14:06 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон расмийлари Бухоро вилоятида содир бўлган йирик автомобиль ҳалокати ҳақида лом-мим демадилар

16.07.2006 13:54 msk

ўз ахб.

14 июль куни Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги «Абдуҳолиқ Ғиждувоний» масжидида ўқилган Жумъа намози чоғида автоҳалокатда ҳалок бўлганлар ҳаққига дуо қилинди. Бироқ кўплаб одамларнинг қурбон бўлишига сабаб бўлган бу фожеавий ҳалокат тафсилотларини фақат маҳаллий аҳоли оғзидан уқиш мумкин эди, холос. Ахир расмий оммавий ахборот воситаларида бундай воқеалар ҳақида кўпинча ҳеч нарса айтилмайди-да.

Фото Фергана.Ру
Ғиждувондаги масжид. "Фарғона.Ру" АА фотоси
30 июнь куни тахминан соат 23 ларда Тошкентга олиб борувчи халқаро автомагистралда Навоий шаҳри аэропортидан бир неча юз метр нарида йирик автомобиль ҳалокати содир бўлган. Гувоҳларнинг кўрсатмасига кўра, давлат рақами 20J8974 бўлган «Мерседес Бенц» русумли автобус рўпарадан келаётган МАЗ русумли юк машинасига бориб урилган. Норасмий маълумотларга кўра, автобусдаги йигирмага яқин йўловчи ва ҳар иккала машинанинг ҳайдовчилари ҳалок бўлганлар. Ўнлаб кишилар ҳали ҳам касалхонада ётибдилар.

Фожеавий йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги хабар маҳаллий матбуотда эълон қилинмаган. Гарчи ҳалокат содир бўлганидан икки ҳафта ўтган бўлса-да, ДАН ходимлари ҳалигача жабрланганларнинг сонини расман маълум қилмаяптилар.

Йўл варақасига эга бўлмаган автобуслар қатновга чиқиш ҳуқуқига эга эмасликларига қарамай, автоҳалокатга йўлиққан автобус рухсатномасиз бўлган. Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидан чиқишда Эшонкўприк масканида турган (бу маскан Бухоро ва Навоий вилоятлари чегарасида жойлашган) Бухоро вилоят йўл қоровул хизмати ходимлари уни нима учундир қўйиб юборадилар. Шунингдек, автобус Навоийдаги Маликчўл масканидан ҳам ўтиб кетаверган.

Гувоҳларнинг айтишларича, ҳалокат содир бўлган жойда ҳалок бўлган йўловчилар жасадлари билан бирга ҳалок бўлган қўйларнинг жасадлари ҳам топилган. Чорва молларини ташиш Бухоро вилоятидаги кўплаб ҳайдовчилар учун қўшимча даромад манбаи бўлиб ҳисобланади. Улар ҳайвонларни юкхонага юклаб, Тошкентда сотиб келадилар. Бу бугунги кунда жуда сердаромад усул ҳисобланади.

Ўша куни иши ўнгидан келмаган автобус ҳайдовчиси Элбек Воҳидов Тошкентдан соат 17 ларда қайтганди. Унинг онасига кўра, Воҳидов фақат уч соатгина дам олган, холос. Тахминан соат 22 ларда йўловчилар тўла автобус Ғиждувон шоҳбекатидан Тошкентга қараб йўл олган. Кўплаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган тўқнашувга ҳайдовчининг чарчаганлиги сабаб бўлган бўлиши мумкин.

«Фарғона.Ру» ахборот агентлигига маълум бўлишича, ҳозирги пайтда ҳалокат содир бўлган ерга яқин жойда яшаган Навоий вилоятининг ўн бешга яқин фуқаролари талончиликда айбланиб қўлга олинганлар. Гувоҳларнинг айтишларича, ҳалокат содир бўлганидан кейин кимдир жароҳатланганларнинг ҳамда ҳалок бўлганларнинг пулларини ва қимматбаҳо буюмларини ўғирлаган. Айни пайтда мазкур иш юзасидан тергов олиб борилмоқда.