19:33 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентдаги қатағон қурбонлари музейи экспозицияси замонамиз билан ўхшаш жиҳатларни ёдга солади

23.08.2006 08:14 msk

Ўз ахб. (Тошкент)

Фрагмент экспозиции музея. Фото ИА Фергана.Ру
Музей экспозициясидан лавҳа. Фарғона.Ру АА фотосурати
“Тошкентдаги қатағон қурбонлари музейига кирганимда қалбимни бир вақтнинг ўзида чуқур қайғу-ҳасрат ва хаёлдан кетмайдиган хавотир ҳисси чулғаб олди”, - деди Фарғона.Ру мухбирларига ўзини “ҳамюрт” деб таништирган, сиёсий мухолифат фаолиятида иштирок этганлик учун судланган яқин қариндошларининг ишлари билан Ўзбекистонга келган ёш йигит. “Тарихимизда қанчадан-қанча қурбонлар ҳеч бир гуноҳсиз жабр тортганлар, аммо наҳот бу яна ва яна такрорланаверса?..”

Ўзбекистон пойтахтининг қарийб марказида, Бўзсув қирғоғида, телеминоранинг ёнида жойлашган “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси шахсан президент Ислом Каримовнинг буйруғи билан 2002 йилда барпо қилинганди. Ўзбек тарихчиларига кўра, мазкур мажмуа айнан ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида “халқ душманлари” оммавий равишда отиб ташланган жойда жойлашган. Бугун бу ерда гўзал боғ барпо этилган бўлиб, унинг қуюқ сояси остида қадимги мақбараларни ёдга солувчи миллий услубдаги кўркам бино қад ростлаган.

Пулли музей ҳафтада олти кун очиқ бўлади. Чет элликлардан фото ва видеотасвирга олиш учун қўшимча ҳақ олинади.

Бино ичида сиёсий қатағонлар тарихи юзасидан экспозиция жойлашган. Музей ташкилотчиларининг фикрича, замонавий Ўзбекистон ҳудудидаги қатағонлар Россия империяси таркибида бўлган Туркистон генерал-губернаторлиги таъсис этилганидан бошланиб, 90-йилларда – Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришганидан кейин тўхтаган.

Экспонатлар ёнига қўйилган лавҳаларга ўзбек, инглиз ва рус тилларида изоҳловчи ёзувлар илинган. Уларнинг мазмуни жиддий мулоҳазаларга сабаб бўлади.

Экспозициянинг биринчи қисми рус тилидаги изоҳотлардан деярли маҳрум. Балки бу унинг тўлалигича Ўрта Осиёни руслар истило қилган даврга бағишлангани учун бўлса керак. Бу ерда фақат “муқобил тарих” жанрида битилган, услуби ва мазмунига кўра кичкина адабий дурдонани эслатувчи қисқа таржима илинган, холос:

“XIX асрнинг 60-70-йилларида чор қўшинларининг Қўқон ва Хива хонлигига ҳамда Бухоро амирлигига қарши қаратилган босқинчилик сиёсати аждодларимизнинг кескин қаршилигига учради. Бироқ ҳарбий жиҳатдан устунликка эга бўлганлари боис босқинчилар қаттиқ қаршиликни синдиришга муваффақ бўлдилар. Босиб олинган ерларда Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилиб, мустамлакачилик тартиби жорий қилинди. Россия империяси ўз мустамлакачилик сиёсатини юргизар экан, энг аввало, босиб олинган мамлакатдаги давлатчиликни йўқ қиларди ва тўлалигича уни ўз мустамлакасига айлантирарди. Чоризм миллий ва инсоний ҳақ-ҳуқуқларни, туб аҳолининг диний ва миллий маданиятини оёқости қилган ҳолда, ўлканинг моддий ва маънавий бойликларини талай бошлаган. Энг унумдор ва ишлов берилган ерлар Россиядан оммавий равишда кўчириб келинган рус аҳолисига берилган”.

Ўз вақтида Британия империяси билан кимўзарга Ўрта Осиёни босиб олишга уринган Россия ўз олдига инсонпарварлик мақсадларини қўймаганини аниқ, албатта. Аммо Туркистон Россия империясига кирган бутун давр мобайнида фақат табиий ва маданий бойликларни талаш билан одамларни асоратга солишгина мақсад қилинганда эди, балки ўлка туб аҳолини қул қилиб ишлатган ҳарбий гарнизонлар ва казаклар овулигина қолмиш харобазор чўлга айланиб қолган бўларди. У ҳолда хонликлар ўртасидаги ўзаро қонли низоларнинг тўхташи, деҳқончилик ва саноатнинг ривожланиши, янги каналларнинг қазилиши, темирйўллар қурилиши, юқумли касалликлар эпидемиясига қарши кураш, университетлар ва рус-тузем мактаблари деб аталувчи гимназияларнинг очилиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди.

Общий вид музея. Фото ИА Фергана.Ру
Музейнинг умумий кўриниши. Фарғона.Ру АА фотосурати
1916-17 йилларда русларга қарши бўлиб ўтган Жиззах қўзғолони ўзбек тилида батафсил баён этилган. У биринчи жаҳон урушида маҳаллий аҳолининг фронт орқасидаги ишларга сафарбар этишга уриниш сабабли кўтарилганди. Сафарбарлик мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойида эълон қилинган. Шаккокликдан ва чор армияси Германия билан урушда осиёликлардан “тирик қалқон” сифатида фойдаланаётганмиш, деган миш-мишлардан ғазабланган маҳаллий аҳоли мустамлакачи маъмуриятига қарши чиқа бошлаган, кейин эса русларни сўйиб кета бошлаган.

Катта сиёсат ва мафкура бор жойда мантиқ излаб юриш фойдасиз бўлса керак. Шуни эсдан чиқармаслик лозимки, музей Ўзбекистон Россия Федерацияси билан ҳали янги иттифоқчилик муносабатлари ҳақида шартлашмаган, АҚШ ва НАТОнинг стратегик ҳамкори бўлган бир даврда барпо этилганди. 90-йиллар бошидан бошлаб сўнгги пайтларгача Ўзбекистонда чиққан тарих дарсликлари “рус мустамлакачилари”га қарши кескин айбловлар билан тўла эди, музей очилган дастлабки йилларда эса миллионлаган ўзбек ўқувчилари хотира мажмуасига бепул экскурсияга олиб борилгандилар.

Экспозициянинг кейинги бўлими Совет ҳокимияти давридаги қатағонларга, Қўқон мухториятининг большевойлар томонидан тор-мор этилиши, Қизил Армиянинг босмачилик ҳаракати билан бўлган шафқатсиз уруши, зўравонлик билан ўтказилган коллективлаштириш ва ўзбек деҳқонларининг қулоқ қилинишига бағишланади. Бу ерда тош деворларига қон сачраган, бир яримга икки метр катталикдаги ертўла камераларининг модели, терговчи ва тергалаётган киши манекенлари ўрнатилган НКВД кабинети ҳамда ГУЛАГ лагерлар тизимининг макети – уч ўлчамли харитаси каби экспонатлар мавжуд.

Фрагмент экспозиции музея. Фото ИА Фергана.Ру
Музей экспозициясидан лавҳа. Фарғона.Ру АА фотосурати
“Большевойлар томонидан ташкил этилган БФК (ВЧК) 1917 йил декабридан 1939 йилгача Ўзбекистонда 450 минг бегуноҳ кишига “жиноий ишлар” очган. Бу даврда кўпчилик унча катта бўлмаган муддатларга судланиб, кейин жиноят белгиси бўлмагани учун ҳибсдан озод этилган. 1937-38 йиллардаги катта қатағон пайтида эса уларнинг ҳаммаси қайта ҳибсга олиниб, турли муддатларга ҳукм қилингандилар”, - изоҳ беради лавҳадаги ёзув. Бу сатрлар беихтиёр ўхшаш жиҳатларни ёдга солади.

Халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларига кўра, охирги ўн йил ичида мустақил Ўзбекистонда қамоқхона панжараси ортида диний ва сиёсий сабабларга кўра судланган ўн минглаб фуқаролар ўтириб чиққанлар. Уларнинг кўпчилиги, муддатнинг бир қисмини ўтагач ва президент Каримов номига тавба-тазарру хатларини йўллагач, амнистия бўйича озод қилингандилар. Бироқ пировардида уларни “рўйхатлар бўйича” яна ҳибсга олардилар ва улар янг муддатга қамалардилар.

Тошкентда музей барпо қилинган 2002 йили БМТнинг ўн экспертдан ташкил топган комитети Ўзбекистон 90-йиллар ўрталарида қўшилган БМТнинг қийноқларга қарши Конвенциясининг бажарилиши ҳақидаги маърузаси якунларига кўра ўз хулосаларини эълон қилган. Махсус маърузачи Тео Ван Бовен мамлакатда бўлиб қайтганидан кейин БМТ Ўзбекистон ҳукуматидан 1995 йилдан буён чиқарилган барча суд ҳукмларини қайта кўриб чиқишни талаб қилишга қарор қилган, мазкур ҳукмлар фақат судланувчиларнинг иқрорлари асосидагина чиқарилгани учун улар қийноқлар остида олинган бўлиши мумкин эди. БМТ комитети ўта қаттиқ қийноқлар ҳақидаги кўплаган ва муттасил келаётган хабарлар сабабли хавотир изҳор қилганди ва қийноқлар қўлланаётганлигидан шикоят қилиб, мурожаат қилганларни ҳамда тергов чоғида ва қамоқхоналарда қийноқ қўлланилганини тасдиқловчи гувоҳларни қатағонлардан ҳимоя қилиш таъминланишини тавсия қилганди. Тео Ван Бовен Ўзбекистондаги қийноқлар, унинг фикрича, доимийлик касб этганини билдирган ҳамда 1999 йилдан буён “конституцион тузумга тажовуз қилганлик” ва таъқиқланган диний ташкилотларга аъзо бўлганлик учун судланган юзлаб маҳбуслар сақланаётган Қорақалпоғистондаги Жаслиқ колониясини (УЯ 64/71) умуман ёпиб қўйишни тавсия қилган. “Human Rights Watch” халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти экспертлари Жаслиқда ҳалок бўлган маҳбуслар Музаффар Авезов ва Ҳусниддин Олимов жасадларини текширишганларида калтак излари, хўрлаш ва қайноқ сув билан куйдирилганлик асоратларини топганлар.

1999 йилдан 2005 йилгача Ўзбекистонда бир неча намунавий маҳкама жараёнлари бўлиб ўтиб, мазкур суд жараёнлари пайтида “конституцион тузумга тажовуз қилганлик”да айбланган судланувчилар маҳаллий ва чет эллик журналистларнинг телекамералари қаршисида чиқиш қилганлар. Ўз-ўзини фош қилиш чиқишларида улар халқ ва президент Каримов олдида барча қабиҳ гуноҳлари учун узундан-узоқ тавба қилганлар. 2005 йилда ҳукумат қўшинлари томонидан юзлаб тинч фуқаролар ўққа тутилган Андижон воқеалари иштирокчилари устидан бўлиб ўтган очиқ судда эса айбланувчилар ҳатто “ўзларини икки марталаб ўлдириш билан жазолаш”ни сўраганлар.

Экспозициянинг кейинги йирик лавҳаси Ўзбекистоннинг СССР таркибида бўлган охирги ўн йилликларга бағишланган. Бу давр, тақдим этилган экспонатларга кўра, мустамлакачилар талончилиги ва шафқатсиз қатағонларнинг навбатдаги тўлқини билан якунланган.

“Совет ҳокимияти Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини оёқости қилиш ва камситишни давом эттирди. Совет тузумининг охирги ўн беш йилида марказ эҳтиёжи учун 36 миллиард долларлик пахта ва олтин олиб чиқиб кетилган. Бу даврда Москвага олиб чиқиб кетилган табиий қазилма бойликларнинг умумий қиймати 75 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. 80-йилларда пахта яккаҳокимлигининг мажбуран жорий этилиши ўзбек халқи учун ҳақиқий офатга айланган. Марказ босими остида пахта экиш учун янги-янги ерлар экинлардан бўшатилган. Мустабид режим 80-йиллар охиридан бошлаб “пахта иши” ёки “ўзбеклар иши” деб номланган фисқ-фужурга тўла шармандали айбловларни ўйлаб топиб, Ўзбекистонни мустамлакачилик сиёсати майдонига айлантирган. Марказ вакиллари бўлган Гдлян ва Иванов Ўзбекистонда Сталин ва Бериянинг усулларини қўллашиб, юзлаб бегуноҳ кишиларни нобуд қилганлар. Уларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари оқибатида 25 минг ҳалол меҳнаткашга қарши суд ишлари очилган. Улардан 4500 киши жиноий жавобгарликка тортилган ва 3600 киши суд қилинган. Фақат президент И. А. Каримов қатъияти ва иродаси туфайли тоталитар режимнинг сиёсий ўйинлари ва найранглари фош қилинган ҳамда минглаб бегуноҳ одамлар оқланган”.

Албатта, прокурорлар Гдлян ва Иванов томонидан пахта соҳасидаги йирик раҳбарларга, жамоа хўжаликларининг раисларига, туман ва вилоят партия котибларига давлат мулкини ўмарганлик ва коррупция билан шуғулланганлик юзасидан қўйилган айбловлар моҳиятан ўта мунофиқлик бўлганди. Чунки коррупция, ўғирликлар ва қўшиб ёзишлар занжири совет партия поғоналарининг энг юқори қатламларига – Москвага бориб тақаларди. “Ўзбеклар иши”нинг сиёсий сабаблари ҳали-ҳануз маълум эмас. 80-йилларда судланган барча хўжалик раҳбарларини совет мустабидлиги қурбонлари дея эълон қилиш ва оқлашдан эса мустақил Ўзбекистон расмийлари мафкуравий фойда топганлари аниқ.

Лекин мустақил Ўзбекистонда коррупция ва ўғирликлар юзасидан қўзғатилган жиноий ишлар ўша пайтдан бери камайиб қолгани йўқ. 2005 йилнинг февраль ойида эндигина сайланган икки палатали парламент аъзолари олдида чиқиш қила туриб, президент Ислом Каримов суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришнинг айрим натижалари ҳақида маълум қилган. Унга кўра, фақатгина икки йил ичида – 2003 йилдан 2005 йилгача давлатга етказилган 10 миллион доллар моддий зарарни ихтиёрий равишда тўлаган беш мингга яқин амалдорлар ва тадбиркорлар суддан ёки қамоқ жазосидан озод қилинган. Бу “пахта иши” бўйича жавобгарликка тортилганлар сонидан кўпроқдир.

Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортиш амалдаги ҳокимиятнинг сиёсий рақибларига, ўзгача фикрловчи журналистларга, мухолифатдаги сиёсатчиларга, ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши қўлланилишда давом этмоқда.

Ўзбекистон тадбиркорларининг “Серқуёш коалиция”си лидери, тадбиркор ва сиёсатчи Санжар Умаров 2006 йил баҳорида иқтисодий ва ижтимоий бўҳронни бартараф этиш юзасидан ўз дастурини таклиф қилиб, ҳукуматни танқид қилишга журъат этгани учун ўн бир йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Андижондаги оммавий тартибсизликлар шафқатсиз бостирилганлиги учун расмийларни очиқ танқид қилган фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева жиноий модда бўйича саккиз йилга ҳукм қилинди. Аёллар қамоқхонасида у руҳий касаллар учун ажратилган бўлимга жойлаштирилган, ўша ерда очлик эълон қилган, ҳозирги пайтда эса Тошкент қамоқхонасида сақланаяпти.

2005 йилнинг 13 майида Андижондаги Бобур майдонида юзлаб тинч фуқароларнинг ўқ ёмғири остида ҳалок бўлганларини ҳуқуқ ҳимоячилари ичида биринчи бўлиб чет эллик журналистларга гапириб берган Саиджаҳон Зайнобиддинов “туҳмат қилганлиги ва аҳоли ўртасида ваҳима кайфиятини ёйганлиги” учун маҳфий равишда етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Давлатнинг сиёсат ва мафкура манфаатларидан келиб чиққан ҳолда тарихни қайта кўриб чиқиш юзасидан фаолияти муқаррар тарзда давом этаяпти. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Файзулла Хўжаев каби Сталин қатағонларидан жабр кўрган кўплаб маданият арбоблари ва ўзбек зиёлилари хотираси абадийлаштирилди. Кўчалар, олий ўқув юртлари ва мактабларга уларнинг номлари берилди. Фақат очиқ суд жараёнида судланган ва 1937 йилда отиб ташланган қизил комиссар Акмал Икромовнинг Чилонзор чеккасидаги ҳайкали яқинда олиб ташланди...

Ислом Каримовнинг қатағон қилинган сиёсий рақибларининг қариндошлари ва тарафдорлари Тошкент марказидаги “Шаҳидлар хотираси” музейи экспозицияси уларнинг номлари ва фожеий воқеалари билан тўлдирилиши керак, деб ҳисоблайдилар.

Балки йиллар ўтиб, қатағонлар юзасидан янги ёдгорликлар барпо этилар. Масалан, Андижонда ёки Жаслиқда...