13:59 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижонликларнинг Ватанга қайтишлари ўз фарзандлари билан бўлиш истагидан келиб чиққан

19.07.2006 18:39 msk

Галима Бухарбаева (ГФР)

Аввал хабар қилганимиздек, АҚШдан бошпана топган ўзбекистонлик ўн икки фуқаро ватанга қайтганлар. Ўзбекистон ТИВ тарқатган маълумотга кўра, бу андижонлик қочоқлар уйга қайтиш ҳақида расман ёрдам сўраганлар ва улар уйга мутлақо ўз ихтиёрларига кўра қайтганлар. Ўтган йилнинг май ойида Андижонда содир бўлган воқеа гувоҳларидан бири, журналист Галима Бухарбаева Германия ва АҚШда яшаётган ўзбекистонлик бошқа қочоқлар билан учрашиб, уларнинг ўз мамлакатларига қайтиш сабабларини аниқлашга ҳаракат қилган.

* * *

Бир йил аввал улар ўзбекистонлик аскарлар ёғдирган ўқ ёмғири остида Ўзбекистонни тарк этарканлар, мўъжиза туфайли тирик қолган эдилар. Ўшанда улар қийноқлар ва энг қаттиқ жазодан қўрқишиб, Қирғизистон расмийлари ва БМТдан уларни Ўзбекистонга қайтариб юбормасликни илтижо қилгандилар. БМТнинг қочоқлар иши бўйича Олий Комиссари бошқармаси улардан ҳар бирининг ҳаёти учун кураш олиб борганди. Улар тақдирини дунёнинг энг йирик сиёсатчилари кузатиб тургандилар. Дунёнинг ривожланганроқ мамлакатлари уларга бошпана бериб, бу қочоқларнинг янги ҳаёт бошлашлари учун шароит яратиб бергандилар. Аммо бугун андижонлик қочоқлар Ўзбекистонга қайтиш имкониятларини изламоқдалар. Уларнинг бу ҳаракатида 2005 йил 13 май кунги қочишдан кам бўлмаган ғайрат кузатилади.

Ўтган пайшанба куни Ўзбекистонга қайтган ўн икки одам Американинг Аризона штатида яшар эдилар. Уларнинг қайтиши, Аризонада қолган андижонликлардан бирига кўра, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ёрдамида ташкил этилган.

Ўзбекистоннинг Қўшма Штатлардаги элчихонаси бу фактни тасдиқлади, аммо андижонликларнинг қайтиши тафсилотларини ҳамда бу қайтиш ташаббускори элчихонами ёки қочоқларнинг ўзларими эканини изоҳлашдан бош тортди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчисининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Ибрагимов телефон орқали берган интервьюсида қуйидаги жумла билан чекланди: «Ўзбекистон Республикаси элчихоналари ва консулхоналари чет элда бўлган ҳамда уларга ёрдам сўраб мурожаат қилган ўз фуқароларига ёрдам беришга мажбурлар».

Уйга қайтган андижонликлар ватанда қандай кутиб олиндилар, улар ўз яқинлари билан кўриша олдиларми – бу ҳақда ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ. Аммо «Аризона гуруҳи» ватанга қайтиш истагини билдирганларнинг охиргиси бўлмаслиги мумкин.

Икки ҳафта аввал Би-Би-Си, «Озодлик» ва «Америка овози» каби радиостанцияларга Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига 2005 йилдаги Андижон воқеалари билан боғлиқ ҳолда Ўзбекистонни тарк этган ва Германияга бориб ўрнашган барча қочоқлар номидан ариза берилганди. Унда андижонликлар ўз айбсизликларига ишонганлари учун қувғин қилинганларининг биринчи кунидан бошлаб ватанга қайтишни орзу қилганлари ҳақида айтилади. «Биз мамлакатимизнинг гуллаб-яшнаши учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қилгандик. Биз президент ва давлатга қарши ҳеч қандай ҳатти-ҳаракатлар қилмаганмиз», - дейилади баёнотда. Шундан сўнг қочоқлар бундан буён ҳам Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги учун меҳнат қилишни исташлари ҳамда уларга бехавотир қайтиш учун имконият берилишига умид қилишлари ҳақида ёзадилар.

Германияга келиб қолган қочоқлардан бири олтмиш ёшли Нурулло Маҳмудов бўлади. У йигирма уч тадбиркордан бири бўлган Насибилло Мақсудовнинг отаси. Маҳмудовнинг айтишича, унинг ўғли Қозоғистонда ҳибсга олиниб, Ўзбекистон расмийларига бериб юборилган, ҳозир у қамоқда экан.

Маҳмудовга кўра, деярли ҳар бир қочоқнинг Ўзбекистонда ҳибсга олинган ёки судланган қариндошлари қолган. Қамоқда ўтирар эканлар, улар ўз оилалари томонидан бўладиган ҳар қандай ёрдамдан маҳрумлар. Муттасил равишда қариндошлардан хавотир олиш, ватан соғинчи, Маҳмудовга кўра, қочоқларнинг Ўзбекистонга қайтишга уринишларига сабаб бўлмоқда.

Ҳибсга олинган ўғли, Андижонда қаровсиз қолган етти невараси ҳақида гапирар экан, Маҳмудов кўз ёшларини базўр тийиб турарди:

- Мен ўғлимга ёрдам беришим керак, мен невараларимнинг олдида бўлишим керак.

Андижонда «Акромийлик» ташкилотини тузишда айбланган маҳбус Акром Йўлдошевнинг рафиқаси Ёдгорой Йўлдошева ҳам АҚШдан бошпана топганди. Унинг сўзларига кўра, Америка унга ёқар экан, аммо Ёдгоройнинг кўнгли икки қизи қолган, эри етти йилдан бери қамоқда ўтирган Ўзбекистонда экан.

Ё. Йўлдошева эрини кўрмаганига икки йил бўлибди. У эрининг аҳволидан хавотирда экан, унинг аҳволидан хабари йўқ экан.

- Бизнинг оилада эрим ҳақида ниманидир аниқлаб келиши мумкин бўлган бирорта ҳам эркак қолмаганди, - дейди Йўлдошева.

- Оналик ҳисси ҳавф-хатар юзага келган пайтларда ўз болалари пана қилиб, қутқариб қолишга мажбур қилади. Аммо ўша куни биз отишмадан карахт аҳволга тушиб, болаларимиз ҳақида ҳам унутиб қўйибмиз, - дея давом этади Ёдгорой Йўлдошева ўзини айбдор ҳис қилиб.

Агар кўпчилик одамлар учун муҳожирот атай ўйлаб қилинган иш бўлса, андижонликлар бундай деб ўйламаганлар: улар ўз уйларидан адолат истаб бир кунга чиққандилар, аммо улар узоқларга кетишга мажбур бўлганлар.

Нурилло Маҳмудов ўша куни Андижонда ўққа учганлар сафида бўлишига бир баҳя қолганди: ўқ унинг дўпписини бошидан учириб юборганди. Ўқ тешиб ўтган бу дўппини у ҳали ҳам ёнида сақлайди.

«Сиз ҳали ҳам президент Каримов сизларни кечиришига ишонасизми?» деган саволга Маҳмудов ишонишни истаганини айтади.

- Бизларни таъқиб қилмайдилар, деб умид қиламиз ва Худонинг ёрдами билан ҳаммаси ўз жойига тушиб кетади, деб ўйлайман, - дейди Нурулло Маҳмудов. – Бизнинг жойимиз ўша ерда, болаларимизнинг ёнида.

Халқаро бўхронларнинг олдини олиш гуруҳи Осиёдаги дастурларининг директори Роберт Темплер (Robert Templer) андижонликларнинг аҳвол-руҳиясини тушунади, аммо уларнинг кетиш ҳақидаги қарорларини «оқилона иш эмас», деб ҳисоблайди. Темплерга кўра, Ўзбекистонда бугунги кунда БМТнинг қочоқлар иши бўйича Олий Комиссари бошқармасининг ваколатхонаси йўқ, бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар ҳам мамлакатдан бадарға қилинганлар, шунинг учун ҳам БМТ ва жаҳон ҳамжамияти ўзбекистонлик расмийлар уйга қайтган қочоқлар билан қандай муомалада бўлишларини кузата олмайдилар.

- Қочоқлар Ўзбекистон адлияси измига тушиб қолишлари мумкин ва уларга энди ташқаридан ҳеч ким ёрдам бера олмайди, - дея қайд қилди Темплер. У андижонликларнинг Ўзбекистонга қайтиши бундан ўзини оқлаш ва ташвиқот ишларини олиб бориш учун фойдаланмоқчи бўлган ўзбекистонлик расмийлар учун ҳам ҳеч қандай фойда бермаслигини ҳам қўшимча қилди.

- Кичик бир гуруҳнинг қайтиши ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Бу 2005 йилнинг май ойида Андижонда содир бўлган воқеаларни ўзгартиролмайди ҳамда жаҳон ҳамжамиятининг Андижон хунрезлиги ҳақидаги фикрига таъсир кўрсатолмайди, - деди Темплер.

Тошкентлик мустақил социолог Баҳодир Мусаевни андижонликларнинг Ислом Каримовга мактуб ёзганлари ҳақидаги янгилик жуда танг қолдирган. Унга кўра, ўн учинчи май куни Андижондаги намойишчиларни отиб ташлашга буйруқ берган кишига мактуб йўллаш бемаънилик.

- Одамларнинг ўз ҳаётларига суиқасд қилган кишига яна мурожаат қилишлари фожеанинг ўзидир, - деди Мусаев.

Андижонлик қочоқлар гуруҳининг уйга қайтишлари БМТнинг Женевадаги қочоқлар ишлари бўйича Олий Комиссари бошқармаси учун ҳам кутилмаган воқеа бўлган. Унинг вакили Андрей Махечич (Andrej Mahecic) андижонликлар бу қарорни қабул қилишда улар билан маслаҳатлашмаганларини айтади. Махечичга кўра, ОКБ ходимлари бошпана изловчиларга ёрдам берадилар ва қочоқлар ватанларига қайтишни истаган пайтда уларнинг ишларига аралашишга ҳақлари йўқ. Аммо шундай бўлса-да…

- Агар андижонлик қочоқлар биздан маслаҳат сўраганларида эди, биз уларга Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳвол ҳақида гапириб берган ва ватанга қайтиш улар учун нақадар ҳавфсиз бўлиши мумкинлиги хусусида ўз маслаҳатимизни берган бўлардик, - деди Махечич.

Ҳозирги пайтда БМТнинг қочоқлар ишлари бўйича ОКБ бир йилдан бери Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган тўрт андижонликнинг озод этилиши учун курашни давом эттирмоқда. Яна бир неча андижонликлар Руминияда учинчи мамлакатдан бошпана топиш ҳақида қарорни кутиб ўтирибдилар.

Махечичга кўра, Америкадан андижонликлар гуруҳининг қайтганлиги Қирғизистондаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган қочоқлар билан боғлиқ вазиятга таъсир кўрсатмайди. БМТ ҚИОКБ Қирғизистондан Руминияга олиб чиқиб кетилган 439 қочоқдан 434 тасига уй-жой топиб берган.

Аснода, андижонликларнинг кўчиши қарийб якунланган пайтда уларнинг Ўзбекистонга қайтишни илтимос қилишлари бу одамларнинг террорчилар эмас, балки ўз ерларига қаттиқ боғланиб қолган халқ эканини, уларга ўқ отган ҳукумат эса сабр косаси тўлган ўз халқини отганлигини ва Андижоннинг фожеавий тарихи давом этаётганини яна бир маротаба исботлайди.

* * *

Галима Бухарбаева – тошкентлик журналист, ҳозир Германияда яшайди