00:02 msk, 25 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг Мўйноғида балиқ консерваларини ишлаб чиқариш яна йўлга қўйилди

17.08.2006 17:22 msk

Ўз ахб. (Нукус)

© Фарғона.Ру фотоси

Орол денгизининг собиқ балиқ бандаргоҳи бўлган Мўйноқда балиқ консерваларини ишлаб чиқариш бўйича цех янгитдан ишлай бошлади. Ҳозирда денгиз сувининг қуриши натижасида сув бандаргоҳдан 100 километр нари кетган. Қорақалпоғистон расмийлари Мўйноқ балиқ консервалаш заводининг 1998 йилдан бери бўш турган майдонини сармоя ётқизиш шарти билан “Шамс-Эркин” масъулияти чекланган жамиятига ихтиёрига топширганлар. Тадбиркорлар ишлаб чиқаришни тиклаш учун 179 миллион сўм (қарийб 170 минг доллар) сарф этиб, кунига бир тонна балиқни қайта ишлашни йўлга қўйдилар.

“Яқин орада янги технологияларни жорий қилиш режалаштирилмоқда, бу йилига минглаб тонна маҳсулот ишлаб чиқаришга ҳамда экспорт ҳажмини оширишга имкон беради”, - дея маълум қилади шу мавзуда хабар тарқатган ЎзА давлат ахборот агентлиги.

Бироқ Орол фожеасигача Совет Иттифоқидаги балиқ ишлаб чиқаришнинг беш фоизи чекига тушган Мўйноқнинг аввалги шуҳратини чинакамига тиклаш кўплаб объектив омилларга боғлиқ.

Амударё тармоқланган мансабида охирги беш йилликда қурилган, 2003 йилдан бошлаб эса хусусий мулкдорларга ижарага берилган сунъий сув ҳавзаларида, маҳаллий амалдорларнинг таъкидлашларича, ҳозирги кунда йилига 10 тоннагача балиқ тутиш мумкин. Аммо балиқ консервалаш заводи ташқаридан келувчи савдогарлар карвонлари билан рақобатлаша оладими-йўқми – бу балиқнинг расмий харид баҳолари қандай бўлишига боғлиқ. Ижарагирлар ҳам, ўз навбатда, тутилган барча балиқни, бошқа соҳаларда бўлгани каби, белгилаб қўйилган нархларда, бозор нархларидан паст баҳода заводга топширишга мажбур қилишларидан чўчимоқдалар.

Сунъий кўлларда балиқ етиштиришга иқлим ўзгариши ҳам катта ҳавф солмоқда. 2000-2002 йилда бўлган қурғоқчилик вақтида қарийб бутун Қорақалпоғистон сувсиз қолган, бунинг натижасида чорва моллари ва экинлар нобуд бўлган. Ўшанда Мўйноқ туманидаги барча сув ҳавзалари қуриб қолганди. Таассуфки, олимлар бунинг қайталанмаслигига кафолат беролмаяптилар. 2006 йил Ўзбекистонда сув нисбатан кам бўлган йил ўлароқ тан олинган, аммо у қурғоқчилик йили деб қаралмади. Яъни Амударёнинг юқори ва ўрта оқимидаги сув заҳиралари ҳозирча қишлоқ хўжалик экинзорларини суғориш учун етиб турибди. Аммо Амударё дельтаси балиқ хўжалигида ишларнинг қандай бўлиши кузги ов мавсумига боғлиқ.

- Мен мўътадил некбинлик изҳор қиламан, - деди Мўйноқ балиқ консервалаш комбинатининг собиқ бош муҳандиси Петр Бочков “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбирларига телефон орқали.

Аввалги ишларнинг қайта тикланишига умид қилган маҳаллий маъмурият туман инфратузилмасини сақлаб қолишга ва аҳолини иш билан таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Дельтанинг сунъий йўл билан сув чиқарилган участкаларига бир неча йиллардан буён буғдой ва шоли экмоқдалар. Пахта экишга ҳам ҳаракатлар бўлаяпти. Бу йил бунинг учун бутун бошли 120 гектар ер ажратганлар. Аммо собиқ денгизнинг шўрланган қирғоқларида пахта ҳосили гектарга 15 центнердан ошмаяпти, бу Ўзбекистон бўйича ўртача кўрсаткичнинг ярмидан ҳам оздир. Бу пахтакорга айланган балиқчиларга нари борса зарар кўрмаслик имконини беради, холос. Аммо ороллик “янги” деҳқонларнинг бошқа чоралари йўқ. Ҳайтовур, фавқулодда шароитда ўстирилган пахта эвазига уларга уй чорваси учун ем-хашак бериш ваъда қилинмоқдалар. Демак, тирикчилик ўтказиш мумкин.



 

Реклама