12:42 msk, 16 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Москвадаги Қозоғистон жамоати тикланиш ва тараққиётнинг қийин босқичини бошдан кечирмоқда

29.06.2006 12:37 msk

Арнур Рахимбеков

© Фарғона.Ру фотоси

Суратда: Москванинг Чистопрудний хиёбонидаги қозоқ шоири ва мутафаккири Абайга қўйилган ҳайкал

Москвадаги ўзбекистонликлар диаспораси турмуши ҳақида бир неча кун аввал чоп этилган мақола билан биз миллий ҳамжамиятлар фаоллиги мавзусини очган эдик. Бугун эса Россия пойтахтида ўрнашган қозоқ халқи вакиллари ҳақида сўз боради.

ЎРНАШИШ ТАРИХИ

Россияда дастлабки қозоқлар XIX асрдаёқ пайдо бўлгандилар. Улар зодагонлар вакиллари бўлиб, боёнларнинг Санкт-Петербургда ўқиган ўғиллари эдилар.

Россия пойтахтида эса қозоқ аҳолиси асосан совет даврида шаклланган. 1923 йилда Москвада 110 қозоқ яшарди. Уларнинг қарийб ҳаммаси зиёлилар эдилар. Улуғ Ватан урушидан кейин Москва ва Ленинград шаҳарлари саноат, фан, маданият учун қозоқ кадрларини етиштиришнинг асосий марказларига айландилар. Москва олий ўқув юртларида олий таълим олгач, айрим қозоқ талабалар бу ерда қолиб кетардилар, оила қурардилар.

Айнан «совет» Москваси собиқ Совет Иттифоқининг маданий ва илмий-таълимий маркази сифатида қозоқ ёшлари орасидан чиққан кўплаб талабалар учун иккинчи ватанга айланди.

Иттифоқдош республикалардан, жумладан, Қозоғистондан ҳам Москвага партия ва совет ходимлари юбориларди, Қозоғистон маданияти ва санъати ходимлари ҳам Совет Иттифоқи пойтахтига кўп кўчардилар. Шундай қилиб, бугунги кунда Россия пойтахтининг туб аҳолиси орасида «москвалик қозоқлар»нинг биринчи авлоди вояга етаётгани йўқ.

СОН ВА ИЖТИМОИЙ ТАРКИБ

1989 йилда ўтказилган рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Москвадаги қозоқлар сони, вақтинча яшаб турганларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда (талабалар, аспирантлар, докторантлар ва б.), тақрибан 8,5 минг кишини ташкил этган. 2002 йилда ўтказилган рўйхатга олиш маълумотларига қараганда, Москвада 20 минг қозоқ яшайди. Улар орасидаги москвалик қозоқларнинг иккинчи-учинчи авлоди 6-7 мингдан ошмайди.

1990 йили биринчи жамоатчилик ташкилоти - «Казак тiлi» («Қозоқ тили») жамияти ташкил этилган. 1992 йилда талаба ва ишчи ёшлар ташаббусига кўра, «Мурагер» қозоқ ёшлари жамияти тузилган. 1993 йилда бир гуруҳ юридик шахслар – жамоатчилик ва тижорат ташкилотлари томонидан жамиятларнинг молиявий ва заҳиравий таъминоти вазифаларини ҳал қилиш учун «Қозоқ диаспораси» жамғармаси таъсис этилган.

1997 йилда Москвадаги Қозоқ ҳудудий миллий-маданий мухторияти (ҚозҲМММ) ташкил қилинган. Шу билан бирга, ҚозҲМММ таъсисчилари бўлган «Қозоқ тили» жамғармаси ва «Мурагер» жамияти ўз мақомларини сақлаб қолганлар ҳамда ўзлари мустақил фаолият юритишда давом этмоқдалар. ҚозҲМММга Москвадаги қозоқ жамоатининг этник-маданий манфаатлари ва расмий талабномаларини ижроия органларида, давлат муассасаларида ҳимоя қилиш ва тамсил этиш ваколатлари берилганди ҳамда бошқа диаспоралар ва жамиятлар билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш топширилганди. Ўз фаолияти давомида Москвадаги қозоқ жамиятлари муайян ишларни амалга оширдилар. Москванинг катта концерт майдонларида йил сайин ўтказилиб келаётган «Наврўз» байрами, Қозоғистоннинг атоқли фан ва маданият арбобларига бағишланган давра суҳбатлари ва учрашувлар шулар жумласидандир. Москвадаги қозоқ жамоати Москва Ҳукумати ҳамда нодавлат ташкилотлари томонидан ўтказилаётган маданий дастурлар ва тадбирларда фаол иштирок этади.

ЁШЛАР МУҲИТИ

Москвадаги қозоқ ёшларининг ташкилотлари ҳам алоҳида ўринга эга. Ватандан олис бўлган қозоқ ёшлари (уларнинг кўпчилиги Москва олийгоҳлари талабаларидир) ўзларининг миллий хусусиятларини сақлаб қолишга интиладилар. Москвада ўқийдиган қозоқ талабаларнинг кўпчилиги бой одамларнинг болаларидир. Улар бир-бирлари билан, асосан, дискотекаларда ва тунги клубларда мулоқотда бўладилар.

Ломоносов номидаги Москва Давлат университети, Плеханов номидаги Россия Давлат нефть ва газ университети, П. Лумумба номидаги Россия халқлар дўстлиги университетида қозоқ талабалар кўпроқ ўқийдилар. Улар ўзлари ўқийдиган олийгоҳга қараб шаклланадилар. Талабалар орасида ёшлар «юртдош»лиги – Россия пойтахтининг кўнгилочар тунги клубларидаги кечалар кенг оммалашмоқда. Шуниси эътиборга лойиқки, кеча ташкилотчилари ёшлар тадбирларини миллий байрамларга тўғрилашга ҳаракат қиладилар ёҳуд таниқли жамоат арбоблари ёки эстрада юлдузларини учрашувга таклиф қиладилар. Шунга қарамай, номадларнинг рус ароғига бўғирсоқни газак қилаётган ёш авлодини кўриш бироз ғалати туюлади.

ЗАМОНАВИЙЛИК

Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг Москвадаги қозоқ жамоати тикланиш ва тараққиётнинг қийин босқичини бошдан кечирди. Ўзини чет эл диаспораси сифатида англаш жараёни муайян руҳий тангликни юзага келтирди. 90-йилларда Қозоғистон билан бўладиган ахборот, маданий, илмий-таълимий алоқаларда таназзул кузатилди. Бу бир қадар ёш Қозоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи қийинлиги билан изоҳланарди. Ўша даврда Россия ва Қозоғистон ўртасидаги давлатлараро муносабатлар ҳам осон кечмасди.

90-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб аҳвол аста-секин ижобий томонга ўзгара бошлади. Қозоғистонлик талабалар «десант»и вояга етди. Бугунги кунда уларнинг миқдори совет даврида ўқиган талабалардан кам эмас. Шунингдек, Қозоғистон бизнес-тузилмалари ваколатхоналари пайдо бўлди. Москвада Қозоғистон маданият кунлари доимий равишда ўтказиладиган бўлди.

БЎҲРОНДАН ҚАНДАЙ ҚУТИЛИШ МУМКИН

2006 йилнинг 27 июнь куни Москвадаги Миллатлар уйида Қозоқ миллий-маданий мухториятининг анжумани бўлиб ўтиши керак. Унинг натижалари ҳали маълум эмас. Москва расмийлари билан алоқа учун масъул бўлган қозоқ диаспораси жамоатчилик органининг навбатдаги мажлиси, агар жамоат ичида бўҳрон юзага келмаган бўлса, жамоатчилик диққат-эътиборини тортмаслиги керак эди.

Ўтган йил кузида жамоат ўртасида бўлинишни юзага келтирган ҚозҲМММнинг жанжалли ҳисобот-сайлов мажлиси бўлиб ўтганди. Зиддиятнинг моҳияти шундан иборатки, мухторият раиси лавозимига даъвогарлар кўпайди: бир томондан москвалик «бош» қозоқ курсисига ҚозХМММнинг амалдаги раҳбари Пўлат Жамалов, иккинчи томондан мухторият фаоли Талғат Миқтибаев даъвогарлик қилдилар.

Очиқ овоз бериш натижаларига кўра, қозоқ мухторияти раиси этиб Т. Миқтибаев сайланди. Бироқ П. Жамалов йиғилиш натижаларига қарши чиқишга қарор қилди. Унинг фикрича, Мухториятнинг асосий тамойили қўпол равишда бузилган: бу ерда миллати қозоқ бўлган, аммо албатта Россия фуқароси бўлган кишилар сайлаш ҳуқуқига эга эдилар. Унинг нутқига Т. Миқтибаев тарафдорлари намойишкорона ва жанжал оҳангида акс муносабат билдирдилар, улар мустақил Қозоғистон фуқаролари ҳам мухторият тақдири учун жавобгар эканларини билдирдилар. Залда қий-чув бошланиб кетди… Мажлис бузилди.

Ўзбекистонда туғилган эллик ёшли Пўлат Жамаловни диаспоранинг интеллектуал ўзаги қўллаб-қувватлади. Булар Москвадаги олийгоҳлар профессураси, илмий ходимлар ва маданият соҳаси вакиллари эдилар. Мазкур давра 80-йиллар охири ва 90-йиллар бошларида шаклланган. Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан кейин қозоқ «элита»сининг бир қисми «янги» Россияда қолишга қарор қилганди.

Унинг мухолифи нисбатан ёшроқ Талғат Миқтибаев эса молия-хўжалик академиясининг ўқитувчисидир. Т. Миқтибаев асли жанубий Қозоғистондан – Чимкент томонлардан. Унинг жанублик экани Миқтибаев атрофида россиялик қозоқлар янги авлодининг йиғилишига сабаб бўлди. Булар Россияга мустақил Қозоғистондан келган қозоқлардир. Т. Миқтибаев тарафдорларининг кўпи бизнесменлар ва тадбиркорлар.

Москвалик қозоқлар Москвада кўча супирувчи ва ахлат ташувчи қозоқ гастарбайтерлари (мардикорлари) йўқлиги билан жуда фахрланадилар. Одатда, Москвадаги корчалон қозоқ бу Қозоғистондаги бирор яширин мулкнинг тақсимловчиси ёки ўрта бўғин менежеридир.

Қозоқ мухторияти раисини сайлаш атрофида юзага келган вазият шахсий манфаатлар зиддиятини эмас, муайян ижтимоий тоифалар ўртасидаги рақобатни акс эттирса керак.