18:15 msk, 21 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда «ЛИК» Ҳаракати Театрининг ногиронлар иштирокида навбатдаги спектакли премьераси бўлиб ўтди

30.06.2006 19:36 msk

Сид Янишев

Ўтган душанба Ўзбекистоннинг рус академик драма театрида Германия ва Швейцария элчихоналарининг молиявий кўмагида «ЛИК» Ҳаракати Театрининг «Ҳаётдан олинган топилдиқлар» («Импровизации из жизни») янги спектакли премьераси катта муваффақият билан ўтди. Бу «ЛИК»нинг чекланган имкониятли болалар иштирокида қўйган бешинчи спектаклидир. Илгари театр раҳбари Лилия Севастьянова томонидан «Ўзбек ҳовлисида», «Тушимда юраётганимни кўраман», «Ажойиб эврилиш» ва «Камалак байрами» каби спектакллар қўйилганди.

Ҳар доим бўлгани каби бу спектаклда ҳам театрнинг профессионал актерлари иштирок этганлар. Улар томошанинг бош қаҳрамонларига - олти ёшдан қирқ ёшгача бўлган йигирма кишига жисмонан ва маънан ёрдам кўрсатадилар. Булар кўпроқ туғма хаста бўлган болалар, ўсмирлар ва катта ёшдаги кишилардир. Улар орасида кар-соқовлар, кўрлар бор, иккитаси ҳатто ногиронлар аравасида юради.

Уларнинг кўпчилиги ҳаётда ҳеч бир ишга яроқсиз, баъзилари ҳатто оддий ҳаракатларни ҳам қийналиб амалга оширадилар. Аммо саҳнада улар бутунлай бошқа одамга айланадилар.

Масалан, Валерий Коганни олайлик – у саҳнага биринчи марта чиқаётгани йўқ, тошкентлик томошабинлар уни фақат ногиронлар аравасида кўришга кўникиб қолганлар.

У тутиб туриш қийин бўлган қўлини бетўхтов силкитади. Аммо бу сафар у нарвончага таянган ҳолда, тўсатдан ўрнидан туриб, «ЛИК» театри етакчи актери Антон Авруцкий ёрдамида саҳна ўртасига чиқди ва Антонга эргашиб рақсга туша бошлади. Ахир бу мўъжиза эмасми? Бу рақс спектаклнинг ҳақиқий авж нуқтаси бўлди.

«Ҳаётдан олинган топилдиқлар» пластик спектакли яна бир муваффақият ёки янгилик билан ажралиб туради. «ЛИК» театри пайдо бўлганидан бери ўтган 24 йил ичида биринчи марта саҳнадан туриб сўз сўзлайдилар. Саҳнага аравада Вероника исмли қиз кириб келади. Айтгандай, у 16 йил ўз уйидан ташқари чиқмаган, спектакль премьераси куни эса унинг ўз умри давомида учинчи маротаба кўчага чиқиши бўлган! Бу сафар у уйдан бутун дунёга ўз ҳаёти ҳақида гапириб бериш учун чиқди.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру фотоси
Микрофон олдида турган Вероника ўз монологини бошлайди. У бутун умри мобайнида дунё жуда кичкина ва у деразамизнинг кўзига сиғади, деб ўйлагани, аммо ота-онаси уни дунёнинг катталигига ва унда Вероника учун ҳам жой етарли эканига ишонтирганлари ҳақида ҳикоя қилади. Кейин у тинглашни ва гапиришни биладиган гулларни жуда яхши кўриши ва у ҳар куни улар билан қадрдон дўстлардек гаплашиши ҳақида гапиради.

Вероника ўзининг ёқтирган гуллари – настаринлар ҳақида шеър тинглашга таклиф этади. У шеърни ўқий бошлайди, лекин бир мисра ўқигач, адашиб тўхтаб қолади, кейин яна бошидан бошлаб, яна тўхтайди. Уни қўллаган зал чапакларга тўлади. Чироқ нури Вероникадан нари кетади ва настарингул рангида кўйлак кийган кар-соқов қизларнинг рақси бошланади. Мусиқа тўхтайди, аммо қизлар ҳаракатдан тўхтамайдилар ва ритмга мос тарзда рақсга тушишда давом этаверадилар – худди мусиқа давом этаётгандай ва худди улар буни эшитаётганларидай… Мусиқа тўхтаган пайтларда қоп-қоронғуликда турган Вероника бирдан гапира бошлайди: «Ҳурматли томошабинлар, яхши кўрган шеъримни тугатиб қўйишга рухсат этинг!» У яна шеър ўқий бошлайди ва яна сўзларни унутади… Муаллақ қолган сукунатда яқинлашиб келаётган фожеа ҳиси пайдо бўлади… Аммо, Худога шукрки, у содир бўлмайди. Спектаклдан сўнг тўлқинланган томошабинлар Вероникани гулга кўмиб ташлайдилар.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру фотоси
- Спектакль дарс шаклида ўтади, - дейди «ЛИК» театри раҳбари Лилия Севастьянова. – Биздан кўпинча «бундай одамлар билан қандай қилиб ишлаш мумкин», деб сўраб қоладилар? Чунки, кўр аёлга ҳаракатни кўрсата олмайсан, кар-соқов қизга эса мусиқа нималигини тушунтира олмайсан. Биз ўз спектаклимизда айнан шу нарса ҳақида – қандай қилиб ишлашимиз, қандай қилиб уларни бир нарсаларни топишга йўналтиришимиз ҳақида ҳикоя қилмоқчи эдик.

Севастьяновага кўра, «Ҳаётдан олинган топилдиқлар» спектакли ўспиринлик ёшидаги ногиронларга бағишланган.

- Гап шундаки, инсон болалигида ҳар доим ҳам ўзининг касал эканини тушунавермайди. У катталар билан ҳам, болалар билан ҳам эркин гаплашаверади, - дейди Лилия Севастьянова. – 15-16 ёшларга кирган пайтда эса у ўзи билан тенгдошлари орасида пайдо бўлган масофани англай бошлаб, қаттиқ изтиробда қолади. Бизнинг асосий вазифамиз ана шу изтиробларни сал бўлса-да енгиллатишдир.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру фотоси
Севастьянованинг фикрича, театр чекланган имкониятли болалар учун энг яхши реабилитацион марказдир.

- Репетицияларда бу болалар аввал ижодий жараён орқали актерлар, кейин эса томошабинлар билан жуда кўп мулоқотда бўлишиб, ўзлигини топадилар, - деб ҳисоблайди театр раҳбари. – Яшириб нима қиламиз, бизнинг ёш ногиронларимиз мактабни зўрға тамомлайдилар, кейин уларни турли касб-ҳунар коллежларига мажбурлаб жойлашади, ўқишни битирганларидан кейин уларни ҳеч ким ишга олмайди. Театр санъати эса айнан улар профессионал тарзда шуғулланиши мумкин бўлган ҳунардир ва бизнинг театримиз улар учун энг асосий бўлган бу муаммони – ишга жойлашиш муаммосини ҳал қилишга уринаяпти.