23:26 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Сизлар ерда (ҳеч қаёққа) қочиб қутулгувчи эмассизлар”. Акром Йўлдошев андижонлик қочқинларни Ўзбекистонга қайтишга ундамоқда

19.07.2006 02:58 msk

Алишер Соипов

1 йил аввал Андижонда юз берган қонли май воқеаларидан кейин Ғарб давлатларига йўл олган андижонлик қочқинлар Ўзбекистонда қайтиш тараддудини кўрмоқда. Қочқинлардан 12 нафари аллақачон АҚШдан Андижонга қайтган.

Тўрт юздан ортиқ қочқин Ўзбекистонга қайтган тақдирда қийноққа юз тутиши мумкинлигига оид хавотирлар ортида ўтган йили Қирғизистондан Руминияга жўнатиб юборилганди. Андижонликлар Руминиядан Германия, Чехия, Швеция, АҚШ ва Австралия каби давлатларга йўл олган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қочқинларнинг Қирғизистондан учинчи давлатга олиб чиқиб кетилиши ҳаракатини қоралаб чиққан.

Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги Америкада яшаётган ўн икки нафар андижонлик ўтган ҳафта Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига ёрдам сўраб мурожаат этганини маълум қилди. 13 июль куни андижонлик қочқинлар Ўзбекистон ҳукуматининг молиявий кўмагида Ватанига қайтган.

12 нафар қочқин ортидан энди Ғарб давлатларида яшаётган бошқа андижонликлар ҳам Ўзбекистонга қайтиш умидида аниқ ҳаракатларни амалга оширмоқда. Германияда яшаётган қочқинлар хавфсизлик кафолати берилган тақдирда ватанга қайтишга тайёр эканликларини 1 ой аввал мактуб орқали Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга маълум қилган:

“Биз ўз ватанимиздан чиқиб кетганимизга бир йилдан ошди. Шу кунгача биз юртимизга қайтиш кайфиятида яшадик ва ҳозир ҳам шу ниятдамиз. Чунки халқимиз ва раҳбарларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлишига ишонамиз. Биз ватанимиз гуллаб-яшнаши учун меҳнат қилганмиз. Президент сиёсати ва Ўзбекистон сиёсатига қарши ҳаракат қилмаганмиз. Аксинча, Ўзбекистон қонунларини биринчи бўлиб, амалда татбиқ қилганмиз. Биз ноҳақлик ва тушунмовчиликлар қурбони бўлишни истамаймиз. Биз “элим деб, юртим деб” яшашни шиор қилиб яшадик ва бундан кейин ҳам шу фикримизда қоламиз. Ўзга юртда ҳам ҳалол ишлаб, ҳалол яшаса имконият кенглигини кўрдик ва билдик. Лекин биз ўз юртимизнинг, ўз элимизнинг фидойиларимиз. Ҳозирда бизга Ўзбекистонда яшаб, унинг келажаги учун меҳнат қилишимизга ҳеч ким қаршилик қилмайди деган умид билан ўз юртимизга қайтишни хоҳлаймиз”.

Ўшда яшаётган андижонлик қочқиннинг айтишича, 13 май воқеаларининг 1 йиллиги арафасида “акрамийлар” раҳбари экани даъво қилинадиган Акром Йўлдошев гўёки турмадан ўз тарафдорларига нома йўллаган. Номада ёзилишича, Андижон қирғинига бевосита гувоҳ бўлган барча қочқинлар яқинда Ўзбекистонга қайтадилар.

Қайтиш ғояси турли қитъаларда яшаётган қочқинлар ўртасида қувонч билан қарши олинган. Бу мавзу электрон мактублар ва телефон суҳбатлари орқали қизғин муҳокама қилинмоқда. Ўзбекистонга қўшни давлатлардан бошпана сўраб, БМТ ҚиБОК ва расмий идораларга мурожаат қилган бошқа андижонликлар ҳам Ғарбга кетишга иккиланиб қолган.

Акром Йўлдошев ўз номасида “ҳозир дунё давлатларида ҳижратда юрган биродарлар”ига Қуръони Каримнинг “Шўро” сурасини ўқишни тавсия қилган. Номада “Шўро” сурасидан олинган қуйидаги оятлар алоҳида урғуланади:

“Сизлар ерда (ҳеч қаёққа) қочиб қутулгувчи эмассизлар. Ва сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст ва ёрдамчи йўқдир” (31-оят).

“(Токи) Бизнинг оятларимиз хусусида талашиб-тортишадиган кимсалар ўзлари учун (Аллоҳнинг азобидан) бирон қочиб қутуладиган жой йўқ эканлигини билиб олсинлар!” (35-оят).

“(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта У зулм қилгувчиларни севмас” (40-оят).

“Албатта ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу иш ишларнинг мақсадга мувофиғидир”, (43-оят).

“У (йўл) осмонлардаги ва ердаги бор нарса Ўзиники бўлган зот - Аллоҳнинг йўлидир! Огоҳ бўлингизким, барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтур!” (53-оят).

Акром Йўлдошевнинг ёзишича, қочқинлар албатта Ўзбекистонга қайтишлари керак, чунки президент Ислом Каримовнинг шахсан ўзи “Акрамийлар” раҳнамолари билан музокарада андижонликларга тазйиқ ўтказилмаслигига кафолат берган.

Андижон воқеаларининг ташкилотчиси сифатида айбланган Қобил Парпиев бошлиқ бир гуруҳ андижонликлар ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида Қозоғистонда қўлга олинган. Қўлга олиш амалиёти ИИВ ва МХХ ҳамкорлигида ўтказилган. Бу маълумотни Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлигидаги манба тасдиқлади.

Қобил Парпиев 13 май қирғинидан кейин Қирғизистонга қочиб ўтишга муваффақ бўлган ва ОАВ орқали халқаро жамоатчиликни мустақил текширув ўтказишга чорлаган эди. Ўзбекистон расмийлари шахсан президент Ислом Каримов номини тилга олган ташкилотчининг қўлга тушганини ошкор қилмади. Ярим йилдан буён сўроқ бераётган Қобил Парпиев билан, маълум бўлишича, турли лавозимдаги ўзбек расмийлари учрашган.

Акром Йўлдошев турмадан қочқинларга йўллаган номада 13 май воқеаларини уюштиришда айбланган “акромийлар”га нисбатан муносабат яхши экани, ҳукумат ҳозир андижонлик тадбиркорларнинг иш усулларини ўрганаётгани ёзилган.

Андижонлик қочқинлар эса, айни пайтда “Шўро” сурасини ўқишдан ташқари яна Акром Йўлдошев яқинда жўнатишни ваъда қилган навбатдаги номани кутмоқдалар. Қочқинлар “ватандан хушхабар” келиши биланоқ оммавий равишда Ўзбекистонга қайта бошлайдилар. Оммавий қайтиш, тахминан, шу йилнинг куз ойларига белгиланган.

Андижонлик қочқинларни Ўзбекистонга қайтишга нафақат яқинлар билан кўришиш умиди ва соғинч, балки, Акрам Йўлдошев ёзганидек, Қуръон оятлари ҳам ундамоқда:

“(Токи) Бизнинг оятларимиз хусусида талашиб-тортишадиган кимсалар ўзлари учун (Аллоҳнинг азобидан) бирон қочиб қутуладиган жой йўқ эканлигини билиб олсинлар!” (35-оят).

“Қизил ҳудуд” саналадиган ўзбек турмасида ётган Акром Йўлдошев ўз хоҳиши билан бундай нома ёзгани шубҳали туюлади. Диний эътиқоди кучли андижонлик қочқинлар эса, Қуръони Карим оятлари таъсирида Ўзбекистонга қайтишлари мумкин. Аммо Акром Йўлдошевни ким бошқараётган бўлиши мумкин?