23:58 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

IRIN: “Серқуёш Ўзбекистоним” мухолифат Коалицияси раҳбари Санжар Умаров билан суҳбат

06.07.2005 00:19 msk

IRIN

Ўзбекистон ҳукумати Ғарбнинг ўтган ойда Андижонда бўлиб ўтган жиноятларга доир босим билан билдирилаётган халқаро текширув ўтказиш талабини рад этган сари, янги маҳаллий мухолифат гуруҳи бўлган “Серқуёш Ўзбекистоним” Вашингтонни амалдаги ҳукуматга ислоҳотлар ўтказиш борасида қаттиқ босим ўтказишга чақирмоқда. Бу гуруҳ ҳукуматни тинч демократик йўл билан ўзгартириш ва иқтисодни либераллаштириш мақсадини кўзламоқда.

IRIN: - Сизнинг гуруҳингиз ким томонидан ташкил этилган ва унинг аъзолари кимлар?

Санжар Умаров: - Коалицияни ташкил этиш ғояси менда Бишкекдаги 24-март воқеаларидан сўнг (Асқар Ақаев ҳокимияти халқ исёни билан ағдарилгач) пайдо бўлди. Ўшанда мен эртами–кечми ўзбек режимини ҳам мана шу ҳолат кутаётганини ҳис қилдим ва у ағдарилгач, унинг ўрнига мамлакатни иқтисодий ва сиёсий хаосдан сақлаб қолувчи бир режа зарурлигини тушуниб етдим.

Мен бу ғояни “Озод Деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятова билан маслаҳатлашдим ва у бизнинг мамлакатимиз учун иқтисодий ҳамда ижтимоий ислоҳотлар дастурини тайёрловчи ташкилот тузиш зарур эканини қўллаб –қувватлади.

Шундай қилиб жорий йилнинг апрель ойи аввалида “Серқуёш Ўзбекистоним” ижтимоий–иқтисодий ислоҳотлар коалицияси ташкил этилди. Кейин Андижон фожеаси содир этилди ва мамлакатдаги сиёсий тизим кутилганидан тезроқ емирилаётгани маълум бўлди.

Андижон воқеаларига жавобан бизнинг Коалиция кўплаб тадбиркорлар, илмий ходимлар, артистлар ва ўрта бўғин ҳукумат амалдорларини жалб қила бошлади. Бу одамлар биз фақат иқтисодий ислоҳотлар дастури юзасидангина эмас, ўзбек миллатини ҳалокатдан асраб қолиш мақсадида сиёсий ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш йўлларини қидириш борасида ҳам фаолият кўрсатишимиз зарур, деб ҳисоблайдилар. Биз амалдаги тузумни тинч ўзгаришларга даъват қилмоқчи эдик.

IRIN: - Ўзбекистонда мухолифат нуқтаи –назари унча қадрланмайди. Тошкент сизларга қулоқ соладими?

Санжар Умаров: - “Серқуёш Ўзбекистоним” инқилобий ёки экстремистик ташкилот эмас. Биз барча аъзоларимизни Конституцияни ҳурмат қилишга чақирамиз. Лекин шу билан бирга, Конституцияни ҳурмат қилиш мамлакатимизга таалуқли бўлган долзарб муаммолар ҳақида гапирмаслик керак, дегани ҳам эмас. Биз бу ишни Конституциямиз доирасида олиб борамиз.

IRIN: -Яқинда АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райсга ёзган очиқ хатингизда Андижон воқеаларининг қонли тарзда бостирилиши Ўзбекистон халқини даҳшатга солди, дегансиз. Бу мавзуни давом этдира оласизми?

Санжар Умаров: - Андижон воқеалари Ўзбекистон аҳолисига амалдаги ҳокимиятнинг асл башарасини яққол кўрсатди. Бизнинг куч ишлатиш салоҳиятига эга бўлган тузилмаларимиз аёллар ва болаларга қарата ўқ отганидан ким даҳшатга тушмаслиги мумкин? Бўлиб ўтган воқеа яна такрорланиши мумкинлигини англаган одамлар узоқ муддат давом этган сиёсий мудроқни тарк этдилар. “Серқуёш Ўзбекистоним” ўтмишда инқилобчи, экстремист каби ёрлиқлардан қўрқиб таваккал қилишни истамаган бу одамлар, ўз халқига қарши курашаётган шафқатсиз тузумни тинч йўл билан бартараф этиш учун ўз умид ва орзуларини эркин ирод қилиш имконига эга бўлишини истайди.

IRIN: - Бундай воқеаларда сиз мамлакатдаги вазиятни издан чиқарувчи омилларни кўрасизми?

Санжар Умаров: - Имконсизликдан намойишга чиққан одамларга нисбатан яна бир бор мана шундай ҳолатнинг қўлланиши эҳтимоли бугунги кунда барча онгли ўзбекистонликларни таъқиб этмоқда. Амалдаги ҳокимиятнинг фожеаси, у демократик мухолифат билан мунозарага киришишдан бош тортаётгани Ўзбекистондаги беқарор вазият омили эканини тушуниб етмаганидадир.

IRIN: - Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари масаласининг бугунги аҳволи ҳақида нима дея оласиз? Сизнинг гуруҳингиз бу масалага эътибор қаратадими?

Санжар Умаров: - Биз халқаро ҳамжамият ташвиш билдираётганига қарамай, инсон ҳуқуқларига риоя қилинмаётгани амалдаги ҳукуматнинг обрўсини тўкаётганини ва фақат инсон ҳуқуқларига амал қилган ҳукуматгина халқ томонидан қўллаб –қувватланишини яхши ҳис қиламиз. Шу сабабли ҳам АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс хонимга ёзган мактубимизда, биз расман ҳукумат тепасига келадиган бўлсак сиёсий амнистия ўтказиш мажбуриятини олганимизни билдирдик.

IRIN: - Тадбиркор ва гуруҳ раҳбари сифатида сиз иқтисодий ислоҳотлар ҳақида гапирмоқдасиз. Булар қандай ислоҳотлар ва улар қашшоқликда яшаётган оддий ўзбекистонликлар ҳаётига қандай таъсир кўрсатади?

Санжар Умаров: - Биз “демократик капитализм” ғоясига асосланган жамият қуришга интилмоқдамиз. Шўро ҳукумати ўрнатилгунча ўзбеклар бутун дунёда тадбиркорлиги билан машҳур бўлганлар. Тижорат бизнинг қонимизда бор. Афсуски, Шўро тузуми ва ҳозирги ҳокимият бизнинг туғма салоҳиятимизга ҳос бўлган “тирик” иқтисод қуришимизга йўл бермади. Фаол иқтисод халқни меҳнат билан топилган мулкни мусодара қилишдан ҳимоя қила олувчи давлатдагина шаклланади. Бугун Ўзбекистонда бунинг акси кузатилмоқда. Тузум катта солиқлар туфайли бировнинг фермаси ёки бизнесини тортиб олиш асносида катта ва кичик амалдорларнинг фаровон ҳаётини таъминлаш асосига қурилган. Бу эса ишчи ўринлари яратишга асос бўлувчи хориж сармояларининг кириб келишига тўсқинлик қилмоқда. Шунинг учун биринчи навбатда солиқ ва бошқарув тизимини радикал тарзда ўзгартириш лозим, яъни, ҳукумат амалдорлари ўз лавозимларидан фойдалана олмасинлар.

Ҳа, Ўзбекистондаги қашшоқлик бизнинг асосий муаммоимиздир. Лекин қашшоқлик ҳукуматимиз сиёсати маҳсули ҳамдир. Ўзингиз биласиз, ўзбекларнинг кўпчилиги қишлоқда меҳнат қилади. Кўпчилик ўзбеклар ҳаётини фаровонлаштиришнинг энг осон ва қулай йўли – фермерларга ўзлари етиштирган ҳосил учун даромадини олиш имконини яратишдир. Бу эса биринчи навбатда пахта монополиясини бекор қилиш ва пахта хом ашёси учун тўловларни тартибга солишдир. Иккинчидан, қишлоқ хўжалигини пахтадан юқори сифатли мева -сабзавотлар етиштиришга ихтисослаштириш борасида узоқ муддатли дастур қабул қилиниши лозим. Бу мақсадга бозор омили орқали етиш мумкин. Мен ишонаманки, фермерларга ўз меҳнатлари самарасини кўриш имкони яратилса, мамлакатимиз Марказий Осиёнинг ҳавас қилса арзигулик мамлакатига айланади.

IRIN: - Ўтган ҳафтада президент Каримов “фуқароларнинг ҳаётини яхшилаш”га қаратилган иқтисодни либераллаштириш, ўрта ва кичик бизнес устидан расмий назоратни камайтириш тўғрисидаги қарорларни имзолади. Бу қарорлар ҳукуматнинг ислоҳотларга тайёр эканини кўрсатадими?

Санжар Умаров: - Биз бу йўлдан ўтганмиз! Агар кичик бизнесни ривожлантириш омили бўлган бозор иқтисодини қуриш учун ҳукумат қарорларигина кифоя қилганида эди, Ўзбекистон аллақачон жаннатга айланган бўларди. Амалдаги тузумнинг иқтисодий сиёсати ўша қарорлар ёзилган қоғозчалик қимматга эга эмас. Охирги ўн беш йил ичида биз бунга юз марталаб гувоҳ бўлдик. Иқтисодни либераллаштириш ва кичик бизнеснинг ривожланиши учун ягона омил мамлакатни эгоистик ҳукумат назоратидан холи қилишдир.

IRIN: - Президент даъватингизга қулоқ солишига сизни нима умидлантиради? Агар у таклифларни инкор этса қандай йўл тутасиз?

Санжар Умаров: - Мен, президент биз Ўзбекистонни ҳалокатдан сақлаб қолувчи ягона имконият эканимизни тушунишига умид қиламан.

* * *

Манба - IRIN (http://www.irinnews.org)