12:29 msk, 19 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳуқуқ-тартибот органлари қийноқлар масаласида ўзаро келиша олмаяптилар

19.08.2006 14:08 msk

Абдумўмин Мамараимов

Жалолобод вақтинча сақлаш ҳибсхонасида бешинчи август куни аристонлар оммавий равишда калтаклангани эндиликда ҳеч кимга сир эмас. Мамлакат жануби бўйлаб сафари чоғида мазкур муассасага ташриф буюрган Қирғизистон президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раис ўринбосари Азиза Абдирасуловага аристонлар бу ҳақда батафсил гапириб берганлар. Бу ҳодисани ҳақиқатан ҳам бўлганлигини ВСҲни ўз қарамоғида тутиб турган маҳаллий милиция раҳбарияти ҳам эндиликда инкор қилаётгани йўқ.

Вақтинча сақлаш ҳибсхонасига мазкур ташриф натижаларига кўра ҳуқуқ ҳимоячилари ҳудуд журналистлари учун матбуот анжумани ўтказдилар. ОАВ вакиллари иштирокида ўтган очиқ суҳбатга маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари ҳам таклиф қилингандилар. Бироқ аристонлар ва уларнинг қариндошлари шикоятларига сабабчи бўлмиш милиция вакиллари ушбу учрашувга келмадилар.

Исён чиндан ҳам бўлган эдими?

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги аввал хабар қилганидек, А. Абдирасулова Жалолобод ВСҲга ҳуқуқ ҳимоячиларига аристонлар махсус топшириқ бажарувчи бўлинма жангчилари томонидан оммавий равишда калтакланганлари ҳақида хабар келиб тушганидан кейин ташриф буюрганди. Абдирасулова билан бирга ушбу муассасада “Справедливость” маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти Кенгаши раисаси Валентина Гриценко, ЕХҲТ ваколатхонаси ходимлари Фабриси Виельмини ва Ўктам Ғозиев ҳам бўлганлар. Жалолобод ШИИБ томонидан уларни ШИИБ бошлиғининг муовини Марат Хажиматов ва ВСҲ бошлиғи Таалай Қурбанов кузатиб борганлар.

Азиза Абдирасулова аристонларнинг гувоҳликларига таяниб, журналистларга ВСҲда сақлаш шароитига чидаб бўлмай қолганлигидан 2006 йил 2 августидан бошлаб аристонлар уларнинг ёнига прокурор келишини талаб қила бошлаганларини айтди. Ҳибсга олинганлар шарт-шароитларнинг бузилиши сифатида калтаклаш, ҳақоратлаш, қариндошлар ва адвокатлар билан учрашишни таъқиқлаш, энг жўн санитария-гигиена шароитларининг йўқлиги кабиларни айтиб ўтганлар.

ВСҲда ҳибсда сақланаётганларнинг сўзлашларича, уларни ҳожат чиқариш учун камерадан кунига фақат икки марта – эрталаб ва кечқурун олиб чиқадилар. Бунда ҳожат чиқариш учун аристонларга, бир одамни ҳисобга олган ҳолда, ўн сониядан ўттиз сониягача вақт берилади. Ҳожатхонага чиқиш ва ундан қайтишда ВСҲ ходимлари уларни белгиланган вақтда ҳожат чиқаришга улгурмаганлари учун резина таёқлар билан савалайдилар. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячилари билан суҳбатлашган аристонларнинг ҳаммаси гапирган.

Маҳбусларга кўра, шаҳар прокурори ВСҲга ҳечам келмайди. Ҳатто ҳибсхонада 4-5 ойлаб ўтирганлар ҳам прокурорни ҳеч қачон кўрмаганларини эътироф этганлар. Прокурорлар эса, ўз навбатида, мазкур муассасага “тасдиқланган графикка мувофиқ равишда мунтазам” ташриф буюришларини таъкидламоқдалар. Маҳбуслар ВСҲда душхоналар йўқлигидан, маҳбуслар ювинишга имкон тополмаётганлари учун “бу ердаги одамлар кир-чир, битлаб кетган”лигидан, шу сабабли ҳам турли касалликлар урчиётганидан шикоят қилганлар. Камераларда унитослар йўқ, бунинг ўрнига одамлар кунига бир марта тўкиладиган челаклардан фойдаланадилар. Овқатни ҳам маҳбуслар шу хонада ейдилар.

Камераларда вентиляторлар бор, аммо ташқи дунё билан алоқа қилинадиган ва обиёвғон узатиладиган эшикдаги дарчалар - “охурлар” ҳар доим ёпиқ турганлиги учун камера ичи чидаб бўлмас даражада дим. Уларда бешта ўрнига саккизтадан ёки ҳатто ўнтадан одам сақланади, аммо шу билан бирга мутлақо бўм-бўш камералар ҳам бор. Маҳбусларга кунига бир маҳал - тушда овқат (шўрва билан нон) берилади, эрталаб ва кечқурун эса нонсиз қайноқ сув берилади. Қариндошлар бериб юборган нарсалар рўйхатга олинмай қабул қилинади, шунинг учун ҳам ҳибсга олинганлар бериб юборилган озиқ-овқатларнинг ҳаммаси ҳам ўзларига етиб келмайди, деб гумон қиладилар.

Ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги ўз адвокатларига эга эмаслар ёки уларнинг отини билмайдилар. Адвокатлар фақат суд текширувлари чоғидагина ажратилади. Маҳбуслар ўз ишларини виждонан бажараётган адвокатларга ўз ҳимоясидаги кишилар билан учрашишга ҳар томонлама тўсқинлик қилинишидан шикоят қилганлар. Бу 2006 йилнинг 11 август куни бир гуруҳ жалолободлик адвокатлар маҳаллий ВСҲда ушлаб турилган ўз ҳимояси остидаги кишилар билан учрашиш маън этилишига қарши норозилик намойиши сифатида жиноий ва суд жараёнларида иштирок этишдан бош тортганлари билан ҳам тасдиқланади.

Маҳбуслар суд текширувлари тез-тез ШИИБ биносининг ўзида ўтказилиши ҳақида гувоҳлик берадилар, бу ҳакамларнинг мустақиллиги тамойилига зид келади. Кўлга олинганларга нисбатан доимий равишда қийноқлар қўлланилади: уларни урадилар, тепадилар, резина ичаклар ва таёқлар билан савалайдилар. Бу ерда “филча” деб номланган, одамнинг бошига газниқоб кийдирилиб, қурбон ҳушидан кетгунча ҳаво кирадиган тирқишни тўсиб қўйиш каби ваҳшиёна усулни қўллаш кенг тарқалган. Маҳбусларнинг врачга кўринишларига ва дори-дармонлар олишларига имкон берилмайди.

Шуларнинг ҳаммасидан келиб чиққан ҳолда, ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу муассасада 2006 йилнинг 5 августигача содир бўлган воқеаларни исён деб аташ мумкин эмас, деб ҳисоблайдилар. “Справедливость” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти Кенгаши раисаси Валентина Гриценконинг фикрича, “аристонлар ўз ҳуқуқлари риоя қилинишини сўраганлар, холос”. Оммавий калтаклашга эса қотилликда айбланаётган Ойбек Ёқубов билан Суюн исмли қоровул хизмати ходими ўртасида чиққан жанжал сабаб бўлган.

Машъум уяли телефон аппарати

В. Гриценконинг маълум қилишича, одатда бундай муассаса ходимлари ва маҳбуслар ўртасида муайян хизматлар кўрсатиш бўйича ёзилмаган қонунлар мавжуд. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг аниқлашларича, Суюн исмли қоровул хизмати ходими маҳбус Ойбек Ёқубовга унинг камерасида уяли телефон ва бир қути писка қолдиришга ваъда қилиб, ундан 250 сўм (тақрибан $6) олган. Аммо пировардида Суюн ўз сўзида турмаган ва Ойбек ундан пулни қайтаришни талаб қилган. Муқаррар зиддият Ойбек ШИИБ бошлиғи Қубаничбек Тўрўбаев ва ВСҲ бошлиғи Таалай Қурбановга шикоят қилганидан кейин ҳам ҳал бўлмаган.

Бу зиддият сабабли Ойбек Ёқубов Суюн билан “ҳисоб-китоб” қилган. Ойбек “охур”дан ташқарига “Суюн, 250 сўмимни қайтариб бер” дея қичқира бошлаган пайтда, у Ойбекни мушт билан урган, ўз навбатида Ойбек ҳам унга мушт туширган. Бу 2006 йилнинг 5 августида содир бўлган ва ШИИБ раҳбарияти ВСҲга махсус топшириқ бажарувчи бўлинма жангчиларини чақирган. Маҳбусларга кўра, ВСҲга 30 тадан 60 тагача милиция ходимлари тушганлар, улардан 15 га яқини МТББ жангчилари бўлган. Улар навбат билан ҳар бир камерадан маҳбусларни йўлакка чиқаришиб, таёқлар билан савалай бошлаганлар.

Ойбек Ёқубов ўтирган камера “яшовчилари” бошқаларни қандай калтаклаётганларини кўришгач, йўлакка чиқишдан бош тортганлар. Шунда МТББчилар камерага киришиб, ўша ернинг ўзида ҳаммаларини калтаклаганлар. Ойбек Ёқубовни улар икки соат мобайнида дўппослаганлар. Экзекуция (жисмоний жазо) пайтида унинг қўллари кишанланган бўлган. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ШИИБ бошлиғи Қубаничбек Тўрўбаев буни “Ойбек жанжални бошлаб берган шахс эди ва “исён”ни тўхтатиш учун у билан бироз ишлашга тўғри келди”, дея изоҳлаган. Шундан сўнг милициянинг ўзбошимчалигига қарши норозилик намойиши сифатида бир неча маҳбус қон томирларини кесиб ташлаганлар.

ШИИБ бошлиғи Қубаничбек Тўрўбаев “Фарғона.Ру” АА мухбири билан суҳбатда улар ўзларига “бўйсунмаган маҳбусларни тинчитиш учун” МТББ жангчиларини чақиришга тўғри келганини айтди. “Ёқубов қаттиқ қаршилик кўрсатган, қўриқчига ҳужум қилган, - деди у. – Кейин эса МТББчиларнинг юзларини ва қўлларини кесиб ташлаган. Менинг йигитларим нима қилишлари керак эди?”

Маҳбусларнинг қариндошлари барча ташкилотларга юборган ўз аризаларида ўша куни ШИИБ ертўласида жойлашган ВСҲдан ҳақиқатан ҳам қичқириқлар ва оҳ-воҳлар эшитилиб турганини ёзганлар. Ойбек Ёқубовнинг онаси Турсуной Жумагулова ва унинг синглиси Раъно Муҳиддинова уларга оҳ-воҳ овозлари ва шафқат қилиш ҳақида қичқириқлар етиб келган пайтда “... ШИИБдан қўлида автомат ушлаган милиция ходими чиқиб, унда ўт очишга буйруқ борлигини айтиш билан қўрқитиб, ШИИБ ҳудудини тарк этишни талаб қилган...”лигини билдирганлар.

Айни пайтда қотиллик учун аввалроқ 18 йилга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган Ойбек Ёқубовга нисбатан қўриқчига ҳужум қилганлик ҳодисаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Унинг қариндошларига кўра, суд ШИИБ биносининг ўзида бўлиб ўтган, у ерга судланувчининг яқинларини қўймаганлар. Ҳукм ўқилган куни у ерга фақат Ёқубовнинг синглиси киришга муваффақ бўлолган, у “ҳукм ўқилганидан кейин акам билан охирги марта кўришишга ҳам имкон бермадилар”, дея билдирган.

Ёқубов билан жанжаллашган қўриқчи эса, ШИИБ бошлиғи Тўрўбаевнинг маълум қилишича, “ўз ихтиёрига кўра” ишдан бўшатилган. Милиционерлар аристонларга нисбатан қийноқ қўллаётганлари ҳақида шикоят қилган маҳбусларнинг қариндошлари аризаларига эса прокуратура ҳали муносабат билдирмаган. “Биз шаҳар прокуратурасига ариза билан 5 августдаёқ мурожаат қилганмиз, - дея билдирди О. Ёқубовнинг синглиси Раъно Муҳиддинова, - аммо улар томонидан ҳеч қандай муносабат сезилмади, фақат акамга нисбатан жиноий иш қўзғатдилар, холос”.

ВСҲ нимжон одамлар тушадиган жой эмас

ИИВ раҳбарияти ва маҳаллий милиция бошлиқлари журналистларнинг Жалолобод ВСҲда оммавий равишда калтакланганлари ҳақидаги хабарларини рад қилаётган бир пайтда бу ерда калтаклашлар давом этган. 2006 йилнинг 13 август куни талончиликда айбдор дея гумон қилиниб ушланган (яъни “исён”дан бир ҳафта кейин) Чинарбек Жумалиевни жиноят қидирув бўлимининг бирданига етти ходими қийноққа солганлар. Бу иш эса ШИИБ бошлиғи муовинининг кабинети рўпарасида содир бўлган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг қайд этишларича, Жумалиев уларга бу ходимларнинг исмларини айтиб берган.

Қийноқ қўлланиши натижасида Чинарбек қаттиқ тан жароҳати олган. Унинг бошига газниқоб кийдиришиб, вақти-вақти билан тирқишни ёпиб турганлар. Чинарбекка кўра, қийноқ асносида у икки маротаба ҳушидан кетган. Қийноқдан мақсад эса унинг ўзига қарши жиноятга иқрорлик кўрсатмаларини олиш бўлган.

Қирғизистон президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раисининг ўринбосари Азиза Абдирасулова илтимосига кўра ШИИБ бошлиғи Қубаничбек Тўрўбаев Чинарбек Жумалиевни ўз кабинетига олиб келган. У ерда Жалолобод шаҳар прокурорининг муовини Суюн Сатибалдиев ҳам бўлган. Жумалиев бўлган ишнинг ҳаммасини унинг олдида айтиб берган. Хонадагиларнинг ҳаммалари Жумалиевнинг орқаси калтак излари билан тўлиб кетганини, тирсагининг юқорироқ қисмида ва оёқларида ғурралар пайдо бўлганини кўрганлар. Ҳуқуқ ҳимоячиларига бу изларни суратга олишга рухсат берганлар.

Ўн тўрт ёшли Дима Капацевич товламачилик айбланаяпти. Унинг ота-онаси жабрланганларнинг кўрган зарарни қоплаганларига ҳамда Диманинг буйраклари узоқ вақтдан бери оғришига қарамай, уни ҳибсда сақлашда давом этмоқдалар. Онасининг Димага нисбатан жазони ўзгартиш юзасидан қилган кўплаб илтимосларига қарамасдан, унинг ўғли ҳали ҳибсда сақланмоқда. Бунга Россия консуллигининг аралашуви ҳам ёрдам бермаган (Диманинг РФ фуқароси бўлган онаси у ерга ёрдам сўраб мурожаат қилганди).

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг милиция ходимини ўлдирганлик ва ЎИҲ террорчилик ташкилотига аъзоликда айбланаётган Жамолиддин Абдурашитовнинг хотини Руқия Ибрагимовани Жалолобод ШИИБ бошлиғининг ўзи шахсан калтаклагани ҳақидаги хабарини ҳақиқий шов-шув деса бўлади. Бу ҳақда ҳам ҳуқуқ ҳимоячиларига ВСҲ маҳбуслари маълум қилганлар. Азиза Абдирасуловага кўра, бу ҳодисани ВСҲга ташриф буюрганида ўзи суҳбатлашган аристонларнинг кўпчилиги тасдиқлаганлар. Уларга кўра, 20 июль куни шаҳар милицияси бошлиғи Қ. Тўрўбаев Руқия Ибрагимовани ВСҲ йўлагининг ўзида қаттиқ калтаклаган... Ҳозирги пайтда Р. Ибрагимова Жалолобод вилоятининг Қизилжар посёлкасидаги руҳий касалликлар шифохонасида ётибди.

Қубаничбек Тўрўбаевнинг ўзи “Фарғона.Ру” АА мухбири билан суҳбатда аёлни калтаклаш бўйича бу айбловларни тан олмади, аммо уларни тўғридан-тўғри рад қилиб ҳам ўтирмади. “Мен ҳеч кимнинг олдида ўзимни оқламоқчи эмасман, - деди у. – У ахир ваҳҳобий аёл-ку, у билан муомала қилиб нима қиламан? У бир милиция ходимини ўлдириб, учтасини ярадор қилган жиноятчиларни ўз уйида яшириб ўтирган”. “Ҳалок бўлган ДАН ходимининг уйида бешта боласи қолган, унинг нафақага чиқишига бор-йўғи ўн беш кун қолганди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳибсхона шароитини текширишга ҳақлари бор, биз эса ўз ишимизни бажараяпмиз. Агар ҳуқуқ ҳимоячилари жиноятчиларга ишонгилари келаётган бўлса, ишонаверсинлар”, - дея ўз сўзини якунлади у.

Бундан кейинги ҳатти-ҳаракатларнинг қандай бўлиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Азиза Абдирасулова ВСҲга ташриф буюрганда ҳамда маҳбусларнинг қариндошлари билан учрашув чоғида тўпланган маълумотларнинг ҳаммаси Қирғизистон ИИВ раҳбариятига, республика Бош прокуратурасига ва ҳатто мамлакат президентига етказилажагини айтди. “Биз маҳбуслар шароитини яхшилаш ва аристонларни калтаклашда айбдор бўлган шахсларнинг жазоланиши бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари билан бундан буён ҳам ишлаш ниятидамиз, - деди у. – Бизда бу одамларнинг фамилиялари бор. Аммо ушбу органлар раҳбарларининг бу учрашувга келмаганлари уларнинг бу каби ҳамкорликка тайёр эмаслигидан далолат беради. Биз бу ишнинг юришиб кетиши учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз”.

Бир неча йилдан бери қийноқлар масаласи билан шуғулланиб келаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Абдумалик Шариповнинг хулосалари эса унча умидбахш эмас. “Мен прокуратура бу йўналишда қандайдир ишларни амалга оширади, деган фикрдан йироқман, - дея билдирди у. – Мен жабрланувчиларнинг қариндошлари берган ариза бўйича Жалолобод шаҳар прокурори Адис Ўмурқуловнинг олдига кирганимда, у мазкур фуқароларнинг кечаги аризаси билан ҳатто танишиб ҳам қўймагани маълум бўлди”. “У мен билан истар-истамас гаплашди. Кейин эса бизнинг қотилларни ҳимоя қилаётганимизни айтди ва шу билан суҳбатимиз тамом бўлди”, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси.