02:38 msk, 24 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Наманганлик фермерлар давлатга 108 сўмдан буғдой топшириш учун уни 200 сўмдан сотиб олаяптилар

24.07.2006 19:00 msk

ўз ахб.

«Мен фермер бўлганимга афсусланаман…» Бугунги кунда бу сўзларни Наманган вилоятидаги қишлоқларда тез-тез эшитиш мумкин. Бу ерда фермер хўжалиги юритиш ҳавфсиз бўлмай қолди: агар давлатга буғдой сотиш бўйича режани топширолмайдиган бўлсанг, нонингни қоқлаб, «узоқ жойларга» кетишга тайёргарлик кўраверсанг бўлади.

Наманган вилоятида буғдой ўриш кампанияси тугади, бироқ буғдой топшириш бўйича режани бажармаган фермерлар учун «қора кунлар» бошланди. Режани нима қилиб бўлса ҳам бажариш керак, вазиятдан чиқиш учун фермерлар бозордан 200 сўмдан буғдой олиб, тайёрлов идораларига (заготконторага) 108 сўмдан топшираяптилар. Мол айлантиришнинг бунақанги йўлларни билмаган фермерларнинг эса туман прокурори билан учрашишига тўғри келаяпти.

- Менинг фермер хўжалигим давлатга буғдой топшириш бўйича режани бажармаганлиги учун кечаси соат ўн бирда икки милиционер келиб, мени прокурорнинг олдига олиб кетдилар, - дейди исмини ошкор қилишни истамаган фермер аёл.

Унга кўра, бу йил унинг фермер хўжалигида ҳосилдорлик мўл бўлмаган, гарчи буғдойнинг баъзи навлари бу ўлкаларда об-ҳаво яхши келса, гектаридан саксон центнергача ҳосил берса-да, у гектарига йигирма беш центнердан ҳосил ололган, холос. Ҳосилдорлик яхши бўлмаслигининг сабабларидан бирини фермер аёл маҳаллий маъмуриятнинг ҳар бир ишга аралашишида, деб ҳисоблайди. Фермерлар дала ишлари билан шуғулланишнинг ўрнига туман ҳокимининг прокурор билан бирга ўтказадиган турли мажлислари ва «текширувлар»ида соатлаб ўтиришларига тўғри келаяпти.

- Менинг хўжалигимда экиш ишлари айнан ҳокимнинг айби туфайли икки ойга кечикди, - дея таъкидлайди бошқа бир фермер. – Сентябрь ойида буғдой экиб олган хўжаликлар режани бажардилар, мен эса буғдойни ноябрь ойида экишга мажбур бўлгандим, шу сабабли ҳам ҳосилдорлик тушиб кетди ва режани бажаришимда муаммолар туғилди.

Фермерга кўра, эндиликда у гўё топширилган ҳосил учун ҳужжат (накладной) сотиб олиш йўли билан режани бажариш (қарзни ёпиш) ҳақида тайёрлов пунктлари билан музокаралар олиб бормоқда экан.

Дарвоқе, «Фарғона.Ру» сайтида «Ҳосил йиғиштириш пайтида ҳар бир ўзбекистонлик фермерни махсус хизматлар назорат қиладилар» хабари чоп этилганидан кейин айрим фермер хўжаликларига ўтган йилги пахта ҳосили учун пул тўлай бошлаганлар. Бироқ бу ерда ҳам ҳаммаси силлиқ кўчаётгани йўқ: тушаётган пулларга бошқа ердан эга чиқмоқда.

Фермерлар ҳисоб рақамига тушаётган маблағлар қатъий тартиб асосида ўз жойига кетаяпти. Бу эса ҳар бир фермер хўжалиги солиқлар ва коммунал хизматлар учун тўловларни тўлаш билан биргаликда болалар спортини ривожлантиришга, Наманган вилоят ИИБ бошлиғи президент бўлган «Навбаҳор» футбол клуби жамғармасига ва ҳаказоларга маълум бир маблағ ўтказиши лозимлигини англатади. Расмийларнинг буйруғига кўра, банк фермерлардан рухсат сўраб ҳам ўтирмасдан, бу пулларни маълум бир ҳисоб рақамларига ўтказиб юборадилар. Шу ўринда, ўтказилаётган маблағларнинг каттагина эканини айтиб ўтиш жоиз.

- Тасаввур қилинг-а, мен ўз пулимдан институтда ўқиётган ўғлимнинг шартнома пулини ҳам тўлай олмайман, - дея куюнади фермер. – Керак бўлган маблағни ундириш учун эса кимгадир ялиниб-ёлворишингга, ўзингни ерга уришингга тўғри келади.

Шуниси диққатга сазоворки, икки қўшни вилоят – Андижон ва Наманган вилоятларидаги деҳконларнинг иш шароити бир-биридан анча фарқ қилади. Икки вилоят чегарасида жойлашган кўплаб хўжаликларни кичкинагина ариқ ёки кичикроқ дарё ажратиб туради. Андижон вилоят фермер хўжаликларининг буғдойдан бўшаган далаларига деҳконлар шоли экишга улгурганлар. Наманган вилоятида эса бу экинни буғдойдан бўшаган майдонларнинг ўн фоизигагина экишга рухсат берилган, холос. Шунинг учун ҳам бу экинни наманганлик деҳқонларнинг шахсий участкаларидагина кўриш мумкин. Аснода, фермерлардан бирига кўра, шоли етиштириш тупроқни туздан тозалайди, пахта ҳосилдорлигини оширишга имкон беради. Бунга фермер ўз тажрибасидан келиб чиқиб амин бўлган:

- Мен ўтган йили шоли эккан майдонлардаги пахта бошқа ерлардагидан кўра тезроқ ривожланаяпти.

Буғдойдан бўшаган ерларга картошка ҳам, маккажўхори ҳам, мош ҳам, ловия ҳам эктирмаяптилар. Ахир қишгача бу экинлардан анча-мунча ҳосил олиш мумкин эди-ку. Бироқ, маҳаллий расмийларга кўра, ер «дам олиши керак». Гап тамом-вассалом.



 

Реклама