08:43 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бақай, Шанирақ... Жангдан сўнг ёки кейинги тўқнашувларни кутиб...

17.08.2006 14:19 msk

Ринат Сайдуллин

Алмати ҳудудига кирувчи “Шанирақ” посёлкаси шаҳар ҳокимияти нуқтаи назарича ноқонуний қурилган уйларни бузиб ташлашга уриниш чоғида 14 июль куни полициянинг маҳаллий аҳоли билан бўлиб ўтган тўқнашувидан кейин резервация тартибида яшамоқда.

Полициянинг ўттиздан ортиқ ходими жабрланган, битта полициячи эса ёқиб юборилган жангдан кейинги бир неча кун давомида исёнчи посёлкани “тозалаш” амалга оширилди. Бир неча кунга давлат назоратидан чиқиб кетган “ҳудуд”га дастлабки пайтларда ҳокимият вакиллари киришга чўчиб турганлари учун мудофаанинг муҳтамал иштирокчиларини ё посёлка яқинида, ёки Алматида тутиб кета бошлаганлар. Шу тариқа, бир неча кун мобайнида юздан ортиқ киши қўлга олинган.

“Шанирақ” аҳолиси ўз уйларини сақлаб қолишга эришганларига қарамасдан, бўлиб ўтган воқеалардан даҳшатга тушганлар ва ҳали ҳам карахт ҳолда юрибдилар. Дастлабки “тозалаш”дан кейин полиция посёлкадаги ўнлаб оилаларнинг доимий “меҳмон”ига айланган. Бундан ташқари, у ерда кузатиш видеокамералари ўрнатилганди, аммо бир неча кун ўтгач улар олиб ташланган. “Шанирақ”нинг сўроққа олиб кетилган, аммо кейинчалик турли сабабларга кўра қўйиб юборилган ўндан ортиқ фуқаролари калтакланганларини айтишиб, баданларидаги калтак изларини намойиш қилганлар. Бироқ ҳеч ким полиция ходимлари устидан ариза ёзишни истамаган, чунки бунинг янада қимматроқ тушишидан чўчиган.

Шанирақ. Муаллиф олган сурат
Шанирақ. Муаллиф олган сурат
Куч ишлатар тузилмалар ходимларининг “ер эгаллаб олувчилар” хатти-ҳаракатига нисбатан жавоб тадбирининг қаттиқ бўлиши табиий эди. Улар биринчи маротаба бу каби қақшатқич зарбага – мағлубиятга учраганлар ва ўзларининг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қила олмасликларини намойиш қилганлар.

Маълумки, Остонанинг куч ишлатар ва ҳокимият муассасалари 14 июль куни бузилган ари уясини эслатган, ахир “Қозоғистон барқарорлиги” ҳақидаги афсона анча вақтдан бери биринчи маротаба жиддий хатарга дучор қилинганди-да. Афтидан, ана шу сабаб ҳам воқеалардан кейин берилган қарама-қарши ахборот оқимига ўз улушини қўшган кўринади. Мамлакат президенти қизи Дариға Назарбаева билан боғлиқ оммавий ахборот воситалари билан бир медиа-холдингга кирувчи Kazakhstan today йирик ахборот агентлиги тўқнашувлар чоғида бешта ОМОНчи изсиз ғойиб бўлганлигини, бундан ташқари, яна бир неча киши органлардан кетиш ҳақида рапортлар берганларини хабар қилганди. Ички ишлар вазирлиги бу хабарни ўша куниёқ рад қилган, аммо иш шундан нарига ўтмаган.

Шанирақ. Муаллиф олган сурат
Шанирақ. Муаллиф олган сурат
Полициячини ёқиб юборган айбдорларини аниқлаш бўйича ҳам ана шундай воқеа рўй берган: шаҳар мэри Тасмагамбетовнинг шахсан ўзи мазкур қотилликка ички ишларнинг собиқ ходими бошчилик қилганини маълум қилганди. ШИИБ матбуот хизмати бу сўзларни ҳам рад этган.

Шу билан бирга, аввал айтилганидек, айни пайтда камераларда “Шанирақ”нинг юздан зиёд фуқаролари сақланмоқдалар. Куч ишлатар тузилмалар ходимлари тўқнашувлардан бир неча кун ўтгач, резина ўқлари ва шовқин чиқарадиган гранаталардан фойдаланганликларини инкор қилгандилар, аммо кўплаб фотосуратлар ва гильзалар бунинг аксидан далолат беради. Дарвоқе, бунгача полициячилар Олмаотадаги “Баян-аул” автомобиль бозорида ўтказилган махсус амалиёт чоғида электрошокерлар қўллаганликларини инкор қилгандилар, мазкур амалиётдан кейин электрошокер зарбасига дучор бўлган юраги хаста бир тадбиркор қазо қилганди.

Шанирақда икки полициячининг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар ҳали ҳам расман тасдиқлангани йўқ, гарчи тош билан урилган полиция ходимининг ўлганлиги ҳақида биринчи куниёқ гапирган бўлсалар-да. Энг асосийси, иккинчи ҳужум учун жавобгарликни ҳеч ким зиммасига олмаяпти, ўшанда устига бензин сочилган бир неча одам аҳоли қўлида гаровда бўлганди ва бу алалоқибат фожеа билан тугаганди. Биринчи ҳужумга милиция бошлиқлари нима учун мутлақо тажрибасиз участка нозирлари ва терговчиларни юборганлари ҳам тушунарсизлигича қолмоқда. ОМОН жангчилари ҳам “ер эгаллаб олувчилар дастидан” ўз командирлари ва қуролларини ташлаб, қочиб қутулган бир пайтда участка нозирлари ва терговчилар ҳақида нима дейиш мумкин, ахир?..

ШИИБ веб-сайти ҳам, гарчи муассаса раҳбарияти Шанирақ воқеаларини очиқ-ошкор ёритишга ва маълумотларни муттасил янгилаб туришга ваъда қилган бўлса-да, бу ҳақда деярли лом-мим дегани йўқ.

Ўтган давр ичида шаҳар ҳокимияти ва куч ишлатар тузилмаларида айрим ўзгаришлар рўй берди. Муаммоли посёлкалар учун жавобгар бўлган Авэзов туман ҳокими ва туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўз лавозимларидан бўшатилганлар. Миллати рус бўлган туман ҳокими ва туман ички ишлар бўлимининг рус бошлиғи ғазабга тўлган, кўпчилиги русча билмайдиган шанирақликлар билан “келишиш”га уринган пайтларида расмийлар нима ҳақида ўйлаганлари номаълум.

Кўринишдан, ҳозир куч ишлатар тузилмалар ходимлари учун асосий вазифа айбдорларни топиш эмас, раҳбариятга тезроқ ҳисобот топшириш учун кимларнидир айбдор сифатида тақдим этиш бўлиб қолаяпти.

Шанирақ. Муаллиф олган сурат
Шанирақ. Муаллиф олган сурат
Илгарироқ беш мингга яқин оила уйсиз қолган “Бақай” посёлкасида одамлар очиқ осмон остида, чодирларда, вайроналарда сувсиз ва тиббий ёрдамсиз яшашда давом этмоқдалар. Расмийлар бундай ҳаёт одамларнинг жонига тегиб, уларнинг тарқаб кетишларига умид қилмоқдалар. Уйлари бузилган одамлар эса, ўз навбатида, қанчадир миқдорда товон пули ундириш ёки бошқа жойда қурилиш бошлаш учун рухсатнома олишга умид қилмоқдалар. Ҳозирги пайтда шаҳар мэрияси қошида комиссия тузилган бўлиб, унга жабр кўрган фуқаролар бир парча ер олиш умидида ҳужжат топширишлари мумкин.

Шанирақликларнинг лидерлари ҳам имкон борича ўз шаънини сақлаб қолишга қаттиқ ҳаракат қилаяптилар: ўз позицияларини билдиришиб, матбуот анжуманлари ўтказаяптилар. Бир ҳафта аввал полициячи ёқиб юборилган жойда марҳумни ёдга олиб, маърака ўтказганлар. Бироқ, содир бўлган воқеани текширишда полиция томонидан қўлланилаётган усуллар, афтидан, ерсиз жабрдийдаларга расмийларни яхши томондан кўрсатаётгани йўқ, бу янги тўқнашувлар чоғида ўта салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Энг ажабланарлиси шундаки, «Бақай» ва «Шанирақ» посёлкасидаги уйларнинг бузилиши кўчмас мулк амнистияси ҳақидаги қонун кучга киришидан бир ярим ой аввал бошланган. Афтидан, у “шанирақликлар”ни эмас, тасарруфида ноқонуний ишлаб чиқариш бўлган шахслар ва шаҳарнинг эътиборга лойиқ ерларида данғиллама ҳовлиларга эга бўлган кишиларни эътиборга олган ҳолда тузилган шекилли. Шу билан бирга, мамлакат парламентида муаммоли посёлкаларнинг бузиб ташланиши бўйича комиссия тузилган, қонун бўйича эса комиссия ишлаётган пайтда қандайдир баҳсли ҳатти-ҳаракатларни амалга ошириш маън қилинади. Бироқ парламент кутилмаганда таътилга кетиб қолган...

Шанирақдаги воқеалардан кейин қилган ўз чиқишида Алмати мэри Тасмагамбетов қуйидагиларни маълум қилди: “Қайд этиш жоизки, шаҳар расмийлари ерни қонунийлаштириш жараёнига жуда катта эътибор билан ёндошмоқдалар. Айтайлик, йигирма минг участка ҳозиргача қонунийлаштириб бўлинган, беш минг участка расмийлаштириш босқичида турибди, ваҳолонки, уларнинг икки мингтасини объектив сабабларга кўра (ботқоқлик, газ қувурлари ўтган жой, муҳандислик тармоқлари қурилиши учун мўлжалланган ерлар) қонунийлаштириш мумкин эмас. Шунга қарамай, - дея қайд этди ҳоким, - биз бу баҳсли жиҳатлар бўйича одамлар суд қарори юзасидан арзланиш имкониятига эга бўлсинлар учун уларга ён бераяпмиз”. Бироқ ҳокимга кўра, нима бўлганда ҳам ишлар оммавий равишда кўриб чиқилмайди.

“Шанирақ” посёлкасидаги уйларни бузиб ташлашга навбатдаги уриниш 22 августга тайин қилинган.

Расмийлар мақсаддан ортга чекиниш ниятида эмаслар.