05:25 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда Американинг навбатдаги ташкилоти - «Winrock International» ваколатхонаси ёпилди

27.07.2006 12:32 msk

Ўз ахб.

26 июль куни Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди «Winrock International» НҲТ ваколатхонасини тугатиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ташкилотни тугатилиши ҳақидаги арзнома судга, одатдагидай, Ўзбекистон адлия вазирлиги томонидан берилган.

«Winrock International» (Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича Винрок халқаро институти) – штаб-квартираси Арканзасда бўлган АҚШ ноҳукумат ташкилотидир. Ташкилотнинг асосий молиявий манбаси АҚШнинг халқаро тараққиёт бўйича агентлиги (USAID) томонидан ажратилаётган маблағлар бўлиб ҳисобланади. Бу ташкилот ваколатхонаси Ўзбекистонда ўз фаолиятини ўн икки йилдан – 1994 йилдан бери амалга ошириб келарди.

Ўзбекистон адлия вазирлигининг «Winrock International» ваколатхонасига нисбатан асосий эътирози низомда кўрсатилган фаолиятга мувофиқ иш юритмаганлик бўлиб ҳисобланади. Эслатиб ўтамиз, бу айблов анъанавий тарзда Ўзбекистонда ёпилаётган ҳар бир ННТга нисбатан қўйилмоқда.

Низомда кўрсатилган фаолиятга мувофиқ иш юритмаганлик, Адлия вазирлигига кўра, қуйидагиларда акс этган: ташкилот ТИВ ва адлия вазирлигида аккредитациядан ўтганда ваколатхонанинг низомдаги вазифалари сифатида «Ўзбекистонда озиқ-овқат ишлаб чиқаришни кўпайтиришда, қишлоқ хўжалик операциялари самарадорлигини оширишда фермерларга ёрдам беришга қаратилган «Фермер-фермерга» дастурини амалга ошириш» вазифалари ифода этилганди. Бироқ шу билан бирга «Winrock International» ваколатхонаси томонидан Ўзбекистондаги аёлларнинг ноҳукумат нотижорат ташкилотларини (ННТ) ривожлантиришга қаратилган «Аёлларнинг интеграцияланган ҳуқуқий саводхонлигини ошириш лойиҳаси» амалга оширилган. Бу лойиҳани амалга ошириш чоғида ваколатхона низомда кўрсатилган вазифаларни бузган ҳолда Украина ва Қирғизистондан экспертларни таклиф қилиб, тренинг ва семинарлар ўтказган, маҳаллий ННТ тузиш ташаббуси билан чиққан, аёлларнинг ноҳукумат нотижорат ташкилотлари лидерларининг чет элда малака ошириб қайтишларини молиялаштирган, қишлоқ хўжалигига мутлақо алоқаси бўлмаган турли лойиҳаларни амалга ошириш учун грантлар ажратган.

«Winrock International» Ўзбекистонда ўн икки йил ишлаганидан кейин бирдан «кўзи очилган» Адлия вазирлиги ваколатхона ишида ҳеч қандай лицензияга эга бўлмай туриб босма материалларни чоп қилиш ва уларни қатор маҳаллий ННТ орасида тарқатиш каби ҳавфли қонунбузарликни ҳам аниқлаган.

Бундан ташқари, «Winrock International» томонидан берилган грантлар ҳисобидан айрим маҳаллий ННТ томонидан расмийлар билан келишмай, махсус лицензияга эга бўлмаган ҳолда бир неча видеофильмлар ва спектакллар суратга олинган, видеокассеталарга ёзилган бу видеофильм ва спектакллар маҳаллий ННТ иштирокида ўтган семинар ва тренингларда тарқатилган. Маданият ва спорт ишлари бўйича вазирлик (!) ҳамда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги (!) экспертлари тақдим этган хулосага кўра, мазкур фильмлар ва спектаклларнинг сюжетлари ўзбек ва қорақалпоқ оилаларидаги шахслараро муносабатларни фақат салбий ва бузуқ талқинда ёритиш асосига қурилган, бунда томошабинларга Ўзбекистондаги аёлларнинг ҳуқуқсиз ва хўрланган экани ҳақида фикрни сингдиришга ҳамда ўзбек ва қорақалпоқ халқларнинг анъаналари ва турмуш тарзига нисбатан салбий муносабат уйғотишга ҳаракат қилинади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. «Winrock International» ваколатхонаси Диний ишлар бўйича комитетдан экспертлик хулосасини олмай туриб «Ислом ва аёллар» китобининг чоп этилишини молиялаштирган. Пировардида Диний ишлар бўйича комитет экспертлари китобда Ислом тарихини нотўғри ёритиш, Қуръонни нотўғри тафсир қилиш ва уни бузиб кўрсатиш, миллий қадриятлар аҳамиятини пасайтириш каби қўпол камчиликлар мавжудлиги юзасидан хулоса тақдим этганлар.

Бўлиб ўтган маҳкама жараёни натижаларига кўра, «Winrock International»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасини тугатиш ҳақида қарор эълон қилинди. Ташкилот қарор қўлга теккандан кейинги йигирма кун ичида бу юзасидан шикоят аризасини бериш ҳуқуқига эга.

Эслатиб ўтамиз, қисқа муддат ичида Ўзбекистонда қуйидаги ташкилотларнинг ваколатхоналари ёпилган:

- Сорос жамғармаси/«Очиқ жамият» институти;

- Internews Network мустақил оммавий ахборот воситалари қўллаш хайрия ташкилоти;

- IREX халқаро тадқиқотлар ва алмашишлар бўйича Кенгаши;

- Freedom House ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти; МДҲ мамлакатларидаги иқтисодий ва демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича «Евросиё» жамғармаси (Eurasia Foundation);

- Америкалик ҳуқуқшунослар ассоциацияси (ABA/CEELI);

- ACCELS Американинг таълим ва тил ўрганиш жабҳасидаги ҳамкорлик кенгаши;

- Counterpart International кишилик тараққиётининг иқтисодий, экологик ва ижтимоий шарт-шароитларини яхшилаш бўйича ташкилоти;

- Central Asian Free Exchange (CAFE) таълим соҳасида ўзаро маданий алоқаларга, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликка, тадбиркорлик фаолияти ва ижтимоий таъминотни ривожлантиришга кўмак кўрсатувчи ташкилот;

- Озод Европа/Озодлик радиостанцияси;

- «Urban Institute» маҳаллий ўз-ўзини бошқаришни шакллантириш ва коммунал хўжаликни самарали юритишга кўмаклашувчи ташкилот;

- БМТнинг қочоқлар иши бўйича Олий комиссариати бошқармаси (БМТ ҚИОКБ) ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа кўплаб ННТлари.