22:20 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонда қуролли гуруҳ зарарсизлантирилди

15.07.2006 15:56 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Аввал хабар қилганимиздек, Қирғизистон жанубидаги Жалолобод шаҳрида республика Миллий Хавфсизлик хизматининг «Альфа» бўлинмаси ҳамда ИИВ ходимлари томонидан ўтказилган махсус амалиёт натижасида қуролланган беш экстремист йўқ қилинган. Дастлабки маълумотларга қараганда, ўлдирилганларнинг айримлари Қирғизистон ва Ўзбекистон махсус хизматлари анчадан бери пойлаб юрган экстремистик ташкилотларнинг лидерлари бўлганлар.

Фалакнинг гардиши билан экстремистлар бундан бир неча йил аввал вилоят МХХ собиқ бошлиғи яшаган уйни ўзларига макон қилиб танлаган. Мансаби ошганидан кейин хавфсизлик хизмати ходими пойтахтга кетган ва қачонлардир «Сельхозтехника» корхонасига қарашли бўлган бу маҳкама уйи бир неча ой бўш ётган. Панфилов кўчасидаги 2-рақамли мазкур уй вилоят ИИБ биноси ва шаҳарнинг марказий жомеъ масжидидан юз метрча нарида жойлашган.

Биринчи ўқлар махсус хизматлар кучлари уйни ўраб олган чоғда –кундузги соат 16 ларда отилди. Уйда яшириниб ётган қуроллилар қаршилик кўрсатдилар, натижада «Альфа» махсус бўлинмаси ходимларидан бири елкасидан енгил яраланди. Экстремистлар томонидан ташланган битта граната «Альфа» жангчилар гуруҳидан нарироқда, иккитаси эса уйнинг дарвозасини бузиб кирган БТР ёнида портлаган. «Террорчилар тиш-тирноқларигача қуролланган бўлганлари учун жанг жуда қаттиқ бўлди. Уларда автоматлар ва гранаталар бор экан», - дея қайд этди Қирғизистон МХХ раиси, генерал-майор Бусурманқул Табалдиев.

Амалиётга бевосита раҳбарлик қилган МХХ раҳбарининг қайд этишича, 2006 йил 12 май куни Боткен вилоятида мамлакат куч ишлатар тузилмалари ходимлари томонидан Тожикистондан кириб келган тўда йўқ қилинганди. Натижада махсус хизмат ходимлари террористик ташкилотлар тармоғи ва Қирғизистон жанубидаги майда гуруҳлар лидерлари изига чиққанлар. «Биз бугун террористик ташкилотлар тармоғига қарийб раҳбарлик қилган гуруҳни йўқ қилдик, улар Покистон, Афғонистон ва Эрондан пул, қурол-аслаҳа ва тайёр жангарилар шаклида ёрдам олиб турардилар. Мамлакат жануби бўйлаб майда гуруҳлар бўлиб сочилиб кетган террористик ташкилотнинг боши танидан жудо этилди», - деди мамлакат МХХ раиси.

Бир неча кун олдин мамлакат президенти МХХ ва ИИВ раҳбарларини шахсан қабул қилиб, улар олдига мамлакат ҳудудидаги террорчиларни йўқ қилиш бўйича конкрет вазифалар қўйганди.

Мамлакат МХХ раҳбарининг қайд этишича, ўлдирилганлар орасида мамлакат махсус хизматларидан узоқ вақт яшириниб юрган «Полвон» ва «Раис» лақабли экстремистлар лидерлари бўлган. Қўшни Ўзбекистон фуқаролари бўлган бу одамлар Ўзбекистон Республикаси махсус хизматлари томонидан ҳам бу мамлакат ҳудудида бир қатор жиноятларни содир этганликда айбланиб, анчадан буён қидирилаётган эдилар. Улар орасида ўтган якшанба куни Жалолободда ДАН ходимига ўқ отган одам ҳам бўлган. Шунингдек, Б. Табалдиев ўлдирилганлар орасида пойтахтнинг «Оберон» бозоридаги портлашларга ва 2-3 йил аввал Ўш шаҳрида микроавтобусда содир этилган портлашларга бевосита алоқадор шахслар ҳам бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 2006 йилнинг 9 июнь куни Жалолободда хизмат ўтаб турган ДАН ходими тўппончадан отиб ўлдирилганди, у «Тико» машинасини тўхтатиб, ҳайдовчининг ҳужжатларини текширмоқчи бўлганди. 10 июнь куни эрталаб эса шаҳардаги маҳаллалардан бири текширилаётган пайтда милиция ходимлари ва номаълум шахслар ўртасида отишма бўлиб ўтган. Отишма натижасида милициянинг икки ходими ва бир тасодифий йўловчи жароҳатланган. Ўшандан бери минтақа куч ишлатар тузилмалар жиноятчиларни қидираётганди.

Б. Табалдиевга кўра, бу мамлакат ҳудудидаги қуролли гуруҳлар ва экстремистик ташкилотларни йўқ қилиш бўйича вазифаларнинг биринчи босқичи, холос. «Биз ишни шу руҳда давом эттирамиз. Биз қаттиқ кураш олиб борамиз ва бу террорчиларни йўқ қиламиз», - деди у. Генералнинг қайд этишича, дастлабки маълумотларга кўра бу одамлар мамлакат ҳудудида бир неча террорчилик ҳужумларини ўтказмоқчи, Ўзган туманида ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида миллатлараро низо чиқармоқчи бўлганлар. «Улар бунга эриша олмайдилар, - деди МХХ раиси, - биз, мамлакат куч ишлатар тузилмалари ҳарбий ҳамкорликда террорчиларни йўқ қилиш бўйича ишни охирига етказамиз».

Отишма натижасида уйнинг томида чиққан ёнғинни ўчириш учун ўт ўчирувчиларни чақиришга тўғри келди. Улар қайта ёнғин чиқмаслиги учун амалиёт охиригача воқеа жойида қолдилар. Амалиётнинг боришини чор-атрофдан йиғилган ўнлаб шаҳарликлар кузатиб турдилар. Гувоҳлар орасида икки экстремист куч ишлатар тузилмалар ходимлари томонидан тириклай ушлангани ҳақидаги гап-сўзлар расмий манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ.

Амалиёт давомида шикастланган электр симлари ҳозирда тикланган ва чақирилмаган қуролли «меҳмон»лар йўқ қилинганидан кейин енгил тортган маҳалла аҳли уй-уйларига тарқалганлар ва энди телевидение орқали кўрсатилажак янгиликларни кузатиб ўтирибдилар.

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)