19:23 msk, 16 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда касбий таъқиқ: журналистларни «Озодлик» радиоси ваколатхонасига борганлик учун ишдан бўшатмоқдалар

02.07.2006 17:44 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистоннинг «ЎзА» Миллий ахборот агентлиги журналисти Отабек Омонқулов қачонлардир «Озодлик» радиосининг Тошкентдаги ваколатхонасига борганлиги учун ишдан бўшатилди. Мазкур ахборот агентлиги ходимларидан бирига кўра, журналистнинг «айбдор»лигини исботлаш учун раҳбариятга «Озодлик» радиоси ваколатхонаси олдида яширин камера билан тасвирга олинган ва у ерда Отабек Омонқулов юрганлиги ёзилган видеокассета тақдим этилган.

Журналистнинг ўзи «Озодлик» радиоси ваколатхонасига борганлигини рад этмаяпти. О. Омонқулов ўзининг бевосита раҳбари Анвар Бобоев билан «очиқчасига» гаплашган пайтида «душман радиостанцияси»га қандай бориб қолганлигини барча тафсилотлари билан гапириб берган. Бироқ «чин дилдан иқрор бўлиш» бу ходимни зудлик билан ишдан бўшатиш ҳақида қабул қилиб бўлинган қарорга таъсир кўрсатгани йўқ.

Кейинроқ бу мисралар муаллифига ҳам журналистнинг «Озодлик» радиоси офисига нима учун борганлиги тафсилотлари маълум бўлди. Гап шундаки, 2005 йилнинг баҳорида Ўзбекистон матбуоти саҳифаларида «Озодлик» радиоси ёшлар дастурини ташкил этиш учун ёшлар ўртасида янги ходимлар танловини ўтказаётгани ҳақида эълон берилганди. Айнан шу эълон ўша пайтда ишсиз юрган журналистни «Озодлик» радиоси ваколатхонаси офисига келишига сабаб бўлганди.

Ёш журналист танловдан ўтмаган. Шундан сўнг у «ЎзА» миллий ахборот агентлигининг халқаро янгиликлар бўлимига журналист бўлиб ишга жойлашган. Аммо ёш йигитнинг қувончи узоққа чўзилмайди. Бир ой ўтиб-ўтмай уни юқорида зикр этилган сабабга кўра ишдан бўшатганлар. Журналистнинг бирор-бир иш топиш бўйича кейинги барча уринишлари беҳуда кетган.

— Мен бир неча газета таҳририятларида бўлдим, у ерда даставвал мени бажонидил ишга қабул қилишларини айтардилар, аммо эртаси куниёқ кутилмаганда ҳозирча бўш ўрин йўқлигини рўкач қилардилар, - дея қайд этади Отабек Омонқулов ҳасрат билан.

«Озодлик» радиоси томонидан эълон қилинган танловда иштирок этиш эҳтиётсизлигига йўл қўйган бошқа бир журналистга кўра эса, унинг ҳам бирор-бир ишга жойлашиш учун махсус хизмат ходимлари олдида ҳисоб беришига тўғри келган.

— Мен бундай қарорга келиб қаттиқ янглишганимни ҳамда у ерда тузукроқ пул тўлашларига ишониб, алданганимни айтдим. Сўзларимга ишонишди ва бундан буён эҳтиётроқ бўлиб юришни тайинлашди, - дейди у.

«Озодлик» радиоси Тошкент бюросининг собиқ ходимларидан бирига кўра, бундай муносабат фақат радио ваколатхонаси офисига шунчаки қизиққиш сабабли келган болаларга нисбатангина бўлаётгани йўқ. Радиостанциянинг кўплаб собиқ ходимлари ишга жойлашишда турли сабабларга кўра ҳалигача қийинчиликларга дуч келмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, «Озодлик» радиосининг Тошкент бюроси жорий йилнинг январида ёпилганди. Бу радиостанция билан ҳамкорлик қилган ўзбекистонлик кўплаб журналистлар Ғарб давлатларидан сиёсий бошпана топганлар.