22:16 msk, 17 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижонлик қочоқлар уйга қайтишни орзу қиладилар

12.07.2006 19:44 msk

Алла Пятибратова, Ўш шаҳри

Улар ҳали ҳам – 2005 йил май ойида бутун оламга достон бўлган воқеалардан кейин қадрдон Андижонларини тарк этганларидан бери - расмийлардан яшириниб юрибдилар. Уйга қайтгудек бўлсалар, улар Ўзбекистон Республикаси Жиноий кодексининг 159-моддаси – «Ўзбекистон Республикаси конституцион тузумига тажовуз қилганлик» бўйича ҳибсга олинишлари мумкин. Аммо ҳорижда қочоқ мақомини олмагунларигача, уларга муттасил равишда ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилиниш ҳавф солади, ватанда эса бу кишиларни қамоқхона кутмоқда. Улар қамоқхонага тушишни истамайдилар. Улар ҳам бошқа одамлар сингари эркин фуқаро бўлишни ва яшашни орзу қиладилар, чунки ўзларини айбдор деб билмайдилар.

ОЙБЕК

Ойбек (исми ўзгартирилган) суратга тушишга рози бўлди, аммо юзини кўрсатмаслигимизни илтимос қилди. Шунинг учун биз унинг патнис кўтарган қўлларини суратга олдик, патнисда Ойбек пишириб сотадиган булка нонлар бўлиб, у Ўшда шу йўл билан тирикчилик қилади.

Ойбек Қирғизистонга Андижон воқеаларидан кейиноқ келган. У ўз акаларидан бири билан Дўстлик масканигача келиб, чегарани ноқонуний кесиб ўтган ва Ўшда яшириқча яшай бошлаган. Бироқ октябрь ойида ўтказилган «Нолегал» операцияси чоғида унинг акасини қўлга олганлар, у ҳалигача Ўш тергов ҳибсхонасида сақланаяпти.

Андижонда Ойбекнинг ота-онаси, хотини ва икки фарзанди қолган. Қадрдон шаҳрида унинг ўз фирмаси бўлиб, туриш-турмуши яхши бўлган. Ўтган йилнинг ўн учинчи майида ҳаммаси барбод бўлди.

Унинг яқинлари билан гаплашмаганига бир йилдан ошди. Ойбек уларга қўнғироқ қилишга, электрон мактуб йўллашга қўрқади – Ойбекнинг айтишича, Ўзбекистон махсус хизматлари ҳамма алоқа воситаларини назорат остида тутадилар.

- Ўн учинчи май куни мен ҳам бошқа кўплаб дўстларим каби митингга борганман, - дея ҳикоя қилади Ойбек. – Акромийлар деб номланган йигирма уч тадбиркор устидан бораётган маҳкама юзасидан ўз норозилигимни билдирмоқчи эдим. Улар орасида менинг қариндошим ҳам бор эди. Одамлар уларни адолатсиз судладилар, деб ишонардилар. Уларни фақат бизнес бирлаштириб турарди. Улар фабрика ва заводлар ишининг қайта тикланишини, Ўзбекистоннинг ривожланишини истаргандилар. Улар ҳеч қандай партияга аъзо эмасдилар. «Акромийлик» деган ҳаракатнинг ўзи йўқ. Шунчаки Ўзбекистонда катта бизнес билан шуғулланиб бўлмайди, рақобатчилар ҳалақит бермай қўймайдилар. Бу тадбиркорларни ҳам рақобатчилари чалгандилар. Уларни уюшган жиноятчиликда айблаганлари учун бошқалар каби пул билан қутилиб кета олмадилар. Биз нима учун митингга боргандик? Бизга президент Каримов Андижонга келади, деб айтишганди. Биз у одамларнинг шикоятларини эшитиб, чора кўради, деб ўйлагандик. Ўшликлар ҳам шу умид билан Андижонга келгандилар, улар олтмиш етти киши эдилар. Пировардида уларни ҳам экстремизмда айблашди.

Сузоқ туманидаги қочоқлар жамлоғига Ойбек кира олмаган, шунинг учун ҳам, масалан, бир муддат жамлоқда туриб, кейин АҚШга чиқиб кетган қариндошлари каби унинг чет элга чиқиб кетишига имкон бўлмаган. Умуман олганда, Ойбек кетишга унча уринаётгани ҳам йўқ. У уйга қайтишни орзу қилади. Агар ҳавф-хатардан холи тарзда қайтишнинг имкони бўлмаса, у ҳатто қамоққа тушишга ҳам рози. У худди шундай деди. Албатта, Ойбек бу гапларни азбаройи тушкунликка тушганидан айтиб юборган бўлиши мумкин. Андижонда қолган хотини ва болалари ҳолидан бехабар бўлган Ойбек, гарчи ширин булка нонлар пишираётган бўлса-да, Ўшда ширин турмуш кечираётгани йўқ.

- Қирғизларнинг менга муносабати яхши. Зўр одамлар экан, - дейди Ойбек. – Агар менга қочоқ мақомини беришса ва Ўшда қолишимга тўғри келса, мен бу ерда қандолатчилик дўконини очишни ва бир амаллаб оиламни бу ерга олиб келишни истардим. Ҳозир шундай орзу билан яшаяпман… Мен Каримов аҳволни ўнглаши мумкин, деб ўйлайман, - дея умид билдиради ҳамсуҳбатимиз, - ахир у ҳам одам. Бизнинг ҳеч қанақа айбимиз йўқлигини, ҳеч бир ёмон иш қилмаганимизни тушунса керак. Ахир бизни нотўғри тушунишди. Президентнинг ўзи «экстремистлар» билан гаплашиб кўриши керак. Мен унинг ўн учинчи май кунги ҳатти-ҳаракатларини қандай баҳолашни билмайман. Балки президентни майдонда террорчилар бор, деб ишонтиришгандир.

Ойбекка кўра, ҳозир Ўшда ўн учинчи май кунги митингда бевосита иштирок этган андижонликлардан уч киши бор. Қолганлар – мухолифатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари бу ерга кейинроқ келганлар. Ҳозир Ўшда қонуний (легал) равишда юрган ўттиздан ортиқ қочоқ бор. Уларнинг ҳаммаси БМТ ҚИОКБга қочоқлик мақомини беришни сўраб илтимоснома берганлар ва қарор чиқишини кутиб турибдилар.

Ойбекнинг журналистлар билан учрашишга осонгина рози бўлганига қараганда, яшириниш ва қўрқиш унинг жонига теккан кўринади. Балки вақт ўтиши билан ундаги қўрқув туйғуси шунчаки ўтмаслашиб қолгандир.

Ойбек учун ўзбекистонлик расмийлар ҳали ҳам қанчадир миқдорда доллар ваъда қилмоқдалар. Биз унга ачиндик. Аммо унинг уйига қайтишига ёрдам беришга ожизлик қилардик. Биз қилолган бирдан-бир иш у пиширган булка нонлардан сотиб олиш бўлди.

МУҲАММАДЖОН

Иккинчи янги танишимнинг сурати Ўш шаҳар ички ишлар бўлимида ётибди. У қидирувда ва у учун ҳам мукофот пули беришга ваъда қилишган. Дастлаб у ўзининг ҳақиқий исмини айтмоқчи эди, аммо кейин келажакда сиёсат билан шуғулланиб қолиши мумкинлигини айтиб, эҳтиёткорликни маъқул кўрди. Шунинг учун ҳам у ўзига Муҳаммаджон Иброҳимов деган ном ўйлаб топди.

Муҳаммаджон ўн учинчи куни майдонга бормаган. Аммо уни «Эзгулик» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг вилоят бўлими раиси сифатида ўн саккизинчи май куни бир қарашда «акромийлар» ишига алоқаси бўлмаган иш юзасидан қўлга олганлар. Бу бўлимнинг собиқ раиси Абдуғафур Дадабоевнинг хотини асли Ўш вилоятининг Аравон туманидан эди. У хотинининг қариндошлариникига бормоқчи бўлиб турганида МҲХнинг маҳаллий бўлимига чақирилиб, уйдирилган сабабга кўра уч ойга қамаб қўйганлар. «Эзгулик» ходимлари Дадабоевни қўйиб юборишни, акс ҳолда уни ҳимояси учун митинг уюштиришни талаб қилишиб, МҲХга мурожаат қилганлар.

- Буларнинг ҳаммаси менинг уйимда тинтув ўтказилиши билан тугади, - дея ҳикоя қилади Муҳаммаджон, - «Эзгулик»ка қарашли барча ҳужжатларни олиб кетишди, улар орасида ўн учинчи май куни майдонда ўлганларнинг қайта текширувдан ўтган рўйхатлари ҳам бор эди. Менинг тўрт ҳамкасбимни қўйиб юборишди, мени эса рухсат этилмаган митинг ўтказмоқчи бўлган, деб судлашди. Йигирма еттита энг кам иш ҳақи миқдорида жарима тўлашимга тўғри келди.

Кейинги сафар уни йигирманчи октябрь куни ҳибсга олишган. Унинг айтишича, Иброҳимов ўзи кимё ва биологиядан дарс берадиган мактабга кетаётган эди. Йўлда учраган участка милиционери унга «Эзгулик» ҳужжатлари экспертизадан ўтаётган прокуратуранинг таклиф қоғозини берган. Узоқ давом этган суҳбатдан сўнг унга чекиб келиш учун ҳовлига чиқишга рухсат берганлар. Шунда Муҳаммаджон қочиб қолган, чунки бу сафар жарима билан қутилолмаслигини англаган. Йўловчи машинада Қорасув туманигача келган, у ердан ноқонуний тарзда Қирғизистонга ўтган ва тез орада бошпана изловчи шахсга айланган. Андижонда унинг хотини ва тўрт боласи қолган.

Муҳаммаджоннинг оиласини таъқиб қилмаётган эканлар, аммо вақти-вақти билан келиб, уни сўраб турарканлар. Иброҳимов бу ҳақда биларкан, чунки ойда бир марта уйига қўнғироқ қилиб тураркан. Уяли телефони рақамини худди яшаш жойини тез-тез алмаштириб тургани каби бот-бот алмаштириб туришига тўғри келаркан. Бу ерда у доимий иш жойига эга эмас. Мактабга ўқитувчи бўлиб ишга жойлашиши мумкин экан-у маълумоти ҳақидаги дипломи Андижонда қолиб кетибди.

- Ўзбекистонда ақли жойида бўлган кишиларнинг ҳаммаси давлатга қарши, - деб ҳисоблайди Иброҳимов. – Охирги йилларда у ерда доимий ҳавф-хатар ҳукм суради. Одамлар ҳамма нарсадан ва чор-атрофдаги ҳар бир кишидан қўрқадилар. Махсус хизматлар қаттиқ таъқиб олиб бораяптилар. Ўзларига ёқмаган одамни бир зумда гумдон қиладилар. Масалан, мен ўз дўстимдан ўн учинчи май куни Андижонда ўлдирилганларни кўмган гўрковлардан бирини чет эллик журналист билан учраштириб қўйишни сўрадим. Интервьюдан икки кун ўтиб дўстимни ўлик ҳолда топишди.

Муҳаммаджонга кўра, февраль ойида Ўшда элликка яқин андижонликлар яшириниб юрганлар. Аммо ҳозир тўққизтача киши қолган. Қолганлар ғойиб бўлганлар ва Иброҳимов улардан айримлари ўғирлаб кетилганлигини истисно қилмайди. Ахир уларнинг ҳаммаси қидирувда эди-да. Шу сабабли ҳам Ўшда улар доим яшаш жойларини алмаштириб туришга мажбур бўлардилар. Аммо янги манзилни ҳам керак одамлар тезда топиб олишлари мумкин.

Иброҳимов, гарчи билвосита бўлса-да, 2007 йилнинг январида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этмоқчи. Унинг фикрича, президент Каримовнинг барча мухолифлари ҳозирда мамлакат ташқарисида бўлишларига қарамасдан, Муҳаммаджон овоз берадиган муносиб номзод барибир топилади: «Каримовга эса мен «имкон борида кетинг, шунда сизга ҳам яхши бўлади, халққа ҳам» деган бўлардим.

Биз бишкеклик журналист Лейла Саралаева билан биргаликда фақат икки андижонлик қочоқ билан гаплаша олдик, холос. Уларнинг ҳар бири бир йил аввал содир бўлган воқеалар юзасидан ўз қарашига, ўз тахминига эга. Ҳар бирининг ўз орзулари, ўз эътиқоди бор. Уларнинг ватандан узоқда, оиласини соғиниб яна қанча яшашлари мумкинлигини ҳеч ким айта олмайди. Тақдир тақазосига кўра бу икки киши одамларни хоҳлаганча айлантириб ўйнаш мумкин бўлган винтча ўлароқ билган тизимнинг қурбонларига айланганлар.