12:30 msk, 19 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Жалолобод вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ходимлари аристонларга нисбатан қийноқ қўллаганларини тан олдилар

16.08.2006 22:24 msk

Абдумўмин Мамараимов

2006 йилнинг 16 августида Қирғизистон президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг раис ўринбосари Азиза Абдурасулова шов-шувли баёнот тарқатди. Унга кўра, Жалолобод вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ходимлари аристонларга нисбатан қийноқ қўллаганларини тан олганлар.

«Фарғона.Ру» ахборот агентлиги аввалроқ мамлакатдаги таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, Қирғизистон президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси вакиласи Азиза Абдурасулованинг маҳаллий ВСҲга ташриф буюриш учун мамлакат жанубига келганлигини хабар қилганди.

Бугун у Жалолобод шаҳар ички ишлар бўлими ҳибсхонасида бир неча соат мобайнида бўлган. У билан бирга ушбу муассасада ЕХҲТ вакиллари ва “Справедливость” маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимлари ҳам бўлганлар, 2006 йилнинг 5 августида мазкур ташкилотга аристонларнинг шафқатсиз калтакланаётганлари ҳақида ариза тушганди.

Эслатиб ўтамиз, бир ҳафта аввал Қирғизистон ахборот агентликлари мазкур ВСҲда аристонларнинг оммавий равишда калтакланганлари ҳамда уларнинг исён кўтарганлари ҳақида хабар қилгандилар. Бироқ кейинчалик ИИБ раҳбарияти бу ҳодисанинг ҳақиқатан ҳам бўлганлигини инкор қилиб келаётганди.

Азиза Абдурасуловага кўра, бугун милиция ходимлари ўз бошлиқлари ҳамда шаҳар прокурорининг муовини олдида аристонларни калтаклаганларини тан олганлар. Ҳибсхонага ташриф буюрганлар қийноқ қўллангани хусусидаги эътирофларнинг барча тафсилотларини ўз қулоқлари билан эшитганлар. Ўз навбатида, аристонлар ҳам қўлланилган қийноқлар тўғрисида ва ушбу муассасадаги шароитнинг мудҳишлиги ҳақида очиқ-ойдин гапириб берганлар.

А. Абдурасуловага кўра, милиционерларнинг бу хилда очиқ-ошкор гапиришларининг сабаби ушбу ҳодисанинг ҳамма ерда акс-садога эга бўлиб, мазкур ҳодисани яшириш учун уларда имконият қолмаганидадир. Маҳбусларнинг қариндош-уруғлари арзланиш мумкин бўлган барча жойларга ариза берганлар.

Бу Қирғизистон тарихида милиция ходимларининг тергов қилинаётганларга нисбатан жисмоний куч ишлатганлигига очиқ иқрор бўлган биринчи ҳодисадир. Эртага мазкур ташриф натижаларига кўра журналистлар учун брифинг ўтказилади.