19:48 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон жанубидаги махсус амалиётлар: Террорчиликка қарши курашми ёки ўзгача фикрлайдиганларга қарши овми?

23.08.2006 09:47 msk

Фирдавсий, “Фарғона.Ру” АА ўз мухб

Қирғизистон жанубида мамлакат махсус хизматлари томонидан ўтказилаётган аксилтеррорчилик амалиёти давом этмоқда. Ўтган ҳафтанинг ўзидаёқ беш киши, шу жумладан, бир аёл ҳибсга олинган.

Махсус хизматлар тарқатган маълумотларга кўра, ҳибсга олинган кишиларнинг уйларидан Калашников автомати ўқлари ҳамда экстремистик мазмундаги кўплаб варақалар ва китоблар топилган. Ўш вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари бу кўрсатмаларни тасдиқламоқдалар. Бироқ, “жабрланувчи томон” жиноий айбловларнинг барчасини рад этаяпти.

- Буларнинг ҳаммаси ёлғон. Махсус хизматлар бу “далил”ларни атай ташлаб қўйишиб, кейин оддий мусулмонларни ҳибсга олишларини ҳамма билади, - дейди Ўш вилоятида яшовчи, ўзини “Ҳизбут-Таҳрир” партиясининг аъзоси деб атаган Айюбхон исмли йигит. – Одамлар бундан норози бўлмоқдалар. Улар ўз норозиликларини изҳор қилиш учун оммавий равишда митингга чиқишга тайёрлар. Аммо ҳозирда биз одамларни тўхтатиб турибмиз, ахир ҳибсга олинганларнинг ҳаммаси этник ўзбеклар-да. Бу одамларни ҳимоя қилиш учун уюштирилган кўп минг кишилик митинглар минтақадаги миллатлараро муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Биз жалолободлик ўзбеклар ўзбек тилига давлат мақомини беришни талаб қилган пайтда у ерда нима бўлганини ўзимиз кўрдик: расмийлар буни жуда оғриниб қабул қилдилар.

Радикал сиёсий ислом тарафдорлари махсус хизматлар ҳатти-ҳаракатларига қарши кескин норозилик билдиришга тайёр турган “одамларни тутиб” турганларини билдирадилар. Аммо шунга қарамай “тозалаш амалиётлари” чоғида ҳибсга олинган кишиларнинг қариндошлари ўз-ўзидан юзага келган ва кам сонли норозилик намойишларида барибир иштирок этмоқдалар. Сўнгги ойда Ўш вилоятининг Қорасув шаҳри митинглар шаҳрига айланиб қолган.

- Шаҳримизда махсус хизматлар томонидан амалиётлар тез-тез ўтказилиб турибди. Мен маҳаллий милиция ва Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) раҳбарларидан бир неча маротаба суриштирдим. Аммо улар ўтказилаётган аксилтеррорчилик амалиётлари ҳақида ҳеч нарса билмайдилар, - дейди Қорасув шаҳри ҳокими Маҳмуджон Раҳимов. – Бу амалиётлар махсус бўлинмалар ёрдамида махсус хизматларнинг вилоят бошқармалари томонидан ўтказилаяпти. Натижада аҳоли орасида норозилик кайфияти кучаймоқда. Биз шаҳар мэрияси номидан республика ИИВ ва МХХга “бу қадар кўламли аксилтеррорчилик амалиётларини ўтказишга зарурат борми?” дея изоҳ талаб қилиш ниятидамиз. Чунки бу амалиётлардан кейин шаҳар ва туман раҳбарияти нормал шароитда ишлолмаяпти. Фуқароларимиз ҳар ҳафта митингга чиқаяптилар.

Баъзан ўзига хос “англашилмовчилик”лар ҳам бўлиб туради. Масалан, Қорасувдаги митингда сўзга чиққан аёллардан бири унинг уйига автоматлар билан қуролланган махсус отряд кириб, эрини топиб беришни талаб қилган.

- Аммо менинг эрим йўқ, - дейди қорасувлик аёл. – У бир неча йил аввал қазо қилган. Ниқоб таққан, автоматли одамлар эса эрим яшириниб ётган жойни кўрсатишни талаб қилдилар ва акс ҳолда, мени ҳибсга олишни ваъда қилдилар. Бизда ҳамма нарса алғов-далғов бўлиб кетди...

Ҳақиқатан шундай: махсус амалиётлар чоғида, асосан, этник ўзбеклар қўлга олинаяпти. Уларнинг кўпчилиги Қирғизистонда таъқиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” партиясининг аъзолари бўлиб ҳисобланадилар.

- Бироқ бундай амалиётлар натижасида фақат таъқиқланган партия аъзоларигина эмас, оддий одамлар ҳам жабр кўрмоқдалар, - дейди йигирма беш ёшли маҳаллий фуқаро Мансур Усмонов. – Мен бозорда диний мазмундаги CD-дисклар сотаман. Аммо мен ҳеч қанақа партияга аъзо эмасман. Бироқ менинг уйимга ҳам тезкор ходимлар бош суқдилар. Улар менинг экстремистик мазмундаги дисклар сотишимни таъкидладилар. Худога шукрки, бу юзасидан экспертиза ўтказилиб, шубҳаю гумонлардан қутулдим.

Қорасувдаги митинглар иштирокчилари Қирғизистон Республикаси президенти Қурмонбек Бакиевнинг ушбу махсус амалиётдан хабари бўлмаса керак, дея тахмин қиладилар. Бироқ “раҳмдил подшоҳ”га ишонч ҳаммада ҳам бор деб бўлмайди. Айрим маҳаллий фуқароларга кўра, мазкур аксилтеррорчилик амалиётлари “атайин этник ўзбеклар қарши қаратилган ва муайян мақсадни – ўзбекларнинг оммавий норозиликларига муваффақ бўлиш ва республика жанубидаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадини кўзлайди”.

Қирғизистон махсус хизмат ходимлари бу каби айбловларни рад этадилар.

- Ақаев даврида бизнинг нормал ишлашимизга имкон берилмасди. Махсус хизматлар доим мамлакат раҳбарияти босими остида эди, - дейди исмини айтмасликни илтимос қилган МХХ ходимларидан бири. – Масалан, ҳаммага маълум бўлган “Боткен воқеалари”дан бир йил аввал биз жангарилар тайёрлаётган тадбирлар ҳақида маълумотларга эга эдик. Аммо бизни ҳеч ким эшитишни истамади. Бундан ташқари, бизни сиёсий мухолифатни дақиқа сайин кузатишга, у билан курашишга мажбур қилардилар. Бизнинг асосий ишимиз эса эсдан чиқаёзганди. Республикага янги раҳбарият келганидан кейин ҳамма нарса ўзгарди. Бизга “ўз ишингиз билан шуғулланинглар”, дейишди ва биз ишлай бошладик. Ҳаракатсиз турган пайтда эса бизда кўп маълумот йиғилиб қолганди.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органларининг собиқ полковниги Рашид Қодиров (респондентнинг илтимосига кўра унинг исм-шарифи ўзгартирилган) бу борада бошқача фикрда.

- Яқинда Қурмонбек Бакиев Ўзбекистонга сафар қилиши керак. Ҳаммага маълумки, Ўзбекистон президенти Каримовнинг Қирғизистон собиқ президенти Ақаев билан муносабатлари унча яхши эмасди. Бу шахсий муносабатлар ҳар доим икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик жабҳасидаги сиёсатни белгилаб келган, - дейди Рашид Қодиров. – Ўзбекистон Қирғизистоннинг Марказий Осиёдаги энг асосий ҳамкорларидан бири бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Бакиевнинг Тошкентга ташрифи арафасида бизнинг расмийлар ўзларининг яхши қўшничилик ниятларини исботлаш учун ўзгача фикрловчиларга қарши ов бошлаб юборганлар. Яъни, бутун дунёда ўтказилаётган террорчиликка қарши оммавий кураш баҳонасида Қирғизистонда ҳам худди Ўзбекистонда бўлгани каби ўзгача фикрловчиларни йўқ қилинмоқда.