06:12 msk, 20 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Марказий Осиё: сув учун “Катта Ўйин”

25.08.2006 08:16 msk

PINR

Таҳририятдан: Жаҳоннинг бутун диққат-эътибори нефть ва бошқа энергия ташувчилар нархларига қаратилган бир пайтда айнан сув аввалда бўлгани каби минтақавий беқарорликнинг янада муҳимроқ омили ва зиддиятлар сабаби бўлиб қолиши мумкин. Халқаро сув заҳираларини бошқариш институти (International Water Management Institute) маълумотларига кўра, ер шари аҳолисининг учдан бири сув етишмаслиги сабабли қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин. “The Power and Interest News Report” (PINR) мустақил таҳлил ташкилотининг сайтида бугун чоп этилган маъруза муаллифларининг фикрича, XXI асрда айнан Осиё глобал сув зиддиятлари майдонига айланиб қолиши мумкин. Қуйида “Осиёдаги яқинлашиб келаётган сув урушлари” маърузасининг бизни қизиқтирган минтақага дахлдор қисми қисқартирилган таржимасини муштарийлар эътиборига ҳавола қиламиз.

Марказий Осиё: сув учун “Катта Ўйин”

© “Фарғона.Ру” таржимаси

Марказий Осиёга бўлган халқаро эътибор унинг нефть ва газ заҳиралари ҳамда унинг террорчиликка қарши курашдаги ролига қаратилган. Айни пайтда минтақа азалдан давом этиб келаётган сув жанжалларининг ватани ҳам бўлиб ҳисобланади, бу жанжаллар минтақадаги вазиятни издан чиқаришга сабаб бўлиш эҳтимоли мавжуд.

Гарчи Марказий Осиё сув заҳираларига жуда бой бўлса-да, бу заҳиралар умумий ҳажмининг 90 фоизи минтақанинг асосий дарёлари – Сирдарё ва Амударё оқиб ўтувчи Қирғизистон ва Тожикистонда жам бўлган. Айни пайтда Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақадаги сувнинг асосий истеъмолчилари бўлиб ҳисобланадилар, инчунун, Ўзбекистонга истеъмол қилинадиган сув заҳираларини ярмидан кўпи тўғри келади. Қирғизистон ва Тожикистон Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун талаб қилинадиган сув заҳираларини назорат қиладилар. Бироқ дарёларнинг бошланишида жойлашган давлатлар бошқа заҳиралари кам бўлгани ва сувдан ўз эҳтиёжлари учун электр энергияси ишлаб чиқаришга фойдаланганлари сабабли сувни стратегик товар ўлароқ кўрадилар.

Марказий Осиё республикалари мустақилликка эришганларидан кейин бу юзасидан ихтилофлар юзага кела бошлади. Дарёнинг қуйи қисмида жойлашган давлатлар томон юрувчи сув оқими сусайди, бу пахта етиштирилишига сезиларли таъсир кўрсатди; айни пайтда қуйи қисмда жойлашган республикалар дарёнинг юқори қисмида жойлашган давлатларнинг газ ва кўмирга бўлган эҳтиёжларига тушунган ҳолда ёндошишни истамадилар. Минтақада сув истеъмолининг ошиши Сирдарё ва Амударё сув тизимлари бориб қуйиладиган Орол денгизининг сув сатҳини ҳам пасайтирди. Гарчи давлатлар 1992 йили Сувни назорат қилиш бўйича давлатлараро комиссия тузган бўлсалар-да, улар мазкур сув механизмини самарали тарзда бошқара олмадилар.

Камбағаллик, авторитар бошқарув ва диний экстремизм сабабли юзага келаётган бошқа муаммолар (чегаранинг баҳсли ҳудудлари, минтақанинг энергетик ресурсларига эгалик қилиш учун низолар туфайли юзага келган давлатлараро таранглик ва мамлакатлар ичидаги барқарор бўлмаган вазият) билан бирга сув жанжаллари минтақавий зиддият учун муҳтамал туртки бўлиб қолиши мумкин.

Вазиятни беқарорлаштиришнинг бошқа бир манбаси Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми бўйича бешта қирғоқбўйи мамлакатлари (Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Россия ва Туркманистон) ўртасида шартноманинг йўқлигидир. Каспий денгизи жаҳондаги энг катта ички сув объектидир. Денгиз увилдириқ ишлаб чиқариш манбаи бўлган бакрабалиққа ҳамда углеводородлар заҳирасига бой. АҚШ Энергетик Ахборот Маъмурияти маълумотига кўра, бу ердаги нефть (қидириб топилган ва топилиши мумкин бўлган) заҳираларининг умумий ҳажми 235,7 миллиард баррель, газ (қидириб топилган ва топилиши мумкин бўлган) заҳираларининг умумий ҳажми 560 триллион куб футни ташкил қилади.

Келажакда бу ердаги таранглик минтақани глобал энергетик қайноқ нуқтага айлантириб, ошиб боришда давом этади. 2006 йилнинг июлида Боку-Тбилиси-Жайҳон қувурининг ишга туширилиши ва уни Қозоғистонгача узалиши юзасидан баҳслар билан боғлиқ равишда Қўшма Штатлар Каспий можаросида Озарбайжон ва Қозоғистон позициясини қўллаб-қувватлашга қонунан ҳақлидир. Бир пайтнинг ўзида Россия ушбу қувур ўтказилиши лойиҳаси минтақадан энергия заҳираларини ташишда унинг монополиясини йўққа чиқариши мумкин бўлгани учун мазкур лойиҳага қарши чиққан.