05:31 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ричард Баучернинг Ислом Каримов билан олиб борган музокаралари Ўзбекистон-Америка муносабатлари истиқболларига аниқлик киритмади

10.08.2006 19:03 msk

Ўз ахб.

Тўққизинчи август куни АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Ричард Баучер (Richard Boucher) Марказий Осиё бўйлаб қилган сафари доирасида Ўзбекистонга келиб, мамлакат ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан музокаралар олиб борди. Ўзбекистон давлат раҳбари билан бўлган суҳбат президентнинг “Дўрмон” қароргоҳида бўлиб ўтиб, икки ярим соат давом этди. АҚШ маъмурияти вакили мазкур учрашув натижалари юзасидан матбуот анжумани ўтказди, унда йиғилган журналистларнинг жуда ҳафсалаларини пир бўлди. Ричард Баучер ҳеч қандай сенсацион гап айтгани йўқ.

Р. Баучер бу ўзининг Ўзбекистонга учинчи сафари эканини маълум қилди: бунгача у Мадлен Олбрайт и Колин Пауэлл раҳбарлигидаги делегация таркибида бу мамлакатга келган. Бу галги сафар мақсадини у қуйидагича ифодалади:

- Бугунги кунда биз Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш учун бу мамлакат билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини қидирмоқдамиз. Биз Ўзбекистоннинг Россия, Хитой, Европа мамлакатлари ва бошқа шу каби давлатлар билан ўз алоқаларини давом эттиражагини яхши тушунамиз. Шунингдек, биз Ўзбекистонга бошқа имкониятлар топишда кўмак бера оламиз, дея умид қиламиз. Ўзбекистонда ёки исталган бошқа мамлакатда танлаш имконияти қанча кўп бўлса, бу мамлакат мустақиллиги шунча мустаҳкамланиб боради. Шунингдек, биз ўзаро ҳамкорлик учун янги асос яратиш имкониятларини қидирмоқдамиз. Шу жумладан, 2002 йилда белгилаб олинган асос ҳам ўз кучида қолади. Шу билан бирга, мазкур минтақадаги ҳавфсизлик жабҳасида бизнинг ўзаро умумий манфаатларимиз мавжуд. Бу террорчиликка, гиёҳванд моддалар савдосига ва қурол-яроқ тарқалишига қарши кураш бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, биз жамиятнинг иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан тараққий этишидан манфаатдормиз. Албатта, инсон ҳуқуқлари масаласи ёки Андижонда содир бўлган воқеалар юзасидан фикрларимиз бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Аммо шунга қарамай биз бундан буёнги ҳамкорлигимиз учун асос ярата оламиз ҳамда ўзаро ҳамкорлик доирасида бу ва бошқа масалаларни муҳокама қила оламиз, деб ўйлайман. Ўзбекистон президенти билан бўлиб ўтган учрашуви натижаларини Ричард Баучер қуйидагича ифодалади:

- Айни дамда мен сизга кейинги қадам қандай бўлажагини айтолмайман. Бу ҳар иккала томоннинг мазкур ҳамкорликни бундан буён ривожлантириш учун нималар қилишига боғлиқ. Биз ўз томонимиздан, албатта, имкон борича ҳаракат қиламиз, аммо бундай нима иш чиқиши мумкинлигини келажак кўрсатади.

Журналистларнинг саволларига жавоб бераркан, Р. Баучер бу фикрни чуқурроқ изоҳлади:

- Мен ҳали ҳам ҳар иккала тараф ўзаро манфаатдор бўлган муайян жиҳатлар қолган, деб ўйлайман. Ана шу ўзаро манфаатларга асосланган ҳолда, биз ўз муносабатларимизни ривожлантиришда давом этишимиз керак. Аммо агар бу муносабатлар ёмонлашаверса, биз муайян ҳатти-ҳаракатларни амалга оширишга тайёрмиз.

Афтидан, жаноб Баучер айнан нимани назарда тутганини анжуман иштирокчиларининг ҳеч қайсиси тушунмади. Балки бу таҳдид бўлгандир? Кейинроқ журналистлардан бири масалага ойдинлик киритишга уринди:

- Агар Ўзбекистон билан алоқалар ёмонлашаверса, АҚШ қандай йўл тутади? – дея савол берди ҳорижий нашрлардан бирининг мухбири. Аммо бу саволга Ричард Баучер янада мавҳумроқ қилиб жавоб берди:

- Билмайман. Агар шундай бўлса, буни ўша пайтгача ҳал қилиб оламиз.

Айни пайтда, Р. Баучер АҚШ ва Ўзбекистон алоқаларида ҳозирда муайян мураккабликлар мавжудлигини тан олди.

Унга, жумладан, қуйидагича савол берилди:

- “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонасидаги америкаликлар ўз улушини сотиб кетиш арафасида турибдилар. Ўзбекистонда, умуман олганда, Америка бизнеси масаласи ва хусусан, “Зарафшон-Ньюмонт” билан боғлиқ бўлган масала учрашув чоғида муҳокама қилиндими?

- Биз бу ерда ишлаётган Америка компаниялари билан жуда тиғиз алоқадамиз, - дея жавоб берди Ричард Баучер. – Мен ҳозир бу ерда қандайдир конкрет компания билан боғлиқ вазиятни муҳокама қила бошлашимиз ўринсиз бўлади, деб ҳисоблайман. Фақат шуни айтиб қўймоқчиманки, компаниялар Ўзбекистонда ўз бизнесларини юритишда ҳақиқатан ҳам қийинчиликларга дуч келмоқдалар. Биз бу масалани бугун кун давомида муҳокама қилдик. Мен бу масалани кейинчалик ҳам муҳокама қилсак керак, деб ўйлайман. Мен айрим компанияларга нисбатан олинаётган қарорлар муайян сармоядорларни бу ердан кетиб қолишларига сабаб бўлиши мумкин, деб ўйлайман.

Ричард Баучердан кўп қайтарилаётган иккиёқлама стандартлар ҳам сўрадилар:

- Исломий ташкилотларнинг кўпчилиги ўз моддий базасини ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларда иштирок этиш орқали мустаҳкамлаб олаяптилар. Бунга “акромийлар” мисол бўлиши мумкин. Нима учун АҚШ айрим ташкилотларни террорчилик ташкилотлари деб ҳисоблайдилар, бошқаларини эса бундай деб ҳисобламайдилар? Бу ерда иккиёқлама стандарт юзага чиқмаяптими?

- Агар одамлар зўравонлик қилсалар, уларни судга бериш лозим, - деди Ричард Баучер. – Агар улар портлаш содир этаётган ёки бегуноҳ кишиларни ўлдираётган бўлсалар, биз буни террорчилик деб аташимиз керак. Шу билан бирга бунда ислом динига эътиқод қиладиганлар учун ҳам ўрин бўлиши лозим. Агар бирор-бир киши ҳатто консерватив исломга эътиқод қилса ҳам, бу уни жамиятдан четга суриб қўйиш керак дегани эмас. Мен тинчликпарвар диндорларнинг жамият ҳаётида ҳам, сиёсатда ҳам иштирок этишларига имкон бериш учун уларни олқишлашимиз керак, деб ўйлайман.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳақида, хусусан, жиноятларга кўпинча қийноқлар орқали иқрор қилдирилиши ҳақида нима деб ўйлайсиз, деган саволга Кондолиза Райснинг ёрдамчиси қуйидагича жавоб берди:

- Инсон ҳуқуқларининг таъминланиши масаласи анчадан бери бизда хавотир уйғотади. Ҳукумат бизнинг хавотир билдирганимиздан хабардор, чунки биз уларга инсон ҳуқуқлари бўйича ҳисоботлар тақдим этганмиз. Гап бизнинг бу борада вазиятни тузатиш учун қандай қадамлар қўя олишимизда, бу юзасидан нақадар муваффақият билан музокаралар юрита олишимиздадир. Ҳукумат инсон ҳуқуқлари жабҳасида муайян илгарилашга эришиш учун имкониятлар топа билиши керак. Улар бу борада ҳозирданоқ илгари кетаётганларини айтаяптилар. Биз бундан нима чиқишини кўришимиз керак. Бу АҚШ ва Америка халқи учун жуда муҳим бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича вазиятнинг яхшиланиши биз келажакда ишлайдиган йўналишдир.

Маълумки, Ўзбекистонда охирги йилда Миллий-демократик институтдан (МДИ) ташқари Американинг барча ташкилотлари ёпилган. Бироқ ушбу мавзу ташқи ишлар вазири ва Ўзбекистон президенти билан бўлган учрашувда муҳокама этилдими, деган саволга Ричард Баучер қисқа қилиб:

- Ҳа, биз масалани муҳокама қилдик, - дея жавоб берди.