14:46 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондан Германияга велосипедда борган марғилонлик дурадгор ўз саёҳати ҳақида ҳикоя қилади

11.08.2006 14:20 msk

Нигора Ҳасанова

Суратда: марғилонлик Акром Маъруфжонов

© Фарғона.Ру АА фотоси

Шу кунларда Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида Германия элчиси жаноб Ҳанс Йоахим Кидерленнинг ҳаваскор велосипедчи Акром Маъруфжонов билан учрашуви бўлиб ўтди. А. Маъруфжонов Марғилондан Берлингача бўлган 6836 километрлик масофани фақат битта мақсад билан – невараси учун машҳур немис дарвозабони Оливер Кандан дастхат олиш учун борган экан. Учрашув бошидаёқ маълум бўлишича, элчи ҳам ўзбекистонлик футбол ишқибози билан қарийб бир вақтда Ўзбекистондан Германияга – Тошкентдан Ҳамбургга бориб келган экан. Бироқ икки сафар бир-биридан фақат “қаерга” ва “нимада” борилганлиги билангина эмас (дипломат ўзбек автосаноатининг фахри – “Нексия” астомашинасини маъқул кўрган), балки сафарнинг “қандай” ўтгани билан ҳам фарқ қилади.

Йўналишларга келсак, жаноб элчи босиб ўтган масофа узунроқ бўлган – у Ўзбекистондан Германияга Туркманистон, Озарбайжон, Грузия, Россия, Украина, Молдова ва Польша орқали борган. Акром Маъруфжонов эса ўз ҳамроҳи Мусажон Ҳамидов билан Қозоғистон, Россия, Белоруссия, Польша ва Германия чегараларидан ўтганлар. Бироқ йўлдаги ҳийла ҳавфли бўлган саргузаштлар айнан марғилонлик ҳаваскор велосипедчилар чекига тушган. Энг катта муаммолар – Қизилўрда шаҳрида пул ундириш мақсадида қилинган қўрқитиш ва даштда тўппонча билан амалга оширилган ҳақиқий тўнаш бўлган – уларни милиция кийимидаги одамлар “уюштирганлар”. Агар Қирғизистон рақами тақилган йўловчи машина келиб қолмаганида Акром Маъруфжонов ва унинг невараси орзусининг амалга ошиши маҳол эди. Германия элчихонаси виза бўлимидаги хоним А. Маъруфжоновдан ўзи ҳеч кимни танимайдиган Европада кимнинг ёрдамига умид қилишини сўраганида, у: “Мен одамларнинг ёрдамига умид қилмайман, мен фақат Худога суянаман, нима – Европада Худо йўқми?” деб жавоб қилган. Маълум бўлишича, Худо ҳамма жойда ҳозиру нозир экан – ҳатто Қозоғистоннинг кимсасиз даштларида ҳам.

Бироқ унга одамлар ҳам ёрдам берганлар – Россияда ҳам, Белоруссияда ҳам, ҳатто ўша Европада ҳам! Акром ака учун Россияда ўтган 45 кун “кўнгил байрами”га айланган. Фақат ҳар бир шаҳарда уларни меҳмондўстлик билан кутиб олганлари, спорт ташкилотлари ва “Ингосстрах” вакиллари эътибор кўрсатганликлари, рўйхатга олиш билан боғлиқ бўлган муаммолар ўз–ўзидан ҳал бўлганлиги, Россиянинг етакчи теле- ва радиоканалларининг мухбирлари ҳар доим интервью олиб турганлари учунгина эмас. “Россияда бизни милиционерлар тўхтатишиб: “Овқатландингларми, дам олдингларми?” дея сўрардилар. Йўлда оч-наҳор қолиб кетмаслигимиз учун бизга пул берардилар”, - эслайди жасоратли сайёҳ.

Германияда велосипеднинг бир жойи бузилиб қолганлиги туфайли биринчи дуч келган уйда тўхташга тўғри келибди, уй эгаси Акром ака ва унинг ҳамроҳини уйга таклиф қилибгина қолмай, тил билмаган ҳолда, улар билан мулоқот қилиб, велосипедни тузатишга ёрдам қилибди.

Посол Германии в Узбекистане Х-Й.Кидерлен и Акрам Маруфжонов. Фото ИА Фергана.Ру
Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳ-Й. Кидерлен ва Акром Маъруфжонов. Фарғона.Ру АА фотоси

Акром ака русча-немисча сўзлашгични варақлаб, ўзининг янги меҳмоннавоз дўстидан: “Сен ахир мени мутлақо танимайсан-ку, мен узоқ Ўзбекистон давлати фуқаросиман, нима учун мени уйингга киритдинг?” деб сўрабди. Немис ўша сўзлашгичдан фойдаланган ҳолда: “Ахир биз ҳаммамиз бир - инсонмиз-ку!” деб жавоб қилибди. Польшада саёҳатчилар тушлик қилиб, намоз ўқиб бўлгунларигача уларнинг иккала велосипедлари ва ҳужжатларини ўғирлаб кетишибди. Полиция Акром аканинг велосипедини бир соат ичида топибди, аммо унинг шериги осори атиқасиз – совет замонасида Ригада чиққан велосипедисиз қолибди. Шунда польшалик журналистлардан бири “Варшавада ўғри бор экан, деб ўйламанг” дея ўз ёнидан унга немислар ишлаб чиқарган янги траспорт воситасини сотиб олиб берибди.

Белоруссия билан боғлиқ бўлган хотиралар ҳам сайёҳларнинг алоҳида ёдларида қолибди. 9 майни Акром ака ва Мусажон ака Брестда кутиб олибдилар. Бу ҳақда гапираётган пайтда Акром аканинг томоғига нимадир тиқилиб, кўзларида ёш айланди. “Совет Иттифоқи даврида Брестга барча республикалардан Брест қалъасини ҳимоя қилганлар келардилар. Бу йил биз Ўзбекистондан вакил бўлиб иштирок этдик. Бу биз учун улкан шараф эди...”

Марғилонлик устазода дурадгорнинг орзуси ушалди – Оливер Кан билан унутилмас учрашув бўлиб ўтди. Энди унинг невараси қўлида ардоқли дастхат бор. Қаҳрамонимиз узоқ давом этган сафар ҳақида, қадрдон шаҳри уни қандай кузатиб қолганию кутиб олгани ҳақида, Марғилон шаҳар ҳокимияти ва турли мамлакатлардаги мутлақо нотаниш кишилар қандай ёрдам берганлари ҳақида барча хоҳловчиларга завқу шавқ билан ҳикоя қилади. Дарвоқе, Германияга велосипедда бориш Акром аканинг дастлабки сафари эмас – 1994 йили Акром ака велосипедда Саудия Арабистонига борган ва Ҳаж амалларини адо этиб қайтган.

Эндиликда у 2010 йилда... Африкада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўришни режалаштирмоқда. Шунингдек, у Германия шаҳарлари бўйлаб велосаёҳатга чиқмоқчи. “Мен фақат Берлинни кўрдим. Энди бутун Германияни ичидан кўрмоқчиман”. Акром Маъруфжоновнинг бу нияти ҳам амалга ошишига умид қилиб қоламиз – ахир энди унинг кўп мамлакатларда кўплаб дўстлари бор!