19:38 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Эдинбург китоб ярмаркасида ўзбек адабиёти куни бўлиб ўтди

21.08.2006 06:25 msk

Ўз ахб.

Фото ИА Фергана.Ру
Ҳамид Исмоилов. Фарғона.Ру АА фотосурати
Эдинбург халқаро китоб ярмаркасида ўзбек адабиёти куни бўлиб ўтди. “Ҳибсдаги ёзувчилар” дастури доирасида Мамадали Маҳмудов ва Дадахон Ҳасанов асарларидан парчалар ўқиб эшиттирилди. Ёзувчи Мамадали Маҳмудов, кўплаб ёзувчилар ва халқаро жамоатчиликнинг уни озод қилиш юзасидан чақириқлар қилганларига қарамай, узоқ йиллардан буён Ўзбекистонда қамоқда ўтирибди, қўшиқчи ва шоир Дадахон Ҳасанов эса судга тортилган, унинг иши юзасидан навбатдаги маҳкама мажлиси 5 сентябрга қолдирилган бўлиб, ҳозирда уй қамоғидадир.

Ўзбек ўқишлари иштирокчилари ушбу таниқли ёзувчиларни бетўхтов озод қилиш талаби билан Ўзбекистон президентига мурожаатнома қабул қилганлар. Уларнинг асарларидан парчаларни ярмаркага фахрий меҳмон сифатида таклиф қилинмиш адиб Ҳамид Исмоилов ўқиган. Ҳамид Исмоилов бу ерда Random House нашриёти томонидан шу йил Лондонда нашр этилган ўзининг “Темирйўл” асарини тақдим этаяпти. Мазкур асарни таниқли таржимон Роберт Чандлер таржима қилган.

Эдинбургда “Темирйўл” адабий ўқишлари муассислар томонидан “анжуман воқеаси” ўлароқ баҳоланган, муаллиф номи эса Kate Atkinson, Iain Banks, Robert Fisk, Per Petterson, Asne Seierstad билан бир қаторда халқаро ярмаркаси томонидан тавсия қилинажак ёзувчилар ўнлигига киритилган.

Роман ҳақида биринчи бўлиб “The Independent” газетаси муносабат билдирган. “Рус темирйўлига ёндош империядаги етимларнинг ёрқин сатираси” деб номланган мақолада газета романни “шукуҳли” деб атаган ва ёзувчини “Гоголь, Булгаков ва Платонов тамсил этган рус сатирик адабиёти анъаналари”га мансуб шахс ўлароқ баҳолаган. “Истеъдодсизроқ ёзувчига бу воқеани баён этиш учун жилд-жилд китоб даркор бўларди, Исмоилов эса ўз ҳикояларини бой, турфаранг матога нақш этади, бу нақшнинг ҳар бир ипи ўз нафосати билан жозибдир... “Темирйўл” баъзан кинояли, баъзан ўта кулгули, мулойим, “ҳасрат”га тўла... “Темирйўл” юракни орзиқтирадиган тасвир ва лирик чекинишларга тўла бўлган шоир романидир...” – деб ёзади “The Independent”.

Англиянинг “The Times” газетаси эса романни “рус романининг ҳориқулодда рангин намунаси” деб атайди. Совет империясининг бир чеккасидаги унутилган, кичкинагина станцияолди Гилос шаҳарчасининг одамлари ҳақидаги ҳикоялар “барча шаклларни ўзида жамлаган – улар фожеий, шафқатсиз, кулгили, қўпол, лирик” бўлиб, “бу аломат ва гўзал олам”ни тасвирлайди.

Романга чорак саҳифа бағишлаган “Daily Telegraph” газетаси шундай ёзади: “Ўрта Осиёнинг қоқ-қуруқ даштларидаги темирйўл бўйида жойлашган Гилос шаҳарчасида содир бўлаётган “Ёлғизликнинг юз йили” романини тасаввур қилинг. Бир неча асрлар муқаддам бу ердан Буюк Ипак Йўли ўтган… Замонавийлик бу ерга темирйўл орқали ҳамма нарсани вайрон қилувчи поезд билан бирга кириб келади… Роман асаби бўшлар учун мўлжалланган эмас… “Темирйўл” кашфиётларга тўла бўлган кучли асар, уни Ўрта Осиёнинг ХХ асрдаги тарихи бўйлаб думалаб кетган қарғиш ғилдираги деб аташ мумкин. Ушбу китобнинг Ўзбекистон расмийлари томонидан маън қилингани, шубҳасиз, унинг қудратидан далолатдир!”

Романга махсус журналлар, “адабий” ва “кўча” журналлари ҳам муносабат билдирганлар.

Фото ИА Фергана.Ру
Ҳамид Исмоилов. Фарғона.Ру АА фотосурати
Кенг оммага мўлжалланган “Time Out” журнали романни “ажойиб, киноявор, маърифат неъматидан баҳравар асар” деб атайди. “Асар тили ёзувчи ифодалаган анъаналар каби фавқулодда бой: унда Гоголдан Платоновгача бўлган аллюзиялар билан бир қаторда сеҳрли эртак ¬ҳам, коммунистлар даври латифалари ҳам, қадимги сўфиёна мажозлар ҳам, марксистик тадрижий такомил ҳам, мусулмон поэзияси ҳам мужассам”.

“New Statesman” журнали ҳам ўқувчи эътиборини “юксак маданиятли ва ўзга динларга нисбатан чидамли бўлган Ўрта Осиё исломи анъаналарига урғу берувчи, Умар Ҳайёмдан Булгаковгача бўлган” анъаналарга қаратиб, асар ҳақида лутфу олқишлар билан ёзади. “Ривоятларнинг айримлари Шаҳризодага тегишли бўлиши ҳам мумкин эди. Исмоилов анъаналарни жуда яхши биладиган, улардан усталик билан фойдалана олган моҳир ижодкордир. Буни у ўқувчини чалғитмасдан, балки унга маърифат улашароқ ажиб бир суръатда амалга оширган… Бу китоб ҳапқириб ўқиладиган, ноёб гўзаллик намунасидир”, - деб ёзади журнал.

Махсус “адабий” журналлар сарасига кирувчи “Literary Review” нашри ҳам асар ҳақида “Ўзбекистонга сўнгги чиқиш” мақоласини чоп қилган. Мақола муаллифи Donald Rayfield пост-совет ҳудудидаги адабиёт ва сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятни изоҳлай туриб, шундай ёзади: “Империя вайроналари ичра ҳокимият тепасига келган мустабид ҳукмдорлар учун энг кам керак бўлган нарса эркин адабиётдир. Мана нима учун Исмоилов ўз романини ўзбек тилида эълон қилолмади, мана нима учун романнинг русча нусхаси эмас, инглизча таржимаси уни машҳур қилиш арафасида турибди. Президент Каримов, агар бу китоб ва унинг муаллифи Тошкентда бўлиб қолса, ҳар иккисини ҳам жон-жон деб бурда-бурда қилиб ташлаган бўларди. Муаллиф “Темирйўл”ни ўзи 20-аср сўнгидаги энг яхши рус романи деб ҳисоблаган Искандаровнинг “Чегемлик Сандро” билан қиёслайди, “аммо мазкур буюк роман ҳам “Темирйўл”га қиёслаганда бор-йўғи бир идиллия (фароғатли турмуш акс эттирилган асар – тарж.) бўлиб қолади”.