05:30 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондаги Америка ноҳукумат ташкилотларини айблаш совет даври ташвиқоти намуналарига менгзайди

01.08.2006 22:32 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистонда, ҳукумат тахминига кўра, нима қилиб бўлса ҳам республика аҳолисига зиён етказиш ҳақида ўйловчи Америка ноҳукумат ташкилотларига айбловлар эълон қилиш давом этмоқда.

Ғаддор душман ўйлаб топган охирги ҳийлалардан бири ўзбекистонликларни радиоактив моддалар билан заҳарланган инсонпарварлик юки ёрдамида нобуд қилишдир. Бу ҳақда тахминан бир ҳафтача аввал Навоий вилоят адлия бошқармаси эълон қилган.

- Чет эл ноҳукумат ташкилотлари томонидан киритилган инсонпарварлик ёрдами ичида радиоактив моддалар билан заҳарланган товарлар борлиги аниқланган. «Ногирон болаларга кўмаклашиш жамғармаси» ноҳукумат нотижорат ташкилоти фаолияти юзасидан яқинда ўтказилган режали текшириш чоғида ташкилот омборида сақланаётган инсонпарварлик юки зарур санитария-гигиена нормаларига мувофиқ келмаслиги аниқланган, - дея маълум қилди Навоий вилояти бўйича адлия бошқармаси вакиласи Лариса Норбўтаева.

У 2000-2005 йиллар мобайнида Американинг «Counterpart International» ҳамда «Central Asian Free Exchange» ноҳукумат ташкилотидан «Ногирон болаларга кўмаклашиш жамғармаси»га бир неча бор инсонпарварлик юки ортилган контейнерлар келиб тушганини айтди. Текширув чоғида аксарияти фойдаланилган кийим-кечак ва пойабзалдан иборат 1230 килограмм тарқатилмай қолган инсонпарварлик юки мавжудлиги аниқланган.

- Дозиметр ёрдамида ўтказилган радиометрик назорат омборда сақланаётган инсонпарварлик юкининг (болалар пойабзали ва кийим-кечагининг) йўл қўйилиши мумкин бўлганидан анча юқори (2006 йилнинг 19 майида ўтказилган радиометрик ўлчаш баённомаси) радиоактив гамма-нурланишга эгалигини (30-35 мкр/с) ҳамда инсон соғлиғи учун жиддий хавф туғдиришини қайд этган, - дея билдирди Л. Норбўтаева.

Унга кўра, экспертиза натижаларидан кейиноқ радиоактив моддалар билан заҳарланган пойабзал ва кийим-кечаклар зудлик билан бегона кишилар киришидан ҳимояланган алоҳида жойга жойлаштирилган.

- Ҳозирги пайтда мазкур ҳодиса юзасидан жамланган материаллар тегишли ҳуқуқ-тартибот идораларига ўтказиб бериш учун тайёрлаб қўйилган. Айни пайтда радиоактив моддалар билан заҳарланган инсонпарварлик юкини утилизация қилиш ёки қайтариб юбориш масаласи ҳозирча очиқ қолмоқда, - дея қайд этди у.

Ҳукумат томонидан молиялаштирилувчи интернет-ресурслар тарқатган хабарларга кўра, радиоактив моддалар билан заҳарланган инсонпарварлик ёрдами олган маҳаллий фуқаролардан айримлари ҳозирда уларнинг соғлиғига етказилган зарар учун товон тўлатиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш талаби билан Америка ноҳукумат ташкилотларига қарши судга шикоят аризаларини тайёрлаётган эканлар.

Радиоактив моддалар билан заҳарланган инсонпарварлик юклари мавзуси ташвиқотчи сайтларда бўрттириб тасвирланмоқда. Масалан, Минтақавий сиёсат жамғармасининг одатда барча чет эл ноҳукумат ташкилотлари ёпилиши тўғрилигини асослаб чиқиш билан танилган эксперти Улуғбек Муҳаммадиев Навоий вилоят адлия бошқармаси маълумотига Америка НҲТ ваколатхоналари ёпилиши зарурлигини яна бир бор тасдиқловчи мутлақо ишончли ҳодиса сифатида таянади.

Қизиғи шундаки, ўзбекистонлик расмийлар «Counterpart International» ва «Central Asian Free Exchange» ваколатхоналарини тугатиш ҳақида қарор қабул қилгунларича улар республикада кўп эмас – оз эмас 11 йил ва 14 йил ишлаб қўйган эдилар ҳамда бирорта ҳам жанжалли ҳодисага аралашган эмасдилар.

Ғарбга нисбатан бу каби айбловлар биринчи маротаба янграётгани йўқ. Етмишинчи йиллардаёқ мактаблар ва касб-ҳунар билим юртларининг мафкуравий ишларни юритишга масъул ўқитувчиларига машғулотлар пайтида чет элдан олиб келинаётган жинсилар заҳм касали юқтирилган битлар билан тўлалиги ҳақида гапириб бериш юклатиларди. Гўё Америка империализми соддадил совет ёшларини ана шундай ифлос усуллар билан бузишга уринган эмиш.

Афтидан, ўтган ўттиз йил мобайнида ёвуз янкилар қилмишларини фош қилиш ишида аллақанча ўсиш бўлганга ўхшайди, зеро заҳм ташувчи битлар ҳақидаги афсонанинг қайта ишланиши аввалгисидан кўра анча ҳақиқатга яқинроқ кўринади. Фақат ушбу ташвиқот самарадорлиги ҳам совет одамларида жинси сотиб олиш ва кийишга нисбатан уйғотилган нафратдан кўра юқорироқ бўла олмаса керак.