15:50 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик муҳожир журналистлар тўкин-сочинликда яшамоқдалар ва ҳатто норозилик намойишларини ўтказмоқдалар

19.07.2006 12:19 msk

Алексей Волосевич

Биз тарвақайлаган қайинлар остидаги стол олдида ўтирганча велосипед миниб ўтаётган малласоч қизларни кузатиб ўтирардик. Чор-атрофда сукунат ҳукм суради.

- Швеция – велосипедчилар мамлакати, - дейди Қудрат Бобожонов биздан узоқлашиб бораётган скандинавиялик аёлларга қараб.

У бу мамлакатда февралдан бери – унга ва яна бир неча ўзбекистонлик журналистга сиёсий бошпана берилганидан буён яшаяпти. Андижондаги маълум воқеалардан кейин бошланган эркин ОАВнинг ер билан яксон қилиш кампанияси журналистларнинг Ўзбекистондан оммавий равишда чиқиб кетишига сабаб бўлган. Қисқа муддат ичида республикада «Озодлик», «Би-би-си» радиоси ҳамда Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) ваколатхоналари ёпилди, уларда ўзбекистонлик мухбирлардан жуда кўпчилик ишларди. Мамлакатда нималар содир бўлаётганини гапиришга уринганларнинг кўпчилиги ҳибсга олиниши ёки жисмонан йўқ қилиниши ҳавфидан қочиб, зудлик билан ватанни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлгандилар.

Страна велосипедисток
«Галима Бухарбаева каби маҳаллий ёлланма ишчилар жангарилар «уя»ларидан туриб очиқ «репортаж»лар бера бошлаганлар, - деб ёзганди 2005 йилнинг майида ҳукуматнинг «Правда Востока» газетаси. – Бундай фитналарга қачонгача чидаш мумкин? Халқимизда «Пичоқ суякка етди» деган ибора бор. Афтидан, бу дўконни ёпиш, аҳил журналистлар тўдасини эса бошқа мамлакатда «уруш ва тинчлик» излашлари учун ўша ёққа бадарға қилиш керакка ўхшайди. Одамларнинг қони ва қайғуси эвазига арзон обрўга орттиришга уринган барча журналистларни телевизор орқали кўрсатиш керак, халқ ўз «жонбозлари» кимлигини билиб қўйсин».

Тез орада Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг (IWPR) ўзбекистонлик мухбирлари бу сўзларнинг қуруқ гап эмаслигини ҳис қилганлар. IWPR ҳамда Эрон радиосининг ўзбек хизмати мухбири Тўлқин Қораевни безориликда айблаб, қўлга олишган ва ўн суткага қамаганлар. Озод этилганидан икки кун ўтгач, уни яна қўлга олганлар ва милицияда беш соат ушлаб туришиб, кейин паспортини тортиб олишган. Кейинги ҳибс узоқ йилларга чўзилиши аниқ бўлиб қолгани учун Тўлқин истар-истамас қочиб қолишга мажбур бўлган.

IWPR мухбири ва «Uznews.net» сайти муҳаррири Қудрат Бобожоновга эса, агар вақтида бирор узоқроқ жойга даф бўлса, қамалмай қолиши мумкинлигини астойдил «тушунтирган»лар. Кучайиб бораётган қатағон вазиятида у қўшни Қирғизистонга ўтиб кетишни ақлга мувофиқ иш деб билган.

Аста-секин бу республикада Ўзбекистондан қочиб келган бошқа журналистлар ҳам тўплана бошлаганлар. Орадан бироз вақт ўтгач, улар қочоқ мақомини олганлар ва Европанинг турли давлатларига юборилганлар. Шундай қилиб ўзбекистонлик журналистлар Европа бўйлаб тарқалиб кетганлар – кимдир Англияга, кимдир Германияга, Чехияга ёки Швецияга кетган. Швеция бирданига беш ўзбекистонлик журналистга - Матлуба Азаматова, Тўлқин Қораев, Юсуф Расулов, Қудрат Бобожонов ва Зокиржон Ибрагимовга бошпана берган.

Мен яқинда бу мамлакатда журналистлар учун ўтказилган семинарда иштирок этиб, ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан учрашиш имкониятига эга бўлдим ва уларнинг сиёсий муҳожир сифатида чет элда қандай ҳаёт кечираётганлари билан қизиқдим.

Маълум бўлишича, улар ёмон яшамаётган эканлар. Оддий ўзбекистонлик нуқтаи назарида туриб қаралса, Швеция – «жаннатмакон жой». Бу ерда кийим-кечак Ўзбекистондагидан арзон, турли-туман озиқ-овқатларнинг сероблигидан супермаркетларнинг токчалари синиб кетай дейди. Бу ерда ҳатто истасанг ҳам очдан ўлолмайсан.

Кудрат Бабаджанов
Қудрат Бобожонов. Фарғона.Ру АА фотоси
Тўлқин, Юсуф и Қудрат Тимро шаҳрида истиқомат қилишади. Уларга яшаш учун ҳамма нарса муҳайё қилинган – алоҳида квартиралар, пуллар, тил ўрганиш учун имконият ва агар улар истасалар, швед жамиятига қўшилиб кетиш имконияти ҳам берилган. Юсуф Расулов ҳатто машина сотиб олишга ҳам улгурибди. Хуллас, маиший жиҳатдан ҳаммаси яхши. Аммо уларга нимадир етишмаётгандай туюлаверади.

- Бизнинг жойимиз у ерда – Ўзбекистонда, - дейди тунд алфозда ҳиндуларга ўхшаган қорамағиз Тўлқин Қораев.

Маълум бўлишича, моддий фаровонлик энг асосий нарса эмас экан. Швециядаги ҳаёт улар учун зерикарли, қизиқ эмас. Улар ўз мамлакатидаги муаммолар билан яшашда давом этадилар, аммо бу ҳақда шведлар билан гаплаша олмайсан. Бунинг устига улар швед тилини билмайдилар. Уларга мулоқот, муҳим ишга бош қўшиш ҳисси етишмайди. Ўзбекистонда эркин журналистика деганлари экстремал тушунча, шунинг учун улар қай бир маънода юзага сузиб чиқиб қолган чуқур сувости балиқларига ўхшаб қолганлар. Бу ерда ўзлари кўникиб қолган босим, кураш ҳисси йўқ, шу сабабдан ҳаёт ўз тотини йўқотгандай туюлади…

Швецияда улар журналистика билан шуғулланишни давом эттираяптилар, сиёсий фаолиятни ўзлаштираяптилар. Мухолифатнинг «Эрк» газетасини ўзбек ва рус тилларида чиқараяптилар, Интернетда мақолалар эълон қилаяптилар ва вақти-вақти билан норозилик намойишлари ўтказиб турибдилар. Андижон воқеаларига бағишланган ана шундай тадбирлардан бирини улар мен семинарда бўлган Кальмар шаҳрида ўтказишга қарор қилганлар.

Акция протеста в Кальмаре
Кальмардаги норозилик намойиши. Фарғона.Ру АА фотоси
Шанба куни эди. Швециядаги бошқа шаҳарларни билмадиму, аммо Кальмарда бу куни халқ у-бу нарса харид қилишга уринади, улар шаҳар бўйлаб айланиб юрадилар ва кўчаларни ўзига хос концерт майдончаларига айлантириб олган мусиқачиларнинг чиқишларини томоша қиладилар. Ҳамкасбларимиз анча пайтгача «Зўравонликка чек қўйиш», «Андижон қурбонларини унутмаймиз» ва ш.к. шиорларни кўтариб туриш учун муносиброқ жой қидириб юришди. Пировардида улар қандайдир йирик универмаг ёнига бориб туришди. Шу куни универмагда аёлларнинг либослари намойиш қилинаётган бўлиб, ёқимтой қизлар томошабинларнинг олқишлар остида кийимларини кўз-кўз қилишиб у ёқдан-бу ёққа ўтиб турардилар. Қудрат, Юсуф ва Тўлқин дадиллик билан ўз плакатларини очишиб, кўчага кўндаланг туриб олдилар.

Тез орада швед жононлари билан рақобатлашиш осон иш эмаслиги маълум бўлди. Одамлар уларни эринчоқлик билан кузатишар, уларга кўпроқ ҳайрат билан боқишарди. Умуман олганда, бу журналистларнинг «Озодлик»дан кимгадир тадбир муваффақиятли ўтаётгани ҳақида телефон орқали ахборот беришига ҳалақит қилгани йўқ.

- Where is it - Uzbekistan? – дея қизиқсинди бир швед аёл.

- Uzbekistan is a country bordering on Afghanistan, - дея изоҳ бердим унга.

Бир дақиқача ўйланиб турганидан сўнг унинг юзи табассумдан ёришди:

- Oh, I know! Uzbekistan - Ben Laden!..

Биз бу ерда Қирғизистонда яширинган тўрт юз андижонлик қочоқ ичида бўлган ёш ўзбек йигитларини учратдик. Улар плакатларни очаётган журналистларни кузатиб туришарди. Бироқ семинардан кейин мен ва ҳамкасбим Ўзбекистонга қайтишимизни эшитишлари билан улар бир зумда оломон ичида йўқ бўлиб кетишди.

«Би-би-си»нинг махсус мухбири Матлуба Азаматова норозилик намойишини четда туриб кузатди. У Стокгольмда яшар экан. Аввал-бошда унга ҳам кичкина бир шаҳардан уй берган эканлар, аммо у ишбилармонлик қилиб икки ойдан кейин Швеция пойтахтига кўчиб ўтибди. Унга ҳам, унинг болаларига ҳам Швеция ҳукумати бу ерда яшаш учун бемалол етадиган даражада пул ажратган.

Гарчи Матлуба ҳам Ўзбекистонни соғинса-да, ҳамма нарсага реалистларча қарайди. Швеция уни ўз гўзаллиги билан мафтун этибди. Агар болалар бу ерда узоқроқ туриб қолсалар, уйга – Ўзбекистонга қайтишни истамай қолар эканлар. Улар юқори даражадаги турмушга кўникиб қоларканлар, бу ерда уларнинг дўстлари, қизиқишлари, режалари пайдо бўларкан.

Катталарга келсак, уларга ҳаммасини бошидан бошлаш анча қийин кўринади. Бунинг устига уларнинг табиати ҳам шведларникидан анча фарқ қилади.

Тулкин Караев
Тўлқин Қораев. Фарғона.Ру АА фотоси
- Швецияда менга энг ёқмаган жиҳат итларнинг кўплиги бўлди, - дея хўрсинади Тўлқин Қораев. – Бу ердаги ҳар бир оилада камида биттадан ит бор. Бир тасаввур қилиб кўринг: улар паспортдаги «оила аъзолари» деган бандга тўғридан-тўғри «эр, хотин, фарзанд ва ит» деб ёзар эканлар!

Ҳамкасбларимга кўра, ўзларини халққа қарши режим қурбони кўрсатиб, пайтдан фойдаланиб, Европага ўтиб кетишга уринган ҳар хил товламачилар кам эмаслар. Масалан, осиёлик бир гуруҳ лўлилар ҳам ўзларини андижонлик қочоқлар деб таништирганлар. Бироқ БМТ ҚИОКБ вакиллари тез орада бунинг тагига етганлар ва уларга бошпана беришдан бош тортганлар.

Швеция билан Ўзбекистондаги журналистлар иш шароитларини қиёслаш анча қизиқ. Гап келганда, Швецияда мухолифат матбуоти деган нарсанинг ўзи йўқлигини қайд этмоқчиман, чунки бутун матбуот амалдаги ҳукуматга нисбатан танқидий муносабатдадир. «Ҳар куни ҳукуматни ағдариб ташлашга ҳаракат қилиш ва мухолифатнинг ҳокимият тепасига келишига йўл бермаслик» - ҳаммани истисносиз (шу жумладан Швеция қиролини ҳам) фош қилувчи швед оммавий ахборот воситаларининг шиори ана шундай. Сиёсий ҳаётда шаффофликка риоя қилиш тамойили қонун даражасига кўтарилган. Истаган одам энг юқори мансабдаги амалдорнинг, жумладан, бош вазирнинг ҳам хизмат ёзишмаларини улар билан танишиш учун талаб қилишга ҳақли. Эътибор беринг-а – журналист эмас, истаган одам, ҳатто Швеция фуқароси бўлмаган одам ҳам. Амалдорларнинг унга рад жавобини беришга ҳақлари йўқ, бунинг устига, улар бунинг нимага керак бўлиб қолгани билан қизиқишга ҳам ҳақли эмаслар. Бундай чора-тадбирлар самарасиз давлат бошқаруви ва коррупцияга қарши (шу сабабли ҳам Швецияда коррупция қарийб йўқ) қаратилган.

...Сафаримиз охирлаб қолганда Қирғизистондан яна бир ўзбекистонлик журналист Зокиржон Ибрагимов келиб қолди, у ҳам IWPR мухбири бўлиб ишлаганди. Тақдир тақозосига кўра у ҳам бир неча йил аввал Кальмарда бўлиб ўтган журналистлар учун семинарда қатнашган, шунинг учун ҳам бу шаҳарда яшашга рухсатнома олганидан кейин собиқ ўқитувчиларини кўриб кетиш учун келган экан. Зокиржон Кальмарда ҳаммаси бўлиб ўттизга яқин андижонлик қочоқ яшашини гапириб берди. Улар ҳеч ким билан гаплашмас, ҳамма нарсадан қўрқар эканлар. Умуман олганда, улар аста-секин ўзларига келаётган эканлар ва уларга нима бўлгани ҳақида тобора очиқроқ гапира бошлабдилар.

Журналисты готовят оружие против режима Каримова
Журналистлар Каримов режимига қарши қурол тайёрлаяптилар. Фарғона.Ру АА фотоси
Қайд қилишим керакки, ҳамкасбларим ҳам, андижонлик қочоқлар ҳам Швециядан сиёсий бошпана топган биринчи ўзбекистонликлар эмаслар. Мана ўн йил бўлибдики, бу мамлакатда «Интерфакс»нинг собиқ мухбири Абдурашид Шарипов яшайди. 1992 йилда Тошкентдаги талабалар исёни қонли бостирилгани ҳақида хабар қилганидан кейин уни «номаълум кишилар» темир таёқ билан ўлдираёзгандилар.

Балки бу сафар ўзбекистонлик расмийлар мамлакатдан қочган журналистларга нисбатан бундай чора қўлламагандирлар. Балки уларнинг ўзлари Ўзбекистондан даф бўлишлари учун журналистларни фақат озгина қўрқитиб қўйишга қарор қилгандирлар. Нима бўлганда ҳам қандайдир натижага эришилди: Марказий Осиёдаги энг кўп - 26 миллион аҳолига эга бўлган мамлакатда бугунги кунда бор-йўғи йигирматача Ғарб ОАВ ва мустақил журналистлар қолганлар, холос.