23:23 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистондаги “Социалистик қаршилик” лидери суд олдида жавоб беради

12.08.2006 14:15 msk

Андрей Гришин (Олмаота)

Қозоғистондаги “Социалистик қаршилик” рўйхатга олинмаган ташкилотининг эълон қилинмаган лидери Айнур Қурмановга қарши маҳкама жараёнини бошлаш юзасидан дастлабки уриниш натижа бермади: маҳкама мажлисини ёпиқ тартибда ўтказишга ҳаракат қилингани учун айбланувчи маъмурий иш тингловида иштирок этишдан бош тортди.

Қозоғистон Республикаси маъмурий кодексининг «Рўйхатга олинмаган ташкилот фаолиятида иштирок этиш» моддаси амалиётда жуда кам қўлланилган. Одатда, уни «Ҳизбут-Таҳрир» диний-сиёсий ҳаракати аъзолари устидан бўладиган маҳкама жараёнлари чоғида «ўлганнинг устига тепган» тарзида илова қилардилар, бироқ расмий мақомга эга бўлмаган бошқа ташкилотлар ҳозиргача ўзларига нисбатан эътибор жалб қилмасликни уддалаётган эдилар. Фақат «Пора» ва «Кхмара»нинг маҳаллий муқобили мақомига даъвогарлик қилувчи «Кахар» ёшлар ҳаракати лидеригина президентлик сайловларидан сал олдинроқ шу каби айблов бўйича қонун олдида жавоб бериш “бахтига муяссар бўлганди”. Суд қарорига кўра мазкур ташкилот лидери Бахитжан Тўрегўжина 50 минг тангага яқин (400 АҚШ долларидан сал камроқ) миқдорда жарима тўлаши керак. Яқиндагина пайдо бўлган, сўл позицияда турган “Социалистик қаршилик” мавжуд бўлишининг ўзи биланоқ Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари эътиборини жалб қилмай қолмаган. Рўйхатга олинмаган “Қозоғистон ёш гвардияси” гуруҳидан қайта яралган “Социалистик қаршилик” ташкилоти таъсис қурултойини ўтказишга (унда 13 делегат қўлга олинган), интернет саҳифасини очишга, “Шанирақ” ва “Бақай” мавзелари аҳолисини қўллаб, бир неча кампанияларни мувофиқлаштиришга ва иккита рок-концерт ўтказишга муваффақ бўлган. Бироқ сўнгги пайтгача ҳам расмийлар ёш социалистлар фаолиятига тўсқинлик қилмаётган эдилар, бу уларнинг расмийлар ҳақиқатан ҳам чўчиб турадиган Қозоғистон демократик мухолифати фаолиятидан четда турганлари учун бўлса керак.

Расмийларнинг “Социалистик қаршилик”ка нисбатан муносабатидаги кескин бурилиш, афтидан, Олмаота яқинидаги “Шанирақ” мавзесидаги маълум воқеалардан кейин пайдо бўлган, ўшанда уйлари бузиб ташланган маҳаллий аҳоли билан бўлган тўқнашувда ўнлаб полициячилар жабр кўргандилар. Тартибсизликларни уюштиришда мухолифатнинг қатор ташкилотлари шубҳа остига олинганлар, бундан “Социалистик қаршилик” ҳам мустасно эмас.

2 август куни Айнур Қурманов Олмаотадаги ўз уйи яқинида уч полициячи томонидан қўлга олинган. Полиция бўлимида уни “рўйхатга олинмаган ташкилот фаолиятида фаол иштирок этганлик”да айблаганлар. “Социалистик қаршилик” интернет-саҳифасидан олинган сифати паст кўчирмалар бунга ягона исбот бўлиб хизмат қилган. Кейинги кунга белгиланган маҳкамани бошқа кунга қолдиришга тўғри келган. Маъмурий ишларни ёпиқ тартибда кўриб чиқишни маън этувчи қонун мавжудлигига қарамай, Қозоғистонда сиёсий маҳкама жараёнларининг қарийб ярми ёпиқ эшиклар ортида ўтади. Бу сафар ҳакамнинг суд тинглови ёпиқ тартибда ўтажагини эълон қилишга уриниши айбланувчининг “агар жараёнга адвокат ва журналистлар қўйилмайдиган бўлса, маҳкама жараёнида иштирок этишдан бош тортаман” деган жўяли даъвосига дуч келди. Ҳозир бўлган журналистлар гуруҳи шу ернинг ўзида ўзларини маҳкама тингловига қўйилмаётганлари ҳақида акт туздилар. Суд ижрочилари ҳам, тайин қилинган ҳакам ҳам, суд раиси ҳам актга қўл қўйишни истамадилар, шундан сўнг суд кутилмаганда ён берди. Иш расман яна текшириш учун ортга қайтарилди, айбланувчидан эса чақирилиши биланоқ судга келиш юзасидан тилхат олинди.

Қозоғистон қонунчилиги ҳар қандай жамоатчилик ташкилотининг рўйхатга олинишини анча қаттиқ назорат қилади. Бу жараён кўп меҳнат ва маблағ талаб қилади, шунинг учун ҳам баъзи норасмий гуруҳлар давлат органлари билан тортишиб ўтирмасликка, шу билан бирга, кўпам кўзга ҳам ташланмасликка ҳаракат қиладилар. Ўзини сиёсий ташкилот деб билганларга айниқса бошқача муносабатда бўладилар. Давлат органлари томонидан тавсия этилмаган тақдирда келажакда сиёсий фаолият юритиш хусусидаги ҳар қандай ишора юридик мақом олишда автоматик тарзда муваффақиятсизликка учрашни билдиради ҳамда пуллар бекорга сарфлангани қолади – қонунга кўра, агар ташкилот у ёки бу сабаб билан рўйхатдан ўтказилмаса, сарфланган ҳаражатлар қайтарилмайди. Табиийки, ҳукумат ташаббуси билан тузилган ёшларнинг сиёсий ташкилотлари рўйхатдан ўтишда ҳам, келажак фаолиятларида ҳам ҳеч қандай муаммога дуч келмайдилар.

Бир йил муқаддам ёшларнинг “Қозоғистон ёш профессионаллари жамияти” жамоатчилик ташкилоти Низомида “ёш авлоднинг сиёсий фаоллигини ошириш” ибораси бўлгани учунгина рўйхатга олинмаган. Адлия вазирлиги ўз раддиясида мамлакат Конституциясининг 5-моддасига таянганини билдиради, аммо унда фуқароларнинг сиёсий қизиқишлари хусусида эмас, террорчилик ҳамда тузумни ноконституциявий йўл билан алмаштириш ҳақида айтилади. Шу сабабдан ҳам Козоғистонда мустақиллик мақомига даъво қилувчи ёшларнинг бир неча оз сонли сиёсий ташкилотлари ҳатто рўйхатдан ўтишнинг машаққатли процедурасига рўбарў бўлишга уринмайдилар ҳам, чунки, уларга кўра, рад жавоби олиш юз фоиз кафолатланган.

“Социалистик қаршилик”нинг эълон қилинмаган лидери ҳисобланмиш Айнур Қурманов ташкилотни расман рўйхатдан ўтказишга тайёр эканини айтади. Бироқ айни пайтда у маблағ йўқлиги ва ташкилот низомини қабул қилиш учун катта таъсис мажлиси ўтказишнинг имконсизлигини важ ўлароқ кўрсатади. Гарчи Айнур пуллар ва вақт бекорга сарфланишини билса-да. Ҳозирча эса у Қозоғистондаги ёшлар давлат кўрсатмаларига хилоф равишда ўз фикрига эга бўлишга қанақа ҳақлари борлиги юзасидан жавоб бериш учун судга чақиришларини кутиб ўтирибди.