20:47 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон, Россия, НАТО: ҳамкорлик ва зиддият босқичлари

03.07.2005 22:12 msk

WPS Агентлиги маълумотларига кўра

ТАРИХИЙ ВАЗИЯТНИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИШГА ҲАРАКАТ

Россия ва Ўзбекистон раҳбарлари Ислом Каримов, Владимир Путин ҳамда Россия Мудофаа вазири Сергей Ивановлар ўртасида бўлиб ўтган учрашувда эътиборга олинган масалалар биринчи реал натижаларини келтирмоқда. “Фарғона.Ру” агентлигининг ишончли манбалари маълумотига кўра, яқин кунларда Ўзбекистон Россия билан ҳудудга геосиёсатга таъсир ўтказа олувчи икки тарафлама жиддий ҳужжатга имзо чекмоқчи.

- “Каримов Ўзбекистонда Россия ҳарбий базаси жойлаштирилишига рози бўлмади. Гап фақат Ўзбекистон инфраструктураси, яъни буҳрон пайтида ҳарбий аэродромларда махсус амалиётлар ўтказиши тўғрисида бормоқда”, - деб хабар беради “Фарғона.Ру” ҳарбий манбаси.

Бу ҳужжатлар юқори даражада имзоланади ва кейинроқ жамият эътиборига ҳавола этилади. Расмий тарзда фақатгина “СССР парчалангандан кейин Россия-Ўзбекистон биринчи марта биргаликдаги ҳарбий машқлар ўтказади”, деб эълон қилинди. “Новости” РААнинг хабар беришича, Ўзбекистон президенти бу машқлар Андижонда воқеаларидан сўнг “алоҳида аҳамиятга эга бўлади”, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон армиясининг келажакда техник қуролланиш борасида НАТО стандартларидан яна қайта Россия стандартига ўтиши кутилмоқда. ”Сўнги йилларда бизнинг икки тарафлама ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги алоқаларимиз ижобий томонга ўзгармоқда”, - дейди Сергей Иванов.

Авваллари Ўзбекистон президентининг Россия билан ҳамкорликка муносабати қандай эди? Ислом Каримов бирон-бир марта Москванинг сиёсий оппоненти бўлмаган. Ўзбекистон Югославияни бомбардимон қилишни расмий тарзда қўллаган, шунингдек, қўшни республикалар ҳудудида чет эл ҳарбийлари ҳозирлигини қаттиқ танқид қилган. Аниқроғи, Тожикистондаги 201-Россия дивизияси назарда тутилган. Ислом Каримов Қирғизистоннинг Қант шаҳридаги Россия ҳарбий аэродроми очилишини ҳам танқид қилган. Биз Ислом Каримовнинг бошқа давлатлар билан ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги нуқтаи назарининг катта бўлмаган фрагментларини ва шу мавзу юзасидан матбуот хабарларини тўпладик. Россия, Америка, Ўзбекистон халқаро алоқалари эволюцияси, ҳеч бир таҳрирсиз ўқувчилар эътиборига ҳавола этилмоқда ва ўйлаймизки бу фикр юритиш учун энг катта озуқа бўлади.

2005-йил (Андижон воқеаларидан сўнг)

- “Биз НАТО аъзоси эмасмиз, нега унда НАТО ўз қарорларини бизга нисбатан қўлламоқчи? Демак, улар бизни альянс аъзоси бўлиш қизиқтирмоқда, деб ҳисобламоқдами?”, - деб сўради Каримов. - “Биз Осиёда яшаймиз. НАТО эса Осиёга алоқаси бўлмаган тузилмадир. Лекин НАТО тиришқоқлик билан Осиёга яқинлашмоқда ва ўзининг Марказий Осиё ҳудудида иштирокини уюштирмоқда”, - дейди Ўзбекистон президенти. (“Новости” РАА., Москва, 2005-йил 28-июнь, Владимир Путин билан учрашув чоғида).

2005-йил (Андижон воқеаларига қадар)

- “Биз ЕХҲТ, Европа Иттифоқи ва НАТО каби Европа давлатлари билан демократия, бозор ислоҳотлари, мамлакатда ва бутун ҳудудда хавфсизликни ва барқарорликни таъминлаш масалалари юзасидан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз.” (Press-service.uz. 2005-йил 28-январь Қонунчилик палатаси ва Олий Мажлис Сенати ҳамкорлигидаги йиғилишда сўзланган нутқдан)

2004-йил

- “Ўзбекистон айнан Европа Тараққиёт ва Қайта тиклаш Банки йиғилиши арафасида (Фарғона.Ру изоҳи - 2003 йил май Тошкентда) НАТО ҳарбий қўшинлари машқларини “Тинчлик учун ҳамкорлик” дастури доирасида Марказий Осиёнинг юраги бўлмиш Фарғона водийсида ўтказди. Машқлардан сўнг Ислом Каримов мамлакатга НАТОнинг минтақадаги асосий базаси мақоми берилишига келишиб олди. Ўзбекистон АҚШга Хонободдаги базани берди, Германияга эса, Термиздаги базани. НАТО, шунингдек, Ўзбекистон армияси инфраструктурасидан фойдаланиши мумкин”. (Коммерсант, 06.05.2003, “Ўзбекистон ўз нуқтаи назарини ҳимоя қилмоқда”).

2002-йил

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “Немис тўлқини” мухбирига берган интервьюсида, Россия ҳарбий авиацияси Қирғизистонда намоён бўлгандан сўнг Марказий Осиёда юзага келган аҳволни шарҳлади. “Зиддиятли ҳудудда буюк давлатларнинг ҳарбий беллашувлари қарама-қарши самара беради”, – деди президент. Каримов 1999-йил августда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва минтақа мамлакатлари ўртасида ҳарбий қарама-қаршиликлар авж олган бир пайтда, Россия раҳбариятига ҳамкорлик таклиф қилганини, лекин ҳеч бир ёрдам олмаганини эслатди. Ўшанда Афғонистондан Душанбега ташланадиган 40 минг исломий экстремистик гуруҳлар тайёр турган эди, - “Душанбедан Тошкентгача 20 минут учиш керак”, - дея эслатди Каримов. Сўнгра Ўзбекистон раҳбари, - “Энди минтақада аҳвол барқарорлашганда, айримлар ўринсиз ҳарбий намойишлар уюштирмоқда, менинг ҳамкасбларим - президентлардан кимлардир доимий тарзда ким Россия панасига яқинроқ эканини намойиш қилмоқчи бўлади”, деб маълумот берди. (АКИpress, 13.12.2002)

***

Ислом Каримов Ўзбекистон Марказий Осиёда Америка ҳарбийларининг ҳозирлиги тарафдори эканини қатъий маълум қилди. - “Мен бу ерларда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилмагунча Америкаликлар кетишига қатъий қаршиман”, - деди президент Ислом Каримов. (Коммерсант, 07.10.2002, с. 9)

***

Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов 21-ноябрда Чехия пойтахти Прагада ўтган НАТО–Евроатлантика ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этди. Иштирокдан аввал мамлакатимиз раҳбари оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди.

- “Айни пайтда ўн тўққиз мамлакат НАТО аъзосидир”, - деди президент. – “Прага саммитида уларнинг сони ортиши кутилмоқда. Ғарбий–Атлантика аъзолигига Литва, Латвия, Эстония, Болгария, Руминия, Словакия, Словения қабул қилиниши режалаштирилмоқда.

Таъкидлаб ўтиш керакки, вақт ўтиши билан дунёдаги вазият ҳам ўзгарган. “Совуқ уруш” сиёсатига якун ясалган. НАТО фаолиятида ҳам ўзгаришлар бўлган. Ҳозирги вақтда биз бу ташкилотни душман сифатида эмас, глобал хавфсизликни таъминлашда яқин ҳамкор сифатида қабул қиламиз.

1994-йилда Ўзбекистон НАТОнинг “Тинчлик учун ҳамкорлик” дастурига қўшилган. Бизнинг мамлакат 27 давлатни бирлаштирган Евроатлантика ҳамкорлик кенгаши аъзоси бўлди. Ҳозирда Ўзбекистон “Тинчлик учун ҳамкорлик” дастурининг фаол иштирокчиларидан ҳисобланади”.

2001-йил

Америка ҳарбийларининг биринчи “Геркулес”и Ўзбекистоннинг Қарши вилояти Хонобод шаҳридаги собиқ шўролар базасига келиб қўнди. Унинг ортидан Ислом Каримов билан учрашгандан сўнг ўзининг Яқин Шарққа сафарини якунлайдиган АҚШ мудофа вазири Дональд Рамсфельд учоғи Тошкентга қўнди. Содир бўлиши керак бўлган нарса содир бўлди. Марказий Осиёда Вашингтон ҳамкори – Тошкент пайдо бўлди. Расмий Тошкент узоқ ва сабр билан ўзининг юлдузли соатини кутаётган эди. Юлдузли соат 19-сентябрь Жорж Буш Ислом Каримовнинг резиденцияси - Оқ Саройга телефон қилганида бошланган эди. Тошкент ва Вашингтон ҳарбий ҳамкорлиги қуруқ жойдан бошланмайди. Ўзбекистон НАТОнинг “Тинчлик учун ҳамкорлик” дастури фаол иштирокчиси. Америка ҳарбийлари ўзларининг уқувларини Самарқанд ва Тошкентда бўлиб ўтган ҳамкорлик машқлари пайтида намойиш этдилар. Америка ёрдами билан икки сержантлик мактаби очилди. Ислом Каримов бир куни уни Россия ўқув юртларида тайёрланган зобитлар қониқтирмаётганларини эълон қилган эди. Ўзбекистоннинг ҳозирги мудофаа вазири Қодир Ғуломов ўзининг биринчи чет эл сафарини ўтган йилнинг октябрь ойида АҚШга ташриф буюриш билан бошлаган эди. Ўшанда Пентагоннинг ана шу вақтдаги раҳбари билан Ўзбекистонга қурол ва ҳарбий техника ишлаб чиқаришга тайёргарлик, республика корхоналарида қурол-яроқ ишлаб чиқариш учун технологиялар, асосан турли хилдаги ўқ-дорилар, “Хаммер” каби оғир зирҳланган машиналарни келтириш тўғрисида шартнома имзоланган эди. Ўтган йили эса Ўзбекистондан 50 нафар курсант ўқиш учун АҚШга жўнатилди.

Ўзбекистон барча Марказий Осиё давлатлари каби, аллақачон АҚШнинг қуролли кучлар марказий бошқаруви қаторига кирган эди. Аллақачон икки мамлакат томонидан разведка ахборот алмашинуви ҳал этилган. (Росссийская газета, 05.10.2001, “Ўзбекистон қурол устида”)

***

“Матбуотда Ўзбекистон ва Туркманистон демократия принципларидан чекинмоқда, деган танқидлар пайдо бўлмоқда. “Ўта демократик” Россия учун Ўзбекистон етарли даражада демократик эмас. Лекин “демократия яхши ривожланмаган” АҚШ каби мамлакатга Ўзбекистон мос ҳамкор бўлди ва ўзбек демократияси америкаликларга тўғри келди. Натижада 1993-йили ўз армиясини ташкил қилмай МДҲнинг қуролли кучлар бирлашувини сақлаб қолишни таклиф қилган Каримов, эндиликда Штатларга юз бурди ва бугунги кунда иқтисодий илдиз отмоқда...” (“Красная Звезда, 15.11.1996. “Россия дўстларни йўқотишни билади, орттиришничи?”).