21:48 msk, 17 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон БМТнинг қочоқлар иши бўйича ваколатхонасига билдирмай андижонлик қочоқларни Ўзбекистонга бериб юборган

10.08.2006 13:55 msk

Ўз ахб.

Кеча Қирғизистон Бош прокуратураси шу кунгача узоқ вақт Ўш шаҳридаги тергов ҳибсхонасида сақланган андижонлик беш қочоқни Ўзбекистонга топширган. Бу ҳақда бугун “Америка овози” радиосининг ўзбек хизмати эфирида БМТ ҚИОКБ Ўш шаҳридаги идораси вакили Вадим Макеев маълум қилди.

“Биздаги маълумотларга кўра, қочоқлар Ўзбекистонга Ўш тергов ҳибсхонасидан соат 11.00 ва 14.00 оралиғида бериб юборилган. Бу эрталаб губернатор [Ўш вилоят губернатори Жантўрў Сатибалдиев] тергов ҳибсхонасини кўриб чиққанидан кейин содир бўлган. Биз бу ҳақда кечроқ хабар топдик”, - деди Вадим Макеев.

Ўтган йилнинг май ойида Андижонда содир бўлган воқеалардан кейин юзлаб ўзбекистонликлар Қирғизистондан паноҳ топгандилар, кейин эса Руминия орқали бошқа мамлакатларга ўтиб кетгандилар. Ўшда қолган тўрт қочоқ - Жаҳонгир Мақсудов, Расул Пирматов, Одилжон Раҳимов ва Ёқуб Тошбоевни Ўзбекистон расмийлари 2005 йил 13 май куни Андижондаги қонли воқеаларни уюштирганлик ва Андижон шаҳри прокурорини ўлдирганликда айблаётган эдилар. Бешинчи қочоқ – Фаёз Тожиҳалилов эса Ўш милицияси томонидан ўтган йили Қирғизистонда ноқонуний юрган муҳожирларни аниқлаш бўйича ўтказилган амалиёт чоғида ушланганди.

Қирғизистон расмийлари Ўш шаҳри тергов ҳибсхонасида бир йилдан ортиқроқ сақлаб турилган андижонликларга қочоқ мақомини беришни рад этгандилар. Ҳуқуқ ҳимоячилари қочоқлар ватанларига қайтган тақдирларида уларга нисбатан қийноқ қўлланиши мумкинлигини урғулаётгандилар.

Қирғизистон президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раиси Турсунбек Ақунов қочоқларнинг ўзбек расмийларига бериб юборилишини шармандалик деб атади.

“Биз мамлакат Бош прокуратурасига мурожаат қилиб, бу қочоқлар Ўзбекистон расмийларига бериб юборилмаслиги керак бўлганлигини, чунки бу иш бизни жаҳон ҳамжамияти олдида шарманда қилишини, бу билан биз ўзимиз имзолаган халқаро конвенцияларни бузишимизни билдирдик. Бош прокуратура халқаро қонунларга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатиб, мамлакатни бутун дунё олдида шармандаю шармисор қилди. Бош прокурор Қамбарали Қўнғантиев Ўзбекистонга қандай қилиб ёқиш мумкинлиги ҳақидагина ўйлаяпти”, - деди Турсунбек Ақун.

БМТ қочоқлар иши бўйича Олий Комиссариат Бошқармасининг Ўшдаги вакили Вадим Макеевга кўра, Қирғизистон расмийлари қочоқларнинг бериб юборилиши ҳақида БМТ агентлигига ҳам, андижонликларнинг адвокатларига ҳам хабар бермаганлар.

“Биз уларнинг топширилганлари ҳақида қочоқлар Ўзбекистонга ўтказиб берилганларидан кейингина хабар топдик”, - деди БМТ ҚИОКБ вакили Вадим Макеев.

Кейинроқ эса беш маҳбуснинг Ўзбекистонга топширилганлигини Reuters агентлигига Ўш шаҳар тергов ҳибсхонасининг бошлиғи Самуддин Сатаров ҳам тасдиқлади.

“Ҳа, уларни бериб юбордилар”, - деди Сатаров.

Қочоқларнинг топширилиши Қирғизистоннинг Ўш вилояти ва Ўзбекистоннинг Андижон вилояти чегарасида жойлашган “Дўстлик” божхона-чегара пункти орқали амалга оширилган.