13:55 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубов ва унинг ҳамкасби Ўзбекистонни тарк этдилар

11.08.2006 08:34 msk

Андрей Гришин (Олмаота)

Толиб Якубов. Фото ИА Фергана.Ру
Толиб Ёқубов. “Фарғона.Ру” АА фотоси"

Ўзбекистондаги энг таниқли ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири, яриммашруъ тарзда ишлайдиган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг (ЎИҲЖ) раиси Толиб Ёқубов ҳамда унинг ҳамкасби, ташкилот котибияти аъзоси Абдужалил Бойматов айни пайтда Олмаотадалар.

Шу йилнинг 31 июль куни эрталаб иккала ҳуқуқ ҳимоячиси ноқонуний равишда Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишиб, эртаси куни Олмаотага етиб олишган. Бу ерда улар Қозоғистон инсон ҳуқуқлари ҳамда қонунчиликка риоя этиш бўйича халқаро бюрога ёрдам сўраб мурожаат қилганлар. Ўша куннинг ўзидаёқ Толиб Ёқубов Франция элчихонасидан узоқ муддатли виза ҳамда санаси кўрсатилмаган авиачипта олган. У тез орада - ўз ҳамкасбининг сал аввал Ирландиянинг Москвадаги элчихонасига юборилган паспорти Британиянинг Қозоғистондаги элчихонасига жўнатиб юборилиши билан чет элга учиб кетмоқчи эди.

Бироқ 3 август куни Олмаота полиция патрули иккала ҳуқуқ ҳимоячисини ўзлари ижарада турган уйлари ёнида ушлаган. Барча ҳужжатлари жойида бўлган Толиб Ёқубов беш соатлик савол-жавобдан кейин қўйиб юборилган. А. Бойматовни эса қабул-тақсимот пунктига жойлаштирганлар, у ҳали ҳам ўша ерда.

Бироз ўтгач БМТ қочоқлар иши бўйича Олий Комиссариат Бошқармасининг (ҚИОКБ) Олмаотадаги ваколатхонасига мурожаат қилган Толиб Ёқубов у ердан бошпана изловчи шахс сертификатини олган. Унинг ҳамкасбига ҳам ана шундай ҳужжат берилган. Бироқ ҳозирча қоғоз БМТ қочоқлар иши бўйича Олий Комиссариат Бошқармаси ваколатхонаси идорасида ётибди, шунга қарамай, ҚИОКБ ҳуқуқ ҳимоячисининг ўзбекистонлик расмийларга бериб юборилишига йўл қўймаслик илтимоси билан Қозоғистон ТИВга вербал нота юборган. Бунга, айрим маълумотларга кўра, Толиб Ёқубовга Ўзбекистонда қидирув эълон қилинганлиги сабаб бўлган.

1996 йилда тузилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти (ЎИҲЖ) ўзини Ўзбекистондаги энг эътиборли ва йирик ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмаси ўлароқ кўрсатган. Рўйхатга олинмаган бу ташкилотнинг юзлаган аъзолари ҳозиргача Ўзбекистоннинг ўн икки вилоятида ишлаётгандилар. Ташкилот Ўзбекистондаги вазият бўйича муқобил маърузалар тақдим этиш билан ЕҲҲТ ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комитетлари мажлисларида бир неча марта иштирок этганди. Шу пайтгача ЎИҲЖга қарши кичик ҳужумларни амалга ошириб турган расмийлар Андижон фожеасидан кейин ҳуқуқ ҳимоячилари билан жиддийроқ шуғуллана бошлаганлар. Айни пайтда мазкур ташкилотнинг етти фаоли турли айбловлар билан панжара ортида ўтирибдилар.

ЎИҲЖ раисига қарши ҳам жиноий иш қўзғатилган: Т. Ёқубовни бунгача Ўзбекистондаги бошқа бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти фаоли билан уруш чиқарган икки аёлни кўпчиликнинг олдида ҳақорат қилганликда айблаганлар. 16 июль куни милиция ходимларидан иборат гуруҳ Ёқубов истиқомат қиладиган хонадонга “ташриф буюрганлар”, бироқ у келганларга эшик очмаган ва эртаси кунидан бошлаб, мамлакатни тарк этишга қарор қилгунича, дўстлариникида яшириб юрган.

Унинг ҳамкасбига 15 июль куни судга келиш ҳақида чақирув қоғози келган. Абдужалил Бойматовнинг ким сифатида судга чақирилгани маълум эмас. Ўзини судлашларидан чўчиган Бойматов Т. Ёқубовга қўшилган ва у билан бирга Ўзбекистонни тарк этган, бу пайт унинг ёнида паспортининг нусхасидан бошқа ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган.

Толиб Ёқубов асосли равишда ўз оила аъзолари ва ташкилотдаги қолган ҳамкасбларига қарши қатағон бошланиши мумкин, дея тахмин қилади, шунинг учун ташкилот фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриш имкониятини истисно қилмайди. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячиси Каримов режими узоқ турмаслигига амин. Толиб Ёқубов Абдужалил Бойматов эркинликка чиққанига ва унга ҳеч нарса ҳавф солмаётганига ўзи ишонч ҳосил қилмагунича Олмаотада қолмоқчи.

Бу ҳуқуқ ҳимоячилари қочганларида Қозоғистондан «буфер ҳудуд» ўлароқ фойдаланган биринчи ҳодиса эмас. Бир йил аввал сиёсий қочоқ мақомини олган ва айни пайтда Ҳолландияда бўлган тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Лариса Конакова Ўзбекистонни ана шу тарзда тарк этишга мажбур бўлганди. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил ташкилотнинг Андижон бўлими раиси Лутфулло Шамсуддинов ҳам ўз вақтида АҚШга Қозоғистон орқали кетганди.