19:48 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қорақалпоғистонда протестант черкови йўқ қилинди

07.07.2006 13:38 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистонда диндор мусулмонларни «Ҳизбут-Таҳрир»га алоқадорликда айблаб ҳибсга олиш янгилик эмас. Энди диний эътиқоди учун қилинаётган қатағонга насронийлар ҳам дучор қилина бошладилар, натижада «Эммануил» черковининг Нукус бўлими ўз фаолиятини тўхтатди.

«Эммануил» черкови (Инжилдан олинган жумла – «Худо биз билан!» деган маънони англатади) жамоатчилик ташкилоти сифатида 2000 йилдан бери расман фаолият юритаётганди. Унга 1992 йилда насоро динига кирган Назим Иисусович (отасининг исми ўзлаштирилган) Небиев деган пастўр (протестант мазҳабидаги руҳоний) асос солганди. Саккиз йилдан кейин у Бишкек теология институтини тамомлаб, Тошкентдаги насронийларнинг тўлиқ Инжил маркази томонидан Нукусга юборилганди.

- Черковни рўйхатдан ўтказиш билан кўп шуғулланишга тўғри келди, бизни кўп овора қилишди, икки йилдан сўнг бизни Адлия вазирлигининг маҳаллий бўлимида расман рўйхатдан ўтказишди, - дейди Небиев. – Аммо тахминан бир йилдан бери бизни очиқ таъқиб қилмоқдалар. Текширувлар бошланиб, фаолиятимиздан жуда кўп «қонунбузарлик»лар топдилар.

Шундан сўнг Адлия вазирлиги коллегияси бизнинг гувоҳномамизни бекор қилди.

Ўшандан буён биз бу қарор юзасидан турли жойларга, ҳатто Ўзбекистон Олий судигача мурожаат қилдик, аммо ҳаммаси натижасиз бўлди – барча аризаларимиз рад этилди. Энди биз халқаро судларга мурожаат қилишга ҳақлимиз ва шундай қилмоқчи бўлиб турибмиз.

Шу билан бирга черковга психологик тазйиқ ўтказиш ҳам бошланди. Масалан, бир куни биз Нукус шаҳар ҳокимиятидан ҳамма муҳрлари босилган ва имзолари қўйилган расмий хат олдик. Унда бизга ҳар ойда банкка 400 минг сўм (тахминан $330) тўлаш буюрилганди. Агар биз бир ой ичида бу пулни тўламас эканмиз, черков йўқ қилиниши айтилганди. Биз ахир нотижорат ташкилотимиз-ку, бу пулни қаердан оламиз? Табиийки, биз турли инстанцияларга шикоят қила бошладик. Шундан сўнг биз узр сўралган иккинчи мактубни олдик: айтишларича, улар адашишганмиш, - дейди Небиев.

Протестант черкови насронийликнинг тармоғи сифатида XVI асрдан бери мавжуд бўлиб, унга немис Мартин Лютер асос солган. У папа католицизмига қарши норозилик сифатида черков эшигига унинг католиклар билан келишмаслигига сабаб бўлган 95 та тезисдан иборат манифестни илиб қўйган. Кейинчалик протестантлик кўплаб катта-кичик оқимларга бўлиниб кетган. Бугунги кунда протестант черковлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида бор. Ўзбекистонда расман рўйхатга олинмаганларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда мингга яқин протестант ибодатхоналари бор. Уларнинг ҳаммаси, пастўр Небиевнинг таъкидлашича, бугунги кунда қизғин таъқиб қилинмоқда.