03:07 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон ОАВ ҳақидаги Қонунига киритилган тузатишлар медиа соҳасидаги тадбиркорлик фаолияти имкониятларини чеклаб қўяди

29.06.2006 17:50 msk

Д. Кислов

Бугун Қозоғистон парламенти иккинчи ўқишда «Оммавий ахборот воситалари масалалари бўйича айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва тўлиқлашлар киритиш ҳақида»ги қонунни қабул қилди. Мазкур ҳужжат Қозоғистон маданият ва ахборот вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Тузатишлар, хусусан, ОАВни рўйхатга қўйиш учун пул олишни ҳам жорий қилади. Шунингдек, рўйхатга олиш пайтида рад этиш имконини оширувчи асослар рўйхати кенгайтирилмоқда. ОАВ рўйхатга қўйилганидан кейин унинг биринчи сони чиқиши учун белгиланган вақт 6 ойдан 3 ойгача қисқартирилган. Бундан ташқари, бош муҳаррир бўлиб тайинланишга ҳақли бўлмаган шахслар рўйхати ҳам кенгайтирилган. Хусусан, бу аввалда бош муҳаррир лавозимини эгаллаган, аммо ОАВ чиқиши суд қарори билан тўхтатилишида айбдор бўлган фуқароларга тегишлидир. Ҳужжатга мувофиқ бу таъқиқ уч йил давомида амалда бўлади.

Оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунга киритилган тузатишлар яқин орада, уларни мамлакат президенти Нурсултан Назарбаев имзолаганидан кейин кучга киради. Бу вазиятни шарҳлаб беришни биз Қозоғистон газета ноширлари ассоциацияси (ҚГНА) ижрочи директори Ольга Диденкодан сўрадик. Мазкур ассоциация нотижорат ташкилоти бўлиб ҳисобланади. Унинг вазифаси мамлакатнинг турли жойларида ишлаётган газета ноширлари ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборатдир.

Фарғона.Ру: - Ольга, марҳамат қилиб айтинг-чи, бу тузатишларнинг киритилиши Қозоғистон ОАВ учун қандай ҳавф туғдиради?

Ольга Диденко: - Хайриятки, ахборот вазири Ертисбаевнинг номақбулроқ таклифлари мазкур қонундан олиб ташланди. Масалан, суд қарорларини бажариш учун ОАВ хўжайинида бўлиши керак бўлган қирқ минг доллар миқдоридаги мажбурий резерв ҳақидаги модда. Ёки масалан, босмахона-полиграфик фаолият учун лицензия олиш ҳақидаги модда. Бу бандлар Мажилис (Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси – таҳр. изоҳи) депутатлари томонидан қонундан чиқариб ташланганди. Бироқ қонунда бизни у ёки бу тарзда безовта қиладиган бошқа моддалар қолди. Йўқ деганда, ОАВни рўйхатга қўйиш учун тўланадиган пулнинг киритилишини олайлик. Давлат хизматлари учун пул олинишида қўрқинчли нарса йўқ. Гап ўша йиғимнинг қандай ҳажмда бўлишида ва унинг қандай дифференциацияланишида. Бизни ОАВ ҳақидаги қонунчиликни бузганлик учун (тарқатиш тартиби, рўйхатга қўйиш ва бошқалар) нашр хўжайинлари ва мансабдор шахсларига нисбатан хизмат жавобгарлигининг кучайтирилганлиги кўпроқ ташвишга солмоқда.

Бу тузатишлар билан муҳаррирлар учун «касбий таъқиқ» жорий қилинаётгани ҳақида кўп гапирилди. Аслида ҳам шундай. ОАВ хўжайини ёки ношир ОАВ фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги суд қарорларида фамилияси зикр этилган одамни муҳаррир қилиб тайинлай олмайди.

Фарғона.Ру: - Бу тузатишлар журналистларнинг бевосита фаолиятларига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

Ольга Диденко: - Тузатишларнинг журналистик фаолиятга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Улар фақат медиа жабҳасидаги тадбиркорлик фаолияти имкониятларини бироз чеклайди, холос. Бироқ улар билвосита ва иккиламчи тарзда ахборот олиш ва тарқатишда ўз аксини топади. Давлат ўзининг ахборот сиёсатини кучайтирмоқда ва ахборот бозорида мустаҳкам, устивор мақомни эгаллаб олишга уринмоқда. Яхши молиялаштирилаётган давлат газеталари армияси ҳам кучайтирилмоқда. Шу билан бир пайтнинг ўзида давлат мухолифатга қарашли ёки мустақил матбуотни чеклаб қўйиш учун ҳуқуқий воситалардан фойдаланади. Ҳукуматнинг муайян шахслар ва муайян газеталар билан ҳисоб-китобни тўғри қилиб олиш истаги ҳам кўзга ташланиб қолаяпти. Бизда ОАВ ҳақидаги қонунга киритилган тузатишларнинг ҳаммаси ким биландир якка тартибда ҳисоб-китоб қилиб олиш истаги сабабли юзага келган. Нима бўлганда ҳам, мен бу тузатишларнинг киритилиши билан юзага келиши мумкин бўлган қандайдир жиддий муаммоларни кўрмаяпман, чунки биздаги қонун етарли даражада мукаммал эмасди ва унга риоя қилган ҳолда нормал ишлаш қийин эди.

Фарғона.Ру: - Мамлакат президентининг қизи Дариға парламентда нутқ сўзлай туриб, ахборот вазирига мурожаат қиларкан, «таклиф қилинаётган тузатишлар жамиятга цензурани тиқиштиришдан, муҳаррир ва ОАВ эгасининг бўйнига сиртмоқ ташлашдан бошқа нарса эмас», деганди. Тузатишларни қабул қилиш жараёни мобайнида Дариға Назарбаева доим уларга қарши бўлди. Сиз нима деб ўйлайсиз, нега шундай бўлди?

Ольга Диденко: - Аслида, парламентнинг икки палатасида мазкур тузатишларни киритиш ва уларни кўриб чиқиш жараёни кучайтириб ва ўта сиёсийлаштириб юборилди. Баҳслар борар экан, биз катта ахборот уруши бораётганини кузатиб турдик. Бир томондан, ҳукуматнинг нуқтаи назарини асослаш учун давлат ОАВ – ахборот агентликлари, матбуот, телевидениедан актив фойдаланилди. Президент қизининг бутун медиа-армияси қарама-қарши томонда эди. Унинг ўз манфаатларини ҳимоя қилаётгани кўриниб турарди. Биз атайлаб аралашмадик, унисининг позициясини ҳам, бунисининг позициясини ҳам ёқламадик, чунки биз бизнес-ассоциация бўлиб ҳисобланамиз ва биз учун ҳаммасидан ҳам муҳими ҳамжамиятимиз аъзоларининг манфаатларидир.