23:54 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбек мухолифати мамлакат президентининг ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги фармонини танқид қилади

15.08.2006 16:33 msk

Ўз ахб.

Йигирма бешинчи июль куни Ўзбекистон президентининг “Юридик шахслар ва фуқароларнинг бинолари ҳамда иншоотлари билан банд бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги фармони эълон қилинган эди. Ушбу ҳужжат юзасидан баҳолар – давлат ОАВда тўхтовсиз мадҳ этишдан тортиб мустақил журналистларнинг танқидий фикр-мулоҳазаларигача (масалан, Узметрономга қаранг) – бир-биридан тубдан фарқ қилади. Биз мухолифатнинг рўйхатга олинмаган “Озод деҳқонлар” сиёсий партияси лидери Нигора Ҳидоятовадан мазкур фармонни ва унинг муҳтамал оқибатларини шарҳлаб беришни сўрадик.

Фарғона.Ру: - Мазкур фармоннинг аҳамиятини қандай баҳолайсиз? Сизнингча, у қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Н. Ҳидоятова: - Даставвал мен биздаги қонунчилик-ҳуқуқ тизимининг ғалати хусусиятларига эътиборингизни қаратмоқчи эдим. Мана, ўн беш йилдирки, мамлакатимиз фақат қонунлар асосидагина эмас, президент фармонлари асосида ҳам яшаб келмоқда. Бу фармонлар билан деярли ҳамма нарса – солиқ, суд ислоҳотлари, ер муносабатлари, иш ҳақи, нафақалар ва ҳаказолар белгиланади. Бу мамлакат Конституциясининг очиқдан-очиқ бузилишидир, унга мувофиқ қонун чиқаришга фақат Олий Мажлис ва Сенат (мамлакат парламентининг икки палатаси – таҳр. изоҳи) ҳақли, президент эса ижроия ҳокимияти раҳбари бўлиб ҳисобланади ва улар томонидан қабул қилинган қонунларни бажариши лозим. Ўзбекистон Конституциясида 94-модда ҳам мавжуд бўлиб, унда: «Ўзбекистон Республикасининг Президенти Конституцияга ва қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар ва фармойишлар чиқаради», дейилган. Бу президент фармонларининг фақат қабул қилиниб бўлган қонунларгагина асосланиши лозимлигини англатади.

Энди «Ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги янги фармонга ўтамиз. Олий Мажлис ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилган пайтда муҳокаманинг қандай ўтгани ва уни нечанчи ўқишда қабул қилгани (агар у умуман қабул қилинган бўлса) менга маълум эмас. Агар мазкур қонун қабул қилинмаган бўлса, у ҳолда президент фармони Конституцияга ҳам, мавжуд барча ҳуқуқий нормаларга ҳам зид келади.

Афтидан, президентга мазкур қонун матнини тайёрлаб берган кишилар Ўзбекистонда 1990 йилнинг 20 июнида чиққан «Ер тўғрисида» қонун борлигини, унга 1991 йилнинг 20 ноябрида, 1991 йилнинг 7 майида, 1994 йилнинг 6 майида ўзгартишлар ва тўлиқлашлар киритилганини, шунингдек, 1990 йилнинг 30 октябрида чиққан «Ўзбекистон Республикасида хусусий мулк тўғрисида» қонун борлигини, унга 1993 йилнинг 7 майида ўзгартишлар ва тўлиқлашлар кирилганини шунчаки унутган кўринадилар. Мазкур қонунлар республика фуқаролари ва юридик шахслари учун ерга нисбатан хусусий мулк ҳуқуқини аллақачон машруълаштириб бўлган.

Ўз вақтида «Ер тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикасида хусусий мулк тўғрисида»ги қонунлар ер улушларини бепул хусусийлаштиришга имкон берган, деҳқонларни ер эгаларига айлантирган, кўп ерларни муомалага киритган ва шу билан давлатга улкан даромад келтирган. «Мулк тўғрисидаги қонун»нинг учинчи моддасида хусусий мулк объектларига ер, ерости бойликлари, ички сувлар, ҳаво ҳавзаси ва бошқа кўп нарсалар кириши айтилади, биринчи моддада эса: “Мулк эгаси мулкига ўзи хоҳлагандек эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни идора қилади”, деб кўрсатилган. Бошқача қилиб айтганда, у ўз ерини ижарага беради, сотади ёки мерос қилиб қолдиради. Ушбу қонунлар туфайли билан 15 йил ичида қарийб барча хусусий участкалар хусусийлаштирилган. Бу одамлар учун улкан ютуқ бўлганди – улар биринчи марта ўз ерларининг ҳақиқий эгаларига айлангандилар.

Фарғона.Ру: - У ҳолда президентнинг янги фармонидаги камчиликлар нимадан иборат? Ахир у ҳам ер участкаларини хусусий қўлларга топширишни кўзда тутади-ку…

Н. Ҳидоятова: - Гап шундаки, янги қонунга мувофиқ 90-йиллар бошларидаги қонунларга кўра хусусийлаштирилган ер участкаларининг эгалари эндиликда мазкур участкаларни давлат органлари томонидан белгиланадиган бозор баҳоларида сотиб олишларига тўғри келади. Мен буни конкрет мисол орқали тушунтириб бермоқчиман. Тошкентдаги маҳаллалардан бирида яхши-ёмон кунларимизда бизлардан хабар олиб турувчи яхши танишимиз Муҳиддин ота истиқомат қиладилар. Унинг беш сотих майдонга эга бўлган чоғроққина уйи бор. 1990 йили у бу участканинг эгасига айланган, нафақага чиққач, ўзининг кичик хўжалиги билан шуғуллана бошлаган. У хотини ва икки ойлигида асраб олинган ногирон қизи билан яшайди. Асраб олинган қизи ва бу кичкина ер участкаси ота ҳаётининг бутун мазмунини ташкил қилади. Уйи турган ер унинг мулкига айлангани тўғрисидаги сертификатни қўлга олган пайтда дунёда ундан кўра бахтлироқ одам бўлмаган бўлса керак. Маҳалла комитет раиси, Муҳиддин отага сертификатни топшира туриб, унга: “Энди сиз бу ернинг тўла ҳуқуқли хўжайинисиз. Сиз уни сотишингиз, алмаштиришингиз, гаров сифатида қолдиришингиз ёки қизингиз Юлдузга сеп қилиб беришингиз мумкин”, деган. Унинг нафақаси камтарона – 40 минг сўм, хотининики 30 минг сўм. Бу пулга ҳозирги пайтда кун кечириш қийин. Аммо у ўз ерида намунали хўжалик ташкил эта олган. У лимон етиштирадиган иссиқхона қурган, қаердандир эртапишар помидор ва бодринг уруғларини топиб келтирган, булғор қалампири, сабзи- пиёз дегандек – ҳаммасини ўзи етиштирарди. Унинг уйида уч туп ток, олтита гилос дарахти бор. У эрталабдан кечгача шуларга андармон бўлади. Хотини отанинг ҳатто ер билан гаплашишини ҳам айтганди. У бу ерни ўн беш йил парваришлаб, чиққан маҳсулотни бозорга олиб чиқиб сотарди – бу унга оилани боқиш, асраб олган қизини даволаш, унга қимматбаҳо сотиб олишга имкон берарди. У давлатдан ҳеч нарса таъма қилмасди, нафақа ва имтиёзлар талаб қилмасди, ҳаммасини ўз меҳнати билан топарди. Мулк эгаси дегани шунақа бўлади. Энди тасаввур қилиб кўринг, яқинда унинг олдига ҳокимиятдан бир амалдор келади-да: «2008 йилнинг биринчи январидан сиз ўз участкангизни хусусийлаштиришингиз керак», дейди. «Бу қанақаси бўлди, у ахир хусусийлаштириб бўлинган-ку!» «Йўқ, бу қонун энди амалда эмас, ҳозир президентнинг (янги) фармони чиққан, унга кўра сиз хусусийлаштириш учун пул тўлашингиз керак». «Қанча тўлашим керак экан?» «Бу энди бошқа масала, биз бу ҳақда сизга алоҳида айтамиз. Бу бозор нархи бўлади». «Бозордагидай денг?» «Ҳа, тахминан шунақа, балки ундан ҳам қимматроқ бўлар». «Агар мен уни бошқатдан хусусийлаштиришни истамасам-чи?» «Унда сиз бу ерни ижарага олишингизга тўғри келади, аммо у энди сизнинг мулкингиз бўлмай қолади». Бу ҳолатни тасаввур қила оласизми? Бу ҳақиқий фожеа бўлади, бундай фожеалар эса миллионлаб бўлади.

Фарғона.Ру: - У ҳолда бу фармондан кўзланган ҳақиқий мақсад нима?

Н. Ҳидоятова: – Бугунги кунда мамлакат чуқур бўҳрон ичра қолган. Аҳоли қашшоқлашган, расмийлар эса яқинлашиб келаётган дефолт ва иқтисодий бўҳрон офатини яширмоқдалар. Охирги ўн йил мобайнида давлат бюжети ҳақидаги маълумотларни эълон қилмай келмоқдалар. Бундай шароитда ҳукумат жон-жаҳди билан бюжетга келадиган янги даромад манбаларини қидира бошлайди. Фармондан кўзланган асосий мақсад ерни сотиб олишдан ҳамда бу мулкнинг дастлабки баҳоси билан бугунги кундаги бозор баҳоси ўртасидаги фарқни тўлашдан тушган қўшимча маблағ эвазига давлат бюжетини тўлдиришга қараб кетаяпти. Фармон матни конкрет эмас ва фақат молиявий характерга эга. Унда ернинг хусусий мулкка ўтиш механизми ҳамда бу каби қонуний ҳужжатнинг моҳиятини ташкил этадиган мазкур хусусий мулкни таъминлаш йўллари акс этмаган. Бу фармоннинг бошқа салбий жиҳатларига ҳам эътибор қаратиш керак бўлади.

Унинг асосий нуқсони ҳуқуқий шахслар ва фуқароларни ўз мулкини бугунги бозор нархлари бўйича сотиб олишга мажбур қилиш бўлиб ҳисобланади. Бу фармон билан Конституцияда кафолатланган мулкка нисбатан ҳуқуқ йўққа чиққаяпти ва мулкдорлар қачонлардир тузилган сотув-харид шартномасида кўрсатилган нарх билан ер участкасининг бугунги бозор нархи ўртасидаги фарқни тўлашларига тўғри келмоқда. Фармонда ер участкаларининг бозор нархларини аниқлаш тартиби ва механизмлари ҳақида ҳеч нарса дейилмаган, бу давлатга ер эгаларидан қўшимча пул ундириш учун кенг майдон яратади. Ҳатто қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ер кадастрларини ишлаб чиқишда ҳам давлат ер участкаларининг дастлабки баҳоларинигина белгилаши мумкин, холос. Аммо у ернинг ҳақиқий бозор баҳосини аниқлай олмайди.

Фармонда ер участкаларини ихтиёрий тарзда хусусийлаштириш назарда тутилади. Аммо аслида унда резидент-юридик шахслар учун муддат (2008 йилнинг 1 январигача) қўйилган бўлиб, шу муддат ичида ер участкасини хусусийлаштириш ёки ижара шартномасини қайтадан расмийлаштириш лозим бўлади. Бу шартлар мазкур фармоннинг асосий вазифаси аҳолини тўнаш йўли билан давлат бюжетини тўлдириш эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Буларнинг ҳаммасига қўшимча ўлароқ, бу фармон кўчмас мулк бозоридаги нархлар ошишига ҳам олиб келади. Ўз вақтида каттакон ер участкаларини эгаллаб олган одамлар уларни энг паст “бозор” нархида хусусийлаштириб олиш учун йўл топа оладилар. Аммо бу билан оддий халқ фаровонлигига қаттиқ зарба берилиб, у кўплаб ижтимоий зиддиятларга олиб келиши мумкин.

Ҳар қандай қонун иқтисодни ривожлантиришга йўналтирилган бўлиши керак, ҳукуматнинг салоҳиятсизлигидан юзага келган бюжет йиртиқ-ямоқларини ямаш учун эмас. Шу ўринда яқинда Хитойда бўлиб ўтган воқеалар билан параллел келтиришни истардим. Маълумки, аграр ислоҳот натижасида йигирма йил аввал хитойлик деҳқонлар ер участкаларини узоқ муддатга ижарага олгандилар. Аммо шаҳарларнинг тараққий этиши, темирйўл тармоқларининг кўпайиши ва бўлажак олимпия ўйинлари билан боғлиқ ҳолда оммавий равишда спорт иншоотларининг қурилиши натижасида расмийлар деҳқонларнинг йигирма йил мобайнида ишлов берилган ерларини тортиб ола бошлаганлар. Бунинг натижасида Хитой вилоятларида ғалаёнлар бошланган. Пекиндан икки юз километр нарида жойлашган Хебей вилоятидаги аскарлар билан билан бўлган тўқнашув чоғида олти киши ҳалок бўлган ва олти юз эллик киши яраланган. Яхшилаб ўйланмаган қарорлар ана шундай оқибатларга олиб келиши мумкин. Мамлакатимиз раҳбарияти бундан тегишли хулоса чиқара олади, деб умид қиламан.