12:52 msk, 19 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Жалолободлик ўзбеклар жамияти лидери М. Қорабоев шартли равишда етти йилга озодликдан маҳрум этилди

02.08.2006 23:44 msk

А. Мамараимов

Суратда: М. Қорабоев

Жалолобод Ўзбеклар жамияти лидерларидан бири Маматқодир Қорабоев ишини кўриб чиққан Мойлисув шаҳар суди судланувчига уч йиллик синов муддати билан етти йилга озодликдан маҳрум этиш шаклида жазо тайин қилиб, уни суд залидан озод қилди.

Эслатиб ўтамиз, Маматқодир Қорабоев 2006 йилнинг 6 июнь куни милиция томонидан ҳибсга олинганди. Бу Жалолобод вилоят Ўзбеклар жамиятининг ўзбек тилига расмий тил мақомини бериш талаби билан чиққан митингидан бироз ўтгач содир бўлганди. Бозорқўрғон туман маъмурияти биноси олдида бир неча кун пикет уюштирган митинг иштирокчилари ва Бозорқўрғон қишлоғи аҳли ўз лидерларининг ҳибсга олинишини унинг айнан тинч митинг ташкил этилишида фаол иштирок этгани билан боғлиқ, деб ҳисоблаганлар.

Қорабоевнинг ўзига кўра, ҳибсга олинганидан кейин унинг ёнига туман прокуратураси, милицияси вакиллари ва ҳатто судьялар келиб, агар у сиёсий фаолият билан шуғулланмасликка ваъда берса, уни озод қилишга ёрдам берганлар. Аммо М. Қорабоев ўз маслагидан воз кечмаган. «Натижа бермаган музокаралардан кейин менга қарши сохта айбловлар қўйилиб, ўн йил аввалги жиноий ишни ковлаб топдилар, гарчи бу иш юзасидан бирорта даъво аризаси ҳам, судга ариза ҳам берилмаган бўлса-да», - дейди у.

Иш аввал Бозорқўрғон туман суди томонидан кўриб чиқилган, суд биносининг атрофи кучайтирилган тартибда қўриқланган. Бироқ кейин маҳкама жараёни «балодан ҳазар» қабилида Бозорқўрғон қишлоғидан етмиш километр нарида бўлган Мойлисув шаҳар судига кўчирилган.

М. Қорабоев мамлакат Жиноий кодексининг беш моддаси бўйича, шу жумладан, давлат кредитидан ўз ўрнида фойдаланмаганлик, саломатчиликка унча оғир бўлмаган зарар етказганлик, фирибгарлик, безорилик ҳамда сохта ҳужжатлар, давлат мукофотлари, штамплар, муҳрлар, бланкаларни сохталаштириш, тайёрлаш, сотиш ёки улардан фойдаланганлик юзасидан айбланганди.

Судга М. Қорабоевни қўллаб Жўғўрку Кенешнинг (мамлакат парламенти) ўн депутати ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш идоралари вакилларидан расмий илтимосномалар тушган. Судда Қорабоев ўз айбини фақат қисман тан олган, холос.