳақгўйлик билан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан экспонатлар жам қилинган экан. Музейга ташриф буюрар экансиз, уруш йилларидаги ва урушдан кейинги йиллардаги фожеий воқеаларни ўз хотирангизда чинакамига тиклагандек бўласиз».

Шу кўчанинг ўзида, музейдан бир неча юз одим нарида японияликлар қабристони жойлашган. Уларнинг ёнида немис ҳарбий асирлари кўмилган. 90-йиллар бошига қадар бу ерда дўппайган қабрлар ва лавҳали занг босган темирлар бор эди, холос. Бугунги кунда японияликлар мозори ўзининг тозалиги ва саришталиги билан лол қолдиради – унга оқ мармардан қабртошлар, ёдгорлик тошлари ўрнатилган. Иероглифлар ёзилган қабртошлар ўртасига қум ётқизилган. Ёдгорлик тоши лавҳида Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида дафн этилган аскар ва зобитларнинг рўйхати ўйиб ёзилган. Тошкент шаҳрининг Яккасарой қабристонида 79 киши, Тошкент вилоятида 8 киши, Қўқонда 240 киши, Чўамда (Андижон вилояти) 32 киши, Бекободда 146 киши, Бўстонлиқда 13 киши, Фарғонада 2 киши, Оҳангаронда 133 киши, Когонда (Бухоро вилояти) 153 киши дафн этилган. Япон қабрлари Жанубий Оламушукда (Андижон вилояти) ҳам бўлиб, у ерда 4 киши кўмилган. Улар ёдгорлик мажмуаси қурилганидан кейин Ж. Султонов томонидан топилган бўлиб, шу сабабдан ҳам умумий мартиологга кирмай қолганлар.

Японское кладбище. Фото ИА Фергана.Ру
Япон қабристони. Фарғона.Ру АА фотосурати
Яккасаройдаги япон қабристони саранжом-саришта ва бу ерга кўпчилик келиб туради. Бу ердан кетаётган пайтимда қабртошларидаги ёзувларни ўрганаётган япониялик икки ёш эркак ва аёлни учратдим. Улар учун узоқ ёт ўлкада ҳалок бўлган ҳамюртлар хотираси қуруқ гап эмаслиги сезилиб турарди. Тан олиш керакки, бу хотирага Ўзбекистонда ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлинади, чунки республикага келган японлар фақат бинолар ва ерда эмас, одамларнинг қалбларида ҳам сезиларли из қолдирганлар.