00:40 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Фарғона водийсида пахта терими бошланди

28.08.2006 18:15 msk

Ўз ахб. (Наманган)

В Наманганской области Узбекистан начался сбор хлопка. Фото ИА Фергана.Ру
Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида пахта терими бошланди. Фарғона.Ру АА фотоси
Ўзбекистоннинг Наманган вилояти фермер хўжаликлари пахта ҳосилини йиғиб-териб олишга одатдагидан эртароқ киришдилар. 20 август куни Наманган вилоят маъмурияти раҳбари Икром Нажмиддинов пахта далаларига сув қўйишни бас қилиш ҳамда пахта териш кампанияси бошланишига тайёргарлик кўриш юзасидан буйруқ берган. Унга кўра, пахта терими икки ой ичида, 20 октябрдан кеч бўлмаган муддатда муваффақиятли якунланиши керак.

Давлат ўзбек пахтакорлари олдига ўтган йилги юксак натижаларни такрорлаш вазифасини қўймоқда, ўшанда охирги ўн йилликда биринчи марта рекорд кўрсаткичли ҳосил олинган – 3 миллион 600 минг тонна пахта хом ашёсини муддатидан бир ой аввал йиғиб олишга эришилган эди. Пахтакорларнинг муваффақиятига об-ҳаво шароитининг фавқулодда қулай келганлиги ҳамда жойлардаги мансабдорларнинг маъмурий жонбозликлари сабаб бўлганди.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотосурати
Илгари Ўзбекистон қишлоқ хўжалик вазири лавозимида ишлаган Икром Нажмиддинов Наманган вилояти ҳокими лавозимига шахсан президент Ислом Каримовнинг буйруғи билан 2004 йилда тайинланган эди. У хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараганлиги учун маҳкамага тортилган Тўлқин Жабборов ўрнига келганди. 2005 йил пахта териш кампаниясида янги ҳоким пахтакорларнинг ҳосилни йиғиб-териб олишдан чалғимасликлари учун тўй ва бошқа оммавий маросимларни ўтказишни маън этган, чойхона ва қаҳвахоналарни ёпган эди. 2005 йил йиғим-терим мавсумига якун ясар экан, Ислом Каримов ўзининг халққа мурожаатида Яратганга ушбу неъмат учун шукроналар айтганди.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотосурати
Ўтган ҳафта сўнгида Наманган вилоят деҳқонлари пахта теримини бошлаш учун расман рухсат олганлар ва бутун оилалари билан пахта далаларига ошиққанлар. Фермерларнинг эътирофича, ҳақиқатан ҳам жуда омадли келган ўтган йилда айрим хўжаликлар йиғим-терим ишлари бошланганидан кейинги дастлабки 3-4 кун ичидаёқ пахта хом ашёсини тайёрлов пунктларига топшириш бўйича давлат буюртмасини бажаришга муваффақ бўлганлар.

Бу йил ҳам об-ҳаво шароити жуда қулай келди, аммо пахтакорларда аввалги иштиёқ унча сезилмайди. Хом ашёни давлат томонидан белгиланган паст харид баҳосида топширишга мажбур бўлган кўп хўжаликлар ўтган йили фойда ололмаганлар ва янги мавсумда ўғитдан иқтисод қилишга мажбур бўлганлар. Шу билан бирга пахтага вилт шикаст еткизган. Шунга қарамай, пахта очилган далаларда бугунги кунда катта хирмонларни кўриш мумкин.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотосурати
Фермерлар, агар об-ҳаво яхши келса, вилоят расмийлари талаб қилганидек октябрь ойи охиригача пахтанинг ҳаммасини сўзсиз йиғиб олишларини айтмоқдалар. Синоптикларнинг тахминларига кўра, яқин икки-уч ҳафта ичида ҳарорат +40 даражагача кўтарилиб, кунларнинг очиқ ва қуёшли бўлиши кутилмоқда. Пахтакорлар муборак Рамазон ойи киргунга қадар кўпроқ иш қилиб олишга уринишиб, далаларда тонг ёришгандан кун ботгунча меҳнат қилмоқдалар.