15:56 msk, 20 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда Интернетни фильтрлаш тадбири борган сари кескин тус олиб бормоқда

08.08.2006 18:59 msk

П. Лошодкин

Ўзбекистонда Интернетнинг анчадан буён цензурага дучор қилинаётгани ҳеч кимга сир эмас. Охирги беш йил мобайнида мамлакат расмийлари ўзлари учун “номақбул” ҳисобланган ахборот ва ижтимоий-сиёсий веб-ресурсларга чиқиш йўлларини муттасил равишда тўсиб келмоқдалар.

Ўзбекистонда Интернетни фильтрлаш иши ўтган йиллар давомида, айниқса, “Андижон воқеалари”дан кейин жуда кескинлашганига қарамай, авваллари мазкур амалиёт мамлакат расмийлари томонидан деярли инкор қилинар ёки бу ҳақда гапирилмас эди. Интернет цензурасининг мавжудлигини бир йил муқаддам бу юзасидан чет эл журналистлари олдида қилган махсус чиқишида собиқ ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев ҳам инкор қилганди. “Ахборот технологиялари асрида Интернет тармоғида қанақадир тўсиқлар қўйиш мумкинлиги ҳақида гапириш анойиликдир”, - дея билдирганди ўшанда Ўзбекистон ТИВ раҳбари.

Ўзбекистон расмийлари муқобил ахборот манбаларини марказдан туриб бўғаяптилар. Қуйида Ўзбекистонда бўғиб қўйилган веб-сайтларнинг айримларини келтирилган:

Uzmetronom.com

Ezgulik.org

Muhammadsalih.info

Uzbekistanerk.org

Shamelist.ru

Birlik.Net

Ferghana.ru

Чет эл оммавий ахборот воситалари мухбирлари вазирнинг бу ҳазилига жавобан кулиб қўя колишган, маҳаллий Интернет арбоблари эса қайғуга чўмгандилар. Ўзбекистонлик журналистларнинг мазкур муаммога жамоатчилик эътиборини тортишга уринишлари натижа бермаган. Ўзбекистонни “Интернет душманлари” қаторига қўшувчи “Чегара билмас мухбирлар”дан бошқа халқаро тузилмалар расмий Тошкентнинг веб-ресурсларни қаттиқ назорат остида тутишига жиддий эътибор бермаганлар. Масалан, БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили жаноб Фикрет Ақчура Ўзнетдаги бир неча оммабоп сайтлар муаллифларининг икки йил аввал унга юборган очиқ хатларини жавобсиз қолдирган. Мазкур хатдаги савол эса “нима учун БМТ тараққиёт дастури пули ҳисобига ишлаётган UzSciNet Интернет-провайдери минтақадаги мустақил ахборот манбаларини бўғиб қўймоқда?..” тарзида аниқ ва конкрет қилиб қўйилганди.

БМТТДнинг Тошкентдаги идораси ходимлари ушбу мақола муаллифи билан бўлган ўзаро суҳбат чоғида ўзларининг веб-контентни фильтрловчи махсус хизматлар вакиллари ва амалдорларга босим ўтказиш имкониятига эга эмасликларини айтдилар. Бундан ташқари, БМТТД вакиллари хат муаллифларидан Ахборот ҳамжамияти масалалари бўйича Тунисда бўлиб ўтажак Умумжаҳон саммитигача (мазкур саммит ўтган йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган) ушбу мавзуни қўзғамасликни норасмий тарзда илтимос қилганлар. Айнан ўша ерда биз Интернет эркинлигини бузаётган Хитой ва Ўзбекистон ҳақида масала кўтарамиз – дея таъкидлагандилар БМТТДдагилар.

Бироқ Тунисда бўлиб ўтган халқаро форумда ҳеч қандай ажабтовур воқеа содир бўлмади. Устига устак, саммитда айрим президентлар томонидан Интернет устидан қўшимча назорат ўрнатиш юзасидан қаттиқ талаблар янгради.

Ўзбекистоннинг ўзида Интернетнинг цензура қилинаётгани узоқ вақт маҳфий таъқиқ остида тутилганди. Аммо яқинда “расмий” ўзбек матбуотида Интернетни назорат қилишга бағишланган мақола пайдо бўлди. У Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ЎзААА) жарчиси бўлган “Инфоком” журналида ёйинланган бўлиб, “Номақбул мазмундаги интернет сайтларини фильтрлаш бўйича дастур таъминоти”

Мақола “Ёш дастурчиларни тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш маркази”нинг махсус ишланмаси – “Defender” фильтрлаш тизими тўғрисида баён қилади. Мазкур тизим Ўзбекистон Республикаси Давлат патент маҳкамасида DGU01088-сонли ҳужжат билан сертификациядан ва рўйхатдан ўтган. Шу ернинг ўзида дастурнинг танишув версиясини юклаб олиш учун ишорат ҳам берилади. Дастур моҳияти, мақола муаллифлари ибораси билан айтганда, “алоҳида олинган фойдаланувчилар учун фильтрлаш тизимини қулайлаштириш” бўлиб ҳисобланади.

Бу “мижозлар учун дастур” бўлиб, у “болажонлар” ҳамда “руҳияти нозик шахслар”ни “Интернет тизимида шахснинг мутаносиб шаклланишига салбий таъсир кўрсатувчи замонавий маданий, диний, аҳлоқий, ижтимоий оқимлардан ҳимоя қилиш” мақсадида “уй шароитида қўллаш” учун мўлжалланган, - дея баён қилади “Инфоком”.

“Defender” тизими “шубҳали мазмундаги” сайтлар манзилларининг стандарт рўйхати киритилган маълумотлар омборига эга бўлиб, унга асосланган ҳолда интернетдан фойдаланувчилар мазкур рўйхатга ўз ишоратларини қўшишлари ёки ўчириб ташлашлари мумкин бўлади. У ёки бу сайт мазмунининг “шубҳалилиги”ни ким аниқлаши ҳақида мақолада ҳеч нарса айтилмаган. Биз бу дастур маълумотлар омборига айнан қайси сайтлар бошданоқ киритиб қўйилганлигини аниқламоқчи бўлиб, мазкур дастурни ўз компьютеримизга ўрнатмоқчи бўлдик, аммо афсуски, буни уддалай олмадик.

Мамлакатдан чиқиб кетган, аммо ўз номини эълон қилишга рухсат бермаган собиқ тошкентлик дастурчилардан бирига кўра, “мазкур дастур Интернет-кафелар ҳамда таълим муассасаларида номақбул сайтларни бўғиш учун жуда қўл келади. Уни ҳар бир компьютерга ўрнатиш мумкин ва бундай тўсиқни айланиб ўтишнинг иложи йўқ”.

Ҳозирда фақат Ўзбекистон махсус хизматларигина эмас, ёш дастурчиларнинг ўзлари ҳам фильтрлаш, маълумотларга тўсиқ қўйиш ва уларни кузатиш тизимини ишлаб чиқаётганликлари, мазкур тизимлар алалоқибат Интернетнинг Ўзбекистондаги сегментини Хитойнинг ёпиқ ички тармоғига ўхшаш ҳолга келтириши аниқ.