06:10 msk, 20 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбек дизайнерларини хорижга олиб чиқиш: биринчи қадам – Берлин

14.08.2006 16:39 msk

Нигора Ҳасанова

Ўзбекистоннинг либос тикиш юзасидан кўп асрлик бой маданиятга эгалигини кўпчилик билади. Ўзбекистонда қобилиятли ёш дизайнерларнинг бутун бошли плеядаси борлигини эса ҳамма ҳам билавермайди, ҳатто Ўзбекистондагилар ҳам.

Футбол бўйича жаҳон чемпионати кунлари Берлинда fashion-show бўлиб ўтди, у “Киши либоси”" галереясидаги “Human House” (Ўзбекистон) ва энг эски немис дизайн мактабларидан бири бўлган Lette-Verein қўшма лойиҳасининг якуни босқичи бўлди.

Биз ўзбекистонлик дизайнерларнинг Берлин подиумидаги чиқиши қандай ўтганини билиш мақсадида Ўзбекистондан вакил бўлиб борган лойиҳа ташкилотчилари ва иштирокчилари билан учрашдик.

Фарғона.Ру: - Сизнинг янги лойиҳангиз “Киши либоси” галереяси ўзи учун асосий ҳисоблаган йўналишда – ўзбекистонлик дизайнерларни чет элга олиб чиқиш йўналишида амалга оширилган. Бу лойиҳа ташаббусини ким ва қачон кўтариб чиққан?

Из коллекции Алевтины Ким. Фото Мориса Тау
Алевтина Ким коллекциясидан. Морис Тау фотосурати
Дина Малкова, “Киши либоси” галереясининг тижорат директори: - Ҳаммаси бир неча аввал бошланганди, ўшанда бизнинг галерея ҳозирда, афсуски, мамлакатимизда ишламаётган Германиянинг SES жамғармасидан ёрдам олганди. Жамғарма Ўзбекистондаги эндигина ривожланиб келаётган компанияларга Германиядан нафақахўр экспертлар топишга ёрдам берарди. Шу тариқа биз ўз вақтида Германиядаги энг эски дизайн мактабларидан бири - Lette-Verein мактабининг ўқитувчиси бўлиб ишлаган ажойиб аёл Ютта Янсен билан танишиб қолдик. У жуда ғайратли аёл бўлиб, “Киши либоси” учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам кўп ишлар қилди, чунки у диёримизни чин юракдан яхши кўриб қолди. Ютта бизнинг юртга биринчи бор тўрт йил аввал келиб, дизайнерлар ва тикувчилар малакасини ошириш бўйича дастлабки семинарини ўтганди. Биз бу семинарга галереямиз билан доимий ишловчи ўн бештача одам йиғдик ва икки ҳафтани жуда ажойиб ўтказдик. Дизайнерларимизнинг кўпчилиги бундан ўзларида йўқ хурсанд бўлдилар, чунки улар бошқалардан аввал газламага ишлов беришнинг, андазаларни қўйиб бичишнинг мутлақо янги технологияларидан хабардор бўлиш имкониятидан баҳраманд бўлдилар.

Фарғона.Ру: - Аввалда бундай маълумотга эга бўлинмаганининг боиси нимада?

Из коллекции Артема Дробышева. Фото Мориса Тау
Артем Дробиш коллекциясидан. Морис Тау фотосурати
Дина Малкова: - Гап шундаки, бизнинг тизимларимиз бир-биридан фарқ қиларди. Бизнинг бу ердаги дизайнерларимиз ва тикувчиларимиз ўқиб-ўрганадиган система, масалан, Ютта Янсеннинг ўзи яратган ва ишлаб чиққан тизимидан кескин фарқ қилади. У иккита дарслик ёзган, ундан бугунги кунда Lette-Verein мактаби талабалари фойдаланадилар. Шундай қилиб, биз Ютта билан жуда қадрдон бўлиб қолдик. Биринчи семинардан кейин у яна бир неча маротаба машғулотлар ўтказди. Ана шундай семинарларнинг бирида биз Ўзбекистонга фақат Юттагина келаётгани ва Ўзбекистонда жуда яхши дизайнерлар борлигини фақат угина билишини таассуф билан эътироф қилдик. Шу зайл биз қандайдир қўшма лойиҳа ишлаб чиқишга қарор қилдик. Бунинг учун мен ўзим бир ярим аввал Lette-Verein мактабига бориб, у ерда дизайн факультетининг деканлари, талабалари билан учрашиб, уларга гўзал ўзбек газламаларини кўрсатдим, улар ҳайратдан лол бўлиб қолдилар ва “Биз ҳам юртингизга бориб, ҳаммасини ўз кўзимиз билан кўришни истаймиз”, дедилар. Шундай қилиб, биз охирги ўн беш ой мобайнида амалга ошириб келган лойиҳа пайдо бўлди. Ўтган йил апрелида ўн тўрт дизайнер, бир суратчи, Ютта ва Lette-Verein мактабининг яна бир ўқитувчиси икки ҳафтага Ўзбекистонга келдилар. Биз уларга бу ердаги ҳамма нарсани кўрсатдик, К. Беҳзод номидаги Тошкент Давлат Миллий рассомлик ва дизайн институти ўқитувчилари ҳамда талабалари билан таништирдик. Биргаликдаги ишимиз германиялик ва ўзбекистонлик дизайнерларнинг, кейинчалик Берлинда барча томошабинларга кўрсатиш учун, ўзбек газламаларидан қўшма либослар коллекциясини яратишга қарор қилганларидан бошланди. Ютта Янсен ва унинг германиялик ҳамкасби билан биргаликда биз ушбу лойиҳага тўғри келадиган бир неча кишини танлаб олдик ва Ўзбекистон-Германия дўстлик жамғармаси кўмаги билан муайян ёрдам олиб, лойиҳани амалга оширдик. Яқинда биз Берлинда бўлиб қайтдик. У ерда биз икки ҳафта мобайнида “Киши либоси” галереяси ва Lette-Verein мактабининг либослар намойишини (fashion-show) тайёрладик ва ўтказдик.

Фарғона.Ру: - Германиялик ёш дизайнерлар Тошкентга биринчи марта келганларида улар бирор нарса намойиш қилдиларми? Ёки бу фақат танишув сафари бўлган эдими?

Из коллекции Тамилы Джаферовой. Фото Йоргена Гесслера
Тамила Жаферова коллекциясидан. Йорген Гесслер фотосурати
Дина Малкова: - Ўтган йили либос намойиши бўлгани йўқ, чунки бу ерга эндигина ўз диплом ишларини тайёрлаётган талабалар келгандилар. Пировардида улар ўз диплом ишларини ўзбек газламалари, Ўзбекистон енгил саноати билан боғлашга қарор қилганлар. Биз учун эса бу ёш дизайнерларимизга ўзимизни профессионал деб ҳисоблаган нарсаларга нисбатан чет элликлар муносабатини билиш учун, шунингдек, дизайнерларимизнинг дунёқарашини кенгайтириш, кейинги пайтларда либос оламидаги устивор бўлган тамойилларни, бугунги кунда Европа нима билан яшаётганини кўрсатиш учун катта имконият бўлди. Умуман олганда, Берлин жуда ажойиб шаҳар экан, у шу қадар кўп миллатли, ўзининг такрорланмас муҳитида “қайнаб ётган” бир жой экан.

Берлинда Лола Сайфи, Тамила Жаферова, Саодат Муродхўжаева, Феруза Габдулина, Алевтина Ким, Артём Дробишев, Алексей Маньшаев ва Фарҳод Худойбердиев коллекциялари томошабинлар эътиборига ҳавола қилинган.