14:00 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик мардикорлар уйга қайтиш учун ўз биродарларини сотишга мажбур бўлганлар

18.07.2006 16:07 msk

Мақсуд Самидов

Кеча ўзбек газеталаридан бирида ишлайдиган журналист танишим менга қўнғироқ қилиб, зудлик билан учрашишни илтимос қилди. Ўн беш дақиқалардан кейин мен унинг олдига бордим ва у мени, тушунишимча, бизни кутишаётган уйга олиб келди. Бу ерда ўн саккиз-йигирма ёшлардаги уч йигит, ёши ўтганроқ бир эркак ва бир аёл тунд кайфиятда ўтирар эдилар.

- Биз сизни бу йигитларнинг Тошкентдан Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманига чиқиб кетишига ёрдам беришингиз учун таклиф қилдик, - деди ўзини Ҳамид ака деб таништирган кекса киши.

- Ўзи нима гап? – қизиқсинди танишим.

- Улар бошдан кечирган кўргилик нақ даҳшатнинг ўзи! Мен ҳали ҳам ўзимни қўярга жой тополмаяпман, - хонада ўтирган Гулнора опа исмли аёл шундай деб, йиғлаб юборди.

Воқеа эса мана бундай бўлган экан. Баҳор бошларида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан бўлган тўрт йигит ўз ватанларида иш тополмаганлари учун пул ишлаб келиш илинжида Россияга кетишга қарор қилганлар. Россияга махсус автобусда бориш мумкинлиги ҳақида қаердадир эълон ўқиган йигитлар «тийинлаб» пул жамғаришиб, эълонда кўрсатилган жойга етиб келганлар.

- Келдик, автобусга ўтирдик, - дея ҳикоя қилади йигитларнинг ёши каттароғи бўлган Азамат: у бор-йўғи йигирма иккига кирган. – Йиққан пулимиз йўлкирага етмади ва ҳайдовчи Москвага келгач, қолган пулни ишлаб узишимиз мумкинлигини айтди. Ноилож рози бўлдик ва автобус ўрнидан қўзғалди.

Манзилга Қозоғистон орқали ўтиларди. Йўлда автобус бир неча бор қароқчилар ҳужумига учраган, «улар нарсаларимиздан кўзларига ёққан нарсаларни олиб қолардилар», дея давом этади Азамат.

- Ўзингни ҳимоя қила олмайсан, уларга бир оғиз гап ҳам айтиб бўлмайди, акс ҳолда автобусдан тушириб калтаклашлари ёки ҳатто ўлдириб, даштда қолдириб кетишлари мумкин, - дея суҳбатга аралашади Азаматнинг йигирма ёшли укаси Ҳайрулло. – Ҳайдовчи ҳар тўхтаганда бу бандитларга мўмайгина пул беришга мажбур бўларди. Бўлмаса, унинг айтишича, автобусни тортиб олишлари ёки ёқиб юборишлари мумкин экан, унда ҳаммаси тамом бўлди деяверинг.

Бир неча кунлар ва тунлар мобайнида бу даҳшатларни бошдан кечирган йигитлар, ниҳоят, кўзлаган манзилларига - Москвага етиб келганлар. Бироқ у ерда йигитларни янада каттароқ кулфат кутиб турган экан: автобус ҳайдовчиси ўзининг қанақадир танишини чақириб, қаҳрамонларимизни кўрсатиб, бу йигитлар унга қарашли эканини ҳамда уларни бир ойга маълум миқдордаги маблағ эвазига сотиши мумкинлигини айтган.

- Бу гапларни эшитиб, гунгу лол бўлиб қолдик, - дейди кўз ёшларини зўрға тийиб турган Азамат. – Ҳайдовчининг таниши ҳар биримизга беш минг рублдан беришини айтди. Ҳайдовчи рози бўлди, савдо пишди. Шундан сўнг ҳайдовчи бизга омад тилаб, ўз йўлига кетди. «Хўжайин»имиз бўлса бир кун ўтгач бизни москваликлардан бирига сотиб юборди.

Миллати корейс бўлган янги «хўжайин» Москва яқинида ўзига коттеж қураётган экан. У сотиб олинган «мол»ни ўша ёққа олиб кетган. Йигитлар унинг уйида роппа-роса тўрт ой ишлаганлар. Кейин «хўжайин»дан ватанга бориб, уйдагиларга ишлаб топган пулларидан озроқ қолдириб келиш учун рухсат сўраганлар.

- Биз аввалги «хўжайин»га тўланган пулни оқлаб бўлганимизга ва ҳатто ўзимиз учун ҳам маълум бир миқдор пул ишлаганимизга амин эдик, - дейди Азамат, - аммо янглишган эканмиз…

«Хўжайин» йигитларга улар ўзлари учун тўланган пулни ҳали оқлолмаганлари, шунинг учун ҳам улар томонидан ишлаб топилган қанақадир пул ҳақида гапириш кулгили эканини айтган. Бу ҳам камлик қилгандай, «хўжайин» бу болалар унинг «мулки» бўлганлари учун уларга умуман пул тўламасликка ҳақли эканини билдирган. Ахир у тўрт ойдан бери йигитларни ўз ҳисобидан едириб-ичириб, ётоқ-жой билан таъминлади-ку?

Чув тушганларини англаган болалар ўзларини тутолмай қолганлар ва… йиғлаб юборганлар. Бирдан «хўжайин»нинг уларга раҳми кела бошлаган.

- У ҳар биримизга минг рублдан бериб, Қозон вокзалига олиб бориб ташлади, - дея ҳикояни давом эттирди Ҳайрулло, чунки Азамат аччиқ хотиралар туфайли келган йиғидан бўғилиб гапиролмай қолганди. – Унинг қаттиқ тайинлашича, биз бир ойдан кейин Москвага қайтишимиз керак эди, гарчи у бизнинг барибир қайтмаслигимизга ақли етиб турган бўлса-да.

Бизга охирги кунлар барча даҳшатлари билан ортда қолгандай кўринар, ўзимизни ниҳоят озод бўлгандай сезардик, тезроқ уйга кетгимиз келарди! Аммо бунақа бўлмади.

- Вокзалдаги чипта сотадиган кассалар ёнида турганимизда, олдимизга милиция ходими келиб, ҳужжат кўрсатишни талаб қилди, - дея давом этади Ҳайрулло. – Биз ҳужжатларимизни кўрсатдик. У паспортимизни менсимайгина варақлаб кўриб, ортидан юришни буюрди. Биз милиция участкасига ҳечам ўхшамайдиган қандайдир хонага кирдик ва у ерда милиционер бизга чўнтакдаги ҳамма нарсани чиқаришни буюрди. Биз унинг айтганини қилдик. Пулларни кўргач, у дарров уларни чўнтагига апил-тапил тиқди-да, паспортларимизни қайтариб бериб, Москвада тезроқ жўнаб қолишни, акс ҳолда бизни тегишли жойга бериб юборишини айтди.

Болаларнинг бошқа пуллари бўлмагани учун ҳеч бўлмаса пулнинг бир қисми қайтаришни сўраб, қилган илтижо-ю таваллолари милиция ходимига мутлақо таъсир қилмаган, у қўл силтаб, кетиб қолган. Шу ерда йигитларга биз уйида ўтирган Гулнора опа йўлиқади.

- Мен Москвадаги танишларимникига меҳмон бўлиб бориб, уйга қайтаётган пайтим эди, - дея ҳикоясини бошлайди Гулнора опа. – Вокзалда ўтирганимда мана бу болалар эътиборимни тортишди, улар Тошкентга кетаётган ўзбекларнинг ёнларига боришиб, уйга кетишга ёрдам беришни сўраб, ялинишарди. Аммо ҳамма уларга рад жавобини берарди. Мен ҳам пулимнинг ҳаммасини ишлатиб бўлганим учун бу бечораларга ёрдам беролмадим. Аммо бу болаларга раҳмим келиб, уларни шундоқ ташлаб кетишни истамасдим.

Бир пайт уларнинг олдларига бир неча киши (тожикларга ўхшайди) келдилар.

- Улар йигитлардан бирини сотишни, шу тариқа бошқаларнинг уйга етиб олишларига ёрдам беришни таклиф қилдилар, - дейди Гулнора опа ўзининг даҳшатга тушганини яширмай. - Бу гапни эшитиб, қўлимдаги сумкамни тушириб юборай дебман. Мен уларга «сизлар ҳам мусулмонсизлар-ку, ахир қандай қилиб тирик одамни сотиб юбориш мумкин!», дея қичқирдим. Улар эса бошқа йўл йўқлигини, агар йигитлар бу ерда қоладиган бўлсалар, барибир сотилиб кетишларини айтдилар. Тушунаяпсизми?!

Бошқа йўл йўқлигини билган болалар батамом тушкунликка тушиб қолишган. Шунда улардан бири (йигитлар унинг исмини нимагадир айтмадилар) ўзининг қисматдош биродарларига мурожаат қилган.

- У сотилишга рози эканини, аммо уйга қайтгандан кейин уни албатта қайта сотиб олиш ва уйга қайтариш учун пул топиш юборишимизни шарт қилиб қўйди, - Ҳайрулло шундай деб, юзини кафтлари билан яшириб олди.

- У боланинг бўйи тиззамдан сал баландроқ, бунинг устига жудаям озғин эди, - Гулнора опанинг кўзларига ёш қалқийди. – Унинг учун ўн минг рублга яқин пул тўладилар. Шу билан бирга, бу пулнинг ярмини кўрсатган ёрдамлари учун тожикларнинг ўзлари олдилар, тўрт минг рублга йигитларга чипта сотдилар (афтидан, улар чипта сотиш билан тирикчилик қилсалар керак) ва қолган минг рублни йигитларга беришиб (бу тахминан 40 минг ўзбек сўмига тенг – муал.), мен келган вагонга солиб юбордилар.

Гулнора опа ўша заҳотиёқ болаларга пулни Тошкентга етгунча унга бериб қўйишни таклиф қилган, улар бўлса бунга рози бўлганлар. Тўғри қилишган экан: йўлда йигитлар келаётган купега бир неча бор талончилар бош суққанлар, улар пул излашиб, болаларнинг ҳамма чўнтакларини ағдаришга мажбур қилганлар, ҳеч нарса тополмагач эса уларни калтаклаганлар.

- Йўлда бу даҳшатли кўринишни бир неча бор кузатишимга тўғри келди, - дея алам билан ҳикоя қилади Гулнора опа. – Уларнинг ёнини ололмадим, чунки ўзим ҳам жабр кўриб қолишдан қўрқдим. Одамлар нега бунчалик ёвуз бўлиб кетган эканлар-а?..

Ниҳоят, улар Тошкентга етиб олганлар. Вокзалдан чиққач, қаҳрамонларимиз яна милиция ходимларига, бу сафар ўзбекларга дуч келганлар. Милиционерлар болаларни тўхтатишиб, паспорт кўрсатишни талаб қилганлар. Йигитларнинг Самарқанд вилоятидан эканларини билишгач, милиция ходимлари уларга ортларидан участкага боришни буюрганлар. Шу ерда Гулнора опа ўзини тутолмай қолган. У агар милиция ходимлари болаларни тинч қўймайдиган бўлсалар, у МҲХда (Миллий ҳавфсизлик хизмати) ишлайдиган қариндошини чақиришини айтиб, милиционерларни қўрқитган. Қайд этиш жоизки, бу қисқартма от нафақат ўзбекистонлик оддий фуқароларни, балки милиция ходимларини ҳам чўчитади.

- Уйга келишда ҳам болаларни бир неча марта милиция тўхтатиб, Тошкентда юришга рухсатнома сўради. Нима, ҳозир шунақа тартиб борми? – дея ҳайрон бўлади Гулнора опа. – Мен бу бечораларни ҳозирча ўз уйимда қолдирдим ва қўшнимдан (у менинг журналист танишимга ишора қилди – муал.) болаларнинг Самарқандга етиб олишлари учун ёрдам беришни илтимос қилдим.

Биз тезда нарсаларни йиғиштириб, Самарқандга автобуслар жўнайдиган автовокзалга қараб йўл олдик. Йигитларнинг ҳар бири учун уч минг сўмдан пул тўладик ва уларни ўз ўринларига ўтқазиб қўйиб, улар билан хайрлашдик. Кетишларидан олдин мен болалардан «Москвада қолган дўстингизнинг яқинларига нима дейсизлар?» деб сўрадим. Улар «билмаймиз…» дея бошларини хам қилдилар.

Қайтишда танишимдан «бу ҳақда ўз газетангизда ёзасизми?» деб сўрадим. У рад жавобини берди:

- Бу бизнинг мавзуимиз эмас, - деди у аччиқ истеҳзо билан.

- «Сизнинг» мавзуингиз қанақа бўлиши керак? – дея қизиқсиндим.

- Газетамиз саҳифаларида ҳамма вақт кўраётганингизга ўхшаш мақолалар, деб жавоб қилди у.

* * *

Мақсуд Самидов (Тошкент)