19:45 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Гастроллар пайтида чиққан жанжал: Тошкентда томоша қўйган иркутсклик артистларга жарима солганлар

10.08.2006 12:10 msk

Сид Янишев

Суратда – Иркутск мусиқали театри бадиий раҳбари ва директори Владимир Шагин. © Фарғона.Ру фотоси

Еттинчи август куни Тошкентда Н. Загурский номидаги Иркутск мусиқали театри гастроллари муваффақият билан ўз поёнига етди. Ўтган ой мобайнида иркутсклик артистларни ўз бағрига олган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон ДБАТ бирор марта ҳам ҳувиллаб қолмади, айниқса Николай Рибниковнинг “Юнона ва Авось” ҳамда Э. Уэббернинг “Исо Масиҳ - суперюлдуз” спектаклларига чипта топиш маҳол бўлди. Гастроллар давомида нохуш ҳодисалар ҳам рўй бермай колмади. “Сильва” опереттаси чоғида саҳна ортида старт тўппончасидан ўқ узилганди, бунинг учун Иркутск театрига ўт ўчирувчилар томонидан 100 минг Россия рубли миқдорида жарима солинди.

Аввалига мазкур театрнинг бадиий раҳбари ва директори Владимир Шагин ҳамкасбларимга берган интервьюсида бу жанжалнинг ҳақиқатан ҳам бўлганлигини тўла тасдиқлаганди. Аммо эртаси куни у “Фарғона.Ру” мухбирларига интервью берган пайтда жарима миқдори кутилмаганда 100 минг ўзбек сўмигача (тахминан 80 доллар) пасайди. Шунга қарамай биз зиддият тафсилотларини аниқлашга эришдик. Бу ҳақда бизга Владимир Шагин гапириб берди.

Фарғона.Ру: - Шундай қилиб, ким кимни отганди?

- Пьеса пайтида қаҳрамонлардан бири саҳнада тўппончадан ўқ узади. Одатда буни саҳна ортида турган режиссёр ёрдамчиси амалга оширади – у саҳна ортида старт тўппончасидан ўқ узади, актер бўлса ўзини худди отгандай қилиб кўрсатади, холос. Авваллари Иркутскда ҳам, бошқа шаҳарларда гастролда бўлганимизда ҳам бу борада ҳеч қандай муаммо чиқмаганди. Бу ерда эса ўт ўчирувчилар бунга дарҳол эътироз билдиришиб, Навоий театри маъмуриятига жарима солдилар. Ўз-ўзидан маълумки, шартномага кўра бу пулнинг ҳаммаси биз томонимиздан тўланади: мезбонларда ҳеч қандай айб йўқ.

Фарғона.Ру: - Пул Россия рублида тўланадими?

- Йўқ, бу гап қаердан пайдо бўлиб қолди ўзи? Мен аниқ рақамни билмайман, аммо бу сизларнинг 100 минг сўмингиздан кўп бўлмайди. Умуман олганда, бунинг ўзи арзимаган ҳодиса. Бунақа кутилмаган воқеалар ҳар бир шаҳарда бўлиб туради. Биз ҳар бир мамлакатнинг ўз қонун-қоидалари борлигини яхши тушунамиз. Биз саҳнада ёки ҳатто унга яқин жойда старт тўппончасидан фойдаланиш мумкинлигини билмаган эдик-да. Аммо қонунни билмаслик жавобгарликдан халос қилмайди.

Айни ҳолда ҳаммасини тушунса бўлади, шунинг учун ҳам биз ҳафа бўлмадик. Биз ўзимиз билан уч вагон саҳна безаклари келтирганмиз, уларнинг ҳаммаси саҳна ортида қалашиб ётганидан ўтишга ҳам жой тополмайсиз. Бунинг устига старт тўппончасидан фойдаланилди. Бу ерда исталган пайт ҳамма нарса аланга ичида қолиб кетиши мумкин эди.

Фарғона.Ру: - Гастролларингизни, умуман олганда, қандай баҳолайсиз?

- Жуда зўр! Театримизнинг Тошкентга келмаганига ўн саккиз йил бўлганди. Биз июль ойида бу ерга келганимизда артистларимизнинг кўпчилиги “бу ердаги томошабинлар бизларни қандай кутиб олишар экан” дея хавотирланаётгандилар. Ахир орадан анча вақт ўтди, қанча сув оқиб кетди, Иттифоқ парчаланди... Аммо, маълум бўлишича, Тошкентдаги театр мухлислари ўзгармабдилар, улар ҳали ҳам театрларга катта қизиқиш билан келаётган эканлар.

Фарғона.Ру: - Нима учун сиз орадан ўн саккиз йил ўтгач, айнан шу ерга келишга қарор қилдингиз?

- Биз Тошкентни жуда яхши кўрамиз ва очиғини айтганда, анчадан бери бу ерга келишга ошиқаётгандик. Ўтган йили Россия ва Ўзбекистон ўртасида Маданий ҳамкорлик ҳақида шартнома имзоланганидан кейин биз дарров гастроллар ҳақида музокара олиб бора бошладик. Шу билан бирга, ўтган йили Александр Вампилов номли театр фестивалимиз сизнинг Миллий театрингизда меҳмон бўлганди. Улар бир ўзбек пьесасини ўз тилларида ижро қилишганди, шунга қарамай уларни тушунишган ва олқиш билан кутиб олишганди. Яъни Тошкент билан дўстлик ришталари мустаҳкам боғланди. Май ойида бизга сизларнинг оперетта театрингиз меҳмон бўлиши керак эди. Улар нима учундир келолмадилар, аммо улар сентябрь ойида келадилар, деб умид қиламан. Шунингдек, эндиликда биз сизларнинг Навоий номидаги ДАБТни ўз шаҳримизда кутамиз.

Биографик маълумотнома:

Владимир Константинович Шагин Улан-Удэдаги (Бурятия) Маданият академиясини тамомлаган. 1970 йилдан буён маданият жабҳасида меҳнат қилади. У узоқ вақт Иркутск филармониясида директор ўринбосари, кейин эса Н. Загурский номидаги Иркутск мусиқали театрида директор муовини бўлиб ишлаган. 1997 йилдан бери мазкур театрнинг директори ва бадиий раҳбари бўлиб ҳисобланади.