19:51 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижон: Бир йилдан сўнг ёки Қизиқувчан меҳмон хотиралари (II қисм)

05.07.2006 21:03 msk

Ҳусниддин Нуриддинов

НАМОЗ ЎҚИШ МАЪН ЭТИЛАДИ

Янги кун ёмон хабар билан бошланди. Маълум бўлишича, андижонликлар орасида энг оммабоп бўлган чойхонада намоз ўқиш учун ажратилган махсус хона ёпилибди. Чойхона эгаларига эса мусулмонлар учун шароит яратиб берганлари учун катта миқдорда жарима солинибди. Аснода чойхона кузатилаётгани ва шунинг учун кўпчилик у ерга боришга қўрқаётгани ҳақида гап ўтди.

Кейинчалик аниқлашимча, гап «Водий» чойхонаси ҳақида борган экан. Яқиндагина иш бошлаган бу чойхона аҳоли орасида жуда машҳур экан. Бу чойхонага спиртли ичимликлар олиб келиш, боз устига уларни ичиш таъқиқланаркан. Бу ерда диндорлар учун барча шароитлар муҳайё қилиниб, намозни вақтида ўқиш учун жой ажратилган ва ҳатто мулла ҳам таклиф қилинган экан. Андижон шаҳри, умуман бутун Фарғона водийси Ўзбекистоннинг бошқа жойларидан ўзининг диндорлиги билан ажралиб тургани учун чойхонада бундай тартибнинг жорий қилиниши кўпчиликни қаноатлантирар экан. Бунинг устига, менга айтишларича, бу ерда энг моҳир ошпазлар ва ажойиб хизматчилар одамлар хизматига камарбаста эканлар.

- Бу ишни ким қилганини биламиз, - деди мени чойхонадан меҳмонхонага олиб кетаётган таксичи. – Андижонда анчадан бери Тошкентдан келган комиссия кўнглига келган ишни қилиб қилиб юрибди. Намоз ўқияптими - демак террорчи, деб ўйлайди-да.

Афтидан, Андижонда Тошкентдан текширувга келган амалдорларга нисбатан анчадан бери муайян салбий муносабат мавжудга ўхшайди. Андижонликларга кўра, бу одамлар динни мутлақо ҳурмат қилмайдилар, шаҳарга кела солиб эса улар талончилик билан шуғулланадилар ва одамларнинг охирги чақасигача тортиб олиб, жўнаб кетадилар.

«АМАЛДОРЛАР УЧУН ОХУР»

- Андижон Тошкентдан келадиган амалдорлар учун охурга айланди, - дейди меҳмонхона олдида ичимликлар сотиб ўтирган сотувчи. – Мундоқ қарасангиз, улар бурун тиқмаган бирор-бир жой йўқ. Акам бир неча коллежларда пардозлаш ишларини олиб бораётган қурилиш бригадасида ишларди. Мана энди унинг бошлиғига тавсия қилинган безаш материалларидан фойдаланмай, ўз хоҳишига кўра материал излаганлиги учун жарима солишмоқчи…

- Нима учун у тайёр материаллардан фойдаланмай, ўзи безак материалларини қидирибди, боридан фойдаланса яхшироқмасми? – деб қизиқаман мен.

- Гап шундаки, таклиф қилинган материалларни Тошкентдан, устига устак катта пулга олиб келиш керак эди. Унда бунақа пул бўлмаганлиги, бунинг устига ўша материаллар шу ернинг ўзида арзонроқ нархда сотилганлиги учун у арзонроғини олишга қарор қилган. Энди эса бундан жабр кўриб ўтирибди. Ахир бу талончиликмасми?..

Жума куни келди ва мен маҳаллий масжидлардан бирига йўл олдим. Намоздан кейин мен бир неча ёш йигитлар билан гаплашиб қолдим. Уларнинг айтишларича, Андижонда ҳали ҳам диндорлар ва масжидга қатнайдиган ёш йигитлар устидан назорат борлиги сезилади. Йигитларга кўра, буларнинг ҳаммаси ҳокимиятдагилар ҳали ҳам 2005 йил май воқеаларининг такрорланишидан қўрқаётганликлари билан боғлиқ.

- Уларнинг хавотирлари учун асос борми? – дея қизиқиб сўрайман улардан.

- Андижонликлар кўнгли юмшоқ халқ, уларнинг жаҳлларини қўзғатиш жуда қийин, лекин уларни ғазаблантиргудек бўлсалар, ҳаммаси тамом бўлди, деяверинг, - дейишди йигитлар ва яхшиси бу масалани кўтармасликни илтимос қилдилар. Йигитлардан бири мени лол қолдириб шундай деди:

- Бир куни бир танишим гап орасида шунчаки «андижонликлар, агар уларга биров тегмаса, меҳрибон одамлар» эканини айтибди. Эртаси куни ўша йигитни қамоққа олишибди. Унинг яқинлари ҳали ҳам ўғилларини қаердалигини аниқлай олмаяптилар…

Бу ерда бундай нохуш воқеаларни жуда кўпини айтиб беришлари мумкин. Чунки шаҳарда анчадан буён «ҳоким Андижон вилоятини хомталаш қилиш учун ташлаб берди, энди Тошкентдан келган махсус хизмат вакиллари истаганларича «вақтичоғлик» қилаяптилар», деган фикр мавжуд.

Ўтган йили бўлиб ўтган воқеаларни бу ерда тез-тез эслаб туришади. Мен суҳбатлашган одамларнинг кўплари бу воқеаларни расмийлар томонидан уюштирилган жуда катта фитна, деб ҳисоблайдилар.

ЮТҚАЗИШ МАҚСАДИДА ЎЙНАЛГАН ФУТБОЛ

Бобур шоҳкўчасидан ўтиб бораётган одамларнинг юзларидаги қайғу-ҳасратни айтмаса, шаҳар кўчаларида сиртдан ўтган йилги воқеаларни эсга солувчи бирор нарса қолган эмас. Аммо бир воқеа ҳақида андижонликлар кула-кула гапирадилар.

Шу йилнинг 9 май куни Андижонда маҳаллий «Андижон» ва Тошкентнинг «Пахтакор» командалари ўртасида футбол ўйини ўтказилган. Ўйин май ойида, бунинг устига Андижонда ўтганлиги сабабли ҳокимиятдагиларнинг асаблари жуда таранг бўлиб турган. Ишқибозлар тошкентлик футболчиларга раҳбарият ўйинни ютишни қатъиян маън қилиб қўйганлиги эшитиб қоладилар. Шунинг учун ўйинчилар тўпни у ёқда-бу ёққа бамақсад тепиб юрганлар. Қай бир лаҳзада Андижон ўйинчиларидан кимдир ўз дарвозасига гол уриб қўяди. Томошабинлар орасида асабийлик кучаяди, ўтирғичлар ғичирлай бошлайди. Шунда мутлақо кутилмаган воқеа содир бўлади: андижонликларга гол уришга имкон берадилар, рақиблар ҳатто мудофаага ўтишга ҳам ҳаракат қилмайдилар!..

БОЛАЛАР БИЗНИНГ КЕЛАЖАГИМИЗМИ?..

Аввалроқ мен таътил бўлганига қарамасдан, Андижондаги болалар боғида умуман ҳеч ким кўринмаганини эслатгандим. Бунга чидаб бўлмас иссиқ сабаб бўлган бўлса керак, деб ўйловдим. Аммо, кейинчалик англаб етишимча, куннинг иссиқлиги бунга бирдан-бир сабаб эмас экан. Гап шундаки, Андижондаги кўпгина болалар анчадан буён катталар бажарадиган ишлар билан шуғулланар эканлар.

Шаҳарнинг истисносиз барча бозорларида арава судраб, юк ташиш орқали пул топаётган ўсмирлар ёки кичкинагина болачаларни кўришингиз мумкин. Автомобиль созлаш устахоналарида, машина ювадиган жойларда, чойхоналарда ҳам вояга етмаган болаларни учратиш мумкин. Писта ва ичимлик сотаётган болалар бўлса-ку аллақачондан бери Ўзбекистон учун янгилик бўлмай қолган.

Менинг «бу ишингга ота-онанг қандай қарайди», деган саволимга кичкина ишчилардан бири шундай жавоб берди:

- Онам табиий қабул қилади. Отам ҳам, балким ижобий қабул қиларди, - кулимсираб, пешонасидаги терни арта туриб жавоб берди у.

- Нега балким дейсан? Отанг катталардек пул топаётганингни билмайдими?

- Йўқ… У ҳозир уйда эмас. У Россияга пул топиш учун кетган, уч йил бўлди кетганига…

- Нечанчи синфда ўқийсан ўзинг?

- Еттинчида…

- Арава етаклаганлар орасида тенгдошларинг кўпми?

- Жуда кўп, шу сабабдан мижоз учун курашишга тўғри келади…

- Курашишга дейсанми, қандай қилиб?

- Масалан, баъзан муштни ишга солиб…

Мен маҳаллий расмийлар, милиция, мактаб ўқитувчилари, маҳалла оқсоқоллари унинг ишига қандай муносабатда эканини сўрадим.

- Милиция ҳеч нарса демайди, уларнинг биз билан иши йўқ. Ўқитувчилар эса бозорга келганларида ўз ўқувчилари хизматларидан фойдаланадилар, чунки бу арзон тушади, маҳалла оқсоқоллари ҳам шунақа…

Қанчалик ажабланарли бўлмасин, маҳаллий аҳоли бундай кичкина ишчиларга оддий ҳолдай қарайдилар. «Агар болалар ота-оналарига ёрдам бераётган бўлсалар, бунинг нимаси ёмон?» деб ҳисоблайдилар шаҳарликлар.

Андижонда Қирғизистон миллий телевидениеси канали кўрсатади. Ўша куни мазкур канал орқали болалар меҳнатидан фойдаланиш мавзусида баҳс-мунозара бўлди. Сўзга чиққан Қирғизистон фуқаролари бундай муаммо жамиятда учраб туриши ва уни зудлик билан ҳал қилиш кераклиги ҳақида гапирдилар. Мунозарада ҳокимият вакиллари ҳам иштирок этишиб, бу муаммо билан жиддий шуғулланишга ваъда бердилар.

Меҳмонхонада ўтирар эканман, бизда – Ўзбекистонда ҳам шу мавзуда баҳс-мунозара ўтказиш мумкинми, деб ўйладим. Ахир бозорларда, далаларда ва ҳатто қурилишларда содир бўлаётган ишлар ҳақида ҳокимият тузилмалари билсалар керак, лекин бу хусусда бирор бир сўз айтмайдилар. Маҳаллий матбуот ҳам лом-мим демайди, чунки Ўзбекистон газеталарида бундай муаммолар тўғрисида ёзиш таъқиқланган.

ДАРВОҚЕ, МАТБУОТ ҲАҚИДА

Андижон матбуоти бугунги кунда мутлақо бошқа мавзуларни ёритиш билан банд. Унда вилоятда эришилаётган «ишлаб чиқаришдаги ютуқлар», бутун мамлакат бўйлаб кечаётган «демократик ўзгаришлар» ва «аҳолининг ёрқин келажакка бўлган ишончи»га алоҳида ўрин берилади.

Шу ўринда «Андижоннома» газетасида чоп этилган бир мақолага тўхталиб ўтмоқчиман. Бу қандайдир Нажмиддин Икромий деган кишининг мухолифатдаги «Бирлик» партияси фаоли, сиёсий бошпана қидириб Андижонни ташлаб чиқиб кетган Анорхон Ҳамдамовага бағишланган мақоласидир. Мақола муаллифига кўра, Ҳамдамованинг қилмиши уни журналистик текширув ўтказишга мажбур қилган, натижада у парламент сайловлари чоғида Ҳамдамова ўз қариндоши номзодини кўрсатишга уринганини аниқлаган. Аммо етарли имзо йиғолмагани учун Анорхоннинг барча уринишлари зое кетган. Мақола муаллифи «Озодлик» радиоси ва «Фарғона.Ру» сайтини текширилмаган фактларни бераётганликда айблайди. Аниқроқ қилиб айтганда, сайтда ва радиода Анорхон Ҳамдамова малакали сиёсатшунос бўлиб ҳисобланади, дейилган. Аммо, деб ёзади Икромий, «қўшниларининг айтишича, у сиёсатшунос бўлмаган. Бунинг устига, у руҳий жиҳатдан соғлом ҳам эмас. Шунинг учун унинг эри ва қариндошлари ўз вақтида ундан воз кечганлар».

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Андижон вилоятининг Марҳамат туманидан бўлган ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Анорхон Ҳамдамова Қирғизистондан сиёсий бошпана беришни сўраб БМТ қочоқлар иши бўйича Олий комиссариатининг Ўш шаҳридаги ваколатхонасига мурожаат қилганди. У Ўзбекистондан чиқиб кетишини ўз ватанида сиёсий эътиқоди учун таъқиб қилинаётгани билан асослаган. Бироқ, сир эмаски, ҳокимиятга у ёки бу тарзда эътироз билдиришга журъат қилган ҳар қандай киши Ўзбекистон матбуоти ойнасида ўз-ўзидан «руҳий жиҳатдан носоғлом» кишига айланади. Мақола муаллифига кўра, Анорхон Ҳамдамова «ўзининг туҳматона чиқишлари билан ўз шаҳрини бадном қилиб, халқнинг буюк келажак йўлидаги кўтаринки кайфияти ва буюк муваффақиятларини кўролмаганлар ноғорасига ўйнаш»га уринган.

Дераза ортида - Андижон кўчалари ва бозорларида эса газетада таъкидланаётган турмушдан фарқланадиган, мутлақо бошқача ҳаёт ҳукм суради…