05:26 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон муфтийси қорасувлик мақтул имомни “шаҳид” деб эълон қилди

08.08.2006 22:31 msk

Фирдавсий, ўз мух.

© Алишер Соипов фотоси, «Фарғона.Ру»

Суратда: имом М. Камолов

Кеча, 6 август куни Қирғизистон ва Ўзбекистон махсус хизматларининг қўшма аксилтеррорчилик амалиёти чоғида ўлдирилган таниқли уламо Муҳаммадрафиқ Камоловни сўнгги йўлга кузатиш учун беш мингдан кам бўлмаган одам йиғилди. Жаноза еттинчи август куни соат 19 да марҳум яшаган Қорасув шаҳрида бўлиб ўтди.

Мусулмон одатига кўра, маййитни ерга қўйишдан аввал таъзияга келганлар имом бошчилигида жаноза намозини ўқидилар.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
Жаноза намози олдидан масжид қавми ва таниқли уламонинг тарафдорлари митинг уюштирдилар. Сўзга чиққанлар Муҳаммадрафиқ Камоловни “давлат террори қурбони” деб атадилар ва уни “шаҳид” дея эълон қилдилар.

- Шаръий нуқтаи назардан ҳақиқатни гапиролмаган одам хор ҳисобланади. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, Муҳаммадрафиқ Камолов доим ҳақиқатни гапириб келди. У шаҳид бўлди! Унинг Аллоҳ йўлида шаҳид бўлгани муборак бўлсин! – деди сўзга чиққанлардан бири.

Унинг сўзлари «Аллоҳу Акбар!» такбири билан бўлиб қўйилди.

Жаноза намозида иштирок этган Қирғизистон Мусулмонлари диний бошқармасининг раиси, муфтий Муратали ҳожи Жуманов ҳаммани сабрли бўлишга чақирди. “Мусулмонларнинг бошқалардан асосий фарқи уларнинг сабрлилигида. Кимнинг қаерда ва қандай ўлим билан ўлиши фақат Аллоҳга аён, холос. Биз Аллоҳнинг қазосига рози бўлишимиз ва унга сабр қилмоғимиз керак”, - деди муфтий.

Жаноза намозидан кейин йиғилганлар мамлакат муфтийсидан Муҳаммадрафиқ қори Камоловни “шаҳид” деб эълон қилишни талаб қилдилар. Қирғизистон МДБ раиси ўз дуосида мақтул имомнинг кўп сонли тарафдорлари босими остида Муҳаммадрафиқ Камолов номига “шаҳид” унвонини қўшиб айтди. Муфтий М. Жуманов сўзидан ёзиб олинган парчани бу ерда эшитиш мумкин. (MP3 форматидаги файл, 3,5Мб).

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
Шундан сўнг икки мингга яқин ёш йигитлар М. Камолов жасадини кўтаришиб, икки соат давомида “Аллоҳу Акбар” такбири, “Ла илаҳа иллаллоҳ” таҳлили ва “Шаҳид муборак” сўзларини айтишиб, Қорасув шаҳар кўчаларини пиёда айланиб юрдилар.

Ҳар бир кўчада бу ёш йигитларга янгилари келиб қўшилиб турдилар. Пировардида йиғилганлар сони тўрт-беш минг кишига етди. Улар прокуратура, суд, мэрия ва шаҳар милиция бошқармаси бинолари олдидан юриб ўтдилар. Бу бинолар олдида ҳуқуқ–тартибот органларининг бирорта ходими ҳам кўринмади. Одамлар милиция биноси олдидан ўтаётган пайтларида “Фарғона.Ру” АА мухбири ҳатто бино олдида навбатчилик қилаётган милиционерларнинг ҳам қаёққадир ғойиб бўлганларини сезган. Шунга қарамай, юриш тинч ўтди, куч ишлатар тузилмалари билан ҳам, маҳаллий аҳоли билан ҳам ҳеч қандай тўқнашув бўлгани йўқ.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
Шаҳар кўчаларига чиққан қари кишилар ва аёллар ўз имомларини сўнгги манзилга кўзларида ёш билан кузатиб қолдилар. Баъзи аёллар ўз болаларини оломонга бориб қўшилишга даъват этишиб, “Олдинда юриб, “Шаҳид муборак!”, “Аллоҳу Акбар!” деб боргин!” дея тайинлашарди.

Бу орада Қирғизистон Миллий ҳавфсизлик хизмати Ўш вилоят бошқармасида аввалги кун воқеаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтаётганди. МҲХ бошқармаси бошлиғи Бақит Бекибаев журналистларга ўзбекистонлик ҳамкасблар билан бирга ўтказилган махсус амалиёт тафсилотларини маълум қилди.

- Кеча, Қирғизистон Республикаси миллий ҳавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган махсус амалиёт чоғида Ўзбекистон Ислом ҳаракатининг икки жангариси йўқ қилинди. Мана, бу улардан бирининг – Шаҳобиддинов Аюбхўжанинг сурати. Унинг лақаблари: Шайх, Машраб, Умар. Иккинчи жангари Раҳимов Фатҳулло Рустамовичдир. Унинг лақаби – Абдулло. Улар қатор террорчилик ҳуружларини амалга оширганлик учун Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари томонидан қидирилаётган эдилар. Улар Сўғд вилояти (Тожикистон) саккиз милиционери ҳаётига зомин бўлгандилар. Машинадаги учинчи одам Муҳаммадрафиқ Камолов бўлган. У ҳайдовчи ўриндиғида ўтирган, машина унга қарашли бўлган. Бу оқ рангли “Нексия” машинаси эди, – деди Бақит Бекибаев.

Унга кўра, мазкур машинани тўхтатишга уриниш Ўш шаҳри чеккасида амалга оширилган.

- Тўхташ талабига жавобан машинадан ўқ отилган. Бу Калашников русумли жанг автомати эди. Шундан сўнг Миллий ҳавфсизлик хизмати ходимлари уларга жавобан ўт очишга мажбур бўлганлар. Натижада мен сизларга айтган уч одам ҳалок бўлганлар, – дея маълум қилди Бақит Бекибаев.

Қорасув шаҳри аҳли расмийлар хулосасидан қониқмаганлар. Айрим ҳамсуҳбатларимизга кўра, Қирғизистон ва Ўзбекистон махсус хизматларига ўз ваъзларида Ўзбекистон ҳукуматининг қатағончилик сиёсатини қаттиқ қоралаган уламони йўқ қилиш юзасидан буйруқ берилган. Муҳаммадрафиқ Камолов имом бўлган масжид қавмининг бу хусусда ўз тахминлари бор. Улардан бири шундай:

- Биз Муҳаммадрафиқ қорини ҳукуматга ёқмаган киши сифатида биламиз. У ҳеч қачон ўз динини давлат сиёсатига мослаштиришга уринмаган. У доим бизга ҳақиқатни гапирарди. Шунинг учун ҳам уни отиб ташладилар, – дейди Аюбхон исмли йигит.

Муҳаммадрафиқ Камолов Қорасув шаҳар жомеъ масжидида йигирма йилдан ортиқроқ имомлик қилганди. Унинг ўз сўзларига кўра, ҳайит кунлари унинг масжидида бир вақтнинг ўзида беш мингтача киши намоз ўқирди.