12:43 msk, 19 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: қийноқларга қарши кураш ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида курашга айланяпти

15.07.2006 11:16 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Милиция подполковниги Али Магеевнинг ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши шикоят аризаси юзасидан Жалолобод шаҳрида бўлиб ўтаётган маҳкама жараёнида номаълум муддатгача танаффус эълон қилинди. Даъвогар ўзини туҳматга учраган ва ҳақоратланган деб ҳисобласа, ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда расмийлар сўз ва фикр эркинлигига босим ўтказаяптилар, дея бонг урмоқдалар.

20 июнь куни бошланган жараён бор-йўғи бир ярим кун давом этди. Маҳкама жараёни чоғида даъвогар ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши жиноий иш қўзғаш ҳақидаги ўз аризасини ўқиб берди, ўзининг ҳамда хотини ва болаларининг қандай изтиробларни бошдан кечирганини айтиб берди. Томонлар бир-бирларига ўз эътирозларини билдирдилар ва ўзаро бир неча савол бердилар.

«Фарғона.Ру» ахборот агентлиги аввал хабар қилганидек, 2006 йилнинг мартида Жалолобод вилояти ИИБ катта терговчиси, милиция подполковниги Али Магеев «Справедливость» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти аъзолари Валентина Гриценко, Муҳаммаджон Абдужабборов ва Абдумалик Шариповни судга берганди. Милиция зобити «Справедливость» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти «Право для всех» ахборот бюллетенида «Аёлларни калтаклаяптилар. Ҳатто ҳомиладорларни ҳам» мақоласини чоп этганлари учун бир миллион сўм (тахминан 25000 доллар) ундириб беришни талаб қилган. Мақолада Али Магеев ҳомиладор Наргиза Турдиевани калтаклагани ва ҳақоратлагани таъкидланарди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари мазкур шикоят аризасини мамлакат қонунчилиги нуқтаи назаридан нуқсонли топиб, саводсизларча тузилганини билдиришиб, бу ҳақда судга ёзганлар. Шундан сўнг даъвогар бошқа бир ариза бериб, унда суддан ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши Қирғизистон Жиноий кодексининг туҳмат қилганлик ва ҳақоратлаганлик учун жазо тайин қилишни кўзда тутувчи 127-,128-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатишни сўрайди. Шу билан бирга, у ўзининг «миллион сўмлик» даъвосидан воз кечмаган ҳолда жавобгарлардан юқорида зикр этилган мақола чоп қилинишидан кўрган тахминан 157 минг сўмлик (3900 доллардан зиёд) моддий зарарни ундириб беришни сўраган.

Магеев мақола муаллифи Абдумалик Шарипов ўз мақоласини «ариза берувчи Наргиза Турдиева даъволарини текширмасдан, воқеа тафсилотларини ўрганмасдан, фуқаро Турдиева фойдасига бир томонлама қарор чиқарган» ҳолда чоп қилган, деб ҳисоблайди. Шунингдек, у мазкур мақолада фикрлари келтирилган «Справедливость» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти кенгаш раиси Валентина Гриценко ва ташкилот юристи Муҳаммаджон Абдужабборовни ҳам айблайди. Даъвогар жавобгарлар унинг обрў-эътиборини топтаб, туҳмат қилган, деб ҳисоблайди. Терговчи ҳуқуқ ҳимоячиларига «ҳақиқатга тўғри келмайдиган» ахборот берган Наргиза Турдиева ва Улуғбек Ибрагимовни ҳам жиноий жавобгарликка тортишни сўрайди. Айтиш жоизки, мақола айнан шу фуқароларнинг аризалари асосида ёзилганди.

Маҳкама мажлиси бошида даъвогар масалани «тинч йўл билан», судда кўрмасдан ҳам ҳал қилиш имкониятини истисно қилмаслигини айтган. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари бундан қатъиян бош тортганлар. Валентина Гриценкога кўра, улар принципиал мулоҳазалар туфайли ҳам бундай қилолмайдилар. «Биринчидан, биз ўзимизнинг ҳақлигимизга ишонамиз, иккинчидан, биз ўзимизга мурожаат қилган одамларни ҳимоя қиламиз ва уларнинг умидларини пучга чиқаришга ҳаққимиз йўқ», - деди В. Гриценко.

Маҳкама мажлиси чоғида судланувчи Наргиза Турдиева ўзини ёмон ҳис қилган ва суд жараённи «судланувчи тўла соғайиб кетгунича» тўхтатиб туришга қарор қилган. Турдиеванинг саккиз ойлик ҳомиласи борлиги учун бу танаффус бир неча ойга чўзилиши мумкин – унинг кўзи ёришига бир ой қолган, ундан кейин эса Турдиева куч йиғиши ва фарзандига қараши керак. Бундан ташқари, маҳаллий урф-одатлар аёлга «чилла» пайтида жамият ишида фаол бўлишга имкон бермайди.

УРГАНМИ ЁКИ УРМАГАНМИ?

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳомиладор аёлни қора курсига ўтқазган воқеа 2005 йилнинг кузида бошланган. Ўшанда Мамарозиқовлар уйидан 250 минг сўмлик (тахминан 6300 АҚШ доллари) тилла буюмлар йўқолганди. Ҳодиса юзасидан Жалолобод ШИИБ томонидан жиноий иш қўзғатилган. Мамарозиқовлар турли жойларга ёзган аризага қараганда, улар тилла буюмларни сотувчилар орқали ўғирланган молларни сотиш билан шуғулланган ўз қўшнилари М.нинг изига чиққанлар. Бу ҳақда хабар топган М.нинг отаси жабрланувчилардан қизини шарманда қилмасликни ва милицияга мурожаат қилмасликни илтимос қилган. Терговчининг рухсати билан М. гувоҳлиги ва отасининг илтимоси видеокамерага ёзиб олинган.

Бу пайтда Мамарозиқовлар уйида ўз эри билан ижарада турган Наргиза Турдиева бу воқеага беихтиёр гувоҳ бўлган. Бунинг устига, Турдиеванинг аризасига қараганда, ўғирлик қилганини ўз отасининг олдида тан олган М. бир неча кундан кейин Наргизадан ўғирланган узуклардан бирини бошқа бир қизнинг сумкасига ташлаб қўйишни илтимос қилган ва шу тариқа айбни унга юкламоқчи бўлган. Бу иш учун М. Наргиза Турдиевага 1000 АҚШ доллари миқдорида мукофот ваъда қилган. Наргиза бу таклифни рад қилган ҳамда бу ҳақда Мамарозиқовлар ва терговчига айтган. Аммо, Наргиза Турдиеванинг аризасига қараганда, Магеев ундан бу кўрсатмалардан бош тортишни талаб қилган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва вилоят прокурори номига ёзган аризасида Наргиза Турдиева 2006 йилнинг 13 январь куни Магеев томонидан гувоҳ сифатида сўроқ қилинганини билдиради. Терговчи унга эртаси куни ҳам учрашув тайин қилган. «2006 йилнинг 14 январь куни, - деб ёзади Турдиева ўз аризасида, - сўроқ пайтида Магеев менинг қўлимдан тутиб, туртиб юборди ва «сен фоҳишасан, тилла буюмларни ҳам сен ўғирлагансан» деди. Бундай ҳақоратлардан ва зарбалардан кейин қон кета бошлади. Бу ҳақда унга айтиб, ҳомила тушиб кетиши мумкинлигини билдирганимда, у иккинчи ҳомилани вақтинча сақлаб туриш изоляторида орттиришимни айтди. У мендан берган кўрсатмаларимни ўзгартиришни талаб қилди».

Ушбу айбловларга асосланган ҳолда Наргиза Турдиева Магеев устидан миллион сўмга муқобил шикоят аризасини берган – терговчи ҳатти-ҳаракатлари орқали ўзига етказилган маънавий ва моддий зарарни у шунчага баҳолаган.

Милиционер туҳматчиликда айблаган Улуғбек Ибрагимов ҳам терговчига қарши ярим миллион сўмлик (тахминан 12 500 доллар) худди шундай шикоят аризасини берган. Ибрагимов терговчи уни потенциал жиноятчи сифатида вақтинча сақлаб туриш ҳибсхонасига қамаш билан қўрқитиб, маънавий зарар етказган, деб ҳисоблайди. Бироқ шаҳар суди бу аризалар юзасидан маҳкама мажлисини тайин қилмаган.

Бу орада М. оиласи товон пули сифатида Мамарозиқовларга 700 АҚШ доллари берган. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган М. ва унинг дугонаси Р. дан ўғирланган молнинг бир қисмини олиб қўядилар, гумонланувчининг ўзини эса ҳибсга оладилар. Аммо, Мамарозиқовнинг мамлакат Бош прокурорига ёзган аризасида таъкидланишича, шу пайтдан бошлаб иш бошқача тус олади.

Шаҳар прокуратураси М. ни ҳибсга олиш учун санкция беришдан бош тортади ва уни қўйиб юборадилар. Шундан сўнг «иш терговчидан терговчига ўтиб, бунинг натижасида излар йўқолиб боради ва терговда иштирок этаётганлардан олинган дастлабки гувоҳликлар йўқ қилинади». Шунингдек, Жалолобод вилоят прокуратурасининг жиноятларни тергов қилиш устидан назорат юритиш бўлими прокурори А. Уқуев томонидан тузилган маълумотномага қараганда, иш ҳар сафар аввалги терговчига ишончсизлик билдирган Мамарозиқовларнинг аризасига кўра бошқа терговчига ўтказилаверган.

Пировардида, яна Мамарозиқов аризасига кўра, ишни ИИБ катта терговчиси Али Магеевга топширадилар. Аммо у, Мамарозиқовга кўра, «жиноятчиларнинг, айнан эса М. нинг манфаатларини ҳимоя қила бошлайди», жиноятда эса жабрланганларнинг ижарагирлари гумон қилина бошлайдилар. Шундай қилиб, Н. Турдиева гувоҳдан жиноят қилганликда гумонланувчи шахсга айланади. «…Терговчи Магеев, ўз хизмат ваколатларидан фойдаланиб ва менинг кўрсатмаларимни яшириб, унга пул қистирган жиноятчи М. га ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда», - деб ёзади Турдиева вилоят прокурори номига ёзган аризасида.

Ўша аризада Наргиза 2006 йилнинг 14 январь куни терговчи уни ўз хонасида уч соат мобайнида тикка туришга мажбур қилиб ушлаб турганини ва уни таҳқирлаганини маълум қилади. Ўша куннинг ўзидаёқ Турдиевани касалхонага ётқизганлар.

Магеев Наргизанинг барча даъволарини тўқиб чиқарилган, деб ҳисоблайди: «Турдиева бу воқеани ўйлаб топган, ҳуқуқ ҳимоячилари эса уни қўллаб-қувватлаганлар».

2006 йил 1 февраль куни прокурор А. Уқуев Магеевга нисбатан жиноий иш қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор чиқаради. Жалолобод вилояти прокурор ўринбосари Р. Нурмаматовнинг Турдиевага ёзган хатида «терговчи А. Магеевнинг сизни ҳақорат қилгани ва сизга таҳдид қилгани ўз тасдиғини топмади. Суд-тиббий экспертизанинг 1.02.06 да берилган 91-хулосасига мувофиқ Сизнинг танангизда бирор-бир жароҳат изи топилмаган. Бола ташлаш хавфи эса камқонлик сабабли юзага келган» дейилади.

Суд-тиббий экспертиза хулосасида ноаниқликка йўл қўйилган бўлиб, бу ҳуқуқ ҳимоячиларида қўшимча гумон уйғонишига сабаб бўлган. Унда гўё аризачи тилидан қилиб қуйидагича ёзилган: «унинг ҳомиладорлигини била туриб, унга таҳдид қилиб, босим ўтказган ва унга тан жароҳати етказган», ваҳолонки, Турдиеванинг аризасида «тан жароҳати етказилган»и ҳақида ҳеч нарса айтилмаган эди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг қайд этишларича, ҳамма аризаларда Турдиева терговчи унинг из қолмайдиган ерига - кўкрагига урганини ёзади. Бунинг устига экспертиза мазкур нохушлик воқеадан ўн икки кун ўтгандан сўнг ўтказилади.

Магеевга кўра, 2006 йилнинг 14 январь куни Наргиза унинг олдига Мамарозиқовлар манфаатларини ҳимоя қилган адвокат Ўрўзалиева билан бирга келган. «У менинг хонамда бор-йўғи икки дақиқа бўлган, - дейди терговчи, - шундан сўнг хонамдан чиқиб кетди ва менга у ўзини ёмон ҳис қилаётганлигини хабар қилдилар… Мен уни касалхонага олиб боришларини айтдим». «Менгача бу иш юзасидан беш терговчи ва беш адвокат алмашган, - дея қўшимча қилади милиция подполковниги, - аммо нимагадир ҳеч ким Наргиза Турдиевани сўроқ қилмаган. Жабрланувчилар нима учундир уни сўроқ қилишимни истамагандилар».

Подполковник Магеев томонидан судга тақдим этилган ҳужжатлардан келиб чиқишича, унинг сўзлари ИИБ ходимлари – милиция подполковниги А. Гаипов, старшина И. Қамбаров ва ўша пайтда Магеевнинг кабинетига яқин жойда бўлган бошқа кишилар томонидан тасдиқланиши мумкин. Адвокат К. Ўрўзалиева ҳам Турдиеванинг терговчи томонидан ҳақоратланганини инкор этади. Ўз гувоҳлик кўрсатмасида у 14 январь куни Турдиева кабинетда икки дақиқагина бўлганини таъкидлайди. Аммо Турдиева ўша пайтда адвокат унинг ёнида бўлганини инкор қилади.

Иккинчи ҳомила ҳақидаги гаплар юзасидан эса терговчи: «Қандай бўҳтон! Бундай бўлмаган! Кўзи ёришдан аввал унинг шундай сўзларни айтишга қандай тили бордийкин!» - дея ҳайқирган.

Шунга қарамай, ҳуқуқ ҳимоячилари ВСИда ҳомила орттириш ҳақидаги таҳдидга жуда жиддий қараганлар. Бу иш юзасидан мамлакат президенти Қурманбек Бакиев номига ёзилган ўз мурожаатномаларида улар шундай ёзадилар: «Қайд этиш лозимки, ВСИда янги ҳомила орттириш ҳақидаги таҳдид материални тайёрлаган муаллифнинг хаёлот маҳсули эмас. Икки йил аввал Бозорқўрғонда яшовчи Зулхумор Тўхтаназарова исмли руҳан касал аёл ювилган сочиқ ўғирлашда айбланиб, ВСИда етти ойдан ортиқ сақланган. У ўша ерда изоляторда сақланаётганлардан ҳомила орттириб, милиционерларнинг кўзи ўнгида туққан. Уни жуда устакорона усуллар билан қийноққа солганлар, бунинг айбдорлари эса ҳалигача жазолангани йўқ». Эслатиб ўтамиз, «Фарғона.Ру» бу аёл йўлиққан мудҳиш ва қайғули воқеа ҳақида ёзган эди.

Яна бир судланувчи Улуғбек Ибрагимов эса ҳуқуқ ҳимоячиларига Али Магеев ундан 10 минг сўм (250 доллар) ундирмоқчи бўлганидан шикоят қилган. Унинг ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ёзган аризасида кўрсатилишича, унинг паспортида танишлари томонидан очилган хориж саҳифаси сохта бўлиб чиққан ва уни Россияга пул топиш учун кетаётганида Бишкек аэропортида ушлаб қолганлар. Иш Али Магеевга топширилган, у эса, Ибрагимовга кўра, бу ишни ўн минг сўм эвазига ёпиб беришга ваъда қилган. Бу масала юзасидан Магеев ҳайрон бўлиб елка қисади. «У жабрланувчи сифатида ишга жалб қилинган бўлса, қандай қилиб мен ундан пул талаб қилишим мумкин? Мен унга ёрдам бермоқчийдим – унинг паспортини расво қилганларни жазолаб, унга етказилган зарарни ундириб бермоқчийдим…»

Аммо Ибрагимов терговчи унга босим ўтказганини ва ҳатто ўз ҳисобидан Магеев хонасини таъмирлаб беришга мажбур қилинганлигини таъкидлайди.

Али Магеевга кўра, «унга қарши қаратилган бу кампания»нинг ҳаммаси унинг собиқ ҳамкасби, ҳозирда «Справедливость» ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотининг юристи бўлиб ишлаётган М. Абдужабборов томонидан уюштирилмоқда, у шахсий адоват туфайли Магеевни «шунчаки янчиб ташламоқчи».

Собиқ милиция ходими, бир пайтлар Магеевнинг раҳбари ва устози бўлган айбланувчи М. Абдужабборов унга қарши ҳеч қандай адовати йўқлигини таъкидлайди. «Нима учун бошқа терговчилар устидан шикоят тушмайди ташкилотимизга, Магеевнинг устидан эса бир неча ариза тушган?» - дея савол беради Абдужабборов.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, «Аёлларни калтаклаяптилар. Ҳатто ҳомиладорларни ҳам» мақоласи фуқаролардан тушган бир нечта ариза асосида ёзилган. Уларнинг ҳаммаси терговчи Магеевнинг ноўрин ҳатти-ҳаракатларидан шикоят қилганлар.

Магеевга кўра, кўплаб интернет-сайтлари кўчириб босган бу мақоладан кейин дўстлари ундан юз ўгирганлар ва қўнғироқ қилмай қўйганлар, опаси эса бу мақола учун уни қамаб қўядилар, деб ўйлаб, Москвадан қайтиб келган. Шунингдек, бу мақола чиққанидан кейин терговчининг оила аъзолари қаттиқ изтироб чекиш туфайли врачга мурожаат қилишга мажбур бўлганлар ва эндиликда психолог рўйхатида турибдилар. «Улар ҳали ҳам ўзларига келолмаяптилар, - дейди Магеев. – Дўстларим устимдан кулишаяпти. Суднинг адолатли ҳукми чиққунича Худодан менга сабр беришини сўрайман».

«Биз ҳаммага бирдек ёқа олмаймиз, - дея вазиятга изоҳ беради милиция подполковниги, - агар мен одамларни улар содир этган жиноятлари учун қамасам, улар мендан нафратланадилар». Магеев ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳимояга муҳтож ва уларга дахлсизлик мақомини бериш зарур, деб ҳисоблайди. «Ҳозир одамлар тажанг бўлиб қолганлар, улар бизнинг юзимизга тупириб кетишаяпти. Биз юзимизни артиб, ишимизни давом эттираяпмиз. Мени ҳимоя қилинг, одамлар. Сиз – мухбирлар ҳимоя қилинг. Улар мени таъқиб қилаяптилар», - деди Магеев «Фарғона.Ру» мухбири билан суҳбат чоғида.

Терговчи Али Магеевнинг раҳбарлари ўз ходимларининг тоза ишлаётганига аминлар. «Менинг тажрибамда бирор марта ҳам бунақаси бўлмаган, - дейди Жалолобод вилоят ИИБ тергов бўлими бошлиғи Таир Жўрўбеков. – Журналистлар томонидан Магеев тўғрисида ёзилган нарсаларнинг ҳаммаси ёлғон. Мен унинг бирор-бир кишига қарши куч ишлатганига ҳеч қачон ишонмайман. Мен Магеевнинг маҳкама жараёнида ютиб чиқишига бир юз ўн фоиз ишонаман». Жўрўбеков «Турдиева оғзига нима келса, гапиравергани» учун журналистлар ҳамда ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаммасини текширишлари ва яна қайта текширишлари керак эди, деб ҳисоблайди.

Мақола муаллифи А. Шарипов ўзининг терговчи олдига изоҳ сўраб бир неча марта борганини, аммо уни Магеевнинг олдига қўймаганларини ёки у ўз иш ўрнида бўлмаганини, телефон қўнғироқларига эса жавоб бермаганини таъкидлайди.

Бу орада ўғирланган буюмларни қидириб, адолатни тиклашни истаб, параллел текширув олиб борган Мамарозиқов ҳамда Наргиза Турдиеванинг эри Ибайдулла Бўронов қонунбузарликка йўл қўядилар. Улар гўё бу уйда аввалроқ содир этилган бошқа ўғирликларга аралашган қўшни Ф.ни тиллаларни ўғирлаган, дея гумон қила бошлайдилар. Жалолобод шаҳар судида Б. Асанбаев раислиги остида ўтган маҳкаманинг 2006 йил 17 апрелида чиқарилган ҳукмида улар Ф.ни алдаб олиб кетишиб, бир ярим сутка мобайнида бегона уйда ушлаб туришгани айтилади. Улар Ф.ни калтаклашиб ва ўлдириш билан қўрқитишиб, тилла буюмларни ўғирлаганини тан олишни талаб қилишади.

Суд Мамарозиқовни етти йилга ва Бўроновни олти йилга шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Судланганлар эса ўз айбларини тан олмаганлар ва апелляцион шикоят аризасини ёзганлар.

Суд бошланишидан анча аввал «Фарғона.Ру» ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда терговчи Али Магеев мазкур иш бўйича мамлакат Жиноий Кодексининг беш моддаси бўйича айбланаётган Мамарозиқов терговни бошқа ёққа буриб юборишга ҳаракат қилаётганини таъкидлаганди. «Мамарозиқовлар нима учундир Турдиевани сўроқ қилишимни исташмаяпти, - деганди у ўшанда. – Мен Турдиева ва унинг эри Бўроновнинг тилла буюмларни ўғирлашга дахлдорлиги эҳтимолини аниқлашга қарор қилишим билан жабрланувчилар менга ишончсизлик билдирдилар ва ишни бошқа терговчига ўтказиб берилишини талаб қилдилар».

Умуман олганда, маҳкама жараёнининг асосий масаласи бўлган «Магеев ҳомиладор аёлни урганми ёки урмаганми?» деган саволга жавоб топиш учун суд яна анча муддат текширув юргизишига тўғри келади.

ХАЛҚАРО АКС-САДО

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўзларига нисбатан адолатли муносабат бўлишига ишончни йўқотган жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячилари Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиевга мактуб йўллашган, мактуб остига мамлакатдаги қирққа яқин ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ва бошқа нодавлат ташкилотлари қўл қўйганлар.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг қийноқ қурбонларини ҳимоя қилиш бўйича амалга ошираётган барча ҳатти-ҳаракатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан душманларча қарши олинмоқда, - дейилади мурожаатномада, - ажабланарлиси шундаки, қонунчиликка риоя қилинишини назорат қилиши керак бўлган прокуратура ҳам, ИИВ раҳбарияти ва унинг бўлинмалари ҳам буни тушунишни истамаяптилар. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва суд ҳокимияти вакиллари қийноқлар муаммосини муҳокама қилишдан қочаяптилар, ҳуқуқ ҳимоячиларини бирёқламаликда айбламоқдалар. Охирги пайтларда улар бу борада фаол ҳаракат олиб бормоқдалар».

Ҳуқуқ ҳимоячилари ўз мурожаатномаларида қайд этишларича, «ҳуқуқ-тартибот идоралари, аниқроқ қилиб айтганда, ИИВ ва прокуратура Жалолободдаги «Справедливость» вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотига қарши муайян режага асосланган кампанияни бошлаб юборганлар. Бу кампания ҳуқуқ-тартибот идоралари ва суд идораларининг коррупцияга чалинганини ҳамда жабҳада зудлик билан ислоҳотлар ўтказилиши лозимлигини яна бир бор исботлайди».

Таъкидлаш жоизки, Бутунжаҳон қийноқларга қарши ташкилоти ҳам Қирғизистон президенти, бош вазири, куч ишлатар тузилмалар раҳбарлари ва Бош прокуратурага аёлга қарши қийноқлар қўлланганлиги юзасидан ўз хавотирларини билдириб мурожаат қилган. Бу воқеа БМТнинг аёлларга қарши зўрлик ишлатиш юзасидан махсус маърузачининг назоратида турибди. Бундан ташқари, обрўли халқаро ташкилотлар – «Хьюман Райтс Вотч» (Human Rights Watch) ва «Фридом Хауз» (Freedom Нouse) ташкилотлари ҳам жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиларига босим ўтказиш ҳодисасига ўзларининг муносабатлари салбий эканини билдирганлар.

«Ҳуқуқ-тартибот идораларининг бизнинг фаолиятимизга муносабатларини назокатли бегонасираш ўлароқ баҳолаш мумкин, - деганди ярим йил аввал қийноқлар масаласи юзасидан бўлиб ўтган давра суҳбатидан кейин «Справедливость» ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотининг матбуот котиби Абдумалик Шарипов «Фарғона.Ру» ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда. – Шу сабабли ҳам биз фуқароларимиз ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш бўйича кучларни бирлаштириш ва ўртамизда ҳамжиҳатлик пайдо бўлишига эришиш учун бу ерга ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларини таклиф қилганмиз». Бироқ қийноқлар атрофидаги вазиятнинг ривожланиши ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги муносабатларнинг мураккаблашганига қараганда, улар ўзаро ҳамжиҳатликка эришолмаганлар.

Томонлар, моҳиятан, принципиал курашга киришган бир пайтда бунга умид қилиш керакмикан – афтидан, бу савол риторик сўроқлигича қолаверади.