18:07 msk, 21 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Самарқанд яқинидаги тоғда топилган насоро ибодатхонаси археологлар орасида шов-шувларга сабаб бўлмоқда

06.07.2006 17:42 msk

Альфия Харченко (Самарқанд)

Украина ва Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Шарқий-Сўғд археологик экспедицияси Самарқанд вилояти Ургут туманидаги ўрта аср насоро ибодатхонасини қидириш билан шуғулланаётган пайтда янги эпиграфик обидани кашф этди. Бу Шарқ черкови роҳибларининг сўғд тилида битилган ёзувларидир. Тош гумбазларда ёзилган бундай қадимий битиклар дунёда саноқли эди. Энди уларнинг сони яна йигирматага кўпайди. Украина Фанлар Академиясининг катта илмий ходими, экспедиция бошлиғи Алексей Савченко бизга бу илмий кашфиётнинг аҳамияти ҳақида ҳикоя қилади.

23 июнь 2006 йил, жума, SMS –хабар:

Сергей Ровенский - Алексей Савченкога 10:35 «Бир ғор топдик, бу ерда қандайдир қадимий тилда деворларга кўп ёзувлар ёзилибди, бунда ҳатто иероглифлар ҳам бор. Ғор кичкинагина, аммо бу ерда кимдир узоқ вақт яшагани аниқ».

Алексей Савченко - Сергею Ровенскийга 10:39 «Бундай бўлиши мумкин эмас. Ёзувларни телефон билан суратга олишга ҳаракат қилинг ва лагерга қайтинг».

- Мен ишонмадим, - эслайди Алексей. – У адашган деб, ўйладим. У қандайдир ажи-бужи тасвирларни қадимий ёзув сифатида қабул қилган бўлиши мумкин, деб хаёлландим. Кейин мен уларни ўз кўзим билан кўрдим: уларнинг кўпи деворга ўйиб ёзилган, айримлари эса, масалан, хитойча иероглифлар бўёқ билан ёзилган. Ҳа, бу мен ўн бир йилдан бери қидириб юрган ёзувларнинг айнан ўзи эди.

Фото А.Савченко
А.Савченко фотоси
- Бу ғорда таркидунё қилган киши яшаган эканми?

- Ҳа, у ерда зоҳид яшаган. Афтидан, шундай қилгиси келганга ўхшайди. Унга монастир мажбуриятлари камлик қилган кўринади, у янада кўпроқ риёзат чекиш учун узлатга чекинган бўлса керак. Балки бу тақводор шахслардан бири бўлгандир. У ғордан ташқарига чиқмаган, овқатни ҳам олиб келиб берган бўлсалар керак.

Ғорнинг ичкариси ойнадай силлиқланган, у ерга сув кирмайди. Ғорга кичик туйнук орқали ва фақат оёқ томон билан кириш мумкин: агар аввал бошингизни тиқадиган бўлсангиз, йиқилиб тушасиз. У ерда унча катта бўлмаган тешикча бўлиб, ундан кун нури тушиб туради. Тешик шимол томонга қараб туради ва бу табиий ҳужрага ҳеч қачон қуёш нури тушмайди, шунинг учун бу ерда иссиқ эмас.

Ҳужра чоғроқ хонадай келади, у ерда бемалол бор бўй билан туриш ва узала тушиб ётиш мумкин.

- Ургутда ҳар қадамда бирор-бир ғорга дуч келиш мумкин. У ерда ғор дегани тўлиб ётибди.

- Аммо буниси мутлақо кутилмаган топилма бўлди. Менинг дўстим, тажрибали альпинист Сергей Ровенский экспедиция лаборанти Михаил Журавлев билан бирга тоққа чиқиб, тасодифан ғорлардан бирига бош суқади ва уни топади. Биз бўлса Ольга (А. Савченконинг хотини, экспедиция архитектори. – муаллиф изоҳи) билан тоғда ўнлаб километр йўл босиб, икки дарадаги юзлаб ғорларни айланиб чиққандик. Бу машаққатли юришлар анча баландда ўтказилар, биз кун бўйи оч-наҳор, сувсиз юриб, ўзимизни биратўла барча ғорларни кўриб чиқишга мажбур қилардик. Аммо натижага эришолмаётгандик. Агар яна беш юз метр баландроққа чиқсак, ўша ғорни топган бўларканмиз.

- Топилманинг шов-шувлилиги нимада?

- Ғорда сўғд ва Сурия тилларида битилган насоро ёзувлари топилди, биттаси эса Хитой иероглифи билан ёзилган, уни, масалан, Синьцзяндан келган зиёратчи ёзган бўлиши мумкин. Дунёда бунга ўхшаш ёзувлар деярли йўқ, фақат 1922 йилда топилган обида маълум эди, холос. Менинг Ургутда насоро монастирини излай бошлашимга ўша хабар сабаб бўлганди.

Қоялардаги дастлабки ёзувларни минг тўққиз юз йигирма иккинчи йилда Ургутга этнографик амалиётга келган Тошкентдаги Туркистон университети талабалари тасодифан топган эдилар.

- Алексей, зоҳидлар деворларга нималарни ёзишибди? Бу дуолардан, муқаддас китоблардан парчаларми, авлодларга ўгитларми?

- Йўқ, булар «Бу ерда Вася бўлган»га ўхшаш «ташрифчи»нинг оддий ёзувлари, холос. Фақат бу ерда диний мартабага эга бўлган сурияликнинг исми ёзилган. Булар жўн жумла қурилишига эга гаплар эди. Улар «Ҳаво яхши» ёки «Қор ёғаяпти» каби жумлаларни ёзганлар.

Шундай қилиб, бу мўъжаз ғордаги одам битта ўзи ўтириб олиб, деворга «Қор ёғаяпти» ёзувини ўйиб ёзган экан…

Альфия Харченко, Самарқанд, Ўзбекистон