12:28 msk, 29 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда кўчмас мулк нархи ярим йил ичида икки ярим баробар ошди

25.07.2006 15:48 msk

Андрей Кудряшов (Тошкент)

© Фарғона.Ру фотоси

Диаграммалар ва чизмалар SKS Consulting ширкати томонидан лутфан тақдим этилди

Охирги ярим йил ичида Тошкентда кўчмас мулк нархларининг кескин ошиши кузатилади. Шаҳарнинг кўплаб мавзеларидаги уйлар ва офисларнинг нархи ўтган йилнинг декабрь ойига қиёслаганда икки ярим баробарга ошган. Экспертлар 2006 йилнинг охиригача улар яна икки баробар ошишини тахмин қилмоқдалар. «Фарғона.Ру» ахборот агентлиги мухбирлари уй-жой нархларининг бирданига ошиб кетиш сабаблари ва унинг истиқболини Ўзбекистондаги етакчи консультацион фирмаларидан бири SKS Consulting директори Мурод Абдуҳакимовдан изоҳлаб беришни сўраганлар.

Фарғона.Ру: - Тошкент шаҳридаги кўчмас мулк қачондан бошлаб ва нима учун қимматлай бошлади?

Мурад Абдухакимов. Фото ИА Фергана.Ру
Мурод Абдуҳакимов. Фарғона.Ру АА фотоси
Мурод Абдуҳакимов: - Тошкентдаги кўчмас мулк нархлари 2004 йилдан бошлаб секин-аста кўтарила бошлаган, нархларнинг кескин ошиши фақат 2006 йилнинг бошидан бери кузатилаяпти. Баҳор пайтида SKS Consultingга Тошкентдаги кўчмас мулк бозоридаги вазият билан қизиқаётган ўз мижозлари ҳамда Россия Федерацияси ва Қозоғистондаги ҳамкорлари кўп маротаба мурожаат қилганлар. Уларнинг қизиқишлари 2005 йилнинг декабрида Ўзбекистон пойтахтидаги кўчмас мулк нархларининг ошиши ойига 10-15 фоизни ташкил қила бошлагани сабабли юзага келган. Шунинг учун ҳам биз ўз молиявий қарорларини миш-мишларга ва тахминлар асосига эмас, холис ахборот асосига қурувчи сармоядорларга мўлжалланган кўчмас мулк бозорини кўламли тадқиқ этишга (иловага қаранг) қарор қилдик.



Энг аввало, Тошкентдаги «FARIF», «DIYOR SERVISE», «STAFAR KONSALTING», «AVA REAL ESTATE», «HAYOT SERVICE», «NOKA REAL ESTATE» каби етакчи риелторлик компанияларидан интервью олинди. Улардан биз кўчмас мулк структураси ва ўсиш суръати ҳамда вазиятнинг ривожланиши юзасидан тахминлар ҳақида кўплаб фойдали маълумотлар олдик. Тошкент шаҳар Уй-жой маркази томонидан тақдим этилган маълумотлар сабабли уларни риелторлардан олинган таққослаш натижасида турар-жойга бўлган таклифлар «фотосурат»ини таҳлил этиш имкониятига эга бўлдик. Давлат мулки ва жамғарма бозоридаги савдо-сотиқларга дахлдор масалаларда бизга «Давинком» давлат компанияси ва «DALAL STANDARD» брокерлик уйи кўмак кўрсатдилар. Бундан ташқари, биз ҳорижлик сармоядорларнинг реал ташрифларида иштирок этдик ва чет эл сармоя компанияларидан кўплаб изоҳотлар олдик. Тадқиқотларни олиб боришда бизга Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ҳам катта ёрдам берди.

Пировардида биз Тошкент кўчмас мулк бозорининг ададий тавсифини акс эттирувчи маълумотни олишга эришдик. Бундан ташқари, нархлар ошишини юзага келтирган асосий омилларни аниқлашга эришдик.

Биз 2005-2006 йилларда Ўзбекистон пойтахтидан аҳолининг кўчиб кетиши тўхтаганлиги ҳамда вилоятлардаги аҳолининг доимий равишда кўчиб келиб турганлиги натижасида юзага келган Тошкент шаҳар уй-жой жамғармасининг кескин камайганини энг асосий омиллардан бири, деб ҳисоблаймиз.

Бугунги кунда Тошкентдаги бирламчи турар-жой бозори деярли соб бўлган, чунки турар-жой қуриш суръати охирги беш йилда ўта паст бўлган.

Фото ИА Фергана.Ру
Тошкентдаги турар-жой биноларидан бири. Фарғона.Ру АА фотоси
Нархларга вақт ўтган сайин кучаяётган чайқовчиликдан пул ишлаб олиш умидлари кучли таъсир кўрсатмоқда. Нархларнинг ошиши маҳаллий сармоядорлар томонидан кўчмас мулкнинг сотиб олинишини жадаллаштирди ҳамда Россия ва Қозоғистон сармоядорлари эътибори ўзига жалб қилди. 2006 йилнинг баҳорида қозоғистонлик сармоядорлар томонидан квартираларни оммавий равишда – бирданига 30-50 тадан сотиб олиниши кузатилганди.

Кўчмас мулк бозори иштирокчилари ўртасида яқинда бозорга Россия, Қозоғистон ва ҳатто Австралиядан «йирик ўйинчилар» кириб келиши ҳақидла тахминлар кенг тарқалган. Бу хабарни миш-мишлар тоифасига қўшиб бўлмайди, чунки риелторларга мурожаат қилаётган норезидентларнинг (маҳаллий бўлмаган кишиларнинг) сони кундан-кунга ошиб бормоқда.

Фарғона.Ру: - Бугунги кунда Тошкентда кўчмас мулк қанча туради?

Мурод Абдуҳакимов: - Конкрет бир кўчмас мулк объектининг қиймати кўплаб омиллар билан белгиланади. Бозор шарҳида биз турли шаклларда – кўчмас мулк тури, унинг жойлашиш ўрни, фойдаланишга нақадар яроқлилиги ва ҳаказолардан келиб чиққан ҳолда нархлар ҳақида ахборот беришга ҳаракат қилдик. Агар ўртача кўрсаткичлар ҳақида гапириладиган бўлса, квартира бозори «фотография»си бўйича белгиланган нархлар даражасини келтириш мумкин. Тошкентда бир хонали квартира бугунги кунда ўртача $7 800, икки хоналиси $12 417, уч хоналиси - $18 137, тўрт хоналиси - $21 307 туради.


Аммо жиддийроқ сармоядор учун ўртача кўрсаткичларни билишнинг ўзи кифоя қилмайди. Эътиборлилик, бино қурилишидаги ўзига хосликлар, транспорт қатновининг қулайлиги ва бошқа инфратузилмаларнинг мавжудлиги каби омиллар бор. Масалан, Тошкентнинг Яккасарой, Ҳамза, Юнусобод туманларидаги уч хонали квартираларнинг нархи шаҳардаги тўрт хонали уйларнинг ўртача нархидан баланд. Ўртача нархларга Миробод туманидаги квартиралар баҳоси яқин. Уй-жой Собир Раҳимов тумани ва Чилонзорда арзонроқ. Уч хонали уйнинг баҳоси ўртача нархдан қарийб икки баробар паст бўлган ҳолат Сирғали мавзесида кузатилади.

Фарғона.Ру: - Нархлар яна ошишда давом этишига аниқ ишонса бўладими?

Мурод Абдуҳакимов: - Кўп омиллар Тошкентдаги кўчмас мулк нархининг кескин ошиши давом этишини кўрсатиб турибди. Риелторлар 2006 йилнинг охиригачаёқ нархлар икки баробар ошишини тахмин қилмоқдалар.

Биз нархларнинг ошиш жараёнини фақат сармоя ресурсларнинг тугаши тўхтатиб қолиши мумкин, деб ҳисоблаймиз. Сўнгги пайтларгача Тошкентдаги кўчмас мулкнинг асосий харидорлари резидентлар, яъни Ўзбекистон фуқаролари эди. Бироқ, экспертларга кўра, ҳозирда кўчмас мулк бозори иштирокчилари таркибида ўзгариш кечаяпти. Резидентларнинг кўпчилигида молиявий ресурслар чекланган, бу бозорнинг арзонроқ сегментларига (масалан, Сирғалига) «кўчиш»га мажбур қилади, аммо бозорга чет эллик сармоядорларнинг актив кириб келиши кузатилаяпти.

Бизнинг фикримизча, ҳозирги пайтда шаҳар бозорида турар-жой мулкларига бўлган талаб ҳажми 200 миллион АҚШ долларидан ошмайди. Бундай вазиятда йирик чет эл сармоясининг оқиб келиши нархларнинг навбатдаги сакрашига олиб келиши мумкин.


Қизиқ жойи шуки, норезидент харидорларнинг танловлари кўп жиҳатдан бу сармоядорларнинг қайси мамлакатлардан келишларига боғлиқ. Афтидан, сармоядорлар ўз мамлакатларида орттирган тажрибаларига таянган ҳолда қабул чиқарсалар керак. Хусусан, покистонлик сармоядорлар шаҳарнинг «эътиборли бўлмаган» жойларида кўп қулайликларга эга бўлмаган кўчмас мулкни, масалан, эски ётоқхоналарни катта ғайрат-шижоат билан сотиб олмоқдалар. Қозоғистонлик харидорлар асосан данғиллама иморатлар ва серҳашам квартиралар сотиб олишга мойиллар. Бу кўпроқ сармояларни тез қайтариб олиш нияти билан боғлиқ бўлса керак. Бироқ қозоғистонликларнинг кўпчилиги қурилишга сармоя ётқизишни ҳам истиқболли иш деб ҳисоблайдилар. Россиялик ва туркиялик сармоядорлар узоқ муддатли истиқболга эътибор қаратганлар ҳамда аксар ҳолларда саноат ва тижорат кўчмас мулки – омборхоналар, темирйўл шаҳобчалари ва ш. к. билан қизиқаётирлар.

Бизнинг фикримизча, бир йил аввал Тошкентда кўчмас мулк сотиб олган кишилар кўпроқ фойда топдилар.

Илова

Тошкент кўчмас мулк бозорининг жадваллар ва диаграммаларда акс этувчи 85 саҳифада тайёрланган кенг ва батафсил версияси билан танишиш учун тадқиқотнинг қоғозга туширилган ёки электрон шаклини SKS Consultingдан сотиб олиш мумкин:

Тел.: (+998 71) 133-5339/8218, 132-0712

Факс: (+998 71) 133-93-34

Уяли тел.: (+998 97) 102-75-20, 119-1779

Consulting.uz

Iroda_Azimbaeva@ciargroup.net, info@sks-consult.com

Алоқачи шахс:

Ирода Азимбоева

SKS Consulting лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси



 

Реклама