19:12 msk, 22 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Адлия вазирлиги «Human Rights Watch» ваколатхонасини ёпишга киришди

07.07.2006 17:21 msk

Ўз ахб.

Еттинчи июль куни «Human Rights Watch»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Адлия вазирлигининг «республика қонунчилигини бузганлиги юзасидан» номасини олди. Қўйилган айбловлар одатдагидек: қайд қилинмаган рамзлардан («HRW» логотипи) фойдаланганлик ва бош ташкилот филиали сифатида фаолият юритганлик.

Бунга оригинал қўшимча сифатида нохолислик ва бирёқламачилик каби айбловлар ҳам ифодаланган. Адлия вазирлиги хабарига кўра, «Human Rights Watch» ваколатхонаси ходимлари текширувчиларга ташкилотнинг ёйинланган маърузаларида айтилганидек Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳодисаларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмаганлар. Шу билан бир вақтнинг ўзида ваколатхона Ўзбекистондаги вазият ҳақида нохолис ва бир ёқлама ахборот йиғиш ҳамда тарқатиш билан шуғулланмоқда, бу эса, Адлия вазирлигига кўра, «Оммавий ахборот воситалари ҳақида»ги қонунга зид келади.

– Тегишли чоралар кўриш ва камчиликларни бартараф этиш учун бизга 30 кун муҳлат беришди, - дейди «Human Rights Watch» ваколатхонаси раҳбари ва ягона ходимаси бўлган Андреа Берг. – Юқорида санаб ўтилган қонунбузарликларнинг кўпчилиги пировардида ёпилиб кетган бошқа нодавлат ташкилотларида ҳам бўлганди.

Адлия вазирлигидан бу тахлит нома келиши анчадан бери кутилаётганди ва уни «Human Rights Watch» ваколатхонасини тугатиш жараёни бошланганлиги ҳақида билдириш сифатида баҳолаш зарур бўлади. Аввалроқ, 30 апрель куни бу ташкилотнинг иккинчи ходими Карло Боэм аккредитациядан маҳрум қилинганди, унинг мамлакатни тарк этишига тўғри келганди.

Охирги пайтларда Ўзбекистонда ёпиб қўйилган барча ҳорижий НДТ тугатилиши бир хил схема бўйича содир бўлган: Адлия вазирлигининг текшируви, топилган қонунбузарликларнинг стандарт рўйхати, тугатилиш ҳақида нома берилиши, номигагина ўтказиладиган маҳкама жараёни ва узил-кесил ёпилиш.

Шу тариқа Ўзбекистонда Очиқ жамият институти (Сорос жамғармаси), Internews Network, IREX, Freedom House, Eurasia Foundation, Америка ҳуқуқшунослари ассоциацияси (ABA/CEELI), ACCELS, Counterpart International, Central Asian Free Exchange (CAFE) ваколатхоналари ёпилганди. Шунингдек, Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) ваколатхонаси, Озод Европа/Озодлик радиосининг Тошкент бюроси, БМТ ҚИОКБ ваколатхонаси ҳамда кўплаб маҳаллий НДТ ёпилгандилар.

Бешинчи июль куни Адлия вазирлиги Американинг шаҳар ва коммунал хўжаликни тартибга солишга кўмаклашувчи яна бир нодавлат ташкилоти - «Urban Institute»ни ёпиш зарурлиги ҳақида билдирди. Ўз-ўзидан маълумки, бу ҳам «аниқланган қонунбузарликлар билан боғлиқ равишда» ёпилади.