07:40 msk, 10 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Санкт-Петербургда ўзбекистонликларнинг «Умид» ҳамюртлар жамияти муваффақият билан фаолият олиб бормоқда

04.07.2006 16:44 msk

Н. Зотова

Биз Россиядаги миллий ҳамжамиятлар фаолияти ҳақидаги мақолаларни чоп қилишда давом этамиз. «Фарғона.Ру» эксперти, РФА Этнология ва антропология институти илмий ходимаси Наталья Зотованинг аниқлашича, бугунги кунда Россияда ўзбекистонликларнинг бор-йўғи учта ҳамжамияти мавжуд бўлиб, улар Татаристон, Бошқирдистон ва Санкт-Петербургда иш юритмоқдалар. Бизнинг бугунги ҳикоямиз ўзбекистонликларнинг Санкт-Петербургдаги «Умид» ҳамюртлар жамияти ва унинг раиси Алижон Ҳайдаров фаолияти ҳақидадир.

* * *

Санкт-Петербургдаги ўзбекистонликлар диаспораси 1995 йилда тузилган ҳамда «Умид» ҳамюртлар жамияти атрофида жипслашган. Унинг ташкилотчиси ва раиси Алижон Ҳайдаров бўлиб, у бир вақтнинг ўзида «Турон» юртдошлиги ва Ўзбек маданий марказида ҳам ана шундай лавозимларни эгаллайди. Бугунги кунда Ҳайдаров бу икки жамоатчилик ташкилотини Санкт-Петербург ўзбек миллий-маданий мухториятига бирлаштиришни режалаштирмоқда, ҳозир бунинг учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлаш билан банд.

Санкт-Петербургдаги ўзбекистонликларнинг «Умид» ҳамюртлар жамияти
1994 йилда рўйхатга олинган.
Алоқа учун телефон: (812) 322-40-81
Раиси: Алижон Жаҳонгирович Ҳайдаров
Мақоми: Жамоатчилик ташкилоти

Фаолият йўналиши – Санкт-Петербургда яшаётган ўзбекистонликларни бирлаштириш; ўзбек анъаналари, маданияти, урф-одатлари, тили ва ёзувини тиклаш, сақлаб қолиш ва ривожлантиришга кўмаклашиш; миллатлараро мулоқот маданиятини шакллантириш
Манзили - 199106, Санкт-Петербург, Васильевск ороли, Большой шоҳкўчаси, 83-уй, Миллий Маданиятлар уйи

"Умид" – ҳамюртларнинг Шимолий-Ғарбий федерал округдаги (ШҒФО) ягона ташкилоти бўлиб ҳисобланади. Россияда ҳаммаси бўлиб учта жойда – Қозонда, Бошқирдистонда ва Санкт-Петербургда ўзбек ҳамжамиятлари бор. «Умид» раҳбарининг Россия Федерацияси қирқ тўрт субъектида бўлимлар очиш ҳамда ўзбекистонликларнинг умумроссия бирлашмасини ташкил этиш бўйича каттакон лойиҳаси бор.

Алижон Жаҳонгирович баҳосига кўра, Совет Иттифоқи даврларида Санкт-Петербургдаги ўзбек диаспораси, талабаларни қўшиб ҳисоблаганда, ўн саккиз минг кишига етарди. Ҳозир ўзбеклар сони ўн мингга қисқарди. Бироқ вақтинча ишлаш учун шаҳар ва вилоятга ҳар йили ўн минглаб меҳнат муҳожирлари келадилар. Уларнинг кўпчилиги ёрдам сўраб «Умид»га мурожаат қиладилар.

Унинг қабулига кунига эллик-олтмиш киши келади. Одамлар турли муаммолар юзасидан – ишга жойлашиш, паспорт йўқотганлик, ойлик маошни тўланмаётганлиги, милиция ушлаганлиги бўйича мурожаат қиладилар. Бу муаммоларни ҳал қилишда жамиятнинг юридик хизмати ёрдам беради.

Яқиндагина «Умид» ҳамюртлар жамияти паспорт йўқотилганида ва мамлакатдан чиқиб кетишга маълумотнома олиш учун консулликка мурожаат қилишда ҳужжатларни йиғиш ва тайёрлаш бўйича хизмат кўрсатиш юзасидан юридик ҳуқуққа эга эди. Бу хизматлар ҳамюртлар учун бепул амалга ошириларди. Бироқ жамият вакиллари охирги марта Москвадаги Ўзбекистон Бош консуллигига борганларида консуллик ходимлари петербургликларни «улар Петербургда пул қилишаётгани ва улар билан ФҲХ қизиқаётгани»ни билдиришиб, умидчиларни айблаганлар. Ҳужжатлар эса қабул қилинмаган.

Бироқ ўша куннинг ўзидаёқ элчихона ходимларининг коррупцияга чалинганлиги ҳақидаги маълумотлар яна бир карра ўз исботини топди – ҳужжатларни «қора йўллар» орқали ва анча катта пул эвазига (мамлакатдан чиқиб кетиш учун бериладиган ҳар бир маълумотнома юз эллик доллардан тушган) бериб юборишга муваффақ бўлинди. Натижада «Умид» жамияти консулликка тақдим этиш учун ҳамюртлардан ҳужжат йиғишни тўхтатишига тўғри келди. Аснода Ўзбекистон элчихонасига кириш жуда қийин, одамлар катта қийинчиликларга дуч келадилар. А. Ҳайдаровнинг қайд этишича, элчихона Россияда юрган Ўзбекистон фуқароларининг муаммоларини ҳал қилишдан ўзини четга олмоқда, элчихона тузилмаларида эса коррупция қаттиқ авж олган.

Алижон Хайдаров – Россия фуқароси, собиқ ҳарбий, Балтика ва Шимолий флотларда йигирма беш йил хизмат қилиб, 1993 йилда истеъфога чиққан. Бугунги кунда у ўзининг барча куч-ғайратини юртдошларини қўллаб-қувватлашга қаратган бизнесмендир. «Ватан» МЧЖ туристик фирмаси, «Росузмрамор» қўшма корхонаси» МЧЖ – савдо ширкати, «Норд-Ост» МЧЖ ҳаво орқали юк ташиш, «Театр+» ва «Кишмиш» ресторанлари, «Ватан» меҳмонхонаси каби корхоналар унга тегишли. «Ватан» саёҳат агентлиги Тошкент, Фарғона, Самарқанд йўналиши бўйича чипталар сотади. А. Ҳайдаровнинг савдо корхоналари Ўзбекистондан Санкт-Петербургга тўқимачилик маҳсулотлари, пахта, қуруқ мевалар олиб келадилар. Савдо-сотиқ Алижон Ҳайдаров умумий даромадининг тахминан олтмиш фоизини, саёҳат бизнеси билан ҳаво орқали юк ташиш эса даромадининг қирқ фоизини (йигирма фоиздан) ташкил қилади.

Компаниялар орқали топган пулининг анча қисмини Ҳайдаров жамият фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун сарфлайди. Шу тариқа, Санкт-Петербургдаги ўзбекистонликлар диаспорасининг муваффақиятли фаолият юритиши кўп жиҳатда унинг раҳбари иродаси ва қобилиятига боғлиқ. Бунда на Россия Федерацияси давлат тузилмалари, на Ўзбекистон элчихонаси ёки консулхонаси, на Санкт-Петербург мэрияси «Умид»нинг муваффақият билан фаолият кўрсатишига ҳисса қўшганликлари билан мақтанолмайдилар.

Ўзбекистонлик гастарбайтерлар (мардикорлар) Санкт-Петербургда жуда оғир вазиятларга дуч келиб турадилар. Масалан, ҳозирги пайтда юз элликтача ўзбек муҳожири шаҳардаги махсус қабулхонада ўз тақдирлари нима билан ҳал бўлишини кутиб ётибдилар. Маъмурий суд уларни Россиядан депортация қилиб юбориш ҳақида қарор қабул қилган. Аммо суд қарорида уларни ҳибсда сақлаш ҳақида ҳеч нарса дейилмаганди. Одамларни тезлик билан депортация қилишга эса Россия расмийларида имкон йўқ: бахтиқаро муҳожирлардан айримлари ватанга жўнатиш учун пул йўқлиги сабабидан бу ерда ҳатто икки йиллаб ўтирибдилар. Ҳозирда Ҳайдаров диаспора номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Санкт-Петербург офисига махсус хат тайёрламоқда, кейинчалик бу хатни раис Россия Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига юборишни режалаган.

«Умид» раиси Россиядаги меҳнат муҳожирлари аҳволини яқиндан билгани учун вазиятни изга солиш бўйича унинг ўз қарашлари бор. Бунинг учун, деб ҳисоблайди Ҳайдаров, муҳожирлар ҳужжатларини расмийлаштириш ва уларни машруълаштириш тартибини осонлаштириш зарур, чунки ҳозирги пайтда «бу милиционерлар учун хўрак, холос». Ҳайдаровга кўра, Миграция ҳақидаги қонунда кўплаб зиддиятлар ва чекловлар мавжуд. Дейлик, Россияга кириб келган бошқа мамлакат фуқаролари учун бериладиган муҳожирлик картаси уч кунгача яроқли, холос. Бу муддат ўта оз, картанинг рўйхатга олиш муддатини энг камида йигирма кунгача узайтириш лозим.

Агар ўзбекистонликларнинг Россия жамиятига интеграцияси ҳақида сўз кетадиган бўлса, уларнинг ҳаммаси машруълашиш (легаллашиш), солиқларни тўлашга тайёрлар, аммо «қонунларнинг яхшилаб ўйлаб қабул қилинмагани одамларнинг қадларини ростлаб олишга имкон бермаяпти», - дея қайд этади А. Ҳайдаров. Умуман олганда, Санкт-Петербургда ва шу ҳудудда анчадан бера яшаётган ўзбекистонликлар Россияда ишлашни давом эттириш ниятидалар, чунки, уларга кўра, Ўзбекистонда муносиб турмуш кечириш ва пул топиш учун истиқболли имконият қарийб йўқ.

Санкт-Петербург ва бу ҳудудда муҳожирлар банд бўлган асосий соҳалар қурилиш ва техник ишлар бўлиб ҳисобланади. Бозорларда ўзбек савдогарлари деярли йўқ, чунки азалдан Санкт-Петербург бозорлари шаҳардаги озарбайжон диаспораси назорати остида фаолият юритади. Ўзбеклар шаҳарга машиналарда мевалар олиб келадилар ва бу маҳсулотни чакана савдогарларга улгуржи нархда сотадилар. Шунинг учун ҳам ўзбек жамоати лидери Ҳайдаров Ўзбекистондан олиб келинган жиҳозлар ва маҳсулотлар намойиш этилувчи кўргазма майдончасига эга бўлган «Осиё неъматлари» махсус савдо марказини ташкил этиш ниятида.

Ҳамюртлар ташкилотини тузиш ғояси Ҳайдаровнинг хаёлига муҳожирлардан бирини дафн этиш маросимидан сўнг келган.

- Ўшанда халққа ачиниб кетдим, улар дафн маросимини ташкил этиш учун тийинлаб пул йиғардилар, - дея ҳикоя қилади Алижон Жаҳонгирович. – Шундан кейин одамлар бир-бирларига ёрдам беришлари учун халқни бирлаштирадиган жамоат ташкил этиш зарур, деб ўйладим.

Ўзбекистон ҳамюртлар жамияти фақат этник ўзбекларнигина эмас, балки Ўзбекистондан бўлган бошқа халқ вакиллари – корейслар, татарлар, руслар ва ҳ. ларни бирлаштириш учун ташкил этилган; уларнинг ҳаммаси ҳамюртлар деб аталишга, бу ташкилот таркиби қўшилишга ҳақлилар. Жамият Санкт-Петербург Адлия бошқармаси қошида рўйхатга олинган.

Ҳамюртлар ишлаб топилган пулларни ватанга юбора олишлари учун «Умид» жамияти учта банк билан музокаралар олиб борган. Натижада яқинда «Умид» қошида банк бўлими очилиб, ундан бор-йўғи бир ярим фоиз комиссион тўлов эвазига Ўзбекистонга пул юбориш мумкин бўлади.

Нима учун ўзбек жамоати Санкт-Петербургда анчадан бери ва муваффақият билан фаолият юритаяптию Москвада диаспорани бирлаштирадиган ташкилот йўқ, деган саволга А. Ҳайдаров бунинг сабабларидан бири «Умид»нинг анчадан бери мавжудлигида, деб жавоб берди. Унда ўн бир йилдан бери муваффақият билан иш олиб бориш тажрибаси йиғилган. Бошқа бир сабаб, деб ҳисоблайди Ҳайдаров, пул масаласи. «Россия бюжетининг саксон фоизи Москвада айланади. Уларнинг диаспоралар билан шуғулланишга вақтлари йўқ, улар бу пулларни ҳазм қилиш билан бандлар». Шунга қарамай, Москвада ҳамюртлар ташкилотини тузиш уринишлари бўлган ва А. Ҳайдаров булардан хабардор, чунки унга бир неча марта тегишли маслаҳат сўраб мурожаат этганлар. Бироқ ҳозирча барча уринишлар бесамар кетмоқда.

Санкт-Петербургдаги ўзбекистонликлар ишдан бошқа нима билан шуғулланадилар, қандай ҳаёт кечирадилар? Жамоат аъзолари масжидга борадилар, барча диний байрамларни нишонлайдилар. Йирик байрамларни ўтказиш учун «Умид» татар диаспораси билан бирлашиб, катта меҳмондорчилик уюштиради, - дея ҳикоя қилади А. Ҳайдаров.

Масалан, 2006 йилдаги Қурбон ҳайитида бир ярим минг кишини меҳмон қилиш учун Санкт-Петербургда ягона бўлган Бухоро амири масжиди қошида дошқозонларда овқат тайёрланган. Ўшанда қурбонликка қўйлар сўйилганди.

«Умид» қошида спорт ва маданий секция ҳам мавжуд бўлиб, маданий секторга «Ленфильм» студияси режиссери Искандар Ҳамроев раҳбарлик қилади. «Умид»нинг арзирли тадбирлардан бири 2002 йилда Санкт-Петербургда ўтказилган «Ўзбек диаспораси-2002, Шарқ-Ғарб» ҳамюртлар учрашуви бўлди, унинг мақсади маданият арбоблари, корчалонлар, давлат тузилмалари вакилларини йиғиш эди.

Катта маданий тадбирлардан ташқари жамоат ичида унча сезиларли бўлмаган, аммо анча муҳим воқеалар бўлиб туради. Кечалар, байрамлар, юбилейлар, тўйлар бизнесмен А. Ҳайдаровга тегишли бўлган ресторан ва қаҳвахоналарида ўтказилади. Шунингдек, концертлар ва бошқа маданий тадбирлар ҳам уюштириб турилади. Айтайлик, ҳозирги пайтда ўшлик дорбозларнинг чиқишларини уюштириш режалаштирилмоқда.

Жамоат ўз сайтига ҳам эга - www.vatan.spb.ru (ҳозирги пайтда у вақтинча ишламаяпти). «Умид» ташкилоти офиси Васильевск оролида жойлашган.

Қайд этиш жоизки, Санкт-Петербург расмийлари бирлашмага ёрдам бериб турадилар, имтиёзли шартлар билан бино ажратиб берганлар. Агар шаҳар ҳокимияти томонидан қўшимча молиявий ёрдам берилганда эди, А. Ҳайдаровнинг яна бир қатор лойиҳаларини, масалан, ўзбек мактаби очиш бўйича унинг эски орзусини амалга ошириш мумкин бўларди.

Питердаги ўзбеклар диаспораси ҳаракатчан, ҳақиқатан ҳам фаолият юритаётган бирлашма экани шубҳасиз. Бу ўзбекистонликларнинг Россияда самарали тарзда ўз-ўзини бошқара олишларига мисол бўла оладиган оз сонли намуналардан биридир. Ҳамжамият ҳамюртларга юридик жиҳатдан ёрдам бериш, ишга жойлаштиришда кўмаклашишдан тортиб маданий ва тижорий дастурларгача - кенг кўламдаги муаммоларни ҳал қилиб келмоқда.

Муаллиф ҳақида:

Зотова Наталья Александровна – тарих фанлари номзоди, РФА Этнология ва антропология институти илмий ходимаси. Москвада истиқомат қилади.