15:43 msk, 26 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Баянаул жанги: Олмаота расмийлари икки йилдан бери автобозорни йўқ қилишга уринмоқдалар

06.07.2006 14:44 msk

Ринат Сайдуллин

Олмаотадаги йирик «Баянаул» автобозори ижарагирлари бозорнинг кейинги тақдири юзасидан шаҳар расмийлари билан 2005 йилда бошлаган қаршилик куч ишлатиш амалиёти билан тугашига тайёр турган бўлсалар керак.

Бир ҳафта олдин, йигирма бешинчи июнь куни суд ижрочилари ва полиция махсус отрядининг бир неча юз ходимлари тадбиркорлар ва уларга ёрдамга келган оила аъзолари қаторларини ёриб ўтолмадилар. Ўз навбатида полиция қаршилик кўрсатаётган минглаб кишиларга қарши куч ишлатишга ботинолмади.

Ўша куни бозор аҳли расмийлар чекинди, деб ўйлашиб, навбатдаги кичик ғалабаларини байрам қилгандилар. Бироқ учинчи июль куни кечқурун резина тўқмоқлар билан қуролланган мингга яқин омончилар мудофаанинг қоқ ўртасидан ёриб ўтишга муваффақ бўлдилар. Тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган ўн икки тадбиркорнинг аҳволи ҳамда видеотасвирга олинган материаллар у ерда ҳазилакам жанг бўлмаганини тасдиқлаб турибди.

Бозордаги бу муаммолар бир йил аввал, Олмаотага янги мэр Имангали Тасмагамбетовнинг келиши билан юзага келганди. Афтидан, ўша пайтда шаҳарликлар ўртасида машҳур бўлган автобозор рақиблари учун бозор эгаларини расмийлар ёрдами билан бартараф этиш имконияти пайдо бўлган кўринади. Бозорни ёпиб, савдогарларни шаҳардан ўн беш километр нарида жойлашган ерга кўчириш бўйича биринчи уриниш муваффақиятли бўлмаган. Бозорни ёпиш учун санитар-эпидемиологик станциясининг бозорда санитария нормаларига риоя қилмай фаолият юритаётган тўрт ошхона ишидаги номувофиқликлар ҳақидаги хулосаси асос бўлди. Шундан сўнг автобозор ишини тўхтатиш ҳақида биринчи қарор чиққанди. Қайд этиш керакки, бозор раҳбарияти бу ишга жиддий ёндошган – ошхоналар таг-туги билан бузиб ташланган ва СЭС нормалари бузилганлиги юзасидан қўзғатилган иш ҳам тўхтаганди. Шунга қарамай, суднинг кейинги қарорлари ҳам СЭСнинг ўша қарорларига асосланаверган.

Шунда бозор раҳбарияти ва савдогарлар биринчи марта ўзларининг бир тану бир жон эканларини намойиш қилганлар: норозилик намойиши уюштирганлар, шаҳарнинг энг гавжум кўчаларидан бирини бир неча марта тўсиб қўйганлар, бу эса полиция билан тўқнашувларга сабаб бўлган. Сўнгра ишга мамлакат президентининг қизи Дариға Назарбаева аралашиб, иш юзасидан депутатлик талабномасини юборган, шундан кейин суд ўз қарорини қайта кўриб чиққан ва бозорнинг бундан буён ҳам ишлайверишига имконият яратган.

Бироқ бир неча ойдан кейин бозор ёнида «Авто-стар» номли улкан савдо комплекси қурилган. Бозорда ишловчи ижарагирлар бу комплекс шаҳар янги мэри Имангали Тасмагамбетовнинг қариндошига қарашли эканини очиқ айтмоқдалар. Уларга кўра, барча муаммолар ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш ҳоллари айнан шундан келиб чиқмоқда. «Баянаул» янги савдо марказига нисбатан жиддий рақобатни юзага келтираётгани учун суд яна бир марта ўз қарорини кўриб чиққан ва бозорни ёпиш бўйича қарор чиқарган.

Тижоратчиларга ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишда ёрдам бераётган Бозорлар ассоциацияси вакили муаммо юзасидан қуйидагиларни айтди: «Бозор учун ажратилган ер 2000 йилда сотиб олинган, аммо ер тақсимловчи комитет уни расмийлаштириш учун фақат бир неча йилдан кейингина рухсат берган. Аввалги ҳужжатларда мазкур жой «автобозор ташкил этиш» учун мўлжалланганлиги қайд этилганди. Ҳозир эса ҳужжатларни қайта расмийлаштириш учун борганларида комитетда ердан фойдаланиш учун белгиланган мақсадни, яъни «автобозор ташкил этиш» жумласини исталган бошқа жумлага алмаштиришни талаб қилганлар. Шаҳарнинг бу жойга муҳтож эмаслиги аниқ. Бу ерда рақибни бартараф қилиш иши кетаяпти, холос».

- Мен барибир ишлаш учун янги марказга бормайман. Гап ҳатто ижара ҳақининг ўта ошириб юборилганида ҳам эмас, - дейди «Баянаул»да етти йилдан бери контейнер очиб, савдо қилаётган ижарагирлардан бири. – Биласизми, авваллари у ер камгак жой бўлган, у ерда ҳатто гараж қуриш ҳам мумкин эмасди. Ҳозир бўлса у ерга кўп қаватли бино қуришди, машиналарнинг эҳтиёт қисмлари эса тонналаб юк босади. Мен бир куни мазкур бино буларнинг ҳаммасини кўтаролмай қулаб тушишидан қўрқаман.

Унинг ҳамкасблари ҳам худди шу фикрдалар. Улар мамлакатнинг меҳнат ҳуқуқини кафолатловчи асосий қонуни – Конституцияга таянган ҳолда ўз иш ўринларини сақлаб қолишга тайёр турибдилар. Айтгандай, «Баянаул» бозорининг ўзига хос жиҳатларидан яна бири шуки, ижарагирлар, ҳаётлари учун ҳавф туғилаётганлигига қарамай, ўз ижарадори манфаатларини ҳимоя қилишга тайёрлар. Уларни битта команда бўлиб ишлашларига ҳаммалари учун тегишли бўлган кўргиликлар сабаб бўлган.

Бозор директори жаноб Қияқбаев ўз бизнесини сақлаб қолишга интилиб, бир неча йилдан бери курашиб ётибди ва ўтган йиллар мобайнида у юридик масалаларда анча пишиб қолган. Шунинг учун шаҳар расмийлари найрангларига жавобан нозик юридик асослардан фойдаланиб туради. Дейлик, бир неча ҳафта муқаддам унинг МЧЎ бошқа корхона билан шартнома тузиб, унга ўзи тасарруф этиб турган ерларнинг ҳаммасини ўтказиб берган. Судда билдирилаётган эътирозлар эса қонун бўйича ернинг аввалги эгасига қаратилганлигича қолаверган. Бироқ расмийлар юриспруденция ботқоғига ботиб ўтирмасдан, вазиятни куч билан ҳал қилиб қўя қолишга қарор қилганлар.

«Инсон ҳуқуқлари учун хартия» ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти директори Жемис Турмагамбетовани шаҳар расмийларининг қонун нуқтаи назаридан шубҳали бўлган ҳатти-ҳаракатлари эмас, полициянинг қуролсиз одамларга қарши ҳаддан ортиқ куч ишлатгани кўпроқ хавотирга солади. Шу кунларда у Астанада бўлиб, Суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари тизимини такомиллаштириш бўйича давлат комиссияси ишчи гуруҳи мажлисида иштирок этмоқда. У ерда Хартия директори ҳаваскорлик камераси билан олинган одамларнинг калтакланиши кадрларини кўрсатишни режалаган. Автобозордаги нохуш ҳодиса эса полиция амалдорлари куч қўллашга буйруқ берган воқеаларнинг охирги бўғини бўлиб ҳисобланади.

Биринчи мағлубиятга қарамай, тадбиркорлар ва бозор бошқарувчилари бундан буён ҳам барча йўналишлар бўйича қатъий ҳаракат қилишда давом этиш ниятидалар. Ҳуқуқшунослар ҳозирча ҳеч бўлмаганда суд ижрочилари ҳатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят аризаси бериб, маҳкамани ютишга уринмоқдалар. Аммо муваффақият қозонишга бўлган ишонч катта эмас, чунки, уларга кўра, судлар қарама-қарши тарафга ён босиб, турли баҳоналар билан уларнинг шикоят аризаларини кўриб чиқишни ортга сурмоқдалар. Бозор раҳбарияти ва энг фаол ижарагирлар матбуот, ҳуқуқ ҳимоячилари ва ЕҲҲТ билан алоқа ўрнатишга қаттиқ ҳаракат қилаяптилар, чунки уларнинг муайян вазиятда охирги инстанция бўлиб қолишлари мумкинлигини тушунаяптилар. Қолган тижоратчилар эса расмий таъқиққа қарамай, яқин кунларда ўз контейнерларини очиш ниятидалар: чунки бекор ўтган ҳар кун ортиқча чиқим деганидир. Пулни эса ҳатто ҳарбий ҳаракатлар даврида ҳам ишлаб топиш лозим.



 

Реклама